close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қутблар бирлашмайди...

Ислом ва террор – бамисоли икки қутб. Ислом, моҳияти эътиборидан, тинчлик, тотувлик, маърифат динидир. Террор эса бунинг мутлоқ тескарисидир. Демакки, мўминликка даъво қилган кимсаларнинг гўёки дини Ислом йўлида худкишлиқ қилаётгани ақлга сиғмас ҳолат. Террорчилар  ўзларининг қабиҳ амаллари билан Исломга иснод келтирмоқда, холос.

Тарих бир айланиб, ўзларича “Ислом давлати” эълон қилиб, халифаликни тикмоқчи бўлаётган террористларнинг қонли фаолиятини кўрган қадим халифалар ҳам уларга қарши уруш очган бўларди.
Чин Ислом жамоати адашган кимсалар зўравонлигидан кўп азият чекканига тарихда мисоллар кўп. Бундай адашган илк гуруҳ “хаворижлар”  номи билан машҳур.  Бу оқим асл Ислом ахкомларидан йироқлашиб, ғулувга кетганлардан иборат эди.    ИШИД, Ал-Қоида ва шунга ўхшаш гуруҳларнинг бугунги кундаги қонли фаолияти Хаворижларникидан минг карра ўтиб тушмоқда. Хаворижлар ҳеч қачон Исломга тўлиқ амал қилмаган. Бугун уларга эргашаётган гуруҳлар хусусида ҳам гап шу.  Масалан, 2001 йил 11 сентябр куни Нью-Йоркдаги террор амалиётини содир қилиб, минглаб одамлар ўлимига сабаб бўлган террорчилар стрип-клубларнинг доимий мижозлари бўлишгани аниқланган. Мўминликни даъво қилаётган бу кимсалар  барларда спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, стриптизчи қизлар билан хордиқ чиқариш гуноҳи кабира эканини билармиди!?  Ироқдаги шиалардан ташкил топган милициялар ҳам тақво танқислигини намойиш қиляптилар. Уларнинг шармандалиги тилларда достон бўлмоқда. Динни ниқобидаги шиалардан иборат руҳонийлар қўшмачилар ёрдамида аёлларни жинсий эксплуатация қилмоқда, боқувчисини йўқотган оилалардаги аёлларни бир тишлам нон учун вақтинчалик никоҳга мажбурлашмоқда... Бу ҳол наинки Исломга, оддий ахлоқ меъёрига тўғри келадими, ахир?! Бу шунчаки гап эмас, балки БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Комиссиясининг тегишли ҳисоботларида акс этган реал ҳолатлардир. Ҳолбуки, Исломда -  зулм, мажбурлаш деган нарсаларнинг ўзи йўқ: динга даъват борасида ҳам, аёлларнинг никоҳга кириши борасида ҳам... Нима дейсизки, “Исломий давлат” каллакесарлари шиаларни ўзларига ашаддий душмани деб билишса-да,  жинсий жиноятларга қўл уришда улардан ошиб тушмоқдалар.
Париждаги террор амалиётини содир этганлар ҳам тақво борасида  алоҳида ажралиб турмаганлар. Масалан, қонли воқеаларга сабабчиси  Абдулҳомид Або Оуд вискихўр ва гиёҳванд  бўлган экан. “Жиҳодий режа” тузувчиси, Европадаги энг қўрқинчли терактлардан бирининг ташкилотчиси  бўлган бу  кимса намоз вақтида йўлак ёқасида ўтириб, алькогол ичарди.
Або Оуднинг қариндоши, Европадаги биринчи худшкуш аёл  Ҳасна Боулахсен ҳам Ислом таълимотларидан анча узоқда бўлгани эҳтимоли катта: Independent газетасининг ёзганлари рост бўлса, у ҳижобга киришидан олдин “нормал” либосда юрган (исламофобларнинг қарашларига кўра, ҳижобда қандайдир нормал бўлмаган нарса бор эмиш), тунги клубларга бориб турган ва спиртли ичимликлар истеъмол қилган экан. Гувоҳларнинг айтишича, у “гедонистик” ҳаёт тарзи билан яшаган, яъни жуфтини доим алмаштириб турган. “Шарли Эбдо” таҳририятига уюштирилган ҳужумдан сўнг у бир зумда “диндор” бўлиб қолган экан. Яъни, бу воқеалар январ ойида бўлиб ўтганини ҳисобга оладиган бўсак, аёл “тақводор муслимага” айланганига  кўп  вақт бўлмагани ойдинлашади. Қисқаси, террорчиларни  диндорлар сирасига киритиб бўлмайди. Балки “осийлар ” деб аташ тўғри бўлса керак.
Ҳақиқий мусулмон одам ҳатто сўймоқчи бўлган жониворга пичоқ тиғини ҳам кўрсатмасликка ҳаракат қилади. Бир жониворни бошқаси кўз олдида сўймайди (исломий инсонпарварлик шуни тақоза қилади, яъни имкон борича бошқа жониворларга озор бериш керак эмас). Қаранг-а, Ислом ҳатто жониворларга ҳам озор бермаслик учун барча имкониятларни ишга солар экан, баски,  бегуноҳ одамларни бир четдан қириб ташлайдиган бераҳм ва шафқатсизларни мусулмон демоққа тил борадими?
 2008 йили МI5 тарқатган баёнотда  аксар террорчилар бошқа диндан ўтган янги мусулмонлар экани кўрсатилган. Уларнинг аксари дунёнинг “моддий” қувончлари билан роҳатланишни хуш кўрадиган, Ислом буюрган  ибодатлар ва анъаналарга бефарқ бўлишган. Ислом нуқтаи назаридан, улар умрларининг кўп қисмини гуноҳ ишларга совуришган. Сўнг сохта даъватчилар уларни гуноҳларнинг осон “ювилиши” йўли борлигига ишонтириб, ўзларига керакли бўлган қабиҳ йўлларга солишган.
Бу боши айниган аҳмоқлар Қуръони карим буюрган ҳукмларнинг айнан аксини қилаётганини англаб етишмаган. Бу одамлар қандай “Ислом”га эътиқод қилишмоқда ва буни улар қаердан ўрганишди экан? Хуллас, уларнинг амаллари Қуръон ва Суннатга асосланмагани кундай равшан. Демакки, Ислом деганда террорни, террор деганда Исломни тушунмоқ ўта-ўта янглиш тасаввур. Такрор айтамиз, Ислом ва террор мисоли иккита қутб. Қутблар эса бирлашмайди...

Middle East Eye материаллари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Муносабат
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase