Муфтий Айнутдиннинг мазмунан бир хил бўлган республика президентига хатининг ўзи Миннихановга бир неча кун олдин жўнатилганди. Муфтият расмий сайтидаги нашр Россияда, биринчи навбатда Татаристоннинг ўзида Исломнинг ривожланиши билан қизиқувчи кузатувчилар томонидан эмоционал ва жуда субъектив баҳоланди. Баъзи шарҳловчилар мактуб учун асос пул, ҳокимият ва таъсир учун кураш ва бошқа нарсалар деб ҳисоблашади; бу асоссиз гаплар бўлиб, ҳақиқатдан жуда узоқдир. Кўтарилган муаммолар мазмунига жавоб кўрмадик. Қуйида ушбу мурожаатнинг сабаблари ва мақсадларини аниқлаштиришга ҳаракат қиламан.
Муфтий Айнутдиннинг мактуби Татаристон Республикаси билан боғлиқ вазият призмаси орқали мафкуравий характерли муаммони ва бутун татар халқининг маънавий меросини янада кенгроқ аниқлади. Бироқ ҳақиқатда уни Россия Федерациясининг бошқа кўплаб субъектлари ва этносларига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Гап коммунистик тузум қулаши билан бошланган Россияда Ислом диний уйғониш йўлини янада мақсадли танлаш ҳақида бормоқда. Ислом, бошқа ҳар қандай дин ва ҳатто ҳар қандай алоҳида конфессионал мактаб каби, соғлом модернизм/реформизм йўналишида ҳам, қарама-қарши йўналишда - изоляционизм/консервация йўналишида ҳам ривожланиши мумкин. Муфтий Айнутдин бошчилигидаги Россия Федерацияси МДИ раҳбарияти, дунё трендлари ва жамиятаги сўровларни узоқ вақтдан бери диққат билан кузатиб, изчил, мувозанатли ислом ислоҳотчилиги сценарийсини амалга оширмоқда. Бу жараён давомида ақида ва ибодат меъёрларига тегилмаяпти, лекин замон руҳига мос келадиган илоҳиётшунослик назариясига янгича ёндашувлар ҳам, янгича амалий қадамлар ҳам хуш келмоқда. Биринчи ёндашувга мисол қилиб Қуръон инсонпарварлиги концепциясини тарғиб қилиш доирасида сўнгги йилларда РФ МДИ томонидан (кўпинча академик доиралар билан қалин алоқада) рус тилида тайёрланган илоҳиётшуносликка оид кўп сонли асарларни кўрсатиш мумкин. Иккинчи ёндашув нафақат Москвада, балки Россиянинг кўплаб ҳудудларида ҳам лоқайд бўлмаган жамоатчиликка маълум: булар илгари мусулмонларимиз орасида номаълум бўлган, аммо эндиликда оммалашган Рамазон чодирлари, Мавлид муносабати билан концептуал томошалар, қорилар ўртасида Қуръон халқаро мусобақалари ва бошқалар.
Гарчи биринчи ҳолатда ҳам, иккинчи ҳолатда ҳам хорижий асарлардан ёки амалий мисоллардан ўзлаштириш мавжуд бўлса-да, улар чуқур қайта кўриб чиқилади, мазмунан Россияга тўлиқ мослаштирилади. Мана шуни эслаш ўринлики, аслида Россия Федерацияси МДИ фақат Ислом ҳаёти назарияси ва амалиётини мусулмон оламидаги илк ислоҳотчилардан бири – жадидлар кўрган ва амалга оширганлари каби тиклайди. Булар XIX-XX асрларда бутун Россия империясида ҳукмронлик қилган татар-бошқирд, Кавказ ва Ўрта осиёлик мусулмон уламолари ва фаоллари эди. Сталинча террор йилларида улар жисмоний йўқ қилинди ва уларнинг таълимотлари фақат чет элларда сақланиб қолди. Туркияда, баъзи араб давлатлари ва ҳатто Европада (хусусан, Финляндия татар ҳамжамиятида) баъзи қайта ишлашлардан сўнг бу асарлар ва амалиётлар Энг янги даврнинг ўзгарган шароитларида мусулмонлар исломни ривожлантира олишлари, мусулмон бўлмаганлар эса бизнинг тажовузкор эмас, душман эмас, экзотик эмас, дунёдан ортда қолмаётган ва «ғор» дини бўлмаган динимиз билан танишишлари мумкин бўлиши учун бизга қайтиб келди.
Россия Федерациясининг айрим ҳудудларида бугунги кунда Ислом ривожига тескари ёндашув кузатилмоқда, улардан муфтий Айнутдин ўз она Татаристони ҳақида энг кўп қайғурмоқда. Хусусан, биз бу ерга ОАВдан у ҳақида фақат «ультраконсерватив» мавҳум тавсифномаси маълум бўлган Исмоил оға (Ismailaga cemaati) экзотик тасаввуф биродарлиги маросим амалиёти ва назарий асослари кириб келаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Бу нима дегани? Ўз вақтидаТуркиянинг энг йирик газеталаридан бири саналган Hurriyet газетасининг янгиликлар хорижий хизмати бош муҳаррири бу тариқатни «турк толибони» деб атаганди (www. istanbulian. blogspot. ru/2010/02/coup-de-grace. html). Тариқат аъзолари Истанбулнинг Чаршамбе туманида, Босфорнинг ғарбий қирғоғида ўз қонунлари билан автоном ва ҳукумат томонидан унчалик бошқарилмайдиган анклавни ишлаб чиқдилар. Ҳудуд аҳолиси кийим ва турмуш тарзи билан Истанбулнинг қолган аҳолисидан кескин фарқ қилади: улар анъанавий мусулмон кийим кийишади, барча эркаклар – кенг кўйлак, шалвор ва салла, аёллар - юзининг юқори қисмидан ташқари, деярли бутун танасини ёпиб турадиган бурка (ҳижоб, яъни бошдаги рўмол билан адаштирмаслик керак). Тариқат аъзолари полиция назоратидан ташқарида бўлиши ва шариат қонунларига асосланган маҳаллий қонунларга мувофиқ судсиз жазолаши маълум.
Татаристоннинг ҳозирги муфтийси шунчаки Исмоил оға тариқати мадрсасида ўқибгина қолмай, унинг раҳбарияти билан фаол алоқа қилмоқдаки, бу ҳақида унинг яқинда олинган фотосуратлари ҳам далолат беради. Турк тариқати раҳбарларининг қўлларини ўпаётган татаристонлик имомлар – мамлакат миқёсидаги энг йирик муаммо эмас. Бундан ҳам жиддийси – мусулмон татарлар орасида мафкуравий ихтилоф хавфи бўлиб, унинг учун шарт-шароитлар ҳозирлаб қўйилди.
Республика муфтийси бу тенденцияларни сезмаслиги мумкин, худди унинг жонажон ўлкаси бўлмиш Марий-Эл Республикасида фаолият юритган даврида унга бўлган айбловларни сезмагани каби. Энг йирик татар қишлоғи Паранга диний ташкилоти аъзолари ва имоми ўшандаёқ унга қуйидаги айбловлар қўйишган: «мусулмонлар сафига ихтилоф солди», «ёшлар ва катталар ўртасида нифоқ уруғини сочади… ёшларни меҳнатда сусткашликка, ўзини олиб қочишга ўргатади ва уларни бир-бириги қарши гижгижлайди» (ҳужжатлар РФ МДИда мавжуд). Лекин республикада вазият нимага олиб бораётганини кўриб турибмиз; кучли реклама қилинган, Татаристон Республикаси МДИ раисининг раҳбарлиги остида татар тилида чоп этиган Қуръон тафсири пайдо бўлганидан сўнг Татаристон муфтийсига қарши айбловлар тўлқини юзага келди. Мусулмонлар Қуръоннинг 79:1-5 оятларига тафсирнинг татар тилидаги матнида тавҳид тамойилидан жиддий четга чиқишни сезиб қолгач, Татаристон Республикаси муфтияти томонидан «ваҳҳобийлик», «салафийлик» ва ҳ.к.да таъналар ёғилди.
Муфтий Айнутдиннинг Татаристон президентига мактубида айтилишича, «ислом ақидаларини классик тушунишга зид келадиган қоидалар Татаристон Республикаси МДИ қошидаги «Ҳузур» нашриёт уйи адабиётларига илгари ҳам киритилган». Татаристон мадрасалари учун ўрта аср уламоси ал-Кудурийнинг "Мухтасар" дарслигида педофилия, ғайридинлар билан уруш ва ҳоказолар тўғрисидаги қоидаларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ жанжални эслаш ўринли. Шундай қилиб, Татаристон МДИ олиб бориши лозим бўлган илоҳиёт йўналишидаги жиддий ишлар ўрнига биз танқидчиларга нисбатан масъулиятсиз айбловлар, илмийлик (хусусан, таҳрир йўқлиги), мақсадга мувофиқлик (арабча маслаҳат) ва замонавий ёндашувлар мезонларини мутлақо писанд қилмасликнинг гувоҳи бўляпмиз. Шу билан бирга, Татаристон муфтийси XX аср бошларидаги энг таниқли жадидлардан бири – биз яқинда унинг асарларини босиб чиқарган Муса Бигиевни муртад деб атамоқда!
Айнан шу ҳал қилинмаган муаммолар йиғиндиси муфтий Айнутдиннинг ўз позициясини билдиришга мажбур қилган, чунки у Татаристонда ва умуман татар муҳитида исломнинг тақдирига бефарқ эмас. Худо кўрсатмасин, Татаристон диний маконида плюрализм йўқлиги, консерватив тренд ва бугунги кун талабларига эътиборсизлик республикани 2011 йилги фожиали воқеаларни такрорлашга олиб келмасин. Бунинг учун "кар, соқов ва кўрлар" (Бақара, 18) жавобгар бўлади.
Диляра Файзулловна Ахметова – Россия Федерацияси мусулмонлар диний идораси матбуот хизмати раҳбари