close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Хочга михланиш ҳақидаги афсона

Насронийлар Исонинг хочга михлангани ҳақида якдил бир фикр билдирадилар, чунки уларнинг диний ақидалари ушбу афсонага асосланган: агар хочга михланиш бўлмаганида эди, хочнинг муқаддаслиги, гуноҳларни ювиш таълимоти, пасха ва причастие ва ҳ.к. ҳеч қандай маънога эга бўлмасди. Гарчи ўзаро қарама-қаршиликлар мавжуд бўлсада, Инжилнинг деярли барча қисмлари бу афсонани ўз ичига олади.

Турли Инжилларда мавжуд бўлган танқидий ички гувоҳликларни (улар қанчалик кам бўлишидан қатъи назар) кўриб чиқайлик.
Бизнинг насроний биродарларимиз Исонинг хочда ўлим топиши ва унинг кейин арш аълога кўтарилиши ҳақида башоратлар келтирганлар. Инжилда айтилишича, Исо ўлдирилади, уч кун ва уч кечага дафн қилинади ва яна қабрдан кўтарилади деб бошқаларга хабар беради. Матто Инжилсида таъкидланишича, баъзи дин муаллимлари унинг қутқарувчи, халоскор эканлигини исботлаш учун белги талаб қилганда, Исо қуйидагича жавоб беради: “...Бу ёвуз ва субутсиз насл далил излаяпти, лекин Юнус пайғамбарнинг аломатидан бошқа унга далил берилмайди. Юнус пайғамбар уч куну уч тун кит қорнида бўлгани каби, Инсон Ўғли ҳам худди шундай уч куну уч тун ер бағрида бўлади”.[1]
Маттонинг баёноти мутлақо икки хил тушунишга йўл қўймайди. Келусида у бошқа евангелистлар томонидан ҳам тасдиқланган.[2]
Инжилдан гувоҳлик сифатида Юнус Пайғамбар китобининг қуйидаги ояти берилган:
"Худо улкан китга Юнусни ютиб юборишни буюрди; ва Юнус бу китнинг қорнида уч кун ва уч кеча бўлди".[3]
Таврот версиясига кўра, Юнус пайғамбар (алайҳи салом) китнинг қорнида уч кун ва уч кеча қолди, шундан кейин у кит томонидан отиб чиқарилган ҳолда ажойиб тарзда қайта тирилади. Аниқки, Юнуснинг мўъжизали қутқарилишини назарда тутган Исо  ягона, аммо энг муҳим аломат ҳақида бундай аниқ ва асоссиз баёнот берган. Юнус пайғамбар сингари, у худди шу даврда, яъни уч кун давомида ернинг қаърига дафн этилиши керак эди. Хочга михланиш ҳақидаги афсонанинг тақдири бу ягона башоратга боғлиқ ва унинг бажарилмаслиги ipso facto бутун устқурмани бузади.
Инжилларда Исо жума куни, яъни яҳудийлар шаббати арафасида хочга михлангани ҳақида якдил фикр билдирилади. Луқа ҳикоя қиладики; " бутун ерни соат учгача давомли зулмат қоплади".[4] Маркнинг таъкидлашича: " Жума куни кеч киришига сал қолган, дам олиш кунига тайёргарлик қилиш вақти тугаётган".[5] Матто дейди: "Тайёргарлик кунининг эртасига олий руҳонийлар ва фарзийлар Пилатнинг ҳузурига тўпланишиб”.[6]
Юҳанно ҳикоя қилади: " Ўша куни дам олиш куни арафаси – жума эди. Эртанги шанба жуда табаррук кун ҳисоблангани учун, яҳудий мансабдорлари жасадларни хочда қолдиришни истамадилар”.[7] Бу эса хочга михланиш жума куни бўлиб ўтганлигини англатади. Насронийлар орасида бу воқеанинг ҳар йили пасха арафасидаги жума сифатида нишонланадиган жума куни рўй бергани ҳақида икки хил фикр бўлиши мумкин эмас. Қайта тирилиш кунига келсак, инжилчилар кейинги куни эрталаб содир бўлгани ҳақида бир хил фикр билдиришади. Матто дейдики: " Дам олиш кунининг эртасига, якшанба куни тонготарда магдалалик Марям билан бошқа Марям қабрни кўргани боришди”[8]; Марк: "Якшанба куни жуда барвақт туриб, тонг отарда қабрга бордилар[9]; Луқа: "Якшанба куни эрта тонгда аёллар тайёрлаб қўйган атирларини олиб қабрга келдилар”[10], ва Юҳанно тасдиқлайди: "Ҳафтанинг биринчи куни эрта саҳарда, ҳали қоронғи пайтда, магдалалик Марям қабрнинг олдига келиб, қабр оғзидаги тошнинг ағдарилганини кўрди"[11]. Бундан олдинги воқеа каби, қайта тирилиш ҳам бир овоздан якшанба куни эрталаб рўй берган ҳисобланади.
Энди, Инжилни танқидий кўриб чиқадиган бўлсак, шуни кўришимиз мумкинки, Исонинг башорати ўнгидан келмаган. Агар Исонинг танаси кўмилган жума оқшомидан бошлаб якшанба тонгигача бўлган вақтни ҳисоблайдиган бўлсак, ер қаърида бўлиш вақти бир кун ва икки кечани ташкил қилади (яъни 36 соатдан кўп эмас, ёки Исо башорат қилган вақтнинг ярми); ҳатто жума оқшомини тўлиқ кун деб ҳисоблайдиган бўлсак ҳам, икки кун ва икки кеча бўлади. Икки кун ва икки кечани ҳеч қандай тасаввур кучи билан уч кун ва уч кечага айлантириб бўлмайди. Бу ҳолат асрлар давомида тури ҳийла-найранлар ёрдамида икки учга тенг эканлигини исботлашган ҳаракат қилган ҳолда бу сир билан курашган кўплаб Библия шарҳловчиларини боши берк кўчага киритиб қўярди. Гап шундаки, агар бу борада қатъият кўрсатилмаса, бутун евангелистик башорат ва кароматлар чиппакка чиқади ва шунда  ёки пасха арафасидаги жума ва пасха яшанбаси ҳақида ривоят оддий эртак бўлиб чиқади, ёки насронийларда ҳеч қандай Халоскор бўлмайди ёки Исо фақат битта белги берган, яъни уч кун ва уч кечага дафн этилиши ҳақида. Бу башоратнинг ижро этилмаслиги черковнинг хочга михлаш ҳақидаги афсонасини рад қилиш учун бемалол етарлидир.
Хочга михланиш тарихи, агар барча Инжилларни солиштириб кўрадиган бўлсак, муросасиз қарама-қаршиликларни аниқлайди, тўртта инжилчиларнинг биронтаси бу воқеанинг гувоҳи деб аталиши мумкин бўлган нарсалар борасида бошқалар фикри билан рози бўлмаса керак. Ҳамма нарса, шубҳасизки, Исо Масиҳнинг хочга михланиши уйдирма бўлганлигидан далолат беради. Нима бўлганда ҳам, ҳақиқатни аниқлаш учун Инжилнинг далилларини диққат билан таҳлил қиламиз.
Хронологик устуворлик туфайли Марк Инжилини кўриб чиқилаётган эпизоднинг асосий гувоҳлик манбаи сифатида қабул қиламиз. Марк хочга михланиш ҳақида ҳам, қайта тирилиш ҳақида ҳам ҳикоя қилади. Бироқ, замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бу Инжилннинг сўнгги 12 оятлари қалбаки бўлиб, қадимий қўлёзмаларда топилмаган.[12] Шундай қилиб, 16-бобнинг дастлабки саккизта оятида бўлган нарса оригинал бўлиб қолаверади. Материал ўта схематк бўлиб, ақл-идрокка асосланган ҳолда мулоҳаза юритадиган бўлсак, ишониб бўлмайди. Афсона Матто Инжилида батафсилроқ баён қилинган; у Луқада ҳам, унга иккита тўлиқ бобни бағишлаган Юҳаннода кенгайтирилган кўринишда ҳам мавжуд.
Лекин инжилчиларнинг биронтаси рўй берган воқеа тафсилотлари ҳақида бошқаларнинг баёнига қўшилмайди. Қарама-қаршиликларни батафсилроқ кўриб чиқамиз.
