close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Насронийлик ва мифология: қиёсий назар

Насронийлик ва мифология ўртасидаги ўзаро муносабатларни кўриб чиқишга киришидан олдин насронийлик вужудга кела бошлаган вақтда мажусийлар томонидан ҳурмат қилинган турли афсонавий фигураларни муфассал шарҳлаш мақсадга мувофиқ. Агар тахминан икки минг йил ортга қайтадиган бўлсак, дунёда қуёшга сиғинишнинг кўплаб ва ҳар хил турлари бўлганлигини кўришимиз мумкин.

Муайян динлардан биронтаси универсал эмас эди; уларнинг асосчилари шахсиятлари атрофида турли афсоналар яратилганди. Натижада, ҳар бир дин мифологик руҳга эга бўлган эртакнамо ҳикоялар шаклида тақдим этиларди. Мифологик тўқималар Мексикадан Индонезияга қадар кенг тарқалганди. Ўрта ер денгизи ҳам истисно эмас эди. У ўша пайтлар урф бўлган қуёшга сиғинишнинг гипнотик таъсири қурбони бўлганди. Бу ерда биз асосан илоҳийлаштириш предметлари бўлган қуйидаги афсонавий фигураларга дуч келамиз.

Митра
Бу форсларнинг қуёш худоси эди. Афсоналарга кўра, у покдомон ҳолда ҳомиладор бўлган самовий бокира қизнинг ўғли бўлиб, 25 декабрда бир ғорда туғилган. Унинг 12 нафар шогирди бўлиб, ва у халқ томонидан узоқ вақтдан бери кутилган Масиҳ эди. У ўз издошларининг гуноҳларини ўзига олган ҳолда ўлдирилди, қайта тирилди ва унга Худонинг  тимсоли сифатида ибодат қилинди[1]. Унинг издошлари қаттиққўл ва жиддий ахлоқни тарғиб қилганлар. Уларда еттита муқаддас сирли ибодатлар бор эди. Уларнинг энг муҳимлари – чўқинтириш, тасдиқлаш (болаларни ёки бошқа диндаги кишиларни черков аҳли қаторига қўшиш, диндор қилиш маросими) ва евхаристия (причащение – бунда маросимда иштирок этувчилар нон ва шароб кўринишида Митранинг илоҳий табиатидан баҳраманд бўларди) ҳисобланади[2]. Митрачиларнинг ибодатхонаси ўрнига Ватикан ўз черковини барпо этган.

Адонис
Бу қадимги Финикия мифологиясида ҳосилдорлик худоси (Бобил Таммузига мос келади). У 25 декабрда туғилган деб ишонишарди. У ўлдирилган ва дафн этилган, аммо у 3 кунни ўтказган ер ости дунёси (Аид) худолари унга тирилишга рухсат беради. У сурияликларнинг қутқарувчиси эди. Тавротда аёллар унинг бутига йиғлаши ҳақида гап боради[3].

Аттис
Бу Бобил Таммузининг (Адонис) фригияча варианти. У бокира-онадан туғилган ва Буюк Кибеланинг «ягона туғилган ўғли» ҳисобланган У Ота-Худо ва Ўғил-Худони бир тимсолда мужассамлантирган. У инсониятнинг гуноҳларини ювиш учун 24 март куни қарағай тагида ўз қонини тўккан; қояда дафн этилган, аммо 25 март куни, унга ишонувчиларнинг умумий байрами бўлган кун (Пасха тирилишига параллел равишда) тирилган. Ушбу сиғинишнинг ўзига хос хусусиятлари қон билан чўқинтириш ва “причащение” ҳисобланади[4].

Вакх (Дионис)
Юнон мифологиясида узумчилик ва виночилик худоси. У Зевсдан жисмоний алоқасиз ҳомиладор бўлган Фива маликаси Семеланинг ўғли эди. 25 декабрда туғилган. У инсониятнинг қутқарувчиси ва халоскори эди. Унинг шарафига ҳар йили унинг ўлимини, дўзахга кириш ва тирилишни тасвирлайдиган байрамлар  ташкил этиларди[5].

