close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мирзиёевнинг советлар даврини танқид қилганига муносабат Россиянинг ҳудудий амбицияларини фош этди

Кремл Совет империясини қайта тиклаш йўлидан борар экан, Россия оммавий ахборот воситалари ва депутатлари Ўзбекистон президентининг совет даври қатағонлари ҳақидаги сўзларини «садоқатсизлик» белгиси сифатида баҳолаган.

Яқинда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда совет давридаги қатағонларга оид баёноти Россияда реваншизм кучайиб бораётганини фош этди, дейди кузатувчилар.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 август – Қатағон қурбонларини хотирлаш кунида Тошкент шаҳридаги Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди.
Советлар замонидаги Буюк террор даврида оммавий қатллар амалга оширилган жойда майдон барпо қилинган. 2000 йилда бу ерда хиёбон ва Қатағон қурбонлари хотираси музейи очилган.
Мирзиёев ўз нутқида Совет Иттифоқининг Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган фуқароларга нисбатан тазйиқларини алоҳида таъкидлади.
«Истиқлолимизга 31 йил бўлгани билан боболаримиз 100 йиллар олдин бунга ҳаракат қилган», деди у Ўзбекистон ҳукуматининг баёнотига кўра.
«100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Нима учун? Чунки, улар энг катта қаҳрамонларимиз, миллатнинг хазинаси бўлган.»
«Совет тузуми уларнинг ватанимизни озод қилиб, тараққиётга олиб чиқишини билган», деди Мирзиёев.
Мирзиёев, шунингдек, Сталин қатағонига учраган жадидлар – ўзбек зиёлилари вакилларини ҳам тилга олиб, тарихнинг бу даври ҳали тўлиқ ўрганилмаганини таъкидлади.
«Мустабид тузум фақат жадидларни йўқ қилиш билан чекланиб қолмаган. Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз турли бўҳтонлар билан қамоққа олинган, хўрланган», деди у.
Мирзиёев Совет Иттифоқи номини тилга олмаган бўлса-да, Россиянинг турли нашрлари унинг сўзларини «ўзбек миллатининг гулини» йўқ қилганликда айблаш сифатида талқин қилганлар.
Бу масалага россиялик депутатлар ҳам муносабат билдирган.
Ҳар қандай репрессия ҳолатини инкор этган Россия давлат думасининг депутати Константин Затулин Мирзиёевнинг «Совет Иттифоқи даврида ўзбекларнинг қатағон қилингани» ҳақидаги сўзларини спекуляция деб атаган.
Мирзиёев «Совет Иттифоқига қарши айбловлардан илҳомланаётган» биринчи постсовет раҳбари эмас», дейди у.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир кўпчилик «Совет Иттифоқи украинларни атайин очлик билан қийнаган, Болтиқбўйи халқларини йўқ қилган ва ҳоказо», деб айтади.

«Популистик ваҳима»

Ўзбекистонлик депутат ва кузатувчилар ҳам шу йўсинда жавоб қайтарганлар.
Россия ОАВ баёнотлари «Ўзбекистон президентининг мувозанатли, босиқ ва ўта самимий нутқига мутлақо ноадекват муносабатдир», деб ёзган Ўзбекистон сенати раисининг ўринбосари, Содиқ Сафоев ўзининг Твиттер саҳифасида 2 сентябр куни.
Мирзиёев тоталитар тузум қатағонлари қурбонларини хотирлади, деб ёзади у.
«Ўзи мунозара нима ҳақида? Мустабид тузумнинг шафқатсиз ва бераҳм бўлганими? Ёки ҳалок бўлганлар ҳақиқатан ҳам ғайриинсоний қатағон қурбонлари бўлганлигими?»
«Ақли тўғри ва хотираси аниқ бўлган ҳеч қайси инсон унисини ҳам, бунисини ҳам сўроқ остига олмайди», деб ёзган Сафоев.
31 август кунги маросим «чин қалбдан, ёрқин ва тантанали, қандайдир самимий, инсоний тарзда ўтди», бу энди шов-шувли сиёсийлаштириш ва популистик ваҳима учун сабаб бўлмаслиги керак, деб ёзган маросимда иштирок этган Сафоев.
Миллий Тикланиш партияси етакчиси ва Ўзбекистон парламентининг қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров ҳам Затулиннинг баёнотига жавобан кескин фикр билдирди.
«Президент нафақат ўзбек, балки ўша даврда совет давлатида яшаган барча миллатларнинг зиёлиларига нисбатан қилинган ваҳший ноҳақликлар ҳақида гапирди», деб ёзган Қодиров 1 сентябр куни ўзининг Телеграм каналида.

Россияга «садоқатсизлик»

Россия депутатлари ва оммавий ахборот воситалари учун «собиқ совет республикаларидаги мустақилликнинг ҳар қандай намойиши уларни Россия ва Кремлга садоқатсизликда айблаш учун баҳонадир», дейди Санкт-Петербургдаги Европа университети антропологи Сергей Абашин Карвонсаройга.
Бундай изоҳлар собиқ иттифоқ республикаларини ўзининг табиий таъсир доираси деб биладиган Россия раҳбариятининг умумий сиёсий йўналиши ва мафкурасини акс эттиради, дейди у.
«Кремл бу мамлакатларга ўз шартларини аввалгидан кўра қатъийроқ тарзда ўтказишга мойил экани аниқ. Аммо Мирзиёевнинг нутқига танқид ёғдирган радикаллардан фарқли ўлароқ, Кремл буни эҳтиёткорлик билан, орқа-олдига қараб, мўътадилроқ кўринишда қилмоқда», дейди Абашин.
Бироқ, Россия расмийлари янада радикалроқ позицияга интилмоқда: ҳозир ультра радикаллар айтаётган нарса яқин келажакда Кремлнинг асосий мафкурасига айланиши мумкин, дейди Абашин.
«Путин ва Россиянинг ҳукмрон элитаси Россияни Совет Иттифоқи билан тенглаштира бошлагани Москва сиёсатидаги туб ўзгаришлардан далолат беради».
«Энди Совет Иттифоқининг парчаланиши хато деб тан олинмоқда ва уларнинг фикрича, барча саъй-ҳаракатлар бу хатони тузатишга қаратилиши керак», дейди Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence ташкилоти директори Алишер Илҳомов.
Бу ўзгариш анча олдин содир бўлган ва охир-оқибат Путинни Украинани зўравонлик билан Москванинг империалистик таъсири остига қайтариб олишга уринишига сабаб бўлди, дейди Илҳомов.

Марказий Осиё устидан назорат

Бундай риторика Марказий Осиёдаги барча мамлакатларга ўз таъсирини ўтказади.
Москванинг фикрича, Марказий Осиё, Болтиқбўйи давлатлари, Украина, Белоруссия ва Кавказ – у билан яна бирлашиши керак бўлган давлатлар ва минтақалар, дейди қирғизистонлик таҳлилчи Одил Турдиқулов Карвонсаройга.
Россиялик сиёсатчилар бу фикрни бир неча бор билдирган ва у кўп жиҳатдан Кремл мафкурасини акс эттиради, деб қўшимча қилди у.
«Қирғизистон ва Тожикистон – мустақил давлатлар, аммо бугунги кунда биз Тошкент ва Нур-Султоннинг (ҳозирги Остона) позициясига таянамиз, яъни биз учун Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари бу каби масалаларга узил-кесил ўз муносабатини билдириши жуда муҳим.»
«Биз учун бу келажакда қандай ташқи сиёсат юритишимиз кераклигининг белгиси ҳамдир», дейди Турдуқулов.
АҚШда яшовчи тарихчи ва сиёсатчи Нигора Ҳидоятованинг айтишича, агар Украина таслим бўлганида, ҳозирга қадар ўта ўнгчи рус миллатчилари собиқ Совет Иттифоқининг қолган қисмини забт этишга киришган бўларди.
«Афғон уруши даврида (1979-1989) Россия заифлаша бошлади ва республикалар буни англаб етди. Марказдан узоқлашиш тенденцияси бошланди.»
«Ҳозир ҳам шундай бўляпти: республикалар раҳбарлари Путин ва унинг чекистлар тўдаси заифлашаётганини тушунди ва энди ўз фикрини баён қилмоқда», дейди Ҳидоятова.
Россиянинг суверен республикаларга нисбатан сиёсати Совет иттифоқининг буруқсаб ёнаётган вайроналаридан империя тиклашга уринишдир, дейди у.
«2008 йилдаги Грузияга босқин бу йўлдаги илк қадам эди. Кейинги навбат Украинага келди», деди у.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase