Биринчи марта бутун дунё фуқаролари, динидан қатъи назар, Саудия Арабистони ҳудудидаги Исломнинг икки муқаддас шаҳарларидан бири бўлган Мадинада яшашга рухсат берилади, дея хабар беради National газетаси.
Макка ва Мадинадаги иккита асосий мусулмон ибодатхоналари фақат мусулмонлар учун ажратилган. Уларнинг чегаралари қатъий белгиланган ва бу ҳудудлар бошқа динларга эътиқод қилувчилар учун ёпиқ.
"Ислом динига эътиқод қилмайдиган одамлар биринчи марта Муқаддас Ислом шаҳрида яшаш тажрибасига эга бўладилар. Улар тақиқланган Харам ҳудудида яшаши мумкин бўлмайди, лекин унга шунчалик яқин бўладики, улар Пайғамбар масжиди чироқларини кўриш имкониятига эга бўлади" - деди Саудиянинг Savola компанияси бошқарувчи директори Сами Барум.
Тарихдаги биринчи Ислом пойтахтининг янги ҳудудида қурилиш ишлари билан шуғулланувчи йирик компания раҳбарининг фикрича, биринчи номусулмонлар яқин келажакда Мадинага жойлаша оладилар. Улар Мадинанинг янги шарқий туманида, боғлар ва пальмазорлар билан ўралган, шунингдек, Мунаввара деб ҳам аталадиган жойда яшайдилар. Бу ҳудудда 150 минг киши истиқомат қиладиган "Билимлар иқтисодий шаҳри" (Knowledge Economic City) барпо этилмоқда.
60-йилларнинг ўрталарига қадар шаҳар девори билан ўралган ва қатор чекловлар туфайли кенгайтирилмаган Мадина уй-жой фондини янгилаш, зиёратчиларнинг эҳтиёжларини қондириш ва туризм бизнесини ривожлантириш мақсадида реконструкция қилинади. Афсонага кўра, Библиядаги Нуҳнинг невараларидан бири Ясриб томонидан асос солинган Мунавварада сўнгги йилларда ясси тоғлик воҳасида қирол Абдулла номидаги иккинчи ҳалқа йўли бўйлаб кўп қаватли бинолар қуришга рухсат берилди.
Тоғ тизмалари билан ўралган, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қабри билан бир қаторда Саудиянинг энг машҳур еттита масжиди, шунингдек, пайғамбарнинг биринчи саҳобаларининг қабрлари ҳам жойлашган кам қаватли воҳа шаҳарнинг қолган ҳудудларида, уч, олти, саккиз, 10 ва 14 қаватли уйлар қурилмоқда.
Саудия ҳукумати никоҳсиз жуфтлик-сайёҳларга меҳмонхона хонасида бирга яшашга рухсат берди (зино қилишни маъқуллади). Бироқ, ҳозирча бу янгиликлар мамлакат фуқаролари учун амал қилмайди.
Қироллик фуқаролари икки кишилик хонага жойлашиш учун ҳали ҳам никоҳ гувоҳномасини тақдим этишлари талаб қилинади. Бироқ, барча аёллар, шу жумладан чет элликлар ва мамлакат фуқароларига ўзлари учун бир кишилик хоналарни ижарага олишга рухсат берилди.
Ушбу ўзгаришлар Саудия Арабистонида туризм саноатини ривожлантириш учун киритилган. Шу мақсадда аёлларнинг мамлакатга эркаклар ҳамроҳлигисиз киришига нисбатан илгари мавжуд бўлган тақиқ ҳам бекор қилинди. Улар меҳмонхона хоналарида ёлғиз қолиши ҳам мумкин.
Янги қоидалар араб мамлакатларига хос кийиниш қоидаларини ҳам юмшатди: хорижлик аёллар энди ёпиқ кийим кийишлари шарт эмас, лекин уларга провокацион тарзда кийинмаслик тавсия қилинди. Шу билан бирга, Саудия Арабистонидаги меҳмонхоналарда спиртли ичимликларни таъқиқлаш ўз кучида қолади.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони 2019 йилнинг сентябрида 49 давлат фуқаролари учун туристик виза олиш имкониятини жорий этган ҳолда сайёҳлар учун эшикларини очган эди. Илгари мамлакатга фақат ёлланма ходимлар ва мусулмон зиёратчилар кириши мумкин эди. Бироқ, оддий саёҳатчилар асосий ислом зиёратгоҳи - Маккани зиёрат қила олмайди.
Саудия Арабистони иккинчи Каъбани қурмоқда
Саудия Арабистони ҳукумати ар-Риёднинг Мурабба туманида Мукааб номли куб шаклидаги осмонўпар бино қуриш режасини эълон қилди, деб ёзади Dezeen портали. Бино унинг атрофида 19 квадрат километрлик янги туман барпо этиладиган марказга айланади.
"Ар-Риёднинг янги қиёфаси" сифатида таърифланган осмонўпар бино Саудия Арабистони пойтахти марказидан шимоли-ғарбда қурилади ва "дунёда қурилган энг йирик иншоотлардан бири" бўлиши ваъда қилинади. Иншоотнинг баландлиги 400 метр бўлиб, расмий равишда уни жуда баланд осмонўпар бинога айлантиради, бинонинг эни ҳам ҳар томондан 400 метр бўлади. Куб шаклидаги бино анъанавий Наждий архитектура услубини замонавий тарзда қайта тасаввур қилиб, бир-бирининг устига чиқадиган учбурчак шакллар жабҳаси билан ўралади.
Умуман олганда, янги туманда 100 мингдан ортиқ турар-жой бирликлари ва 9 минг меҳмонхона хоналари, шунингдек, 980 минг квадрат метрдан ортиқ чакана савдо ва 1,4 миллон квадрат метр офис майдони мавжуд. Шунингдек, ҳудуднинг бўлажак аҳолиси ва меҳмонлари 80 та кўнгилочар ва маданий масканлар, технология ва дизайн университети, кўп функцияли иммерсив театр ва музейдан баҳраманд бўлишади. Саудия Арабистони ҳукуматига кўра, лойиҳа 2030 йилгача якунланиши кутилмоқда.
Гульнара Лутфуллина
Абу Муслим таржимаси