Жуда кўп норасмий сигналларга кўра, Украинанинг бир бўлагини ўзиники қилиб олмоқчи бўлган совет иттифоқидан кейинги Россияда “миллатчилик” ёки ҳатто чоризм устунлик қилаётгани йўқ, балки СССР ва унинг қонхўр диктатори Сталинни соғиниш бордир”, деб ёзади нашриёт.
“Бу ерда гап янги нарса ҳақида бораётгани йўқ, бироқ кўпчилик буни сезаётгани йўқ ёки унга етарлича эътибор бермаяпти. 2007 йили Путин Россияси ўз қўшниси бўлган Эстониянинг халқаро ва молиявий сайтларини фалаж ҳолатига келтирди. Бунга сабаб Эстония ҳукуматининг Улуғ ватан урушида ҳалок бўлган совет қаҳрамонларига аталган ёдгорлигини кўчириш ҳақидаги қарори эди. 2008 йили Гуржистон билан бўлиб ўтган урушдан бир неча ой ўтиб, Сталинни соғиниш хисси шу даражада ошган эдики, хатто телеканалда Россия тарихида энг таъсири кучли бўлган шахс ҳақидаги сўровнома натижаларига ҳам таъсир қилди: Сталин Николай II сўнг учинчи ўринни эгаллади. Ҳақиқатда эса, Сталин мазкур сўровномада катта фарқ билан олдинда эди. Бироқ бундай натижа ҳатто Россия телеканали учун ҳам ноқулай (ўнғайсиз) эди, деб эслатади муаллиф.
“2012 йили, Украина инқирози арафасида, сталинизмга қайтиш аломатлари яққол кўзга ташланаётган эди. 2012 йилининг баҳорида Сталин ўлган кунининг 60 йиллиги муносабати билан ВЦИОМ тарафидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, совет диктатори Россия ва совет тарихида энг севимли шахсга айланди. Бошқа тарафдан эса, ёдгорликлар, ҳайкаллар, постер, кинофильмлар воситасида Сталинни эъзозлаш каби нарсалар кўпайиб бормоқда. Қизиғи шундаки, айнан ўша даврда яшамаган янги авлодда ўта кучли равишда ўтмишни соғиниш намаён бўлмоқда. Ҳақиқатда бу нарсага ҳайрон бўлмаслик керак. Сталинизмга қайтиш тўлқини мактаб ва университет ўқув дастурларига киритилган, Путин тарафидан татбиқ қилинаётган “тарих сиёсати” натижасидир. Сталиннинг жиноятлари оқибатида ГУЛАГда, депортаций жараёнларида аҳолининг маълум қисмларини йўқ қилиниши, диссидентларни ёки шулар қаторига киритилганларни отиб ташланиши оқибатида йигирма миллион киши ўлиб кетган. Албатта бу нарсалар ҳақида мактаб ва университет китобларида лом-мим дейилмаган”, дейилади мақолада.
“Шу билан бир қаторда Сталин саноатлаштиришга раҳбар бўлган “буюк ташкилотчи” ва фашизм устидан ғалаба қозонган буюк саркарда ҳамда ғарб “империализми” душмани, дея сифатланади. Худди ҳозирги, Россия тарғиботи таъкидлаётганига кўра, Киев ҳодисалари орқасида турган ва Украина инқирози сабаб бўлган империалистлардир. Бошқа тарафдан эса, Қримдаги Россия қадамларининг динамикаси ҳам эскича услубларнинг қайта уйғониши, яъни сталинча ташқи сиёсатдан ўзга нарса эмас: қўшни мамлакатда “фашистлар хавфи” ҳақида хабарлар чиқа бошлайди, маҳаллий қўғирчоқ ҳукумат ташкил қилинади, улар эса ёрдам сўраб мурожаат қилади, сўнг мамлакатга бостириб киришади”, деб ёзади нашриёт.
Абу Муслим, эркин таржима
(Opinione)