close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Табиий офатлар ҳақида

Охирги кунларда, Индонезияда бўлиб ўтган зилзила ва цунамидан сўнг одамлар унинг қандай балоларни олиб келишидан хавотирланиб, қўрқиб саросимага тушиб қолишди. Қўрқинчдан кўпчилиги уйларида ваҳима ва бехабарлик ичра ҳар дақиқа бўрон хавфи бартараф бўлди ва у бошқа йўналишга бурилиб кетди, деган хабарни диққат билан кутиб ўтиришди.

Охирги кунларда, Индонезияда бўлиб ўтган зилзила ва цунамидан сўнг одамлар унинг қандай балоларни олиб келишидан хавотирланиб, қўрқиб саросимага тушиб қолишди. Қўрқинчдан кўпчилиги уйларида ваҳима ва бехабарлик ичра ҳар дақиқа бўрон хавфи бартараф бўлди ва у бошқа йўналишга бурилиб кетди, деган хабарни диққат билан кутиб ўтиришди.

Баъзилари эса ўз шаҳарларини тарк қилиб, соатлаб машиналарда бошқа ерлардан табиий офат келтирадиган балолардан омонлик истаб, қочишни бошлади.

Бу – табиатнинг кучими?

Кўплаган одам бўрон, зилзила, вулқон отилиши ва шунга ўхшаш офатларни иймонга ҳеч қандай алоқаси йўқ табиат кучлари, деб биладилар. Эмишки, уларнинг ва унга ўхшаш бошқа табиий ҳодисаларнинг келиши ҳеч кимга ва ҳеч нарсага боғлиқ эмас. Шундай экан улардан ҳеч қандай дарс олиб бўлмайди ва булар маънавиятимизга ҳеч қандай таъсир қилмайди.
Бошқалар эса, дунёни Худо яратган, бироқ бундан кейин Худо дунёдаги барча ишларни ташлаб қўйган, деб ишонади. Уларнинг фикрича, дунё ўз-ўзича, яъни ўзининг қонунларига кўра мавжуд эмиш. Яъни, буни соатга мисол қиладиган бўлсак, уни япониялик ёки хитойлик бир соатчи ясагану, энди эса соат бизнинг қўлимизда. Энди соатни ясаган устага мазкур соат тўғри ишлаяптими ёки ўзиб кетяптими маълум эмас.
Бироқ, бу масалада мусулмонлар бошқача фикрдалар. Исломга кўра, бутун мавжудот Парвардигор измидадир. У коинотнинг ягона бошқарувчиси ва ҳар қандай майда нарсани ипидан игнасигача билади, зеро Унинг ўзи шу нарсаларни яратган:
“Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, Уларни унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. У ердаги, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни биладир. Битта япроқ узилиб тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер тубидаги бир дона дон борми, ҳўлу қуруқ борми, барчаси очиқ китобда бордир.” (Қуръони карим, 6:59)
Дунё ўз-ўзича мавжуд эмас ва ундаги бўлаётган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолога бўйинсунади. Бирон нарсанинг қачон ва қаерда бўлишини У ҳал қилади. Аллоҳ таоло айтади:
“Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик.” (Қуръони карим, 54:49)
Қуръони каримнинг бошқа жойида эса Аллоҳ таоло:
“У осмонлару ернинг мулки Унга хос бўлган, Ўзига фарзанд тутмаган, мулкида шериги бўлмаган, ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир”, деб айтган. (Қуръони карим, 25:2)
Ер юзида нимаики рўй бермасин: қирда ёки яссилик бўлсин, сув ёки қуруқликда бўлсин, Ерда ёки самода ҳаракат қилсин, ўсган ўсимлигу яшаётган ҳайвон бўлсин—барчаси Аллоҳнинг хоҳишига, мезонига ва қонунларига тобеъдир. Аллоҳ Таоло коинотдаги атомлару ақл бовар қилмас даражада улкан само жисмларининг барчасини бошқаради; кўриниб турибдики, табиий офатлар бундан мустасно эмас.

Сабаблар қонуни

Шундай бўлса ҳам, буларнинг ҳеч қайсиниси сабаблар қонунини инкор қилмайди. Чунки ушбу қонунлар Аллоҳ томонидан коинот яратилганда жорий қилинган ва унга мувофиқ ўлчамлар тизими ва махсус илоҳий режа асосида ҳаракатланади. Ушбу табиат қонунлари Аллоҳнинг иродасига боғлиқ бўлиб, У ўрнатган қонунлар ва мезонларга бўйинсунади. Аллоҳ таоло яна айтади:
“Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик.” (Қуръони карим, 54:49)
Бошқача сўз билан айтганда, барча нарса ўзига хос қонун ва қоида асосида ҳаракат қилади. Коинот ҳам шу йўл асосида бошқарилади.

Табиий офатларнинг фойдали (позитив) тарафлари

Энг муҳими, албатта, диндорларнинг мазкур воқеалар устида фикр юритишлари ва дарс олишларидир. Иймонлилар ҳар бир воқеада ўзлари учун эслатма ва ибрат кўрадилар. Улар воситасида мўъмин Аллоҳга янада яқинлашади ва Тўғри Йўлда собит бўлади. Хўш, зилзила, тўфон ва шу каби офатлардан қандай дарс олишимиз мумкин?
1. Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати
Жуда катта бўрон сизнинг эътиборингизни илоҳий қудратнинг ниҳоятда чексиз экани ва у ҳар қандай йўл билан ўзини намоён қила олишига қаратади. Аллоҳ бирон нарса бўлишини хоҳласа унга “Бўл!” дейиши кифоядир. Буларга яна мисол қилиб зилзилаларни, бўронлару тошқинларни эсга олишимиз мумкин. Аллоҳ хоҳлаган нарсасини ҳаракатга келтириши ва хоҳлаган нарсасини ҳаракатдан тўхтатишга қодир.
Бошқа тарафдан қараганда бўрон инсоннинг кўзини очади—унинг қанчалик заиф ва ҳимоясиз эканини кўрсатади. Одамлар ўзларини катта қудрат ва илмга эга ҳисоблаб, димоғи баланд, мутакаббир бўлиб кетишди. Албатта, одамлар баъзи ютуқларга эришишга муваффақ бўлишди, масалан, ойга парвоз қилди, бошқа сайёраларга етиш ҳаракатини қилмоқда, ажойиб-ғаройиб илмий кашфиётлар қилмоқда ва ҳайратли ихтиролар қилмоқда. Шундай бўлсада, у табиий кучлар олдида ожиздир. Тўғри, у бўрон ҳаракатининг траекториясини (йўналишини) олдиндан ҳисоблаб чиқа олди, бироқ уни тўхтатиш ёки бошқа йўналишга буриб юбора олмади. Аллоҳ таоло айтади:
“Сизга жуда оз илм берилгандир” (Қуръони карим, 17:85)
Одатда ғарб ва дунёвий олимлар илм туфайли инсон коинот, табиат устидан ғалаба қазониб, уни ўзига таслим қилишга қодир, деб айтадилар. Аслида эса, ундай эмас. Инсон табиатни Аллоҳ қодир қилгунича ўзига бўйинсиндира олиши мумкин. Бироқ, табиат ва коинот кучлидир, инсон эса унинг олдида заиф ва ҳимоясиздир.
Халифа Али разияллоҳу анҳу айтади: “Одам боласи нақадар заиф! Кичкина бир ҳашарот унга азоб бериши мумкин, бир бўлак нарса томоғига тиқилса, ўлиб қолиши мумкин, башарти терласа, унинг бадани бадбўй ҳид чиқаради”.
Дарҳақиқат, инсон ҳатто чивин чақса ҳам безовта бўлади, танаси қизаради. Шунингдек, кўзга кўринмас даражада зарра қадар бўлган микробу вируслар ҳам одамни ўлдира олишини биламиз. Инсон нақадар заиф-а! Аллоҳ таоло айтади: “Инсон заиф яратилгандир” (Қуръони карим, 4:28).
Шундай қилиб, мазкур офатлар орқали Аллоҳ инсонларга уларнинг қудратию ҳажмини ва коинотга таъсирини нақадар чекланган эканини кўрсатяпти. Аллоҳ коинотнинг ҳақиқий ягона соҳиби, илм ва ҳикмат эгаси ким эканлигини инсонларга кўрсатиб қўйишни ирода қилди.
2. Дунё ҳаётининг нархи
Бундай офатлар бу дунё ҳаётининг асл қийматини ҳам кўрсатиб беради. Одамлар шу дунё учун курашади, қаттиқ ёпишади ва ҳатто бир-бирлари билан душман бўлишга ҳам тайёр. Аслида эса, буларнинг ҳеч қандай қадри йўқ. Айтайлик, инсон ўз уйида хотиржам ўтирганида тўсатдан қандайдир бало-офат келади ва мана у шу туфайли жони узилди. У ҳаммасини бир неча дақиқа ичида йўқотади.
Мана дунёнинг асл баҳосию қиймати. Одамлар ўлим узоқ, деб ўйлайди, аслида эса у жуда ҳам яқин турибди.
Аллоҳ таоло айтади: “Осмонлару ернинг ғайб (илм)и Аллоҳникидир. Соат (қиёмат) иши эса, кўз очиб-юмгандек ёки ундан ҳам яқинроқдир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир”. (Қуръони карим, 16:77)
3. Яна бир имконият
Ва, ниҳоят, офатлар бизларга ғофилликдан уйғонишимиз ва Парвардигори оламга мурожаат қилишимиз учун бир имкондир. Аллоҳ таоло бу ҳақида айтади:
“Қилган амалларининг баъзисини тоттириш учун, одамлар қўллари касб қилган нарсалар туфайли қуруқликдаю денгизда фасод зоҳир бўлди. Шоядки улар қайтсалар”. (Қуръони карим, 30:41)
Шундай қилиб, табиий офатларга тўғри муносабатда бўлиб, фикр қиладиган бўлсак, улар фойда келтириши ҳам мумкин экан. Кўп ҳолатларда Аллоҳ таолонинг йўлига қайтиш учун омонлик ва фаровонлик эмас, балки бало-офатлар керак бўлиши ҳам мумкин.

OnIslam мақоласи асосида Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase