Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдоған Сурия билан алоқаларни тиклашга тайёр эканини билдириб, миллионлаб сурияликларни ватанига қайтариш ҳақида сўзлади.
Бунга Туркия шаҳарларида суриялик қочқинларга нисбатан намойишлар туртки берди.
Эрдоған музокараларда Россия иштирок этишини хоҳламоқда.
“Сурияликлар ҳозирги шароитда енгил нишонга айланган. Тўғрими бу ё нотўғри, турклар улардан тўйган. Бу жуда жиддий сиёсий масалага айланган. Шу сабаб сурияликларнинг Туркиядан тартибли жўнашини кўрсатиш муҳимдир”, - дейди Истанбулдаги Қодир Ҳас университетининг профессори Соли Ўзел.
Туркияда яшаётган уч миллиондан зиёд сурияликга нисбатан адоватнинг кучайиши ҳамда салкам уч хонали инфляция Эрдоған партиясининг март ойидаги сайловда мағлубиятга учраши ортидаги омиллар.
Таҳлилчиларга кўра, Россия Президенти Владимир Путин Эрдоғаннинг Сурия билан мулоқот бошлаш истагини олқишламоқда, чунки бу суриялик исёнчиларни Туркия мададидан айириб, фуқаролар урушининг тугашига ёрдам беради.
Бу, шунингдек,Путинга ҳарбий ресурсларини Суриядан Украинага қаратишга имкон беради, дейди кузатувчилар.
“Аслида Дамашқ ва Анқара ўртасида мулоқотни Москва хоҳлаяпти. Чунки Россия ҳозир Украина билан банд”, - дейди Лион университетидан мутахассис Фабрис Баланш.
Туркия Сурияда кўп сонли ҳарбийларни жойлаштиргани музокараларда тўсиқ бўлиши мумкин.
Турк қўшинлари Сурияда курдларга қарши жанг қилмоқда, уларни Туркиядаги курд бўлгинчиларига алоқадорликда айбламоқда.
Таҳлилчилар Дамашқ музокарадан олдин Туркияга қўшинларини Суриядан олиб чиқиш шартини қўйиши мумкинлигини тахмин қилади.
“Башар Ассад руслар ва эронликлар ҳамда маҳаллий дала қўмондонлари, ҳатто ўз атрофидаги одамлар ёрдамига муҳтож. Ассаднинг турк аскарларини мамлакатдан чиқаришга қурби етмайди, шу сабаб Анқарага шундай шарт қўйиб, сўнг музокара бошлаши мумкин”, - дейди собиқ дипломат Ойдин Селжен.
Эрдоған миллий хавфсизлик сабаб аскарларни Суриядан олиб чиқа олмаслигини айтади.
Сурия шимоли-шарқини бошқараётган исёнчилар Туркия мададидан айрилса, ҳудуд гуманитар офатга юз тутишидан, Ассад қўшинлари уларни қиришидан хавотирга тушган.
“Агар режим ҳудудга қайтса, у ердаги одамларнинг аксарияти Туркияга кетишни хоҳлаши мумкин. Анқарага тўрт миллионта янги қочқиннинг кераги йўқ”, - дейди Баланш.
Музокаралар қачон бошланиши маълум эмас. Эрдоған воситачи ролига Россиядан ташқари Ироқни ҳам таклиф этмоқда.
Эрдоған Сурия билан алоқани тикламоқчи
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдоған Сурия билан алоқаларни тиклашга тайёр эканини билдириб, миллионлаб сурияликларни ватанига қайтариш ҳақида сўзлади.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Долзарб мавзу
|