«Бу рақамлар жуда катта шубҳа уйғотади, – деди «Взгляд»га берган интервьюда Москва ҳукумати ҳузуридаги миллатлар иши бўйича Кенгашнинг миграция масалалари бўйича комиссия раиси Юрий Московский. – 2010 йил учун Москва бўйича аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига мурожаат қилиш мумкин. У ерда ислом динига эътиқод қиладиганлар сони 400 минг киши атрофида деб айтилган. Шу сабабли тўрт миллион мусулмон ҳақидаги сўзлар, бу эса шаҳар аҳолисининг чорак қисмини ташкил қилади, таажжуб ва ҳатто кулгу уйғотади».
Амалдорнинг сўзларига кўра, этник мусулмонларнинг ҳар бири ҳам исломга эътиқод қилавермайди.
«Ахир ўзини мусулмон деб атайдиган, лекин чўчқа гўшти ейдиган, вино ва ҳатто ароқ ичадиган, турли тақиқларни, жумладан, никоҳсиз алоқалар борасидаги тақиқларни бузадиган ва ўзини шунчаки мегаполиснинг оддий аҳолиси сифатида тутадиган ҳолатларни биламиз», – қайд этди Московский.
Черков доираларида муфтий Айнутдиннинг устидан кулган москвалик амалдор қўллаб-қувватланди
Москва ҳукумати амалдорларидан бири, Россия муфтийлар кенгаши ва Россия Федерацияси Мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари Равил Айнутдиннинг устидан кулган Юрий Московский мутлақо ҳақ. Бу ҳақида «Царьград»га РПЧ ҳузуридаги Динлар географияси Маркази раҳбари ва Бутунжаҳон рус халқ собори ҳуқуқни ҳимоя қилиш Маркази директори Роман Силантьев фикр билдирди.
Силантьевнинг айтишича, муфтий Айнутдин Москва мусулмонлари сони ҳақида турли маълумотлар келтирган, бунда 1,5 миллиондан 4,5 миллионгача бўлган рақам ҳақида гап боради. «РФ МДБ раҳбариятида рақамлар билан боғлиқ муаммолар кузатиляпти», – деди православ арбоби. Унинг сўзларига қараганда, мэрияда рақамлар билан яхшироқ ишлашаркан:
«Ҳатто Собянин ҳам бу мавзуни ўрганиб, улар асосан москваликлар ҳам, Россия фуқаролари ҳам ва ҳатто Подмосковьеда яшаш арзонроқ эканлиги сабабли пойтахтда вақтинчалик яшовчилар ҳам эмасликларини аниқлади», – деди Силантьев.
«Шундай экан, Айнутдиннинг устидан кулган эксперт Юрий Московский мутлақо ҳақ. Москвада ислом динига ҳақиқатда эътиқод қилувчилардан тахминан ярим миллион киши яшайди», – қўшимча қилди у.
Аввалроқ Силантьев мусулмонлар байрамлари арафасида Москвада масжидларга ташрифни пасайтириш учун мақсадли йўналтирилган ахборот тўлқинидан фойдаланилишини айтганди.
Унинг сўзларига қараганда, 2013 йил Қурбон ҳайити арафасида оммавий равишда паспортлар текшируви ҳақида миш-миш 2012 йил билан таққослаганда масжидларга келганлар сонини 20 минг кишига қисқартиришга олиб келган. «Бу ҳукумат ноқонуний муҳожирлар ва ваҳобийларга қарши амалга ошираётган чора-тадбирлар билан боғлиқ», – деди Силантьев.
Эслатиб ўтамизки, охирги марта ислом байрами Қурбон ҳайити 2019 йил августда бўлиб ўтди, расмий маълумотларга кўра фақат Москванинг ўзида 240 мингдан ортиқ эркак мусулмон иштирок этган. РФ МДБ раисининг биринчи муовини Дамир Мухетдиновнинг сўзларига қараганда, мусулмонлар сонининг пасайиши масжидлар қурилиши учун ер майдонлари ажратиш истаги йўқлиги билан боғлиқ.