Юқоридаги матнда келтирилган гапира олмайдиган сўзи “симмит” деб ёзилган. У сукут қилиб, гапирмайдиган одам бўлиб, ҳеч қанақа соқовлик ва касаллиги бўлмайди. Гапирса, яхши гапиради. Кўпчилик салафи солиҳларнинг ҳолати шундай эди:
Агар улар сукут қилса, уларга чирой бўлар,
Гапирсалар, улардан ақлли (сўз) тинглайсан.
Уларнинг мажлислари, виқор, сакинат, қўрқув ва улардан манфаат олинадиган мунаввар суратларини бир хаёл қилинг. Эътиборингизга Ибн Жарир Табарий “Жомиъ ал-баён ан таъвил ал-Қуръон” номли тафсирида Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи тафсирини ҳавола қиламиз:
“Биз Луҳмонга ҳикмат ато этдик”:
“Аллоҳ таоло айтади: “Биз Луқмонга динда фиқҳ, ақл, сўздаги тўғрилик ато қилдик”. Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ айтган:
“Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик”.
У (ҳикмат) фиқҳ, ақл ва сўздаги тўғрилик, нубувватдан бошқа”.
Амр ибн Қайс айтади: “Луқмон қора танли, қалин лабли, қадами ясси қул бўлган. У мажлисда инсонларга илм, тўғри йўл кўрсатиб турган вақтда олдига бир киши келиб: “Сен мен билан фалон-фалон жойда қўй боқиб юрган одам эмасмисан?” деб сўради. - Ҳа, деди. - Нима сени мен кўриб турган нарсага етказди? деб сўради яна. “Рост сўзлаш ва ўзимга алоқадор бўлмаган нарсадан сукут қилиш”, деди”.
Ҳофиз Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўз тафсирида шундай деган: “Ибн Абу Ҳотим “Уммат ҳакими” деб аталган улуғ саҳобий - Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Луқмонга аҳлдан, на мол, на ҳасаб, на хислатлардан берилган нарса берилмаган. Лекин у жуда кўп сукут, чуқур тафаккур қиладиган, кўп фикрлайдиган киши эди. Кундузи ухламасди. Ҳеч ким унинг тупургани, йўталгани, сийгани, ҳожат ушатгани, гусл қилгани, ўйнагани ва кулганини кўрмас эди. Унга шундай нарсалар берилган”. Аллоҳ таоло унга ҳикмат ато қилган эди. Ушбу хулқлар қандай ҳам гўзал. Уларни намуна қилишга ҳаракат қилинг.
Абу Хайсам Насоийнинг “Илм” китоби ва Имом Аҳмаднинг “Зуҳд” китобида келтирилишича, Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Мен бир неча қавмларни кўрдим. Агар улардан бир киши қавм билан ўтирса, унда дудуқлик бор деб ўйлашар эди. Унда дудуқлик бўлмас, балки у мусулмон фақиҳ бўлар эди”. Бошқа лафзда шундай дейилган: “Агар қавм билан бир фақиҳ ўтирса, қавмдаги баъзилар унда дудуқлик бор деб ўйлар эди. Унда ҳеч қандай дудуқлик бўлмасди. Фақат машҳур бўлишни ёмон кўргани учун (шундай қилар эди)”.
Матн:
Уни аҳмок, одам эзма деб ўйлайди. (Аслида) Аллоҳ учун насиҳат уни гапиртирган бўлади. Уни бой деб ўйлайди. (Аслида) иффат уни бой, беҳожат қилган бўлади. Уни фақир деб ўйлайди. (Аслида) тавозеъ уни эгиб қўйган.
У ўзига алоқадор бўлмаган нарсага юзланмайди, кифоя қиладиган нарсасидан ортиғини ўзига юкламайди, ўзи муҳтож бўлмаган нарсани олмайди. Муҳофаза қилиш топширилган нарсани тарк қилмайди. Одамлар ундан роҳатда, у эса ўз нафсидан чарчоқда бўлади. У вараъ билан ҳирсини ўлдирган, тақво билан тамасини кесган ва илм нури билан шаҳватларини ўчирган (инсон)дир.
Шарҳ:
У ҳақида шоирнинг айтган ушбу сўзлари нақадар гўзал:
Яхшиликни сўзласалар, тишнинг кулиши,
Ёмонлик олдида ғамгин бўлиб қолар.
У каби ва унга ўхшаган салафи солиҳлар ҳақида шундай дейиш тўғри бўлади: улар гапирсалар, рост сўзлаганлар, сукут қилсалар, бирор яхшилик ва на яхшиликни баён қилиш улардан ўтиб кетиб қолмайди (керакли ўринда гапириб, керакли ўринда сукут қиладилар). Агар улар бўлмаганларида ҳақни ботилдан, чиройли нарсани хунукдан ажратиб бўлмас эди. Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин.
Ҳорис Муҳосибийнинг
"Рисолатул мустаршидийн" китобидан