Туркия президенти Исроил ҳукуматини инсон ҳуқуқлари тамойилларини бузишда айблаб, Ғазо бўйича ислом оламининг сукутини қоралади.
"Исроил" тинчлик, инсон ҳуқуқлари ва демократия каби халқаро тамойилларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган барча тузилмаларни гаровга олди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Қуръон тиловати бўйича 9-Халқаро танловдаги чиқишида айтди.
«Сионистлар аклининг бузилиши туфайли Исроил ҳукумати тинчлик, инсон ҳуқуқлари, матбуот эркинлиги ва демократияни ҳимоя қилиш учун масъул барча тузилмаларни гаровга олди», — деди жаноб Эрдўған Анқарадаги нутқида.
Туркия раҳбари Ғазодаги инқирозга нисбатан глобал сукутни инсоният учун «шармандалик» деб атади. «Биз инсоният учун шармандали кунларни бошдан кечирмоқдамиз, 50 минг бегуноҳ инсонлар шафқатсизларча ўлдирилди, икки миллион одам бомбардимон қилинмоқда», — деб таъкидлади у.
Президентнинг сўзларига кўра, «инсоният душмани Нетаньяху»ни тўхтатиш учун ҳеч қандай чора кўрилмаяпти. Эрдўған ислом оламининг суст реакциясидан ҳафсаласи пир бўлганини билдириб, «бу ҳаракатсизлик тарихга киради», деди.
«Сионист жинояткорлар бомбаларидан чодирларда ёниб кетаётган Ғазодаги биродарларимиз олдида биз масъулмиз», — деди Туркия раҳбари. У шу қишда Исроил икки миллион одамни «нацистлар лагерларига ўхшаш» шароитда азобга солиши мумкинлигидан огоҳлантирди ва «инсониятни охирги инқироздан қутқариш» учун ҳаракатга чақирди.
Маҳаллий соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, бир йил давом этган исроилликларнинг ҳужумлари натижасида 43 000 дан ортиқ киши, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлган, 101 000 дан ортиқ киши яраланган. Ғазо секторининг деярли барча аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди, блокада давом этаётгани сабабли озиқ-овқат, ичимлик суви ва дори-дармонлар танқислиги кучаймоқда. Ҳозирги вақтда БМТнинг Халқаро судида Исроилга нисбатан геноцид айблови билан иш кўриб чиқилмоқда.
Турк матбуотидан Абу Муслим тайёрлади