Осирис
Миср худо қуёши. 29 декабрда «дунё бокираси» деб аталмиш бокира қиздан туғилган. Унинг 12 та шогирди бўлиб, улардан бири - Тифон уни сотади, оқибатида ўлдирилиб, кўмилади, лекин жаҳаннамда 3 кун бўлганидан сўнг тирилади. У Худонинг тимсоли ҳисобланиб, Миср триадасида учинчи ўринни эгаллаган.

Кришна (Христна)
Деваки исмли бокира қиздан эркак билан жинсий алоқасиз туғилган; у Буюк Вишнанинг ягона туғилган ўғли эди. Унинг туғилиши ҳақида фаришталар хори эълон қилган. Келиб чиқиши шоҳлардан бўлиб, ғорда туғилган. У Коинотнинг алфа ва омегаси ҳисобланган. Кўп марталаб мўъжизавий шифо берган. У ўз ҳаётини одамлар учун берган. Дунёдан кўз юмган чошгоҳ вақтида осмон хиралашиб, қоронғи бўлиб кетган. Дўзахга тушган, лекин тирилган ва осмонга кўтарилган[6]. Индуизм издошлари у яна ерга қайтиб, Охирги суд кунида ўликларни ҳукм қилишига ишонишади. У худоларнинг тимсолидир, ҳинд Учлигининг учинчи юзидир[7].

Будда
Ҳаёти давомида буюк мўъжизалар содир этган. Дунёга тинчлик олиб келувчи инсоният халоскори. У зоҳирий ҳаёт кечириб, тинчлик уруғини сочган. У ерга такроран келиб, ўликларни ҳукм қилиши керак. У иблисга ўз қони билан тўлаб, инсониятни гуноҳлардан қутқарган. Ер юзидаги асосий мақсади бутунжаҳон дин ҳукмронлиги ўрнатиш эди (Дҳарма Чакра). У ўзидан кейин бошқа Будда келишини ваъда қилган.

Юқорида келтирилган афсонавий фигураларга кўз югуртириб чиқишда уларнинг орасида умумий жиҳатлар кўплигини кўриш мумкин[8]. Уларнинг деярли барчаси

1) тахминан 25декабрда туғилган;
2) ғорда ёки одамлар кўзидан яширин бўлган бошқа бир жойда бокира қиздан туғилган;
3) инсоният учун тарки дунё тарзида ҳаёт кечирган;
4) қутқарувчи, халоскор ва ҳ.к. деб аталган;
5) дастлаб мағлуб бўлган (ҳалок бўлган), лекин кейинчалик осмонга кўтарилган. Митра ва Осирис билан боғлиқ ҳолатларда бу ўхшашлик айниқса яққол кўзга ташланади;
6) шогирдларини бағишлаш амалга оширилган авлиёлар жамияти ва черковларга асос солган. Митранинг мисоли бу ерда айниқса кўзга ташланади;
7) евхаристик байрамлар уларнинг издошлари шарафига ташкил этилади. Аттис бу борада Масиҳга жуда ўхшайди.

Бу сиғинишлар бир-бирига яқин бўлгани учун уларнинг синтези уларнинг ҳеч бирига зид келмасди. Бундан ташқари, уларнинг барчаси таназзулга юз тутганлиги сабабли, бундай қўшилиш нафақат муқаррар, балки маълум даражада керакли эди.
Дарҳақиқат, айрим яҳудийлар секталари барча фикрлар хилма-хиллигини ифодалайдиган бирга қўшилган динни шакллантиришга уринган. Биринчи асрда яшаб ўтган яҳудий-эллинизм файласуфи Филон Александрийский бундай ҳаракатлар ҳировили бўлган. Бундай шароитларда ҳар бир янги дин ўзига хос эътиқодлар таъсирини ҳис қилган. Е.Карпентернинг қайд эитишича:
"Гуноҳ ва қурбон ҳақида, халоскор, причащение ҳақида, учлик, бокира ҳолда ҳомиладор бўлиш ва ҳ.к. ҳақида таълимот кенг тарқалганди. Биронта диний синтез уларнинг таъсиридан қочиб қутула олмаган; унинг қўлидан келган ягона нарса бу – уларни ўзлаштириш, эҳтимол, ўзига хос тус бериш бўлган"[9].
Юқорида айтиб ўтилганидек, насронийлик Исроилда пайдо бўлган, лекин юнон-миср-форс қуёшга сиғиниш диний маросимларида катта бўлган». У иудаизмдан жуда кам нарсани мерос қилиб олган бўлиб, асосан мажусийлар диний маросимларини ифодалайди. Ҳатто насронийликда кузатиш мумкин бўлган айрим кам сонли иудаизм концепциялари ҳам унга юнонлар фалсафасини қадрлаган ва яҳудийлар қонунларига кам эътибор қаратган Павел орқали (гарчи унинг ўзи ҳам яҳудий бўлишига қарамай) келган; у насронийликка келтирган ҳар бир нарса яҳудийликдан кўра кўпроқ мажусийларга хос бўлган. Бу ишларнинг ҳаммасини у мажусийларни янги дин бағрига жалб қилиш учун қилган. Уильям Данкенбринг ёзадики:
«Ўша даврдаги черков раҳбарлари насронийлик дунёни эгаллаш учун етарли даражада доно бўлиши ва бутун империядаги мажусийлар билан муросага келишлари кераклигини ҳис қилдилар. Оддий одамлар мажусийлик урф-одатларга ўрганиб қолган бўлиб, мажусийлик байрамларига содиқ бўлгани учун черков оталари насронийлик билан мажусийликни яраштириш йўлини ўйлаб топдилар. Улар мажусийлик урф-одатларини шунчалик «чўқинтириб» кўриниши ва номи бўйича «насронийлик» деб аташди, холос. Натижада нима бўлди? Мажусийлар черковга ёпирилиб кела бошлади. Улар бир хил байрамларни нишонларди ва бир хил маросимларни адо этарди, фақат энди буни Астарта ёки Таммуз учун эмас, балки Масиҳ учун қилардилар"[10]. Деярли барча йирик черков тарихчилари (масалан, Мосхейм, Мильман, Гайслер, Ренан ва бошқалар) «насроний епископлари яҳудийлар ва мажучийларни ўзларига жалб қилиш учун муқаддас диний маросимларни кўпайтирдилар»[11].
Асл моҳият шундаки, Исо Масиҳ осмонга кўтарилганда ўз издошларини етим қолдирди. Улардан баъзилари яна яҳудийликка, бошқалари эса мажусийликка қайтишди. Ўз моҳиятини йўқотиб, буларнинг барчаси янги динга турли хил таълимотларни келтирди ва дин уларни ўзига олди. Ташқаридан қараганда, насронийлик номи сақланиб қолганди, лекин унинг ичида барча таълимотлар мажсуийликка хос бўлиб қолганди. Исонинг шахсияти Митра образига қўшилиб кетди ва натижада, таназзул ёқасида бўлиб турган мажусийлик қайта тикланди ва бошқа турдаги насронийликка айланди.
Насронийлик шу қадар мажусийлашдики, у ўзининг асосий манбаси - яҳудийлик билан барча алоқаларни узди. Унда мавжуд бўлган яҳудий ғоялари ҳам юнонлаштирилди. Савл, насронийликка ўтишда фақат юнонча Павел исмини қабул қилиб, буни амалга ошириши мумкин эди. Қонунлар ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас эди. Ҳатто худо  билан абадий аҳд – хатна қилдиришдан ҳам воз кечилди[12]. Буларнинг барчаси шуни кўрсатадики, янги дин энди яҳудийликнинг бир бўлаги эмас, балки унинг рақибига айланди. Дастлаб арамей тилида - Исо ва унинг шогирдлари она тилида ваъз қилинган Инжил энди яҳудийлар либосида  бўла олмасди, охир-оқибат у юнон тилига ўгирилди. Исонинг исми яҳудийча эмас; бу Иешуа исмининг юнонча бузиб айтилишидир[13]. Фақат «Худонинг ўғли» атамаси яҳудийликдан олинган кўринади, лекин янги динда унинг ҳам маъноси ўзгартиридди. Тавротда бу сўзлар фақат рамзий маънода ишлатилган, насронийлар эса уларни том маънода тушуна бошладилар. Исонинг илоҳийлиги ғояси мажусийларнинг қуёшга сиғинишидан олинган эди. Бировнинг ўрнига гуноҳларини ювиш тушунчаси Исонинг хочда қурбонлик ўлимидан эмас, балки бундай ғояларга тўла бўлган кўплаб аввалги сиғинишлардан келиб чиқади. Евхаристик байрамлар Исонинг охирги кечаси билан ҳеч қандай алоқаси йўқ - улар Миср динидан келиб чиқади. Чўқинтириш митраизмдан олинган. Учлик тушунчаси насронийликка турли манбалардан, жумладан, юнон, миср, форс ва индуизмдан кириб келган.  Худди шу нарса Митранинг туғилган куни бўлган христиан Рождество байрами учун ҳам амал қилади. Пасха эса Аттис шарафига байрам қилинарди.
Насронийлар ҳафта кунлари ҳам яҳудийча номланмай қўйди. Уларга илоҳ сифатида ҳурмат қилинадиган римча сайёрлар номи берилди: Saturday – Сатурн шарафига, Sunday – Қуёш шарафига, Monday – Ой шарафига, Tuesday - Тью – нордча Тиренинг инглиз-саксония эквиваленти, Один – уруш худосининг ўғли; Wednesday – Воден номи бўйича – Римнинг ғалаба худоси; Thursday – Рим момоқолдироқ ва чақмоқ худоси Торнинг номидан, Friday – Рим мифологиясида муҳаббат маъбудаси Фригг (Веденнинг хотини) номига қўйилди[14].
Худди шу тарзда ойлар номлари ҳам ўзгартирилди. Январь – Римнинг икки юзли эшиклар (кириш ва чиқиш) худоси Янус, Март – уруш худоси Мapc; Май – Рим мифологосиясида унчалик машҳур бўлмаган Майа; Июн – Рим маъбудаси Юнона; Июл – Юлий Цезар; Август – Римнинг биринчи императори Август Цезар шарафига номланди. Сентябрдан декабргача бўлган қолган ойлар рақамлар бўйича белгиланди – етти (septem), саккиз (octo), тўққиз (novem) ва ўн (decem)[15].
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, насронийлар афсоналари мажусийлар афсоналари билан таққосланганда маълум бўладики, Исонинг ҳаётидан (Инжилда кўрсатилганидек) олинган ҳар қандай ажойиб эпизод мажусийлар сиғинишларида Худо ёки ярим Худо ҳақидаги афсоналарга мос келади. Бугунги кунда насронийликда топилган нарсалар Исонинг - яҳудий пайғамбарнинг таълимоти эмас, балки юнон-рим ва миср-форс мажусийлик ғоялари аралашмаси ҳисобланади.

Доктор Маҳмуд Ғозийнинг "ДОГМАТЫ ХРИСТИАНСТВА" китобидан
Абу Муслим таржимаси

--------------

[1] Edward Carpenter "Pagan and ChristianC reeds", p. 203
[2] J. M, Robertson, op. cit., p. 138.
[3] Иезикииль, 8: 14.
[4] Racionalist Encyclopedia, art: "Attis". См. также Edward Carpenter "Pagan and Christian Creeds".
[5] Jbid
[6] Vivian Phelips "Churches and Modern Thought".
[7] The Bible in India", Chap: III, pp. 186-187.
[8] E. Carpenter, op. cit., p. 21.
[9] E. Carpenter, op. cit.
[10] Plain Truth, March 1973, art: "Easter", p. 12.
[11] J. M. Robertson. "A Short History of Free Thought", vol. I, p. 229.
[12] Послание к Галатам, 6: 12-16.
[13] Согласно автору книги "Библия в Индии", имя Иисус, или Иешуа, весьма распространенное среди евреев, было в древней Индии священным титулом, присваиваемым всем воплощениям, тогда как все законодатели принимали имя Ману (стр. 104). Из д-Гиты он ясно доказывает, что "Христна имел имя Иисус" (стр.247)
[14] Dunlop Book of Facts, 1964, p. 4.
[15] ibid, p. 5et seq.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Миссионерлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase