close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Расулуллоҳ қайтарганлар

Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! (Ҳашр сураси, 7-оят).

Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! (Ҳашр сураси, 7-оят).

Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб айтдилар: «Сизларни тарк этиб кетган вақтим давомида (яъни Қиёматда учрашгунимизга қадар) менинг васиятларимга амал қилинглар, чунки сизлардан олдингилар ўз пайғамбарларига осийлик қилиб ҳалокатга учраганлар! Мен сизларни нимадан қайтарган бўлсам, қилманглар ва нимани амр қилган бўлсам, имконингиз қадар адо этинглар!» (Имом Бухорий ривоятлари)

МУҚАДДИМА

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча оламларнинг Рабби ва Парвардигори Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Фахри Коинот - Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга, у зотнинг ашобларига, аҳли байтларига саловоту-дурудлар бўлсин.
Бутун ер юзидаги инсоният, Шарқу Ғарбдаги барча қавм ва миллатларга расул қилиб юборилган пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматга қадар одамзотни саодат ва нажотга етакловчи улуғ йўлбошчи бўлиб қолаверадилар. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шамоиллари, хулқ-одоблари ҳар бир мўмин-мусулмон учун катта ибрат, у зотнинг яшаш тарзлари, кўрсатмалари, амр-қайтариқлари ҳар биримиз учун муҳим дастурил-амалдир. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом юриш-туришда, муомала-муошаратда, ҳоли ҳаётда ва ибодатда, оилада ва кишилар орасида, хулласи барча соҳада ўз даврларида ҳам, ундан кейин Аллоҳнинг расулига хос юксак фазилатлар, олий хулқ соҳиби бўлиб қолдилар. Зотан, Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари ҳам: «Мен яхши хулқларни камолга етказиш учун пайғамбар бўлиб келдим», деганлар. Яна бир ҳадиси шарифда: «Мўмин кишига берилган нарсаларнинг энг яхшиси чиройли хулқдир», дейилган. Расули акрам ҳақларида сўраган кишиларга завжалари ҳазрати Оиша: «Пайғамбаримизнинг ахлоқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Ҳақиқатан Қуръоннинг барча амрлари Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сийрат ва суратларида акс этган.
Аллоҳ таоло ўз китобида: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар» (Ҳашр, 7) деб марҳамат этган.
Ушбу китобчага жаноби Расулуллоҳнинг мусулмонларни яхши хулқли бўлишга чорловчи даъватлари, у зот ман этган ва умматни қайтарган нарсалар ҳақидаги ҳадислар жам этилди. Бизларнинг бурчимиз эса -уларни ўқиб, англаб, сўнгра ҳаётда қўллаш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам наҳий қилган, ман этган ёмон иллат-қусурлардан тийилиш. Зотан, жаноби Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам: «Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра адо этган одамни Аллоҳ неъматлантирсин», деганлар. Аллоҳ таоло барчаларимизга Пайғамбар алайҳиссаломнинг ахлоқлари билан хулқланишни насиб айласин!

АХЛОҚ-ОДОБ СОҲАСИДАГИ ҚАЙТАРИҚЛАР

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалокатга олиб борувчи етти нарсадан қочинглар!», дедилар. «Улар нима, эй Расулуллоҳ?» дейишди. Жаноби Пайғамбаримиз: «Аллоҳ таолога ширк келтирмоқ, сеҳр-жоду қилмоқ, ноҳақ бировни ўлдирмоқ, судхўрлик, етимнинг ҳаққини емоқ, жанг майдонидан қочмоқ, бегуноҳ покдомон мўмина аёлларга туҳмат қилмоқ», дедилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Муғийра ибн Шуъбанинг котиби Варрод ривоят қилади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миш-миш тарқатмоқни, эзмалик қилмоқни, мол-дунёни исроф этмоқни, очкўзлик қилмоқни, оналарга итоатсизлик этмоқни ва қизларни тириклайин кўмиб ташламоқни (Исломдан аввал арабларда шундай одат бўлган) ман қилганлар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар. «Ғазотлардан бирида Пайғамбар алайҳиссалом ўлдирилган аёл кишини кўриб ачиндилар ва аёл кишиларни ва ёш болаларни ўлдиришни ман қилдилар». (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бадгумон бўлманглар, бадгумонлик энг ёлғон сўздир, тирноқ остидан кир қидирманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан аразламанглар ва нафратланманглар, ака-ука тутиниб, Аллоҳнинг (солиҳ) бандалари бўлинглар», дедилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўл бўйида ўтиришдан сақланинглар», дедилар. Шунда саҳобалар: «Бунинг чораси йўқ, эй Расулуллоҳ, чунки биз ўтириб суҳбатлашамиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бунга кўнмасанглар, ўтиринглару фақат йўлнинг ҳаққини адо этинглар», дедилар. Саҳобалар: «Eй Расулуллоҳ, йўлнинг ҳаққи нима?», дейишганида Расулуллоҳ: «Кўзни номаҳрамларга қаратишдан тийиш, ўтувчиларга азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтариш», дедилар». (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки заифнинг - аёлнинг ва етимнинг молидан узоқ бўлишингизни васият қиламан», дедилар». (Имом ибн Можа ривоятлари)

Жобирдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зулмдан сақланинглар, чунки у Қиёмат кунида зулумот бўлади. Ва яна бахиллик ва хасисликдан сақланинглар. Чунки у сизлардан аввалги умматларнинг ҳалокатга учрашига, қон тўкишларига ҳамда ҳаром нарсаларни ҳалол қилиб олишларига сабаб бўлган эди», дедилар». (Имом Муслим ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ: «Сизларнинг ҳолингизга вой бўлсин! Яна сизлар мендан кейин кофир бўлиб, бир-бирингизнинг гарданингизга (қилич) уриб юрманглар», дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Адий ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳозир яна қайтариб айтаман, кимни бирор ишга бошлиқ қилсак, ози ва кўпини (яширмай) олиб келсин. Нимани берсак, уни олсин. Нимадан қайтарсак, уни олишдан ўзини тийсин», дедилар. (Имом Муслим ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини бировларни янглиштиришдан ман этдилар. (Абу Довуд ва Аҳмад ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини одамлардан четга олиб, хилватда зоҳидлик қилишдан ман этганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Анас ибн Молик (р.а.) ривоят қиладилар. «Биз ҳазрат Умарнинг ҳузурларида ўтирган эдик, у киши: «Бизлар зиммамизга ортиқча иш (вазифа) олмоқдан қайтарилдик», дедилар».(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло сизларни оталаринг номи билан қасам ичишдан қайтаради». (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамнинг бошқа бир одамни турғизиб, ўрнига ўзи ўтириб олмоғини ман қилдилар. Аммо жаноб Расулуллоҳ шундай дедилар: «Нарироқ сурилиб жой беринг ва бироз сиқилишиб ўтиринг», денглар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Язид ал-Ансорий (р.а.) ривоят қиладилар. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бировнинг молини зўрлик билан тортиб олишдан ва бировга ваҳшиёна (қулоқ, бурун ва бошқа аъзоларини қирқиб) азоб беришдан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам назр қилмоқдан қайтардилар ва: «У балонинг олдини ололмайди, у орқали бахилдан бирор нарса ундириб олингайдир, холос», дедилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилични яланғочлаб юришга одатланишдан қайтарганлар». (Имом Термизий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга тақлид қилувчи эркакларни ва эркакларга тақлид қилувчи аёлларни лаънатладилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чўриларнинг баданини пуллаб, тирикчилик қилишни ман этдилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эр кишини икки аёлнинг орасида юришидан қайтардилар». (Абу Довуд ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мусибат етганида юзларини юладиган, ёқасини йиртадиган ва ўзини қарғаб йиғлайдиганларни Аллоҳ таоло лаънатласин». (Ибн Можа ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмон учун ортиқча такаллуфни (зиёфат учун ҳаддан ташқари уринишни) ман этганлар. (Ҳоким ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир уйда якка ухлашни ман этганлар. (Имом Аҳмад ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан ва Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир банда: «Мен Юнус ибн Маттодан яхшироқман», демаслиги лозим», дедилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Замъадан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одам ичидан чиқадиган нарса (ел)га кулмоқдан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Саид Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (қўл билан) майда тошларни отиб ўйнашдан ман қилдилар ва: «Бу билан ов ҳам қилиб бўлмайди, душманни ҳам ўлдириб бўлмайди, фақат у кўзни чиқариб, тишни синдиради, холос», дедилар». (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукм чиқаришда ришва (пора) берувчини ва уни олувчини лаънатлаганлар». (Имом Термизий ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳумлар шаънига муболаға билан мадҳия ва марсия айтишни ман этганлар. (Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари)

Усома ибн Зайддан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор жойда вабо борлиги билинса у ерга киришдан, бирор жойда турилганда вабо бошлангани эшитилса, ўша жойдан чиқишдан қайтарганлар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қабристон зиёратига борувчи аёлларни, қабристон устига масжид қурувчи ёки чироқ ёқувчиларни Аллоҳ таоло лаънатласин!». (Ҳоким ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр устига ўтиришни, қабр устини бутунлай текислаб ташлашни ёки устига турли баланд қуббалар қуришни ман этганлар. (Имом Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан ўз уйига кечаси бемаҳал кириб келишни ман қилганлар.  (Имом Бухорий ва муслим ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Қуръон (яъни Мушаф) билан душман ерига сафар қилмоқдан қайтардилар». (Бу ерда Қуръон дейилгани билан Мушаф деб тушунмоқ керак. Чунки Қуръон оғзаки тарзда нозил қилинган бўлиб, душман уни қалблардан тортиб олиб, оёқости қилолмайди). (Имом Бухорий ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтаб турган кўлмак сувга сийишни ман этганлар. (Имом Муслим, Насаий, Ибн Можа ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (бирор нарсанинг бахтсизлик келтиришига ишониб) ирим-сирим қилишдан қайтарганлар».  (Имом Бухорий ривоятлари)

Умму Атийя ривоят қиладилар: «Биз аёллар ўликка уч кундан ортиқ аза тутмоқдан қайтарилган эдик, эр ўлсагина тўрт ою ўн кун аза тутмоқ мумкин эди... Биз аёллар жанозага эргашмоқдан ҳам қайтарилган эдик». (Имом Бухорий ривоятлари)

Оиша (р.анҳо) ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Майитларни ҳақорат қилманглар, чунки улар келадиган жойларига келиб бўлдилар», деганлар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Анас ибн Молик (р.а.) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (саҳобаларга қарата): «Биронтангиз узоқ хасталаниб ётиб қолсангиз, (безор бўлганингиздан) ўзингизга ўлим тиламанг! Башарти шундай қилиш зарур бўлса: «Eй Парвардигорим, агар (бундан кейинги) яшамоғимнинг менга нафи бўлса, мени тирик қолдиргин, мабодо ўлмоғим афзал бўлса, омонатингни олғил, деб айтингиз», дедилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

ИБОДАТГА ДОИР ҚАЙТАРИҚЛАР

Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етти жойда: ахлат ташланган ерда, ҳайвон сўйиладиган жойда, қабристонда, йўл ўртасида, ҳаммомда, туя ётган ерда ва Каъба томи устида намоз ўқишдан қайтардилар». (Имом Термизий ривоятлари)

Амр ибн Шуайб отасидан, у эса бобосидан ривоят қиладилар. «Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда шеър айтиш ва савдо-сотиқ қилишдан қайтардилар».(Имом Термизий ривоятлари)

Ҳазрати Оишадан (р.анҳо) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ саҳобаларга раҳм қилиб, рўзани бир-бирига боғлашдан (яъни икки рўзанинг ўртасида ифторлик қилмасликдан) ман этганлар».(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Муоздан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажда неъматларни кўз-кўз қилиш ва маишатпарастликдан қайтарганлар».(Имом Аҳмад ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж ва умра учун эҳром боғлаган кишини кўйлак ҳам, салла ҳам, чолвор ҳам, бурнус ҳам, маҳси ҳам киймоқдан қайтардилар (Кавуш топмаган киши маҳси қўнжини тўпиғидан паст қилиб кесиб ташлаб кийса бўлади).(Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳром боғлаган одамнинг варс ёки заъфарон билан бўялган кийим киймоғини ман қилдилар».(Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбани тавоф қилаётиб бир одамнинг иккинчи бир одамни тасма билан етаклаб кетаётганини кўриб қолдилар-да, тасмани ўз қўллари билан қирқиб ташладилар».(Имом Бухорий ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки ёлғон сўзлаш одатини ташламаса ва Аллоҳ қайтарган нарсалардан қайтмаса, рўза тутгани билан рўзаси қабул бўлмайди, Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди».(Имом Бухорий ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга раҳм-шафқат қилиб, уларнинг саломатликларини ўйлаб, узлуксиз рўза тутмоқдан қайтарганлар ва «динда буюрилмаган нарсаларни қиламан, деб ўзини қийнамоқлик дуруст эмас», деганлар. (Имом Бухорий ривоятлари)

САВДО - СОТИҚДАГИ ҚАЙТАРИҚЛАР

Жобирдан (р.а.) ривоят қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Бир киши бирон-бир хурмозор ёки мевазор боққа бошқа бир киши билан шерик ҳолда эгалик қилаётган бўлса, уни сотишда шеригининг розилигини сўрасин, розилик берса, сотсин, розилик бермаса, савдодан қайтсин». (Имом Муслим ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озод қилинган қулга ҳомийлик қилмоқ ҳуқуқини сотмоқдан ва ундан воз кечмоқдан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) Пайғамбар алайҳиссаломдан Макка фатҳ қилинган йили ўша ерда туриб: «Аллоҳ ва Унинг элчиси хамр (ароқ), чўчқа гўшти, ўлимтик ва санамларни сотишни ҳаром, деб эълон қилди», деганларини эшитган эканлар. Шунда одамлар: «Эй Расулуллоҳ, ахир ўлимтик мойидан кемаларни мойлашда, териларни бўяшда, ундан чироқ ясаб уйларни ёритишда фойдаланилади-ку», дейишди. Бунга Набий алайҳиссалом: «Йўқ, у ҳаром!», деб қатъий жавоб бердилар. (Имом Муслим ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировнинг бозорини касод қилмоқ ниятида атайлаб нарх-навони оширмоқни ман этдилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир-бирларингизга ҳасадлашманг. Ўзаро нархларни ошириб юборманг (яъни сотиб олиш нияти бўлмаса-да нархини ошириш учун ёлғондан баҳолашманг). Бир-бирларингизга ғазаб қилманг ҳамда орқа ўгириб муносабатларни бузманг. Баъзиларингиз баъзиларингиз савдоси устига савдо қилмасин», дедилар. (Имом Муслим ривоятлари)

Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешвоз чиқмоқдан (шаҳарга мол олиб келаётганлар бозорларга етиб келиб, нарх-навони билиб олмасларидан бурун уларнинг молларини арзон нархда сотиб олиб, қимматга сотиш учун йўлларига пешвоз чиқмоқдан), муҳожирнинг (яъни ўтроқ кишининг) кўчманчи (молини олиб қолиб, қимматга) сотиб бермоғидан, аёлнинг ўз (муслима) синглисининг талоқ қилинмоғини шарт қилиб қўймоғидан, кишининг ўз (мусулмон) биродари савдоси устига савдо қилмоғидан (яъни ўз молини сотиш учун бировнинг харидорини айнитмоғидан) ҳамда (ўзгани алдаш ниятида нархни) оширишдан ва соғмасликдан (яъни «сутга тўлиб турса, харидор серсут экан, деб ўйлайди» деган мақсадда атайлаб соғмасликдан ёки шу ниятда ҳайвон елинини боғлаб қўймоқдан) қайтардилар».  (Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорга мол олиб келаётганларнинг йўлларини тўсиб чиқиб, улардан кўтарасига мол сотиб олмоқни ва у молни турган ерида қайта сотиб юбормоқни ҳамда ўтроқ (яъни шаҳарлик) одамнинг кўчманчи (яъни шаҳарлик бўлмаган) одам молини (бирор ҳақ эвазига даллоллик қилиб) сотиб бермоғини ман этдилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Саид ал-Худрий (р.а.) ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мунобазадан қайтардилар (Мунобаза - кишининг ўз матосини бировга ушлаб кўрмаслик ва тахини очиб қарамаслик шарти билан сотмоғи). Шунингдек у зот муломасадан ҳам қайтардилар (Муломаса - матони тахини очиб кўрмай, фақат ушлаб кўриш шарти билан сотиш)(Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муломаса ва мунобаза қилмоқдан, тонгдан сўнг қуёш чиққунга қадар ва асрдан сўнг қуёш ботгунга қадар намоз ўқимоқдан (фарздан ташқари), аврати очилиб қоладиган даражада калта кийим киймоқдан ҳамда бир елкасини мато билан ўраб, иккинчисини очиб юрмоқдан қайтардилар».(Имом Бухорий ривоятлари)

Жобирдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўнғиз (чўчқа) сотишни ҳаром қилганлар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Оишадан (р.анҳо) ривоят қилинади. «Бақара» сурасининг охирги ояти нозил бўлганида жаноб Расулуллоҳ маст қилувчи ичимликлар сотишни ман қилдилар». (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Абу Минҳол Барро ибн Озиб ва Зайд ибн Арқамдан ривоят қиладилар. «Набий алайҳиссалом олтинни кумушга қарзга (насияга) сотишни тақиқладилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Бакра ривоят қиладилар. «Набий алайҳиссалом кумушни кумушга, олтинни олтинга, агар қиймати ва вазни бир-бирига тенг бўлмаса, сотишни ман қилдилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилмаган бўталоқни (туя боласини) сотишни ман этдилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (қоронғуда) матони (тахини очиб кўрмай, фақат) ушлаб кўриш шарти билан савдо қилмоқдан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сотиб олинган озиқ-овқатларни бирмунча вақт ўзида ушлаб турмай ва сотиб олинган еридан бўлак жойга олиб бормай қайта сотишни ман қилдилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Сулаймон ибн Абу Муслим бундай дедилар: «Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нимаики нақд бўлса олинглар ва нимаики насияга бўлса, олманглар», дедилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Умар ибн Хаттоб (р.а.) ривоят қиладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали дарахтдан узиб олинмаган ҳўл хурмони хурмо қоқисига ва ҳали токдан узилмаган узумни майизга сотишни ман қилдилар (Чунки тупидан узиб олинмаган ҳўл меванинг вазни номаълум бўлиб, бундай савдода бир томоннинг ҳақи иккинчисига ўтиб кетади). (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тупида турган ҳар қандай ҳўл мевани қоқисига сотишни ман этдилар. Яъни бу шундай савдо бўладики, бир киши иккинчи бир кишига: «Дарахтдаги меваларингни туришича менга сот, эвазига сенга фалон миқдорда қоқисидан бераман, агар мевани узиб олганимда кўп чиқса-майли, мен фойда қиламан, башарти оз чиқса, зарар қилсам ҳам майлига», дейди». (Имом Бухорий ривоятлари)

Анас ибн Молик (р.а.) ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пишган (дарахтдан узиб олинган) хурмони (дарахтдаги) хом хурмога, майизни (ёки пишган, токдан узиб олинган узумни токдаги ғўр) узумга ва (ҳали ўриб олинмаган), бошоғидан тозаланмаган буғдойни (ўриб), бошоғидан тозалаб қўйилган буғдойга сотишни ман қилдилар. (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боғнинг хом ҳосилини, агар у хурмо бўлса - пишган хурмога, агар у узум бўлса - майизга, агар у экин бўлса - бирор озиқ-овқат маҳсулотига чамалаб сотишдан қайтардилар. (Имом Бухорий ривоятлари)

Жобир (р.а.) ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (дарахтдаги хом) ҳосилни яроқли бўлгани кўринмай (яъни пишмай) туриб сотмоқни ман қилдилар. (Бундан буён) дарахтдаги хом ҳосил фақат динору дирҳамга сотиладиган бўлди, муҳтож кишига вақтинча берилган дарахтдаги хом ҳосил бундан мустаснодир. (Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳоқала (екинзорни буғдойга сотиш)ни ва музобана (дарахт тепасидаги пишмаган ҳурмони қуритилган хурмога алмаштириш)ни ман қилдилар. (Имом Термизий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон бошоқлари оқармасдан ва офатдан омон қолгани билинмасдан туриб (даладаги ҳосилни) сотишни ман қилдилар, сотувчини ҳам, олувчини ҳам бундан қайтарганлар. (Имом Термизий ривоятлари)

Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узумни қораймагунича ва донни токи бошоғида қотмагунича сотишдан қайтардилар. (Имом Термизий ривоятлари)

Абу Масъуд ал-Ансорий (р.а.) ривоят қиладилар: «Набий алайҳиссалом ит сотиб, фоҳишалик ҳамда коҳинлик (фолбинлик) қилиб топилган пулни ишлатишдан қайтарганлар. (Имом Бухорий ва Термизий ривоятлари)

ФИТРАТНИ ЎЗГАРТИРИШДАН ҚАЙТАРИҚЛАР

Абу Жуҳайфа (р.а.) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ит учун ва қон олганлик учун ҳақ олмоқдан, баданга игна билан аломатлар чиздириш ва чизишдан ҳамда судхўрликдан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Динор ривоят қиладилар: «Абдуллоҳ ибн Умар айтадиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазаъдан қайтарибдилар». (Қазаъ - ўғил боланинг сочини олаётганда пешона тепасидагина соч қолдириб, бошқа жойларини олиб ташлаш). (Имом Бухорий ривоятлари)

Асмо бинти Абу Бакр (р.анҳо) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улама соч тақиб қўювчи ва улама соч тақувчи аёлларни лаънатладилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Алқамадан (р.а.) ривоят қилинади. «Абдуллоҳ айтдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳусн учун игна билан турли шакллар чизувчи, қош терувчи ва тишлар орасини кенгайтирувчи аёлларни, яъни Аллоҳ таоло яратган аъзоларни ўзгартирувчи аёлларни лаънатлаганлар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўз тегмоғи ҳақ нарсадир», дедилар ва игна билан аломатлар чизмоқдан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Авн ибн Абу Жуҳайфа (р.а.) ривоят қиладилар. «Убайни кўрдим, у менга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (қортиқ солиб) қон олганлик учун ҳақ олмоқдан, ит сотмоқдан, судхўрлик ва порахўрлик қилмоқдан ҳамда бу ишларда воситачи бўлмоқдан, игна билан аломатлар чизмоқ ва чиздирмоқдан қайтардилар», деди». (Имом Бухорий ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соч ва соқолнинг оқларини юлиб ташлашни ман этдилар. (Имом Термизий, Насаий, Ибн Можа ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Соч уловчи ва сочини улатувчи ҳамда юзи ва тишларининг ранги ва шаклини ўзгартирувчи аёлларни Аллоҳ таоло лаънатласин!» (Имом Бухорий, Муслим, Аҳмад ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен умматимга ярага тамға қиздириб босмоқни ман қилгайман», деганлар». (Имом Бухорий ривоятлари)

ИЧИМЛИКЛАРГА ОИД ҚАЙТАРИҚЛАР

Абу Қатода (р.а.) оталаридан нақл қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб айтдилар: «Бирортангиз (сув ёки бошқа бирор ичимлик) ичсангиз, идиш ичига нафасингизни чиқарманг ва агар бирортангиз пешоб қилсангиз ўнг қўлингиз билан олатингизни покламангиз». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мешларнинг оғзини бузиб, улардан сув ичмоқдан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олтин ва кумуш идишларда, учган ва дарз кетган идишларда сув ичмоқдан қайтардилар. («Минг бир ҳадис»)

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо (р.а.) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўк кўзадан фойдаланмоқдан қайтардилар. Шунда мен: «Оқ чинни кўзада ичсак бўладими?», деб сўрадим. У зот: «Йўқ!», дедилар». (Кўза ҳоҳ оқ, ҳоҳ кўк бўлсин, ундаги мева суви ачиб, маст қиладиган бўлиб қолса, ичиш мумкин эмас). (Имом Бухорий ривоятлари)

Али ибн Абу Толиб (к.в.) ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қовоқдан ясалган ва мумланган идишлардан фойдаланмоқдан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Иброҳимнинг ривоятларида мўминлар онаси Оиша (р.анҳо) шундай дедилар: «Жаноб Расулуллоҳ бизни, яъни барча хонадон аъзоларини қовоқ ва мумланган идишларда шароб тайёрламоқдан қайтарганлар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Жобирдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам майиздан ҳамда қуритилган, хом ва янги узилган хурмолардан (шароб тайёрламоқдан) қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кўпи маст қиладиган ичимликнинг озидан ҳам сизларни қайтараман». (Имом Насаий ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи ва бўшаштирувчи (гиёҳванд) нарсаларни истеъмол қилишни ман этганлар. (Абу Довуд ва Аҳмад ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Абу Қатода оталаридан нақл қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуритилган хурмо билан эндигина ранг кирган хурмони ҳамда қуритилган хурмо билан майизни бир-бирига қўшмоқдан қайтарганлар. Буларнинг ҳар биридан алоҳида шарбат тайёрланади». (Имом Бухорий ривоятлари)

Жобирдан (р.а.) ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса ҳаммомга иштонсиз кирмасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, жуфти ҳалолини ҳаммомга киритмасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, хамр (ароқ) айлантириб турилган дастурхон атрофида ўтирмасин», дедилар». (Имом Термизий ва Ҳоким ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сут ичгач (сув билан) оғизларини чайқаб ташладилар ва «сутда ёғ бор», дедилар (яъни таҳоратли киши таркибида ёғ бўлган бирор ичимлик ёки таом истеъмол қилгач, оғзини сув билан чайқаб ташлаб, сўнгра намоз ўқиши керак). (Имом Бухорий ривоятлари)

Зуҳрий бундай дейдилар: «Инсон пешобини ичиш қатъиян ман этилади, чунки у нопокдир. Аллоҳ таоло: «Сизлар учун покиза неъматлар ҳалол қилинди», дейди». (Имом Бухорий ривоятлари)

ОВҚАТЛАНИШДАГИ ҚАЙТАРИҚЛАР

Анас ибн Молик (р.а.) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларига қадар хонтахтада овқатланмадилар ва юмшоқ нон тановул қилмадилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар жанги кунида хонаки эшак, хачир, озиқ тишли йиртқич ҳайвонлар ва чангак тирноқли (йиртқич) қушлар гўштини истеъмол қилишдан қайтардилар». (Имом Бухорий ва Термизий ривоятлари)

Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ (с.а.в) бизга от гўштини едирдилар ва эшак гўштини ейишдан қайтардилар». (Имом Термизий ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сабир (алое) каби заҳарли гиёҳларни кўп истеъмол қилиб, хоҳ инсон, хоҳ ҳайвонларнинг ўлиб кетишини ман этганлар. (Абу Довуд ривоятлари)

Жибилла (р.а.) ривоят қиладилар: «Биз Мадинада бир гуруҳ ироқликлар орасида эдик. Ибн Зубайр бизни хурмо билан меҳмон қилаётган эди. Шу аснода Ибн Умар ёнимиздан ўтиб кетаётиб: «Жаноби Расулуллоҳ жуфтлаб ейишдан қайтарганлар, аммо бунга эгаси рухсат этса - жоиздир», дедилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Ибн Имрон ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом Хайбар куни саримсоқ пиёз ва эшак гўшти ейишдан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Зуҳрий (р.а.) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қозиқ тишли барча ҳайвонлар (шер, бўри, тулки, айиқ, йўлбарс, фил, маймун ва бошқалар) гўштини емоқдан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

КИЙИНИШДАГИ ҚАЙТАРИҚЛАР

Абу Умар Барро ибн Озибдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етти нарсага буюриб, етти нарсадан қайтарганлар. Қайтарганлари: 1) тилла узук тақмоқ, 2) кумуш идишда ичмоқ, 3) туя эгарларига кимхоб ёки ипакли мато тўшамоқ, 4) ипак ва каноп аралашмасидан либос киймоқ, 5) ипак газлама киймоқ, 6) қалин ипак киймоқ, 7) юпқа ипак киймоқ». (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Барро ибн Озиб ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни (яъни эркакларни) етти нарсадан қайтарганлар: 1) кумуш идиш тутмоқдан, 2) тилла узук тақмоқдан, 3) ипакли кийим киймоқдан, 4) дебож (гулдор ипакли кийим) киймоқдан, 5) қасий (дағал матодан кийим) киймоқдан, 7) ривоятда тушириб қолдирилган. (Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Ҳурайра ва Имрон ибн Ҳусайндан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакларни тилла узук тақишдан қайтардилар». (Имом Бухорий ва Термизий ривоятлари)

Ҳузайфа ибн Ямон (р.а.) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олтин ва кумуш идишда еб-ичмоқни, ҳарир (юпқа) дебож киймоқни ҳамда бундай матолар устида ўтирмоқни бизга ман қилдилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Барро ибн Озиб дейдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизил майсара ва қассий киймоғимиздан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдулазиз Анас ибн Моликдан (р.а.) нақл қилиб дейдилар: ««Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакларнинг заъфарон ишлатмоғини ман қилдилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишининг яланг қават кийим кийиб юрмоғидан ҳамда унинг этагини елкасига ташлаб олмоғидан қайтардилар (чунки у шундай қилса, аврати кўриниб қолади). (Имом Бухорий ривоятлари)
 
Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. «Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам енги йўқ ва тор кийим киймоқни ва тиззани қучоқлаб, олдини очиб ўтирмоқни қаттиқ қораладилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

НИКОҲГА ДОИР ҚАЙТАРИҚЛАР

Самура ибн Жундубдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланмасликдан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир мусулмоннинг иккинчи мусулмон киши савдоси устига савдо қилишдан ва совчи юборганнинг устидан совчи юборишдан қайтардилар». (Имом Термизий ривоятлари)

Али ибн Абу Толиб ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни аёлларни мутъа қилишдан ва эшак гўшти ейишдан қайтардилар». (Мутъа - бирор аёлни маълум муддатга ва келишилган маблағ эвазига муваққат никоҳга олиш. Кейинчалик бунинг макруҳлигига фатво берилган бўлиб, фақат шиа мазҳабида мавжуд). (Имом Бухорий ривоятлари)

Али ибн Абу Толиб ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар ғазоти куни муваққат (сийға) никоҳни бекор қилиб, хонаки эшаклар гўштини емоқдан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Жобир (р.а.) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлнинг ўз аммаси ёки холасининг устига никоҳланмоғини ман қилдилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «шиғор» дан қайтардилар». (Шиғор - бир кишининг ўз қизини (ёки синглисини) бировга унинг қизига (ёки синглисига) уйланиш шарти билан эрга беришидир. Бунда ҳар икки томон ҳам маҳр бермайди). (Имом Бухорий ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Eри ҳузурида бўлган аёлнинг эрининг изнисиз рўза тутмоғи ҳалол эмас ҳамда аёл эрининг уйига унинг рухсатисиз бирор кишининг кирмоғига изн бермасин ва эрининг буйруғисиз бирор нарсани сарф илмасин, чунки ўша сарф қилинган нарсанинг ярми эриникидир», дедилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Ибн Шиҳоб ривоят қиладилар. Аллоҳ таолонинг «Уларга уйланишга рағбат қиласизлар», деган қавлидан мурод шуки, Аллоҳ таоло етим қизларга уларнинг моли ва жамоли учун уйланишни ман қилади, яъни етим қизлар агар гўзал бўлсалар, уларга шаръий маҳр бермасдан уйланишдан, агар хунук бўлсалар, уларнинг моли қўлдан кетмасин, деб ўзлари уйланмай, бировга ҳам эрга бермай зулм қилишдан қайтаради. (Имом Бухорий ривоятлари)

Ибн Аббоснинг (р.а.) мавлоси Абу Маъбуд ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл ёнида маҳрами бўлмаса сафарга чиқмасин ва ёнида маҳрами бўлмаган аёл олдига номаҳрам кирмасин», дедилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

ҲАЙВОНЛАРГА ЗУЛМДАН ҚАЙТАРИҚЛАР

Абдуллоҳ (р.а.) бундай дейдилар: «Бир маҳал мен бир илонни ўлдирмоқчи бўлиб таъқиб этаётган эдим. Абу Лубоба менга: «Уни ўлдирма», деб қичқирди. Мен «Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илонларни ўлдирмоққа амр қилганлар-ку», дедим. У: «Шундан кейин у зот хонаки (оқ) илонларни ўлдирмоқдан қайтарганлар, улар уйларда яшовчи жинлардир», деди». (Имом Бухорий ривоятлари)

Ҳишом ибн Зайд ривоят қиладилар: «Мен Анас билан бирга Ҳакам ибн Айюбнинг ҳузурига кирдим. Анас бир гуруҳ болаларнинг бир товуқни боғлаб қўйиб тошбўрон қилаётганларини кўриб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жониворларни ушлаб олиб (қийнамоқдан) қайтарганлар», дедилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Язид ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировнинг молини ўғирламоқдан (тортиб олмоқдан) ҳамда жониворларга азоб бермоқдан қайтарганлар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) молнинг юзига белги қўймоқликни рад этиб: «Жаноб Расулуллоҳ молнинг юзига тамға босмоқдан қайтарганлар», дедилар. (Имом Бухорий ривоятлари)

Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам махлуқлар юзига тамға босишдан ва юзига урмоқдан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жониворларни (ҳайвон ва қушларни) нишон қилиб ўқ отишдан қайтарганлар». (Имом Термизий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни бир-бири билан уриштиришдан қайтардилар». (Имом Термизий ривоятлари)

Абдул Малиҳ отасидан шундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиртқич ҳайвонлар терисини ерга тўшашдан ва уни истеъмол қилишдан (ишлатишдан) қайтардилар». (Имом Термизий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ҳайвонни (урғочи ҳайвонни қочириб олиш учун) ижарага бериб ҳақ олишдан қайтардилар». (Имом Бухорий ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ҳеч ким бировнинг соғин ҳайвонини эгасининг рухсатисиз соғмасин! Биронтангиз ичимлик манбаингиз бировнинг қўлига ўтмоғини, (яъни) хазинангиз (ешиги) синдирилиб, бойлигингиз олиб кетилмоғини истайсизми? Дарҳақиқат, одамларнинг соғин ҳайвонлари елини улар учун ризқ-рўз манбаидир. Шу боис ҳеч ким бировнинг соғин ҳайвонини эгасининг рухсатисиз соғмасин!» (Имом Бухорий ривоятлари)

Мусанниф: Аҳмад МУҲАММАД

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase