close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Афғонистонда демократия бўлмайди

Афғонистонда «Толибон» бошқарувида демократия бўлмайди. Бунинг ўрнига мамлакат шариат асосида тартибга солинади, деди «Толибон» ҳаракатининг юқори мансабдор етакчиларидан бири Ваҳидулла Хошимий.

Reuters ахборот агентлигига берган интервьюда Хошимий Афғонистонни «Толибон» етакчиси Ҳайбатулла Охундзада бошчилигидаги кенгаш бошқариши мумкинлигини айтди.
«Бизда вазирлар бўлади... ҳамма вазирлар ушбу кенгаш томонидан тайинланади», - деди Хошимий. «... Ҳеч қандай демократик тизим бўлмайди, чунки у мамлакатимизда ҳеч қандай асосларга эга эмас».
Унинг айтишича, амир Ҳайбатулланинг ўринбосарларидан бири президент сифатида ҳаракат қилиши мумкин. Шундай қилиб, у ҳозирги Эрон моделига ўхшаб кетади – диний раҳбар ва президент билан. Тўғри, фақат сайловсиз.
Хошимийнинг изоҳлари «Толибон» Афғонистонда ҳали ўз ҳукумати тузилиши ҳақида бирор расмий баёнот бермаганига қарамай янгради.
Чоршанба куни гуруҳ аъзолари Кобулда Афғонистон собиқ президенти Хамид Карзай билан ҳукумат тузишга қаратилган саъй-ҳаракатлар шароитида учрашган. Al Jazeera маълумотларига кўра, учрашувда аввалги ҳукуматнинг бош музокарачиси Абдуллоҳ Абдуллоҳ ҳам иштирок этган. Бироқ музокаралар тафсилотлари маълум қилинмади.
Хошимий интервьюда айтишича, у «Толибон» раҳбарияти учрашувига шу ҳафтада, бошқарув масалаларини муҳокама қилиш учун қўшилади.
Унинг қўшимча қилишича, «Толибон» афғон қуролли кучларининг собиқ учувчилари ва аскарларига, уларга қўшилишни сўраб мурожаат қилди. Унинг айтишича, «Толибон»га вертолётлар ва самолётлар қўлга олингани, бироқ тайёр учувчилар йўқлиги сабабли учувчилар керак. «Биз кўплаб учувчилар билан мулоқотдамиз», - деди Хошимий. «Улардан келиб, қўшилишни... уларнинг биродарларига, уларнинг ҳукуматига қўшилишни сўрадик».

Митингларнинг ўққа тутилиши

Афғонистон шарқида жойлашган Кунар вилояти Асадобод шаҳрида бир неча киши митингда ҳалок бўлди, деб хабар қилади Reuters агентлиги гувоҳларнинг сўзларига таяниб.
«Толибон» вакиллари ўқ узишни бошлаганда Афғонистон мустақиллик куни муносабати билан бўлиб ўтган митинг қатнашчилари қўлларида республика байроқларини ҳилпиратиб турганди.
Reuters таъкидлашича, одамлар нима сабабдан ҳалок бўлгани маълум эмас – ёки ўқ отишлар натижасида, ёки бунинг оқибатида юзага келган ур-йиқит туфайли. «Толибон» вакиллари ҳеч қанадай изоҳ бермади.
18 август куни Афғонистоннинг бир неча шаҳрида Афғонистон республика байроғини ҳимоя қилиш мақсадида турли акциялар уюштирилди. Намойишлар «Толибон» Афғонистон Ислом Республикаси байроқларини олиб ташлаб, ўз ҳаракати (Афғонистон Ислом амирлиги) байроқларига алмаштиришга киришганидан кейин бошланди. Нангархар вилоятининг маркази Жалолобод шаҳрида намойишчилар ва «Толибон» ўртасида тўқнашувлар юз берди. Al Jazeera маълумотларига кўра, у ерда уч киши ҳалок бўлган.

Ашраф Ғани

«Толибон» Кобулга яқинлашгач, якшанба куни мамлакатдан қочиб кетган Афғонистон собиқ президенти Ашраф Ғани чоршанба куни уйга қайтиш ҳақида «музокараларо олиб бораётгани» ҳақида баёнот берди, деб хабар беради AFP.
Чоршанба куни Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар вазирлиги Ғанининг ўз мамлакатида экани ва улар собиқ президент ва унинг оиласини гуманитар сабабларга кўра қабул қилганини тасдиқлади. Афғонистон ижтимоий тармоқлари фойдаланувчиларининг қайд этишича, ҳеч қандай гуманитар мулоҳазалар БААни оддий афғон қочқинларига бошпана беришга деярли мажбур қилмайди. Ўзи билан 169 млн доллар олиб кетган Ашраф Ғани эса – бошқа масала. Дарвоқе, Афғонистоннинг Тожикистондаги элчихонаси Интерполдан Ғанини давлат маблағларини талон-тарож қилиш учун ҳибсга олишни сўраган.
Аммо Ғанининг ўзи БААга қочишдан олдин мамлакатдан катта миқдорда пул ўтказгани ҳақидаги даъволарни рад этди.
Facebook саҳифасида жойлаштирилган видеомурожаатида Ғани чоршанба куни «Толибон» ва Карзай ўртасида бўлиб ўтган музокараларни қўллаб-қувватлашини айтди. «Бу жараён муваффақиятли бўлишини истайман», - деди Ғани.
«Президентингиз сизни сотганини ва ўз манфаатини кўзлаб ва ҳаётини сақлаб қолиш учун қочиб кетганини ҳақида гапирадиган одамга ишонманг», - деди у, хабар қилади AFP. «Мен Афғонистондан шундай ҳайдаб чиқарилдимки, ҳатто шиппагимни ечиб, оёқ кийимимга алмаштиришга ҳам имконим йўқ эди».

Америкаликлар Афғонистонда

Шу аснода АҚШ президенти Жо Байден чоршанба куни баёнот беришича, америка қўшинлари то барча америкаликлар мамлакатни тарк этмагунча Афғонистонда қолади, деди AP. Унинг айтишича, зарурат туғилганса қўшинлар бу мақсад учун 31 августдан кейин ҳам қолади.
«Америкаликлар биз эвакуацияни 31 августгача тугатишга ҳаракат қилаётганимизни тушунишлари керак», - деди Байден интервьюда. «Агар америкалик фуқаролар қоладиган бўлса, биз ҳам уларнинг барчасини олиб чиқиш учун қоламиз».
Бугунги кунда Афғонистонда 15 мингга яқин америкалик қолиб турибда, улар нафақат Кобулда, балки мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам бор. Уларнинг ҳаммаси охирги муддатдан олдин мамлакатни тарк этишга вақт топа оладими? Улгурмасликлари ҳам мумкин.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Янгиликлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase