Фарзларнинг нафллардан муқаддамлигида шубҳа йўқ. Аммо фарзларнинг ўзи ҳам ҳар турлидир:
Фарзи айн фарзи кифоядан муқаддам. Бу аниқ. Зеро, фарзи кифояни бир киши қилса, бошқалардан гуноҳ соқит бўлади. Аммо фарзи айннинг ўринбосари йўқдир, уни ўша ишга тайинланган инсоннинг ўзи бажармоғи шартдир.
Фарзи айн фарзи кифоядан муқаддамлиги ҳақида бир қанча ҳадислар ривоят қилинган.
Бунга энг яққол мисол қуйироқда келтирилган ота-онага яхшилик қилиш билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ҳақидаги ҳадисдир.
Яъни, жиҳод қилиш ўрнига ота-онага яхшилик қилиш, уларни хизматида бўлиш вожиброқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга ишора қилганлар.
Бухорий ва Муслим Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб у зотдан жиҳодда қатнашишга изн сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онанг тирикми?”, деб сўрадилар. Ҳалиги киши: Ҳа, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларга хизмат қилиб - жиҳод қилгин”, дедилар.
Муслим ривоят қилади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб: Аллоҳдан ажр умид қилган ҳолда ҳижрат ва жиҳод учун сизга байъат қилмоқчиман, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онангдан бирортаси тирикми?”, деб сўрадилар. Ҳалиги киши: Ҳа, икковлари ҳам ҳаёт, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллохдан ажр истайсанми?” деб сўрадилар. Ҳалиги киши: Ҳа, деди. шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ҳолда уйингга қайтиб ота-онанг билан чиройли ҳамсуҳбат бўлгин”, дедилар.
Яна Муслимдан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб: Ҳижрат учун сизга байъат қилишга келдим. Ота-онам эса йиғлаб қолди, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онангни олдига қайтгинда, уларни қандай йиғлатган бўлсанг худди шундай кулдиргин” дедилар.
Анас розияллоху анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб: Мен жиҳодни истайман, аммо бунга қодир эмасман, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онангдан бирортаси тирикми?”, деб сўрадилар. Ҳалиги киши: Онам ҳаёт, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ҳолда сен онангга яхшилик қилиш билан Аллоҳга бандалик қилгин, ана шунда сен ҳаж қилган, умра қилган, жиҳод қилганнинг савобини оласан”, дедилар.
Муовия ибн Жоҳимадан ривоят қилинади. Жоҳима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб: Ё Расулуллоҳ, ғазот қилишни истайман, шунинг учун олдингизга маслаҳатга келдим, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг борми?”, дедилар. Жоҳима: Ҳа, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ҳолда онангни ёнида бўлгин. Чунки жаннат оналар оёғи остидадир”, дедилар.
Табароний ушбу ҳадисни яхши иснод билан ривоят қилган, унинг лафзи бундай: Айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб, у зотдан жиҳод ҳақида маслаҳатлашмоқчи бўлдим. У зот: “Ота-онанг борми”, деб сўрадилар. Мен, ҳа, дедим. У зот: “У ҳолда уларнинг ёнидан жилмагин, чунки жаннат уларнинг оёқлари остидадир”, дедилар.
Юсуф Қарзовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан