close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Миллатнинг фожиаси

Яқинда бир дўстимникидаги меҳмондорчиликда унинг беш ёшли набирасига “Улғайганингда ким бўлмоқчисан?” деган саволни бердим. Болакай ё шифокор, ё юрист, ё муҳандис, ё учувчи бўламан деб, одатда болаликдаёқ танлови бошланадиган орзусини айтса керак, деган хаёлда турувдим, унинг жавоби мени ҳайрону лол қилди. “Катта бўлсам, “Жип”да юрадиган миллионер бўламан”, деди у ёшига номуносиб аллақандай жиддийлик билан.

Бу боланинг тантилиги ёки оддий тантиқлиги эмас эди. Бу жавоб бугунги кунимиздаги реал воқеъликнинг, ҳозирги одамлар онгу-тафаккурининг бола тили орқали сачраб чиққан бир учқуни эди.
Минг афсусларки, ҳозир жуда кўпчилик молпарастлик, истеъмолчилик кайфиятининг қули бўлиб қолган, “яхши яшаш дегани тўйиб ейиш ва пўрим кийиниш, уйни шоҳона қуриш ва жиҳозлашни ғарбликлар даражасига етказишдир” деган бемаъни ва поёни йўқ ғояга “сиғинишни” бошлаб юборган. Бунга жон-жаҳди билан интилавериш эса кишидан катта куч-ғайрат, катта маблағ, катта салоҳиятни талаб қилади. Лекин, яна минг афсуски, бу нарсалар ҳаммада ҳам бирдай баравар ва мукаммал мавжуд бўлавермайди.
Сир эмас, узоқ йиллар совет тузумида яшаб, тузумнинг ҳамма нарсада жорий қилган сунъий тақчилликни кўрган, дўконлар ва хизмат кўрсатиш нуқталаридаги охири йўқ навбатларда соатлаб вақтини совурган, камёб молларни елиб-югуришлар ёки таниш-билишлар орқалигина қўлга киритган ота-боболарнинг болалари бугунги тўкинчилик ва фаровон замонга бирданига келиб қолиб, бошвоғи қўйиб юборилган жониворлардай ҳамма нарсага ўзларини аямай уришяпти, ҳамма нарсада ўлчовларни бузиб ташлашяпти. Дунёнинг барча лаззатларидан тезроқ ва кўпроқ фойдаланиб қолишга уринишяпти. Эртага тугаб қоладигандай ҳамма неъматларни бирданига қўлга киритишга интилишяпти. Орзу-ҳавас йўлида бор имкониятларни ва мол-дунёни қурбон қилиб юбориш, нафсининг барча айтганларини сўзсиз бажариш, ҳатто оила аъзоларининг бор инжиқликлари ва тантиқликларини эътирозсиз муҳайё қилиш кайфияти одамларнинг ҳаёт тарзига тобора кенгроқ кириб боряпти. Буларга эришиш учун эса катта маблағ керак бўлади. Бунчалик катта пул эса осмондан ёғмайди, буни ажнабий юртлардаги “сахий” амакилар текинга бериб қўймайди. Берса ҳам, нималарнидир эвазига ёки қарзга беради. Демак, нима қилиб бўлсаям кўп-кўп пул топиш, бунинг учун эса ўзингни минг томонга уриш керак!   
Ҳозирги пайтда атрофига сал эътибор билан назар солган киши ҳамманинг “орзу-ҳавас” деган аждаҳонинг домига илиниб, “яхшироқ еб-ичиш, яхшироқ кийиниш” муаммоси ҳаётининг асосий мақсади бўлиб кетаётганини кўрмаслиги мумкин эмас. Олдинлари одамларимиз яшаш учун ейишган бўлса, ҳозиргилар худди ейиш учун яшаётгандай… Айримларнигина истисно қилганда, деярли кўпчилик нафсига қул бўлган, карнай иштаҳасининг эҳтиёжларига таслим бўлган, ҳамиша қинғир йўлга бошловчи шайтонларга мурид тушган. Ишонмасангиз, ўзингиз бир мулоҳаза қилиб кўринг. Бундан атиги йигирма-ўттиз йил олдин нонушта дастурхонингизда нималар бўларди? Ҳа, кам бўлманг, нон-чой, шакар ёки оққанд, борларникида қатиқ-сут бўларди. Энди ҳозирги дастурхонингизни бир кўздан кечириб чиқинг. Энг оддий хонадонда ҳам бу нарса олдингидан бир неча баробар тўкинроқ. Бойроқ оилаларда эса нонуштага пишлоқ, колбаса, сариёғ, бирор хил иссиқ таом, турфа пишириқлар, шоколадли конфетлар бўлмаса, умуман чой ичмай қўяқолишади. Ана шундай “яхши яшаш” эса одамдан кўпроқ пул топишни, бунинг учун эса ўзини ҳар томонга уришни, тинмай елиб-югуришни талаб этади.  
Бугун қилаётган тушликларимиз, кечки овқатларимиз ҳам барча чегаралардан чиқиб кетди. Оддий хизматчининг тушлиги  суюқ ва қуюқ икки таомдан, икки-уч хил салатдан, “газаги”га пирожний ёки торт каби пишириқлардан, кола, лимонли чой, қаҳва каби “таббости”лардан иборат бўлади. Бадавлат кишиларнинг тушлик ва кечки таомлари ҳақида, яхшиси гапирмай қўяқолайлик. Айримлар беҳисоб ейилган таомлар устига “шайтон суви”дан ҳам юбориб, ётиш олдидан ошқозонларини яхшигина “чиниқтириб” олишади. Кечқурунлари шаҳарларимизни таомларнинг хушбўй ҳиди, пишаётган кабоблардан чиқаётган тутун босиб кетади. Азамат ҳамшаҳарларимиз ҳар қадамда очилган беҳисоб тамаддихоналарда  ошқозонларини сийлаб, “мазза қилиб” ҳордиқ чиқаришади.
Нафснинг бундай ҳаккалак отишига эрк бериб юбориш эса яна харажатга сабаб бўлиб қолади: энди одамлар олдида семириб кетишнинг, илгари қулоқ эшитмаган турли хасталикларнинг, ҳамма ёқдан ўраб олган танбалликнинг ечими йўқ муаммолари пайдо бўляпти. Энди беҳисоб ейилган овқатлар туфайли семиришни тўхтатиб қолиш учун фитнес клубларига, чўмилиш ҳавзаларига, футбол ва теннис майдонларига зириллаб қатнашлар бошланади. Бу ишларга ҳам анча-мунча пул керак бўлади. Олдин бўкиб овқатланиш, кейин эса у келтирган “калорияларни йўқотиш” учун тинмай пул харжлаётган одамларга шунақа пайтда “Ҳой омон бўлгур, ортиқча сарф-харажатлар ўрнига сал камроқ есанг бўлмасмикин” деворгингиз келади.
Тўй ва маросимлардаги еб-ичишдаги кимўзар мусобақалар, исрофгарчиликлар, ўринсиз харажатлар, совурилган маблағ ва ҳаракатлар ҳақида гапиравериб нотиқлар, ёзавериб қаламкашлар ҳолдан тойишди. Тўйларимизда “Мен сендан камманми?”, “Одамлар гапириб кетсинми?” деган сохта иддаолар остидаги беҳуда пойгалар кун сайин, ой сайин авжига чиқяпти. Кеча дастурхонга иккита таом тортилган бўлса, бугун улар сони беш-олтитага етяпти, эртага эса балки ўнтага чиқар? Ейишга ҳатто қорин ҳам, вақт ҳам етишмайдиган турфа салатлар, пишириқлар, хориждан келтирилган анвойи мевалар, гўшт маҳсулотлари тўйдан кейин ахлат қутилари ва дайди итларнинг “мулки”га айланмоқда. Дастурхон машмашасидан сўнг келин-куёвнинг ЗАГСдан ўтиши, суратга тушиши, отасининг тушига ҳам кирмаган “лимузин”, “хаммер”, “жип” русумли машиналарда (ўзимизда чиққан машиналар мода эмасмиш) шаҳар бўйлаб сайр қилиши, никоҳ кечасини ташкил этиш, унга машшоқ ва ашулачиларни таклиф қилиш, тўйхонани безатиш каби ишлар ҳам кун сайин қимматлашиб, орзу-ҳаваслар олдингидан кучайиб боряпти. Ўз-ўзидан равшанки, бу даҳмазалар ҳам текинга тушмайди, бунинг учун ниҳоятда кўп миқдорда пул керак бўлади.   
Ҳеч эсимдан чиқмайди, араб мамлакатидаги бадавлат бир хонадонда ўтказилган никоҳ тўйида қатнашганман. Алоҳидадан иккита залга элликтача эркак, шунча аёл тўпланган. Зиёфатда ярим косадан суюқ, биттадан тарелкачада палов тортилди, дастурхонда нон, пўртахол, банан ва бир хил мева шарбатидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Эй инсонлар, ёлғонни ёзаётганим йўқ, тўй зиёфатининг дастурхонида бундан бошқа ҳеч нарса йўқ эди! Осмон узилиб ҳам тушгани йўқ, нега бундай камтарона тўй қилдинг, деб ҳеч ким уни юртидан қувиб чиқаргани йўқ! Ваҳоланки, тўй эгаси икки-уч корхонанинг, бир неча катта дўконларнинг эгаси бўлган йирик сармоядор эди. Истаса, тўйни хориждаги бирор оролними, қасрними ижарага олиб, ўша ерда шоҳона қилиб ўтказишга ҳам қурби етарди. Камчиқимлигининг сабабини сўрасам, “Бизлар қизини узатганда дастурхонга арпа нони, хурмо ва бироз гўштдан бошқа нарса қўймаган Пайғамбарнинг умматимиз!” деб жавоб қилган эди.
Бугун шуни очиқ тан олиш керакки, ўзбекнинг бутун ҳаракати, салоҳияти, куч ва имкониятлари, машаққат билан топаётган пул-бойлиги бир кунда ўтиб кетадиган, тўй эгалари ва яқинларининг бир-икки кун оғиз тўлдириб мақтанишидан бошқа ҳеч қандай фойда келтирмайдиган тўйларга қурбон бўлиб кетяпти. Бу ҳақда қанчалаб мақолалар ёзилди, ҳукуматнинг қарорлари чиқди, мусулмонлар идорасининг фатволари эълон қилинди. Аммо одамларимиз ҳамон тўйларни ҳашаматли, дабдабали, серисроф қилиш учун кимўзарга мусобақани тўхтатишгани йўқ. Бунга айтиладиган баҳона-сабаблар ҳам ҳамон эскича: “Биз кўрмаганни болаларимиз кўрсин!”, “Пул кетса кетар, обрў кетмасин!”, “Ҳа, энди тўйни ихчамроқ қилсак, одамлар гапиради-да, қашшоқлашиб қолибди деб”, “Қанча пул кетсаям, қизимнинг (ўғлимнинг) ўксиганини кўрмасам бўлди!”, “Манам юртнинг ошини еганман, қарзимни узишим керак!” ва ҳоказолар. Машҳур шоиримиз айтганидай,
Эҳтимол, зукко ўқувчи “Бу одам нега тўйларимизга бунчалик осилиб қолди” деган хаёлга бораётгандир? Мен тўйларга асло қарши эмасман! Чунки фарзанди улғайган ҳар бир одамнинг уларни уйлаш-жойлаш учун ҳаракат қилиши Аллоҳнинг амри, динимиз талаб қилган ишлардандир. Алоҳида зиёфат ташкил қилиб, икки ёшнинг  никоҳини эълон қилиш Пайғамбаримизнинг суннатларидандир. Буни инкор қилиш асло ярамайди. Бу ўринда гап инсонларнинг ана шу маросимни ташкил қилишда ҳаддан ошаётганлари, бу ишда қаттиқ исрофга бораётганлари, тўй ўтказишни ҳаёт-мамот масаласига айлантириб юбораётганлари, фарзандларини бахтли қиламан деб ўзларини абгор ва бадбахт қилиб юбораётганлари ҳақида кетяпти.
Ана шу ўринсиз харажатларни қоплаш учун ҳамма пул топиш, топганда ҳам кўпроқ топиш васвасасига тушиб қолган. Олийгоҳ муаллими пул топиш учун бадавлат оилалардан чиққан талабаларни имтиҳонларда “қийнамай”, пулини олиш илинжида туради. Шифокор сал тумовлаган одамни “тезда жарроҳлик амалиёти қилмасак, охири ҳалокатга олиб боради” дея қўрқитиб, пулини олишга ташна юради. Идора хизматчиси “пул топиш” васвасасига чалиниб, таътилида дам олиш ўрнига Хитойга ё Дубайга тижорат сафарига жўнаб қолади. Туғруқхона ҳамшираси чақалоқнинг аллақачон туғилиб бўлганини яшириб, “туғруқ анча оғир кечяпти”, деб довдираб қолган отани шилиш ниятида бўлади. Мактаб муаллимининг ҳам бу оммавий васвасадан четда тургиси келмай, болаларнинг ота-оналарига синфга ҳали уни оламиз, буни буни оламиз, деб чопар жўнатиш билан овора. Хулласи, кўпроқ пул топиш мақсадида ҳамма бошқа бир миллатдошини шилиш, чўнтагини қоқлаш, ризқидан юлиш билан овора.
“Пулга ошиқлик” касали туфайли одамлар турмушининг барча жабҳалари текинга хизмат кўрсатмайдиган бўлиб боряпти. Таълим, энг аввало олий таълим асосан пулликка айланиб боряпти. Мактаб ва лицейларда ҳам турли йиғим ва тўловларнинг, “кўзда тутилмаган” харажатларнинг ортиб бораётгани ота-оналар учун  оғир тушовга айланаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Тиббиёт ҳам асосан пуллик, пуллик бўлгандаям шунақанги қимматлашяптики, шифохонда ётиш ёки жарроҳлик амалиёти қилиш нархини эшитиб, соғ одамнинг ҳам мазаси қочиб қолади. Бадантарбия ва спорт иншоотлари ҳам текинга хизмат кўрсатмайдиган бўлди, натижада улар тобора оммавийликдан кўра хусусийлик сари кўпроқ интиладиган бўлиб боришяпти. Футбол ўйнамоқчимисиз ёки ҳавзада сузмоқмисиз ёхуд спорт клубида машқ қилмоқчимисиз, марҳамат, пулини тўлаб қўйиб, бемалол шуғулланаверинг. Пулингиз бўлса, сон-саноқсиз, “ёшартирувчи”, “гўзаллаштирувчи”, ҳатто пластик амалиёт йўли билан жисмоний камчилингизни йўқотиб берувчи бутун бир “гўзаллик индустрияси” сизнинг хизматингизда.
Ўша зорманда пулни топиш эса осон бўлмайди. Пул топиш илинжи қанча одамларнинг ўз юртидаги иссиқ ўрнини совутиб, бегона ўлкаларда сарсон бўлишга, ориятли киши бажаришдан бўйин товлайдиган қора ишларда ишлашга, мусофирчиликдаги машаққат, азият ва хўрликларга чидашга мажбурлаяпти. Бунга ҳам тоқат қилса бўлару, энг даҳшатлиси, уларни асл имон-эътиқодидан, ахлоқ-одобидан, одамийлигидан, оиласи фароғатидан маҳрум қилмоқда. Пул топиш васвасаси туппа-тузук мусулмонларни ёлғон қасам ичиш, бошқаларни алдаш, бировнинг ҳақига хиёнат қилиш, ваъдасини бажармаслик, катта қарзлар олиб, уларни бермай юриш, ҳаромдан эҳтиётланмаслик каби кулфатларга гирифтор қиляпти. Пул топиш учун одамлар ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, ҳалол ва ҳаромни ажратмайдиган, гуноҳлардан қўрқмайдиган ҳолатгача боришяпти. Пул топиш дарди одамларни китоб ўқиш, чуқур билим олиш, маърифатини ошириш, маънавиятини бойитиш каби энг зарур ишлардан узиб қўймоқда, буларга ажратилиши керак бўлган вақтни кемирмоқда. Агар иш шу аҳволда давом этавергудай бўлса, айрим “пул ошиқлари”нинг эртага ватанни ҳам, динни ҳам, миллатни ҳам, ҳатто ўзларининг шаън-ғурурларини ҳам ғанимларга индамай сотиб юборишлари ҳеч гап бўлмай қолади.
Бу гаплар миллатнинг бугунги дарди эмас. Бундан юз йил муқаддам очиқ кўзли олим ва адиблар одамларнинг пул дея маърифатдан, маданиятдан орқада қолиб кетаётгани ҳақида зорланиб, фарёд чекиб ёзишган. Ўшалардан бири Абдулла Авлонийнинг мана бу сўзлари орадан бир аср ўтса ҳамки, худди бугунги кун одамларига қаратилгандай долзарблигини йўқотмаган: “Оналаримиз билим ва тарбия ўрниға эрлари ила урушиб-талашуб қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар. Оталаримиз болалариға ўқутмак ва таълим бермак ўрниға “Ўғлум, эмди каттакон йигит бўлдинг, шунча ўқуганинг етар, пул топ!” деб ҳаммоллик қилдиришни яхши кўрурлар... Болаларимиз оталаримизнинг илм қадрини билмагани, илм учун пулни кўзлари қиймаганлиги сабабли ўқумоқ ва ўрганмоқ ўрнига “Оҳ пул, жоним пул” деб ҳаммолликни яхши кўрурлар”.  
Қолаверса, бу кулфат ва дунёпарстликлар фақат ўзбекларнинг ёки мусулмонларнинг муаммоси эмас. Ҳозирга келиб бутун дунё истеъмолчилик, молпарастлик, моддапарастлик кайфиятининг телба қулига айланган. Ўрисларда “ғилдирак ичида чопаётган олмахон” деган ибора бор, яъни олмахон манзилига етиш учун тинимсиз чопаверади, аммо ғилдиракнинг охирги чегараси бўлмагани учун олмахон асло мақсадига етолмайди. Одамларнинг фикри-зикри ҳам ҳозирда ҳам ана шу ғилдирак ичида чопаётган олмахон каби “яхши яшаш”, бунинг учун кўпроқ пул топиш, пул топиш учун эса маънавий дунёни бой бериш каби беҳуда пойгада ғолиб чиқиш бўлиб қолган. “Дунё ҳар қандай одамнинг эҳтиёжларини қондира оладиган даражада имкониятлидир, аммо инсоний очкўзликни қондиришга унинг кучи етмайди”, деган эди Ҳиндистоннинг улуғ мутафаккири ва давлат арбоби Махатма Ганди.
Статистика маълумотлари билан танишсангиз, дунёнинг ҳамма бурчагида “истеъмолчилар жамияти” қуриш ишлари жадал бораётганига гувоҳ бўласиз. Кейинги қирқ йил ичида дунёда товар ва хизматларга сарфланаётган шахсий харажатлар тўрт баравардан зиёдга кўпайди ва 1960 йилдаги 4,8 миллиард доллардан 2000 йили 20 миллиардга ортди. Ҳозир одамларнинг оддий дўконларни назари илмай қолди, энди улар йирик савдо марказларидан, гипер ва супермаркетлардан харид қилишга ўтишди. Пештахталарга дид билан, чиройли қилиб териб қўйилган ялтироқ қоғозли молларни саватингга қандай солиб қўйганингни ҳам билмай қоласан, киши. Кўплар “дўкон айланиш” касалига мубтало бўлган, эҳтиёжига ҳеч нарса зарур бўлмаса ҳам, кунига бир-иккки дўкон айланиб, ул-бул сотиб олмаса, кўнгли сира жойига тушмайди.
Кейинги пайтда дўконлар ҳам “эскириб”, ўрнига интернет тизими орқали товар сотиб олиш ёки хизматлардан фойдаланиш тобора урфга кириб боряпти. Пластик чипталар орқали савдо қилишга ўтиш ҳам одамларни хийла “чалғитиб” қўйди, нақд пулни ушламаган харидор йирик савдо марказларига кириб қолса, бу нарса унга зарурми ёки кераксизми, бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмай кўзига чиройли кўринган ҳамма нарсани сотиб олишга киришиб кетади. Тугмадан тортиб автомобилгача, сабзи-пиёздан тортиб, кийим-кечаккача, атир-упадан тортиб телевизоргача сотиладиган супермаркетлар ва йирик савдо марказларини ўйлаб топганларнинг мақсади ҳам овоза (реклама) ва молларни чиройли қилиб қадоқланган ва безатилган ҳолда харидорга рўпара қилиш воситасида молини кўпроқ ўтказиш бўлган, холос.
 Молпарастликка муккадан кетиш, яшашни фақат истеъмол қилишдан иборат деб ўйлаш ҳаётимизнинг жуда кўп муҳим қирраларини, хусусан маданиятимиз, қадриятларимиз, ҳаётга қарашларимиз, дид ва фаросатимиз, қизиқиш ва интилишларимизни ҳам ўзгартириб юборди. Молпарастлик, мол-дунёнинг кетидан қувиш кишининг мустақиллигини йўқотмоқда, уни нимагадир ёки кимгадир қарам қилиб қўймоқда. Бундайларнинг бутун фикри-зикри бирор имтиёзни қўлга киритиш, бирор буюмга эришиш, бирор нарсани харид қилиш ёки ниманидир истеъмол қилиш бўлиб қолади. Унинг энди фидойиларча меҳнат қилиш, чуқур билим олиш, нималарнидир кашф қилиш, ўзининг малака ва салоҳиятини ошириш, ўз устида ишлаш каби “ортиқча” нарсалар қизиқтирмай қўяди.
Молпарастлик, орзу-ҳавасга берилиб кетиш инсоннинг ҳар томонлама ақлий, ахлоқий ва маънавий камолотга эришиш эҳтиёжини инкор қилади. Бу эса одамларнинг жонзотлар каби фақат еб-ичишнию ҳирсий эҳтиёжларини қондиришга интиладиган лоқайд ва ҳиссиётсиз махлуқларга айланиб қолишларига олиб келади. Бу эса унинг шахс сифатида таназзулга кетишига, маданиятсиз, салоҳиятсиз кимсага айланишига йўл очади. Бундан ташқари, бундай истеъмолчилик кайфиятига зўр бериш орқали инсон онгини ҳар мақомга солиш имкони пайдо бўлади. Чунки жоҳил, нодон, қолоқ ва оми одамларни алдаш ҳам, бошқариш ҳам осон кечади.
Россия Фанлар академиясининг академиги, физика-математика фанлари доктори Владимир Арнольд шундай ёзади: “Америкалик ҳамкасбларимнинг менга тушунтиришларича, уларнинг мамлакатидаги умумий маданият ва мактаб таълими даражасининг пастлиги иқтисодий мақсадларни кўзлаган ҳолда атайлаб эришилган ютуқ эмиш. Гап шундаки, кўп китоб ўқиган ҳар томонлама маълумотли киши энг ёмон харидор бўлар эмиш. У Моцарт, Ван Гог, Шекспир каби санъат ва маданият даҳоларининг ижодини ёки теоремаларни ўрганишни автомобиль ёки кир машинаси сотиб олишдан афзал кўрар эмиш. Бундан эса истеъмол жамиятининг иқтисоди, биринчи навбатда хўжайинларнинг кўрадиган фойдаси зарарга учрар экан. Бундан ҳам муҳимроғи, бу нарса уларга салоҳиятдан маҳрум подага айлантирилган аҳолини ҳар кўйга солишдан, уни алдам-қалдам қилиш имкониятидан тўсиб қўяр экан. Шунинг учун улар одамларнинг маданият ва маърифат билан ошно бўлишларига тиш-тирноқлари билан қарши бўлишар экан.”
Мана булар эса Москва ва бутун Русия патриархи Кириллнинг гаплари: “Оддий одамлар бирор нарса сотиб оларкан, қувонишади. Тийиқсиз истеъмолчилик эса ана шу қувончни тортиб олади. Инсон ўзидагиларни ўғирлайди. Агар бутун жамият ана шу тийиқсиз истеъмолчилик йўлига ўтса, еримиз ҳам, ундаги неъматлар ҳам бунга дош бера олмайди. Агар ўртача истеъмол қилиш даражаси АҚШдаги каби бўлса, асосий ресурслар бор-йўғи 40-50 йилгагина етиши исботланган. Худо бу неъматларни ҳамма ҳозиргидай пала-партиш истеъмол қилаверсин, деб берган эмас” (“Аиф”, 2009, 32-сон).  
Бу муаммонинг илдизи диндан узоқлашганимиз, имон-эътиқодимизнинг сусайиб кетгани, жоҳиллик ва илмсизлигимизга бориб тақалади. Кўпларимиз Аллоҳ таолонинг яратиш, ризқлантириш, нафс истакларини чеклаш борасидаги ҳикматларидан бехабар бўлганимиз учун ҳаётни фақат яхши-еб-ичиш, яхши кийиниш, кўркам ва шинам уйларда яшашдангина иборат деб ўйлаб, бутун ҳаракатимиз, интилишимиз ва куч-имкониятларимизни шунга йўналтиряпмиз. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло инсонларни яратгач, уларнинг олдига икки йўлни қўйган. Биринчиси – дунё ҳаётидаги умрни Аллоҳнинг йўлида, Унинг буюрганларига амал қилган, қайтарганларидан четланган ҳолда ўтказиб, Унинг розилигини топиш ва абадий саодатга эришиш. Иккинчиси эса – инсоннинг икки мангу душмани бўлган нафс ва шайтоннинг сўзига кириб, Аллоҳни танимай ўтиш, ўз ҳаётини дунё лаззатларига қурбон қилиб, оқибатда Унинг ғазабига учраш, дўзах азобларига гирифтор бўлиш. Ва бизга уларнинг ўртасини ажрата билиш малакасини ҳам берган. Биз ана шу малакамизга кўра ҳалол ва ҳаромни, фойда ва зарарни, ҳақ ва ботилни бир-биридан ажрата оламиз.   
 Парвардигор Ўз махлуқларини уч хил қилиб яратган: бири фақат Аллоҳга тоат ва ибодат учун яратилган фаришталардир, яна бири қилмиши фақат куфр ва гуноҳ ишлар бўлган шайтонлардир, учинчиси эса, ақл берилмаган, еб-ичиш ва насл қолдиришдан бошқа вазифа юкланмаган ҳайвонлардир. Аллоҳ яратган махлуқларнинг энг мукаррами ва гултожи бўлган инсонда эса ана шу уч махлуқнинг сифатларидан оз-оздан мавжуд. Агар у Аллоҳнинг тоат-ибодатида собит бўлса, унда фаришталик хислатлари намоён бўлади. Агар у Парвардигорини инкор қилиб ёки барча неъматларни У зот бераётганини англамай, куфр ва гуноҳларга қўл урса, унда шайтонлик сифати кўринади. Агар унда фақат еб-ичиш, шаҳвоний ҳирсини қондириш туйғуси устунлик қила бошласа, унда ҳайвонлик ҳисси ғолиб келган бўлади.    
Инсон ана шу фарқларни ажратиб олиши, умрини Аллоҳ розилиги йўлидаги яхши ишлар билан безашни англаши учун унга онг, ақл ва тафаккур берилган. Агар у маънавий дунёсини бойитишни ўйламай, фақат жисмининг истакларини қондиришга зўр бераверса, унинг беақл ҳайвондан мутлақо фарқи қолмайди. Агар у ҳаётни фақат яхши еб-ичишдан, нафснинг хоҳишларини тўла-тўкис бажаришдан иборат деб ўйласа, ҳаётини заволга учратган бўлади. Ҳақиқат шу бўлгач, пул кетидан қувишга, кўпроқ пул топишни ҳаётнинг асосий мақсади қилиб олишга чек қўйиш пайти келмадими? Инсонлигимизни англаб, ҳамма нарсада мўътадил, ўртача йўл тутиш яхши бўлмасмикин? Машаққат билан, елиб-югуришлар, оғир йўқотишлар эвазига топган пулимизни риё ва мақтаниш учун тўй-маросимларга, турмушдаги исрофгарчиликларга сарфлаб юборавермай, сал ақл-фаросат, тадбир билан иш тутсак, яхши бўлмасмикин? Нима дейсизлар, азиз миллатдошларим?!

Аҳмад МУҲАММАД

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase