Четдан қараганда, бу кўплаб мусулмонларнинг муқаддас жойларга ташриф буюришини таъминлайдиган жуда яхши қадам бўлиб кўринади ва бу қайсидир маънода шундай ҳам. Лекин, моҳиятан, чиройли қоғозга ўлдирадиган заҳар ўралган, деб ҳисоблайман. Исломдаги иккита буюк муқаддас қадамжо – Макка ва Мадина – сайёҳлик объекти бўла олмайди, уларга ташриф буюриш дам олиш ва кўнгилочарликлар элементи бўлиши мумкин эмас.
Менимча, «тақиқланган ерлар»га фақат бу ерларни муқаддас деб билган мусулмонлар диний нуқтаи назардангина эмас, балки оддий саёҳат иштиёқмандлари ҳам ташриф буюриши нотўғри бўлади. Ахир бу сайёҳлар Маккага бефойда қизиқиш туфайли келади, Каъбага кўзлари бахтдан ёшга тўлган нигоҳ билан эмас, балки у турган ернинг муқаддаслиги ва буюклигини тушуниб етмаган, тор доирада фикрлайдиган сайёҳнинг баҳоловчи нигоҳи билан қарайди.
Сайёҳлик билан бир қаторда ахлоқсизлик ва диний қадриятларга бепарволик муқаддас шаҳарларга кириб боради, улар вақт ўтиши билан маҳаллий аҳолига таъсир қилмай қўймайди. Бу шундоқ ҳам Саудия Арабистонида тез суръатлар билан тарқалаётган ахлоқий ва диний таназзул бўлади.
Қандай қилиб бу зиёратгоҳларни туризм объектларига киритиш мумкин эканлиги ажабланарли, шундай эмасми? Бундан кўра Кичик Ҳаж - Умра учун визаларни олишни соддалаштириш ёки хизматларга мос келадиган нархларни белгилаш яхшироқдир. Аммо бунинг ўрнига, улар туризм тўғрисидаги қонун билан параллел равишда Умра визасини олишни қийинлаштирадиган ва унинг нархини оширадиган қонунни киритдилар.
Яъни, бир вақтнинг ўзида мутлақо мантиқсиз, асосан қарама-қарши бўлган иккита қарор қабул қилинди. Шу билан Саудия Арабистони ўзи учун устувор деб билган нарсаларини намойиш этди.
Албатта, Макка ва Мадинанинг муқаддас ерлари, аввалгидек, зиёратчиларнинг шаҳарлари бўлиб қолишини истаймиз, сайёҳларнинг эмас!
Абу Муслим таржимаси