close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Танқидий фикрлаш

Танқидий фикрлаш (ингл. critical thinking) – нарса ва ҳодисаларни оқилона хулосалар чиқариш билан таҳлил қилишда фойдаланиладиган ва асосланган баҳолар, талқинлар беришга, шунингдек, олинган натижаларни вазиятлар ва муаммоларга қўллаш имконини берадиган мулоҳазалар тизими. Умумий маънода танқидий фикрлаш деганда танқиддан олдинги фикрлашдан кўра юқорироқ даражада фикрлаш кўзда тутилади.

Танқидий фикрлаш – одамнинг келиб тушаётган ахборотни, жумладан, ўз мулоҳазаларини шубҳа остига олиш қобилиятидир. Муайян жамиятда танқидий фикрлаш даражасига ўтиш ушбу жамиятнинг фуқаролик ривожланишининг бошланиши учун зарур шартдир, деган фикр мавжуд. Тор маънода танқидий фикрлаш «мулоҳазаларни тўғри баҳолаш», демакдир. Шунингдек, «фикрлаш ҳақида фикрлаш» деб ҳам тавсифланади. Энг тарқалган таърифлардан бири - «нимага ишониш ва нима қилиш ҳақида қарор қабул қилишга йўналтирилган оқилона рефлексив фикрлаш». Батафсилроқ таъриф - «кузатув, тажриба, фикрлаш ёки мулокот натижасида, ишонч ҳосил қилиш ва ҳаракат учун мақсадли нуқта сифатида олинган ёки юзага келтирилган ахборотни фаол ва моҳирона таҳлил қилиш, концептуализация, қўллаш, синтез қилиш ва/ёки баҳолаш интеллектуал тартибга солинган жараёни».
«Танқидий фикрлаш» атамасининг ўзи файласуф Жон Дьюига бориб тақалади. У атамадан кўпроқ «рефлектив фикрлаш» сифатида фойдаланган: «уни ва у олиб келадиган оқибатларни қўллаб-қувватлайдиган асосларда ҳар қандай фикр ёки тахмин қилинган билим шаклини фаол, изчил ва эҳтиёткорлик билан кўриб чиқиш». Танқидий фикрлаш нима эканлиги масаласини кўшимча аниқлаштириш учун Ричард Пол (1995) танқидий фикрлашни кучли ва кучсиз турларга ажратишни таклиф қилган. У кучсиз маънодаги танқидий фикрлашни юқори малакали, лекин ўз манфаатлари билан машғул бўлган ва ўз ҳаракатларининг ахлоқий оқибатлари ҳақида жиддий ўйланмайдиган сохта интеллектуалнинг худбинлик мотивациясига эга фикрлаши сифатида таърифлайди. Бундай фикрлаш соҳиби кўпинча юқори билимли бўлади, лекин ўз билимларидан адолатсиз ва худбин мақсадларга эришиш учун қўллайди. Бошқа томондан, кучли маънода танқидий фикрлаш – эгоцентрик ёки социоцентрик ёндашувсиз объектив ўрганиш мақсадида муаммолар мантиқига кириб борадиган шахс фикрлаши.
Шу маънода танқидий фикрлаш ҳақиқат йўлидаги тўсиқларни сидқидилдан енгишга қаратилади. Психолог Дайана Халперн (ингл. Diane F. Halpern) танқидий фикрлашни назорат қилиш, асослилик ва мақсадга мувофиқлик билан тавсифланадиган, керакли натижа олиш эҳтимолини оширадиган билиш усулларидан фойдаланиш, деб ҳисоблайди. Бу усуллар муаммони ҳал қилиш, хулосаларни ифодалаш, эҳтимолий баҳолаш ва қарор қабул қилишда қўлланилади ҳамда аниқ вазият ва ҳал қилинаётган муаммо тури учун ўринли ва самарали бўлган кўникмаларни талаб қилади.
Бундан ташқари, танқидий фикрлаш мантиқий хулосаларни қуриш, изчил мантиқий моделларни яратиш ва ҳукмни рад этиш, у билан келишиш ёки вақтинча кўриб чиқишни кечиктириш билан боғлиқ онгли қарорларни қабул қилиш билан тавсифланади. Бу таърифларнинг барчаси муайян когнитив вазифани ҳал қилишга йўналтирилиши лозим бўлган руҳий фаолликни назарда тутади. Танқидий фикрлаш учун зарур бўлган асосий кўникмалар мажмуасига кузатиш, изоҳлаш, таҳлил қилиш, хулоса чиқариш қобилияти ва баҳо бериш қобилияти киради. Танқидий фикрлаш мантиқни қўллайди, балки аниқлик, асослилик, аниқлик, аҳамиятлилик, теранлик, кўлам ва адолатлилик каби мета-билим ва зиёлиликнинг кенг мезонларига таянади. Ижодий тасаввур, қадрият муносабати ва кам даражада аниқ эмоционаллик ҳам танқидий фикрлашнинг таркибий қисмидир.
Замонавий тадқиқотчилардан бири Р.Эннис идеал танқидий фикрлашнинг асосий ва энг муҳим диспозициялари, яъни кўрсатмалари сифатида қуйидагиларни айтиб ўтади: аниқ фикр билдириш; асосларни қидириш; яхши хабардор бўлишга ҳаракат қилиш; муқобил вариантларни қидириш; очиқ фикрга эга бўлиш; асослар етишмаса, муҳокама қилишдан тийилиш ва ҳоказо.
Танқидий фикрлашнинг икки асосий таркибий қисми ҳам мавжуд: диспозиция (ўз фикрлари учун асослар излаш, қизиқувчан бўлиш, интеллектуал мустақиллигини намойиш этиш); малака ва кўникмалар (далилларни аниқлаш, далилларни баҳолаш, маслакларни баҳолаш, муқобил вариантларни таклиф қилиш, хулосалар чиқариш, софизмларни тан олиш ва когнитив бузиб кўрсатишлар билан шуғулланиш). Танқидий фикрлашни ўрганишга ёндашувлар мавжуд бўлиб, уларни ҳам икки гуруҳга бўлиш мумкин: интеллектуал "тўғри" ва "нотўғри" дохастик кўрсатмаларни ўрганадиганлар (эпистемология ва таълим фалсафаси); танқидий фикрлайдиган шахсга хос бўлган интеллектуал малака ва кўникмаларни ўрганадиганлар (мантиқ, аргументация назарияси, психология).
Шундай қилиб, танқидий фикрлаш тадқиқотларнинг фанлараро йўналиши бўлиб, фалсафа, мантиқ, педагогик ва психологиянинг бир қисмини ўз ичига олади. Жон Дьюи эса кўпинча классик файласуфлардан иқтибос келтирган, чунки айнан фалсафа тарихида танқидий фикрлаш намуналари ва тафаккуримизни такомиллаштиришга бағишланган махсус рисолаларни кўрамиз. Гап шундаки, фалсафа «тадқиқотилик дастурлари»ни алмаштиришни ифодалайди. "Фикрлаш нима?", деган саволни турли вақтларда турли мутафаккирлар томонидан таклиф қилинган турли тадқиқот дастурлари контекстидан ташқарида бериш бефойда.
Анъанавий равишда танқидий фикрлаш турлича таърифланади: «Жавоб ёки хулосага эришиш учун ахборотни фаол ва моҳирона фикрлаш, қўллаш, таҳлил қилиш, синтез қилиш ва баҳолаш жараёни», «Аниқ, оқилона, холис ва далиллар билан қўллаб-қувватланадиган интизомли фикрлаш», «Мақсадли ҳукм ўз-ўзини тартибга солиш, шарҳлаш, таҳлил қилиш, баҳолаш ва хулоса чиқаришга, шунингдек, ушбу ҳукм асосланган далил, концептуал, методологик, мезонларга асосланган ёки контекстуал мулоҳазаларни тушунтиришга олиб келади», «Эътиқодларимизни шакллантиришда ақлни ишлатиш мажбуриятини ўз ичига олади». Рефлексив скептицизм билан фаолиятга мойиллик ва кўникмалар (McPeck, 1981)
Ўз фикрлаши ҳақида шундай ўйлашки, ўз фикрлашидаги хатолар ва нохолисликларни аниқлаш ва самарадорликни ошириш, аниқлаштириш ва ташкил қилиш. Танқидий фикрлаш – бу «оғир» фикрлаш эмас ва у муаммоларни хал қилишга йўналтирилмайди (ўз фикрлашини «яхшилаш»дан ташқари). Танқидий фикрлаш фикрловчи оқилона бўлишини максималлаштириш мақсадида ичкарига йўналтирилади. Танқидий фикрлаш муаммоларни ҳал қилиш учун ишлатилмайди - танқидий фикрлаш фикрлаш жараёнини яхшилаш учун фойдаланилади.
«Атрофлича таҳлилий баҳолаш асосида баҳолаш»
«Танқидий фикрлаш - кишиларнинг ўз фикрлари ва ҳаракатларини белгиловчи қарорлар қабул қилишни акс эттириш ва эътиборга олишни талаб қиладиган фикрлаш тури. Танқидий фикрлаш одамларга кўпроқ мантиқ билан хулоса чиқариш, мураккаб ахборотни қайта ишлаш ва қатъий хулосалар чиқара олишлари учун муаммонинг турли томонларига қараш имконини беради».
Танқидий фикрлаш етти муҳим хусусиятга эга: қизиқувчанлик, турли жиҳатларга очиқлик, тизимли фикрлаш қобилияти, таҳлилий ёндашув, ҳақиқатда қатъиятлилик, танқидий фикрлашнинг ўзига ишонч ва ниҳоят етуклик. Танқидий фикрлашни турли йўллар билан белгилаш мумкин бўлса-да, унинг асосий таркибий қисми - қониқарли натижага эришиш истаги ҳақида умумий келишув мавжуд ва бунга оқилона фикрлаш ва натижаларга йўналтирилган иш орқали эришиш керак. Халпернга кўра, бу танқидий фикрлаш, аввало, муаммоларни ҳал қилиш, ҳисоблаш ва эҳтимолликларни муваффақиятли қўллаш каби ўзлаштирилган қобилиятларни ўз ичига олади. Бунга тафаккур жараёни билан шуғулланишга мойиллик ҳам киради.
Охирги пайтларда Станович замонавий IQ тестлар танқидий фикрлаш қобилиятини ўлчаш учун даргумон, деб ҳисоблайди. «Танқидий фикрлаш – моҳиятан, билимларга ва идрок этилган доноликка сўроқ берувчи, рағбатлантирувчи ёндашувдир. У объектив нуқтаи назардан ғоялар ва маълумотларни ўз ичига олади, сўнгра ўз қадриятларимиз, қарашларимиз ва шахсий фалсафамиз асосида маълумот беради».
Танқидий фикрлашнинг замонавий тадқиқотчилари бу анъанавий таърифларни ижодкорлик, тасаввур, кашфиёт, акс эттириш, эмпатия, билимни боғлаш, феминистик назария, субъективлик, ноаниқлик каби фазилатларни, тушунчаларни ва жараёнларни қўшган ҳолда кенгайтирди. Танқидий фикрлашнинг айрим таърифлари бу субъектив амалиётларни истисно қилади. Эннисга кўра, «танқидий фикрлаш – кузатув, тажриба, фикрлаш ёки мулоқот натижасида, ишонч ҳосил қилиш ва ҳаракат учун мақсадли нуқта сифатида олинган ёки юзага келтирилган ахборотни фаол ва моҳирона таҳлил қилиш, концептуализация, қўллаш, синтез қилиш ва/ёки баҳолаш интеллектуал тартибга солинган жараёни».
Эннис берган бу таъриф Харви Сигел ва Питер Фасион таърифларига тўлиқ мос келади. Энниснинг таърифига кўра, танқидий фикрлаш жуда кўп эътибор ва мия ишини талаб қилади. Ўрганиш учун танқидий фикрлаш ёндашуви қўлланилганда, у ўқувчининг мия функциясини яхшироқ ва матнларни бошқача тушунишга ёрдам беради. Ўқитишнин турли соҳалари турли хил танқидий фикрлашни талаб қилиши мумкин. Танқидий фикрлаш бир хил материал ҳақида кўпроқ нуқтаи назар ва истиқболларни беради.

 

Динимиз бизни танқидий фикрлашга созлаши керак

 

Агар эркинлик ва билим бўлмаса, танқидий фикрлаш ҳам бўлмайди. Жаҳолат ва танқидий фикрлаш бирга бўлиши мумкин эмас. Аввало, биз билим, тушуниш ва савол бериш эркинлигидан келиб чиқамиз. Америкадаги биродарларимиздан бири: "Америкадаги мусулмонлар билан боғлиқ муаммо нимада эканини биласизми? Биз савол беришдан олдин шикоят қилишга киришамиз".
Қуръони каримда фаришталар Аллоҳга мурожаат қилиб: “Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани қиласанми?”, дейди. Биз инсонлармиз, бу ишлар билан шуғулланмаслигимиз керак. Биз савол беришга, билим олишга ҳақли бўлишимиз ва бу билим бизга тўғри тушунча беради. Ва биз тушунчага эга бўлганимизда, биз Худога ишонамиз - бу муҳим бўлган биринчи позициядир.
Мусулмон бўлиш - ҳозирги ҳолатдан Раббимиз билан ва бизга маълум даражада эркинлик берадиган илм билан тинч-тотув бўлган ҳолатга ўтиш демакдир. Зарар учун эркинлигингизни ишлатманг, бу иккинчи муҳим ҳолат.
Мен ҳамма жойда айтаман: мусулмон ва инсон сифатида мен фақир ва мазлумлар тарафида бўламан. Мен фаластинлик ёки украин бўламан. Мен доим мазлум бўлганлар томонида тураман. Буларнинг ҳаммаси ёш авлод бизнинг сўзларимизга қулоқ солиши учун: агар мазлумларга ёрдам бермоқчи бўлсангиз, бегуноҳ одамларнинг жиҳод деб аталмиш ном билан ўлдирилишига йўл қўйманг.
Қуръоннинг тили арабча, лекин мусулмонларнинг маданияти умуман арабча эмас. Ислом – универсалдир, у ҳамма маданиятда бўлиши мумкин. Бошқаларга ўхшашга ҳаракат қилманг, Россия маданиятида, рус маданиятида тақводор бўлишга ва тушунишга ҳаракат қилинг. Демоқчиманки, динимиз бизни атрофимиздаги ҳар бир нарсага танқидий қарашга созлашга ёрдам бериши керак.
Айримларнинг айтишича, мусулмон бўлиш учун ўтмишдаги моделларни такрорлаш – «тақлид» қилиш зарур. Яхши мусулмон бўлиш учун ўтмишдаги ижтимоий тузилишни тиклаш зарур деб ҳисоблайдиган мусулмонлар бор. Биласизми нима: икки нарсани аралаштиряпсиз. Ўтмиш тамойиллари ҳозирги замон тамойиллари ҳам бўлиб, ўтмиш моделлари бугунги куннинг эмас, ўтмишнинг моделларидир.
Биз тамойилларини сақлаб қоламиз ва бизнинг вақт учун янги моделлар топамиз. Сиз иқтисодий жиҳатдан 7-асрда бўлгани каби жамиятга эга бўла олмайсиз, тўғрими? Ҳатто шу ерда, ўз маҳаллангиз ичида ҳам сиз уни тикллай олмайсиз, чунки бу кичик маҳалла 7-асрдаги Мадинадан кўра иқтисодий жиҳатдан мураккаброқ. Биз тамойилларини сақлаб қолишимиз ва моделларни янгилашимиз керак. Танқидий фикрлаш – бу тамойилларни сақлаб қолиш ва янги усулларни топишдир.
Шу сабабли одамлар ёнимга келиб, биласизми, биз Исломни ислоҳ қилишимиз керак, деса, мен йўқ дейман. Ислом ислоҳотга муҳтож эмас. Ислоҳ қилишимиз керак бўлган нарса мусулмонларнинг ақллари, Қуръон ўқишимиз йўлидир. Қуръонда ҳеч қандай муаммо йўқ, Қуръон ўқувчида муаммолар бор.

 

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase