Конституцияга кўра Қирғизистон дунёвий давлат ҳисобланади, лекин Жогорку Кенешга (Олий кенгаш) ўтган сайловларда Конституциянинг бу моддасини бекор қилишга даъватлар янгради. Бундан ташқари, Исломга мурожаат қилган «Ыйман Нуру» партияси ҳам уларда иштирок этди. Ўтган йилнинг кузида Жогорку Кенешга бўлиб ўтган сайлов натижалари бекор қилингач, партия турли шаҳар кенгашлари сайловларида фаол иштирок этди.
Олий Кенгашда Қирғизистон аҳолисининг катта қисми эътиқод қиладиган Ислом динининг абадий маънавий тамойилларига "яқинроқ бўлишга" чақирувчи бир қатор депутатлар ҳам мавжуд.
Бироқ “антиклерикаллар” – маҳаллий зиёлилар орасида ҳам, депутатлар орасида ҳам – камчилик эмас. Улар фуқароларни «дин орқали араблаштирмаслик» ва аждодларнинг урф-одатларини сақлаб қолишга даъват қилади. Электоратни агар Олий кенгашда, улар айтишича, «сохта муллалар» иштирок этадиган бўлса, аёлларни албатта паранжига тиқишлари билан қўрқитмоқчи бўлади. «Динга ҳаддан ташқари берилганлар» парламентдан кетиб, «масжидда ишлаши»ни талаб қилади.
Давлатнинг дунёвий характери ҳақида мунозаралар яқинда Иссиқкўл кўнгилочар мажмуасида бир казино очилиши ҳақида Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган қонун сабаб яна авжга чиқди. Унга фақат хорижлик сайёҳлар ташриф буюриши тахмин қилинаётган бўлса-да, бир қатор халқ депутатлари ушбу қонуннинг қабул қилинишига қарши чиқди. Депутат Рискелди Момбековнинг айтишича, «муқаддас Рамазон ойида бундай қонунни қабул қилмаслик мумкин эди».
Сиёсатчилар Қирғизистон динга муносабат бўйича иккига бўлинганини ҳисобга олишга мажбур: шаҳарлар ва саноат корхоналари жойлашган мамлакат шимоли Совет давридан бери секуляризациялашган. Қишлоқ аҳолиси устун бўлган Қирғизистон жануби анъаналарга таянишга одатланган.
Мамлакатда рўйхатга олинган 3 445 та диний ташкилотдан 3026 таси исломий ташкилотлар ҳисобланади. Шу билан бир пайтда, Қирғизистон расмий ислом структураси – муфтият коррупция билан боғлиқ можароларга аралашиб қолди. Собиқ муфтий Мақсатбек ажи Тўқтамушев ҳибсга олинди, кейинроқ эса уй қамоғига олинди. Шу муносабат билан бу иш – тасодифий эмас, балки ижтимоий аҳамиятга молик институтларга таъсирни бўлиб олиш учун курашнинг навбатдаги эпизоди эканлиги ҳақида фикрлар янграмоқда.
Нима булганда ҳам, Қирғизистон Марказий Осиёдаги дин ижтимоий-сиёсий ҳаётда бевосита иштирок этадиган ягона давлат ҳисобланади. Минтақанинг бошқа мамлакатларида у узоқ вақтдан бери давлатдан ажратилган бўлиб, назорат остига олинган. Қирғизистонда ҳам бундай ёндашув тарафдорлари бор. Бироқ диний йўл тарафдорлари ҳам ўз позицияларидан воз кечмоқчи эмас. Ҳозирча Қирғизистондаги сиёсий тизим узоқ муддат шаклланиш босқичида. Вазият қандай ривожланишини ва охир-оқибат қайси ёндашув устун бўлишини вақт кўрсатади.
Қирғизистон – дунёвий давлатда озгина Ислом
Қирғизистонда рўй бераётган сиёсий жараёнлар шароитида жамиятни ривожлантиришнинг секуляр модели тарафдорлари ва жамият ҳаётида диний қадриятлар иштирок этишининг тарафдорлари ўртасида қарама-қаршиликлар юзага чиқа бошлади.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Долзарб мавзу
|
Калит сўзлар