Гап шундаки, Россия Федерациясининг «Фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилишнинг асослари тўғрисида»ги қонун ўлган одамнинг қариндошларига ушбу жараёндан воз кечишга имкон беради. Бунинг учун ёзма мурожаат кифоя. Республикада бундай аризалар жуда кўп берилади, чунки жасадни патологоанатомик текшириш ислом қоидаларига зид келади. Чечен қонуншуносларининг ҳисоблашича, анъаналарга албатта риоя қилиш керак, лекин бу туфайли кўп муаммолар вужудга келади.
- Агар мурдани ёриб кўриш амалга оширилмаган бўлса, ўлимнинг аниқ сабабини белгилаб бўлмайди. Сабаб номаълум бўлса – марҳум ҳаётлигида унга тўғри ташхис қўйилгани, тўғри даволанганини баҳолаб бўлмайди. Яъни шифокорлик хизматлари кўрсатиш сифатига объектив баҳо беришнинг имкони йўқ, бу эса фуқароларнинг малакали тиббий ёрдам ҳуқуқини бузади, - аниқлаштиришди «КП на Северном Кавказе» га Чеченистон парламенти матбуот хизматида.
Агар вафот етган шахснинг яқинларида шифокорларнинг ҳамма ишни тўғри бажарганига шубҳа пайдо бўлса, тиббий экспертиза натижаларисиз буни амалга ошириш мумкин эмас. Чеченистон парламенти аъзолари Давлат Думасига муқобил таклиф – виртуал аутопсияни қонунийлаштиришни таклифини юборди. Бу рентген ва МРТ каби, мурдаларни ёриб кўрмасдан текшириш усулларидир. Маълумотлар электрон воситаларида сақланади ва исталган вақтда талаб қилиб олиниши мумкин. Чеченистонда қонунга киритилган ўзгартишлар ўлим олдидан одамларнинг соғлиғи ҳолати ҳақида муҳим маълумот олишга ҳам, мусулмонлар анъанасини бузмасликка ҳам ёрдам беради, деб ҳисоблашмоқда.
Биз изоҳ сўраб мутахассисга мурожаат килдик - «виртуал аутопсия» анъанавий ёриб кўришнинг ўрнини боса оладими?
- Бу услубият ҳали унчалик кенг тарқалмаган, швейцариялик олимлар уни 2000 йилар бошларига келибгина таклиф қилган. Бироқ, биринчидан у дарҳақиқат диний жиҳатларни ҳисобга олишга имкон беради, иккинчидан, етарли даражада аниқ ҳисобланади, - дейди тиббиёт фанлари номзоди Сергей Журавлев.
– Ғарб матбуотида «виртуал аутопсия» ёрдамидагина ҳал қилиш мумкин бўлган суд жараёнлари тавсифини топиш мумкин. Масалан, 3D-технологияллар (хусусан, фотограмметрия) ёрдамида майда қисмларга парчалаб ташланган бош суягини «тиклаш»га эришилди. Ҳамма суякларни қўлда йиғишнинг имкони бўлмаган бўларди. Шунингдек, одам танасида уни оломон бўлиб тепилган одамларнинг зарбалари изларини таққослаш ва ўлдирадиган зарбани айнан ким берганини аниқлашга эришилган. Мурдаларни ўрганишнинг муқобил усулларини қўллашга яна бир қизиқарли мисол – эр хотинини гарданидан отиб ташлаган, лекин мурданинг бошида ўқнинг чиқиш тешиги бўлмаган. Компьютер томографияси ўқ орқа мия каналига тушиб қолганлигини кўрсатган. Одатий ёпиб кўришда уни топиш амримаҳол бўларди.
Абу Муслим таржимаси
2017 йил