Инсон ўз боласини ҳаммадан яхши танийди. Чунки фарзанд унинг жигарбанди, унда ўзининг қони, табиати, ҳис-туйғулари ва бутун вужуди акс этган. Инсон ўз фарзандини ҳатто ҳидидан ҳам танийди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ана шу ҳақиқатга қиёсан зарбулмасал қилиб айтадики, «Биз китоб берган кишилар уни (Муҳаммад алайҳиссаломни) худди болаларини танигандек танийдилар». Чунки аҳли китобларга нозил бўлган Таврот ва Инжилда охирзамон Пайғамбари ҳақида ойдин хабарлар келган. Бироқ, афсуски, улар ўз муқаддас китобларини ўзгартирдилар, ҳақиқатни яширдилар.
Инсон кўрмаган одамини таниши мумкинми? Ёки бегона одамни ўз фарзандини танигандек таниши мумкинми? Албатта, мумкин. Фақат бунинг учун у ҳақда жуда кўп маълумотга эга бўлиши керак. Аҳли китоблар Ислом пайғамбарини ҳам ўз фарзандларини таниганларидек таниб олишлари учун уларга шу қадар кўп башоратлар берилганки, танимасликнинг иложи йўқ эди. У зот қаерда туғиладилар исмлари нима бўлади, ваҳий қачон келади, қавм у зотга қандай муносабатта бўлади, қаерга ҳижрат қиладилар, дастлаб қай томонга қараб намоз ўқийдилар, кейин қибла қаер бўлади, кимлар билан жанг қиладилар, бу кураш нима билан якун топади, қандай шаръий ҳукмларни жорий этадилар – буларнинг барчаси ҳақда очиқ-ойдин башоратлар, хабарлар берилган эди. Бироқ улар Ислом пайғамбарини танимадилар, тўғрироғи – танишни исташмади. Ёки таниб туриб, тонишди, ҳақиқатдан юз ўгиришди. Бу ҳам етмагандек, бошқалар таниб қолмасин деб ҳақиқатни яширишди. У зот алайҳиссалом ҳақларидаги башоратларни яшириб, уни бошқача талқин қилишди. Муқаддас китобларнинг матнини ўзгартириб, ҳоҳлаган кўйларига солишди. Аммо қанчалик ўзгартириб, яширишга ҳаракат қилишмасин, барибир Ислом элчиси – охирзамон пайғамбари ҳақидаги башоратлар Таврот ва Инжилда сақланиб қолди.
Келинг, ана шу башоратлардан бири ҳақида тўхталиб ўтамиз.
1. МУҲАММАД
Ислом пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам МУҲАММАД, АҲМАД, МУСТАФО ва шу каби муборак исм ва сифатлар билан танилганлар.
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг исмларим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг оёқларим олдига одамларни ҳашр этур. Мен Оқибман», дедилар» (Бухорий ривоят қилган).
Муқаддас китобларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асл исмлари –МУҲАММАД исми келганми? Табиийки, яҳудий ва масиҳийлар бу саволга бир овоздан «Йўқ» деб жавоб беришади. Аммо биз «Ҳа, келган» десак, ишонасизми?
Келинг, бир изланиб, баҳс юритиб кўрамиз.
Тавротда қуйидаги сатрларни ўқиймиз (тушунарлироқ бўлиши учун рус тилидаги таржима ҳам келтирилди):
«Унинг тили шакар, ўзи эса айни марҳаматдир. Мана менинг суюклигим кимдир ва мана менинг дўстим ким, Қудус (Иерусалим) қизлари!» (Нашид Аншод, боб 5/16).
Уста его - сладость, и весь он - любезность. Вот кто возлюбленный мой, и вот кто друг мой, дщери Иерусалимские! (Песня Песней, глава 5/16).
Яҳудий ва масиҳий олимлар бу сўзлар буюк бир зот ҳақидаги башорат эканлигини таъкидлайдилар. Фақат яҳудийлар бу башорат Сулаймон алайҳиссаломга тегишли дейишса, масиҳийлар уни Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги башорат дейишган. Энди бу сўзларнинг иврит (яҳудий) тилидаги матнини келтирамиз:
חכו ממתקים וכלו מחמדים זה דודי וזה רעי בנות ירושׁלם:
חכוH2441 ממתקיםH4477 וכלו H3605 מחמדיםH4261
זה H2088 דודי H1730 וזה H2088 רעי H7453 בנותH1323
ירושׁלם׃H3389
Баҳс юритадиган сўзимиз – ажратиб кўрсатилган (H4261מחמדים) сўзидир. Гап шундаки, бу сўз иврит тилида «муҳаммадим» деб талаффуз қилинади. Мусулмонлар гап ким ва нима ҳақда кетаётганлигини тушуниб бўлишди. Нафақат мусулмонлар, балки қайси динда бўлишидан қатъий назар Исломдан озгина бўлса да хабари бўлган, Ислом пайғамбарининг исми Муҳаммад эканини билган ҳар қандай киши бу иқтибоснинг ишорасини тушунди деб ўйлаймиз.
Маълумки, яҳудий тили ҳам араб тили каби (сомий) семит тиллар гуруҳига киради. Шунинг учун бу тиллардаги жуда кўп сўзларни арабча сўзларга жуда ўхшашлигини кўриш мумкин.
Яҳудий ёзуви ҳам араб тили каби ўнгдан чапга қараб ўқилади, бу тилда ҳам «а», «и», «у» каби унли товушлар ёзилмай, ҳаракатлар ёрдамида ўқилади. Шунинг учун ҳам бир сўз ҳаракатларнинг ўзгариши туфайли турлича ўқилиши ва ҳар хил маъно касб этиши мумкин.
Келинг, янада тушунарли бўлиши учун бу сўзларнинг яҳудий тилидаги талаффузини транскрипция қилиб, маъноларини ҳам ўрганиб чиқамиз.
Талаффуз:
Хиккў мамтакким вэхуллоў муҳаммадим, зэ дўдий вэ зэ риъий бэнот ерушалам!
Маъноси:
(H2441חכו) – хиккў – тили, оғзи, ҳалқуми. Агар ҳаракат ўзгарса, «кутиб туринг» деган маъно бўлиб қолади.
(H4477ממתקים) – мамтакким – шакар, қандлар, ширинликлар.
(H3605וכלו) – вэ хуллоў – ва айни, ва барчаси, ва ҳаммаси.
(H4261מחמדים) – мухаммадим – муҳаммад. Агар ҳаракат ўзгарса, «марҳамат, илтифот, хуш муомала» деган маъно бўлиб қолади.
(H2088זה) – зэ – бу, мана, ўша.
(H1730דודי) – дўдий – маҳбубим, суюклигим, севганим.
(H2088וזה) – вэ зэ – ва мана, ва бу, ва ўша.
(H7453רעי) – риъий – дўстим, улфатим.
(H1323בנות) – бенот – қизлар .
(H3389 ירושׁלם׃) – ерушалам – Иерусалим (Қуддус), тинчлик ери. Агар ҳаракат ўзгарса, «тинчлик таълими» деган маъно бўлиб қолади.
Агар юқоридаги гапнинг ҳаракатларини ўзгартириб ўқилса, умуман бошқа маъно чиқади. Масалан:
חכו ממתקים וכלו מחמדים זה דודי וזה רעי בנות ירושׁלם
Кутинг, қандлар ва илтифотни, ақли ва дўстимнинг тоғаси, Иерусалим қизлари!
Ҳарфларнинг ҳаракати яна ўзгартирилса, умуман бошқа маъно хосил бўлади.
Бироқ яҳудий ва масиҳий олимлари фақат (H4261מחמדים) муҳаммадим сўзининг ҳаракатинигина ўзгартириб ўқишган, холос. Чунки бошқа сўзларнинг ҳаракати ҳам ўзгарса, маъно умуман ўзгариб, иқтибоснинг ўзидан олдинги жумлаларга боғлиқлиги қолмайди.
Шу ўринда нима учун «Муҳаммад» эмас, «Муҳаммадим» дейилган, деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, яҳудий тилида ҳам ўзбек тилидаги каби ҳурмат юзасидан кўплик шаклини қўллаш қоидаси бор. Бизнинг тилимиздаги «келдилар, кўрдилар» каби «-лар» қўшимчасини қўшиб, ҳурмат изҳор қилиш яҳудий тилида ҳам бор. Фақат бу қўшимча феълга эмас, отга, яъни бизнинг мисолимизда исмларга қўшилади. Бу қўшимча – ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларига қўшилган «-им» қўшимчасидир.
Демак, яҳудий тилида бир кишига ҳурмат бажо келтириб, сизланадиган бўлса «-им» қўшимчаси қўшилар экан. Бу қўшимча биздаги «-лар» қўшимчасининг вазифасини айнан бажарар экан. Бу нарсани Тавротнинг русча таржимасида кўришимиз мумкин. Масалан, Тавротдаги ИБТИДО китобида қуйидагиларни ўқиймиз:
6 Хом насли: Куш , Мизра , Пут, Канъон
13 Мизра насли: Луд, Оном, Лахов, Нафтух,
14 Патрўс, Каслув... (10/6 боб. 13-14)
Айни шу оятларини рус тилидаги таржимаси:
6 Сыны Хама: Хуш, Мицраим, Фут и Ханаан.
13 Мицраима произошли Лудим, Анамим, Легавим, Нафтухим,
14 Патрусим, Каслухим ...
Эътибор берган бўлсангиз, бу ерда ўзбек ва рус тилидаги таржималарда фарқ бордек. Аслида эса фарқ йўқ. Бироқ, ўзбек тили ва яна баъзи тиллар таржимасида «-им» қўшимчаси ёрдамида керакли маънони бера олмайди, шунинг учун исмнинг ўзи қолдирилган. Бу маънони берса бўладиган бошқа тиллардаги таржималарда эса ҳурматни изҳор қилувчи «-им» қўшимчаси сақлаб қолинган.
Демак, Аллоҳ азза ва жалла аҳли китобларга охирзамон Пайғамбарини таниб олишлари учун башоратлар бериб, у зотнинг исми МУҲАММАД бўлиши ҳақида очиқ-ойдин хабар қилган. Баҳсимиз якунида аҳли китобларни инсоф ва адолатга чақириб, юқорида зикр этилган Таврот оятини асл маъносида ўқиймиз:
חכו ממתקים וכלו מחמדים זה דודי וזה רעי בנות ירושׁלם
Хиккў мамтакким, вэхуллоў муҳаммадим зэ дўдий вэ зэ риъий, бэнот ерушалам!
Унинг тили шакар, ўзи эса айни МУҲАММАДдир. Мана менинг суюклигим кимдир ва мана менинг дўстим ким, эй Қудус (Иерусалим) қизлари! (Нашид Аншод, боб 5/16).