1. Дастлабки учта Инжил муаллифларининг айтишича, Киринеялик Симон Исонинг хочини кўтариб юришга мажбур қилинади.[13] Юҳанно уларга қарши бориб қуйидаги сўзларни айтади: " Исо Ўз хочини кўтариб, Бошсуяги (яҳудийча Гўлгота) деган жойга келди...".[14]
2. Тўртала инжилчи хочдаги ёзувни турлича талқин қилади. Маркнинг айтишича, у ерда "Яҳудийларнинг Подшоҳи" деб[15], Маттога кўра - "Яҳудийларнинг Подшоҳи Исо – Будир"[16], Луқанинг фикрича - "Яҳудийларнинг Подшоҳи будир"[17], Юҳаннога кўра эса - "Яҳудийларнинг Подшоҳи Носиралик Исо" деб ёзилганди[18]. Ёзувлардаги фарқлар шундан далолат берадики, уларнинг биронтаси воқеа рўй берган жойда шахсан бўлмаган, балки миш-мишларга асосланган. Аслида, Матто буни шубҳага ўрин ҳам қолдирмайдиган сўзлар билан тан олади: " Ўшанда ҳамма шогирдлари Исони қолдириб, қочиб кетишди"; бу ҳақида Марк ҳам хабар беради.[19]
3. Бундай келишмовчиликлар хочга михланишни тасвирлашда ҳам ўринга эга бўлади. Маттонинг хабар беришича, ер устини зулмат қоплайди, ибодатхонадаги парда икки қисмга йиртилиб кетади, зилзила содир бўлади, қоялар бўлиниб кетади, гўрлар очилиб қолиб, марҳум азизларнинг таналари тирилди ва кўпчиликнинг олдида пайдо бўлди. Марк фақатгина бутун ер юзини зулмат қамраб олгани ва ибодатхонадаги парда юқоридан пастга қараб йиртилгани эслатиб ўтади. Луқа эса бутун ер юзини зулмат қоплаб олгани, қуёш қорайгани, ибодатхонадаги парда ўртасидна йиртилганини айтади. Юҳанно бу воқеалар ҳақида ҳеч нарса айтмайди.[20]
4.  Воқеалар рўй берган вақтни кўрсатишда ҳам фарқ бор. Маркнинг таъкидлашича, "Уни хочга михлаганларида соат тўққиз эди" бўлган, Луқа соат олти ҳақида, Матфей эса тўққиз ҳақида гапиради.[21]
5. Маркка кўра у Исонинг охирги кечаси яҳудийлар пасхаси вақтида бўлиб[22], Юҳанно эса бу пасхадан олдин[23], яъни Пасха тунининг бошланишидан олдин содир бўлганлигини айтади.
6. Ҳаттоки биз Исо ҳақиқатда хочга михланган деб қабул қиладиган бўлсак ҳам, инжилчилар у ҳақиқатда хочда ўлганига бизни ишонтира олмайди, ipso facto насронийлар ақидасининг бутун тузилишини бузади. Биринчи учта инжилчи Исо хочда ўлганлиги ҳақида бир хил фикр билдиришган бўлса-да, тўртинчи Инжилда келтирилган таъриф зиддиятли. Юҳаннонинг айтишича, шанба яқинлашиб келаётгани сабабли яҳудийлар улар учун тантанали кунгача қурбонларни хочда қолдиришни хоҳламадилар. Шунинг учун улар Пилатдан хочга михланганларнинг болдирларини синдириб, бир ёқли қилиш учун рухсат олишди. Дастлабки икки яҳудийдан қутулгач, жангчилар Исога яқинлашганда, аллақачон уни руҳи тарк этганини аниқладилар. Шунга қарамай, жангчилардан бири кўкрагини найза билан тешди ва "Лекин аскарлардан бири Исонинг биқинини найза билан тешди, шу заҳоти Унинг биқинидан қон билан сув оқиб чиқди".[24] Бу ҳикоя насронийларни доимо ҳайратга солиб келган. Қон ва сувнинг тугаши шуни англатадики, қурбоннинг юраги уриб турган, токи юрак уриб турар экан, инсон тирик бўлади. Бундан ташқари, Исо бир неча соат ичида қандай қилиб ўлганлиги жуда сирли, чунки одатда одам михланган ҳолда ҳам камида икки-уч кун давомида тирик қолади (боз устига, бошқа қурбонлар яҳудийлар текшируви вақтида тирик экан). Шуни ҳам таъкидлаш керакки, биринчи асрнинг барча расмларида Исо хочдан олинганида тирик ҳолда тасвирланган. Дж. Эванс Гордоннинг айтишича: «Тахминан XII асргача Исо Масиҳ фигураси тирик, кийинган ва гултож билан тасвирланган; кейинчалик у ўлаётган ёки ўлик ҳолда, сонга боғланган мато билан»[25] деб тасвирланган.
7. Дафн баёни ҳам қарама-қаршиликлардан холи эмас. Маттонинг айтишича, Исо тобутга солинганда яҳудийлар Пилатдан "токи Унинг шогирдлари кечаси келиб Уни ўғирлаб кетишмасин ва халққа: “У қайта тирилди”, – деб айтишмасин. "; Улар эса соқчилар билан бориб, қабр тошига муҳр босиб, қабрни қоровуллай бошладилар". Бошқа инжилчилар қўриқчилар ҳақида ҳеч нарса ёзмаган[26].
Маркнинг ёзишича, Юсуф унинг танасини қояда ўйилган тобутга солади; Луқанинг сўзларига кўра Юсуф "уни қояда ўйилган, ҳали ҳеч ким қўйилмаган тобутга солади" (суяб қўйилган тог ҳақида 24-бобда ёдга олиб ўтилади; Юҳанно ҳам Исонинг «ҳали ҳеч ким қўйилмаган» янги тобутда дафн этилгани ҳақида хабар беради.
8. Кейинги воқеаларни ҳикоя қилишда ҳам қара-қаршиликлар бор. Маттонинг айтишича, "Дам олиш кунининг эртасига, якшанба куни тонготарда магдалалик Марям билан бошқа Марям қабрни кўргани боришди", Марк хабар қиладики, қуёш чиқиши билан тобут ёнига Мария Магдалина ва Мария Иаковлева ва Саломия келдилар.[27] Луқанинг айтишича, танага хушбўй моддалар суртиш учун Галилеядан аёллар келдилар[28]; Юҳанно ҳикоя қиладики, Мария Магдалина у ерга жуда эрта, ҳали қоронғу пайти келган ва бир ўзи бўлган[29].
9. Маттонинг ҳикоя қилишича, "бир фариштаси осмондан тушди ва қабрга бориб тошни ағдариб юборди-да, унинг устига ўтирди".[30] Марк айтадики, фаришта тобутнинг ичида бўлган ва ўнг томонда ўтирган.[31] Луқанинг таъкидлашича, аёллар олдида ялтироқ кийимда гавдаланган иккита фаришта бор эди (яъни улар ўртирмасди, балки турарди).[32]   Юҳанно  ҳикоя қилишни янада мураккаблаштиради, Мария Магдалина иккита фариштани кўргани, улардан бири бош томонда, иккинчиси эса оёқ томонда ўтирганини айтади.[33]
10. Маттонинг айтишича, иккала Марияга Исо Масиҳ тирилганини айтади ва аёллар сағанани тарк этадилар.[34] Марк ҳам фаришта аёлларга Исо Масиҳ тирилгани ҳақида айтганлигини ёзади. Луқанинг сўзларига кўра, Исо Масиҳ тирилгани ҳақида аёлларга иккита фаришта хабар берган.[35] Юҳанно эса, аксинча, Исо Масиҳ тирилгани ҳақида Марияга ўзи айтиб берганлигини ҳикоя қилади.[36]
11. Маттонинг ҳикоя қилишича, фаришта иккала аёлга қараб деган: " Энди тезроқ бориб, Унинг шогирдларига: “Исо тирилди. У сиздан олдин Жалилага кетяпти, Уни ўша ерда кўрасизлар”, – деб айтинглар. Сизларга буни мен айтдим"[37]. Кейинги икки оятда биз бир-бирига мутлақо зид келадиган фикрларни учратамиз:
"Шогирдларга бу хабарни етказайлик, деб улар йўлда кетаётганларида, бирданига Исонинг Ўзи уларнинг қаршисидан чиқиб:
     – Салом! – деди.
     Улар эса рўбарў келиб, оёқларига ёпишганча Унга топина бошладилар. Шунда Исо уларга:
     – Қўрқманглар! Бориб биродарларимга Жалилага боришларини, Мени ўша ерда кўришларини хабар беринглар, – деди"[38] . Кейин эса Матто хабар қилади: " Ўн бир шогирд Жалилага, Исо уларга тайин этган тоққа боришди...".[39]
Юҳанно эса рўй берган воқеанинг умуман бошқача тахминини келтиради:
"Ўша якшанба куни оқшомда шогирдлар тўпланган эдилар. Улар яҳудий мансабдорларидан* қўрқиб, уйнинг эшикларини қулфлаб қўйган эдилар. Шу пайт Исо келиб қолди. У ўртада туриб шогирдларига:
     – Сизларга тинчлик бўлсин! – деди".[40]
Бу эса шуни англатадики, Матфейга кўра, ўн битта шогирд уларга учрашув белгилаган Исони қарши олиш учун Галилеяга йўл олади; бироқ, Юҳаннога кўра, улар бошқа жойда ёпиқ эшик ортида, шунда ҳам учрашув олдиндан белгилаб қўйилгани учун эмас, балки яҳудийлар олдидаги қўрқув туфайли тўпланадилар. Шуни эътиборга олиш керакки, Матто ҳам, Юҳанно ҳам Исо билан учрашган шогирдлар орасида бўлган? Луқа эса, Маттога ҳам, Юҳаннога ҳам қарши чиқиб, икки шогирднинг Исо билан учрашуви Қуддусга яқин бўлган Еммаус қишлоғида рўй бергани, сўнгра 11 та ҳаворий билан Қуддусда учрашгани ҳақида ёзади.[41]
Исо Масиҳни бир вақтнинг ўзида 500 дан ортиқ киши кўргани ҳақида на Исонинг шогирди, на воқеанинг шоҳида бўлмаган Павелгина хабар қилади. Агар бу тўғри бўлганида, бундай ҳолат ҳақида яҳудийлар томонидан ҳам, Исонинг шогирдлари томонидан ҳам, тарихчилар ва тарихчи бўлмаганлар томонидан ҳам бундай ғайритабиий ҳодиса ҳақида кенг хабар берилган бўлар эди. Ўша пайтда яшаб ўтган тарихчиларнинг биронтаси, масалан, Флавий ёки Тацит, бундай мўъжизалар ҳақида гапирмайди ва ҳатто Исо ҳақида энг юзаки сўзлар ҳам, замонавий тадқиқотлар кўрсатганидек, кейинчалик насроний ўйлаб топган сохта нарсалар билан кўрсатилгани ажабланарли эмас.[42] Исонинг тирилиши ҳақида гапирмаган ҳолда, қояларнинг ёрилиши, кўплаб марҳум авлиёларнинг қабридан туриши, уларнинг шаҳарларни зиёрат қилиши ва одамлар билан суҳбатлашиши ва бошқа ғайритабиий ҳодисалар тарихчиларни улар ҳақида гапиришга ундаган ижтимоий реакцияга сабаб бўлган бўларди.
Биз муқаррар равишда шундай хулосага келяпмизки, инжилчилар гапириб берган воқеа – афсона, миф бўлиб, Исо Масиҳнинг арш аълога кўтарилиши масаласига фантастик ёндашувга асосланади.
Каноник Инжиллардан ташқари, бошқа апокрифик (черков тан олмайдиган) ҳужжатлар ҳам бундай қарама-қаршиликларга бойдир. Варнава Инжилида айтилишича, Иуда хочда Исони хочда алмаштириб қўйган, бу эса Исони душманлар қўлидан шармандали ўлимдан қутқариш бўйича Илоҳий режанинг бир қисми бўлган. Исо эмас, Иуда қичқарган: " Эли, Эли, ламо шавақтани? яъни “Тангрим, Тангрим, нега Мени ташлаб қўйдинг?” – деб фарёд қилди...".[43]
Варнаванинг айтишича: Мен ҳақиқатни гапиряпман, Иуданинг овози, юзи ва бутун қиёфаси Исоникига шунчалик ўхшаш эдики, унинг шогирдлари ва унга ишонганлар бу Исо деб ўйлашарди; шундан кейин улар Исо сохта пайғамбар бўлган ва сеҳр-жоду ёрдамида мўъжизалар кўрсатган деб ўйлаб, унинг таълимотидан чиқишди, чунки Исо дунёнинг охиригача ўлмаслигини, акс ҳолда у бу дунёдан олинишини айтганди".[44]
Ва яна: "Лекин Исонинг таълимотида мустаҳкам туриб олганлар Исо бўлмаган одамнинг ўлимини кўриб, қайғуга ботганди-ки, Исонинг нима деганларини эслай олмасди".[45]
Шундан кейин: "Худодан қўрқмаганлар кечаси бориб Иуданинг жасадини ўғирлаб, яшириб қўйишди ва Исо тирилганлиги ҳақидаги миш-мишни тарқатиб, катта тартибсизликлар юзага келтиришди".[46]
Шундай қилиб, Варнава Инжили унинг ўрнига хочга Иуда михлаб қўйилган Исо Масиҳнинг хочга михланиши ҳақида насронийлар эътиқоди ёлғон эканлигини аниқ кўрсатади.
Фақат аниқ далилларга асосланган эканлиги учун ҳам черков томонидан қаттиқ қораланган ушбу Инжилдан ташқари, Ириней (эрамизнинг 185 йили атрофида) Василид Инжили бўлганлиги ҳақида гапиради. Василиднинг таъкидлашича, Рим ҳукуматининг судидан кейин Исо хочга михлаш жойига етказиб келинган. Энг жиддий паллада Илоҳий ёрдам қутқариш учун келган ва у осмонга олиб чиқиб кетилган, Исо илоҳий ҳимоя остида яҳудийлар устидан кулиб турган бир пайтда хочга боғланган ва оёқ-қўлларига мих қоқилган кимсага жуда ўхшаб кетарди. Аслида, агар каноник Инжиллардан энг биринчиси бўлган Марк матнини сатрлар оралаб ўқисангиз (15; 21-25), унинг варианти ушбу нуқтаи назарни маълум даражада тасдиқлашини ҳис қилишингиз мумкин. Осмонга кўтарилиш ғояси Павел ёки Инжиллар муаллифлари учун янгилик эмас. Павел бизга «учинчи осмонга қадар ҳайратга тушган»[47] одамни билишини айтади. Афтидан, шу сабабли кейинги инжилчилар бу мавзу бўйича батафсил маълумот бериб, масалани мужмаллаштирадиган бошқа тафсилотлар киритдилар.

[1] Матф, 12:39-40.
[2] Марк, 8: 31 и 9/31; Юҳанно,2: 19-21; Матто., 16: 21, 17: 22-23; Луқа 9: 22.
[3] Юнус, 2: 1.
[4] Луқа, 23: 44.
[5] Марк. 15:42.
[6] Матто., 27: 62.
[7] Юҳанно 19:31.
[8] Матто., 28: 1.
[9] Марк, 16:    2.
[10] Луқа, 24:1.
[11] Юҳанно. 20: 1.
[12] F. Kenyon ("The Bible and the Ancient Manuscripts, p. 48). См. также: The Early Church and the New Testament, Irene Alien, 1953, pp. 198-209.
[13] Марк, 15: 21-22; Матто.. 27: 32; Луқа, 23: 26.
[14] Юҳанно, 19:17.
[15] Марк, 15:26.
[16] Матто, 27: 37.
[17] Луқа, 23: 38.
[18] Юҳанно, 19: 19.
[19] Матто., 26: 56; Марк, 14: 50.
[20] Матто., 27: 45, 51-53; Марк, 15: 33, 38; Луқа, 23:44-45.
[21] Марк, 15: 25; Луқа, 23: 44; Матто.. 27: 46.
[22] Марк, 14: 12-17.
[23] Юҳанно, 13: 1,2.
[24] Юҳанно. 19:34.
[25] Chambers Encyclopaedia, art. Crucifix.
[26] Матто. 27: 62-66.
[27] 64, 66; Марк, 15: 46; Луқа, 23: 53;Юҳанно, 19:41. 27. Матто, 28: 1;Марк, 16: 1.
[28] Луқа,23: 55-56, 24:1.
[29] Юҳанно, 20: 1.
[30] Матто., 28:2.
[31] Марк, 16:5.
[32] Луқа, 24: 4.
[33] Юҳанно,20:12.
[34] Матто, 28: 6, 7.
[35] Марк, 16; 5-6; Луқа, 24: 4-6.
[36] Юҳанно, 20: 16-17.
[37] Матто, 28: 7.
[38] Матто, 28: 9-10.
[39] Матто., 28: 16.
[40] Юҳанно. 20: 19.
[41] Луқа. 24: 13-16, 28-31, 33-36. 42.1 послание к коринф, 15: 16.
[42] The Oxford Dictionary of the Christian Church.
[43] The Gospel of Barnabas, p. 227, пер. с итал. Landsdale and Laura Regg (1907).
[44] Jbid.
[45] Jbid. CH. CCXVII.
[46] Jbid.
[47] 2-е Коринфянам, 12: 22.

Доктор Маҳмуд Ғозийнинг "ДОГМАТЫ ХРИСТИАНСТВА" китобидан
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Миссионерлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase