Ғалаба қозониш учун асосий даъвогарлар Халқ иттифоқи (Миллатчилик ҳаракати партиясидан миллатчилар билан ҳукмрон ПСР блоки) ва Миллат иттифоқи (Республикачилар халқ партиясидан камолчилар ва «Яхши партия»дан миллатчилар блоки) бўлди. Иккала блок мамлакат провинциялари, туманлари ва шаҳарларида ўнлаб биргаликдаги номзодларни қўйдилар.
Сайловларда шунингдек, мамлакатнинг ғарбидаги йирик шаҳарларда номзодларни қўймаган Халқлар демократик партияси (моҳиятан, террористик РПК сўл қаноти), «Саадет» исломийлар партияси ва бошқалар ҳам иштирок этди.
Кўплаб кузатувчиларнинг фикрига кўра, бу сайловлар Эрдўған партияси (адолат ва тараққиёт партияси) 2002 йил ҳукумат тепасига келган пайтдан бошлаб дуч келган энг оғир сайловлар бўлди. Ўтган йили рўй берган жиддий валюта инқирози билан асосланадиган ишсизликнинг ўсиши ва инфляция суръати юқорилиги шароитларида дастлабки сўровлар ПСР учун ёқимсиз бўлган натижаларни кўрсатди.
Сайловолди кампанияси кўп йилар ичида энг ифлос ва оғир бўлди деб айтилиши ҳам бежизга эмас – асосий номзодлар коррупция ва ҳатто терроризмда ҳам айбланди. Сайлов куни ҳам катта жанжаллар (жумладан, натижаларни ўз фойдасига бузиб кўрсатишдаги айбловлар) ва ҳатто сайлов участкасида муштлашиш натижасида ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилди.
Сайловлар бўлиб ўтди, лекин улар нимани кўрсатди? Албатта, Туркиянинг ҳар бир минтақасига батафсил тўхталиб ўтиш, нима ва қандай ўзгаргани ҳақида ҳикоя қилиб бериш мумкин, лекин бу бизнинг вазифамиз эмас. Қатъий ишонч билан айтиш мумкин бўлган нарса бу - мухолифатнинг жиддий муваффақиятга эришиши ва худди шу даражада ҳукмрон партияга жиддий зарба берилиши ҳисобланади.
Туркиянинг 12 та йирик шаҳридан (мегаполис) камида 7 таси: Анқара, Измир, Адана, Анталя, Мерсин, Эскишехир, Диярбакирда мухолифат ғолиб чиқди. Анқарада мухолифатчи номзоднинг ғолиб чиқиши рамзий маънога эга – мамлакат пойтахти бўлган бу шаҳарда ПСР чорак асрдан бери ҳукумат тепасида бўлиб келган. Бунда анқарлик сайловчилар, Мансур Явашга (РНП дан номзод) қарши давлат ОАВда жиддий кампания уюштирилганига қарамай, айнан унга овоз бердилар, бу эса ҳукуматнинг «қизиб» кетган сафсатасини қабул қилишни истамай қўйган аҳолининг ишончи жиддий равишда пасайиб кетганлигидан дарак беради.
Ушбу мақола ёзилаётган пайтда Истанбул – мамлакатнинг энг йирик мегаполиси, туркларнинг бешдан бир қисми истиқомат қиладиган шаҳарда ҳали ҳамма нарса ҳал бўлиб улгурмаганди. Бинали Йилдирим, собиқ бош вазир ва парламент раиси, Халқ иттифоқидан номзод, ғалаба қозонгани ҳақида эълон қилиш ва миннатдорчилик изҳор этилган плакатлар илишга ҳам улгурди. Лекин шунга қарамай, якуний натижалар ҳали номаълум, мухолифатдан номзод Экрем Имамоглу Йилдиримдан ўзиб кетгани ҳақида кўп сонли хабарлар бор. Истанбулни бой бериш ПСР учун Анқарани йўқотишдан ҳам кўра кучлироқ рамзий зарба бўлади.
Нима бўлганда ҳам, айни пайтда Истанбул сайловларнинг асосий интригаси бўлиб турибди, чунки унинг натижалари ҳали эълон қилинмаган ва эҳтимол, овозлар қайта саналиши мумкин. Бурса ва Баликэсир каби шаҳарларда ҳам натижалар чегарада турибди, кутилмаган янгиликлар у томондан ҳам, бу томондан ҳам келиши мумкин.
Мухолифат жами камида 7 та янги шаҳарни (аҳолиси 13 млн киши атрофида) ўз назорати остига олди - Анқара, Анталья, Болу, Киршехир, Биледжик, Артвинда ПСР устидан, Адана ва Мерсинда ПНД устидан ғолиб чиқилди. Агар Истанбулдаги ғалаба тасдиқланса, мухолифат 81 та провинциядан 21 тасини қўлга киритади – бу Туркия аҳолисининг қарийб ярми (82 млн кишидан 40 млн) ва Туркия ЯИМнинг 62,1%и демакдир.
Туркиянинг жанубий-шарқий қисмида, курдлар Ширнакида эса ПСР кутилмаганда ғалаба қозонди. Танқидчиларнинг айтишича, бунинг асл сабаби шундаки, Ширнакда туб аҳоли кам қолган, бу ерга РПКга қарши кураш учун олиб келинган қуролли кучлар (полиция, ҳарбийлар, жандармлар) асосан овоз берган. Бундай кутилмаган ўзгаришнинг ҳақиқий сабаблари ҳали ўрганиб чиқилиши лозим, лекин яна бир вариант бор - жанубий-шарқий минтақада консерватив курдлар ДПН коррупцияси ва РПК ни қўллаб-қувватлашдан чарчаган, ҳукумат томонидан тайинланган мэрлар эса (бундай жараён демократик эмаслиги ошкора бўлган ҳолда) шаҳарлар ва провинцияларни бошқаришда энг яхши натижалар кўрсатган.
Дарвоқе, курдлар ҳақида. Халқлар демократик партияси ғарбий минтақаларда номзодлар қўймасликка қарор қилди ва унинг овозлари мухолифатдан номзодларга ўтиб кетди – бу усул жуда муваффақиятли бўлиб, ҳаттоки Истанбул мисолида ҳам яққол кўриниб турибди.
Қолаверса, ҳаттоки Истанбул ҳукмрон партия қўлида қолган тақдирда ҳам, сайлов натижалари шуни кўрсатадики, ПСР оммавийлиги пасайиб бормоқда, Истанбулнинг айрим қисмларида (жумладан, аҳоли энг кўп бўлган Эсенюртда) маъмурият устидан назорат барибир РНП қўлига ўтган. Боз устига, бу сайловлар яна бир бор кўрсатдики, ПСР ультрамиллатчилар билан иттифоқсиз мамлакат миқёсида бир ўзи курашишга қодир бўлган мустақил куч эмас. Истеҳзоли бўлиб кўриниши мумкин, лекин илгари ПСР ҳукмронлик қилган айрим маъмуриятлар устидан назорат энди ПНД қўлига ўтди.
Турк сиёсатшуноси Мурат Йеткин бунга қуйидагича изоҳ берди:
«Сайлов натижалари шуни кўрсатадики, коалицияларга йўл қўймаслик мақсадида ишлаб чиқилган президентнинг ижроия тизими де-факто коалиция ташкил қилинишига олиб келди, чунки ПНД билан симбиотик ҳамкорликсиз ПСР кўпчилик овозни сақлаб қола олмайди».
Истанбулда матбуот анжуманида иштирок этган Эрдўған якшанба куни унинг партияси бир қатор шаҳарларда назоратни йўқотганини тан олди ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга катта эътибор қаратишга ваъда берди. Гарчи ғалаба ҳақида эълон қилган бўлсада (унинг блоки мамлакат бўйича овозларнинг ярмидан кўпини олди), унинг нутқи ғолибона янграмади.
Албатта, ҳозир бизни ғалабага эришиш «у қадар ҳам исталмагани»га ишонтирмоқчи бўлишади. Сайловлар «атиги муниципал», узоғи билан аҳоли фаровонлиги билан шуғулланадиган маъмурлар сайланмоқда, реал ҳукумат эса барибир Эрдўған қўлида қолаверади. Лекин ўзингизни алдашга йўл қўйманг – агар бу сайловлар ҳеч нарсани ҳал қилмаганида ва ҳеч нарсани кўрсатмаганида эди, Эрдўған 50 кун давомида юзлаб минтинглар билан ўзини чарчатмасди (бунда у ҳаттоки номзод сифатида иштирок этмаган ҳам), бош вазир ва парламент раисининг ўзи эса «атиги мэр» бўлишга интилмаган бўларди.
Туркиянинг энг йирик шаҳрида фаровонлик ва тартиб устидан назорат мамлакат ҳукумати тепасига келиш учун ўзига хос трамплин бўлиши мумкинлигини Истанбулнинг собиқ мэри Эрдўғандан бошқа ким ҳам яхшироқ биларди? Туркияда фаровонлик ва тартиб доим катта миқдорлаги пул маблағлари ва якуний ҳисобда сиёсат масаласи бўлиб келган. Масалан, ҳеч ким учун сир эмаски, ПСР назорати остидаги шаҳарларда шаҳар шартномаларининг энг катта қисмини партия билан боғлиқ бўлган пудратчилар олади. Истанбул ва Анқарада доимо шундай бўлиб келган, Измирда эса РНП билан боғлиқ шундай ҳолат қайд этилган.
Натижада, маълум сиёсий кучлар бойиб кетади ва ҳаётий (айниқса, шаҳар) маконини ўзлари учун ўзгартириш имкониятини қўлга киритади
Нимага ундай бўлади? Бунинг сабабларини биз юқорида айтиб ўтдик. Биринчидан, ПСР ҳаддан ташқари «бронзаланиб» кетган. Узоқ йиллар давомида ҳукумат тепасида бўлиш ва давлат аппарати билан битиб кетиш кўпчиликни айнитиши мумкин, ПСР ҳам истисно бўлгани йўқ. Партия сафларида коррупциядан нафақат камолчилар ва «сўл»лар, ҳаттоки оддий турк мусулмонлари, ПСРга яқин бўлган доиралар вакиллари ҳам шикоят қила бошлаганди.
Иккинчидан, мухолифат дарҳақиқат жамланди ва яхши ўйин кўрсатди. Эрдўғаннинг энг оғриқли нуқтаси – иқтисодиётга қарата зарба беришди. Ахир маҳаллий сайловлар асосан иқтисодиёт билан боғлиқ бўлади, қўпол қилиб айтганда, Халқ иттифоқи маҳаллий ҳукумат тасарруфида бўлмаган масалаларни кўтарган бир пайтда - Эрдўған ўз митингларида ҳаттоки Ғўллан тепаликлари ва Крайстчерчдаг отишмалар ҳақида гапирди.
Умуман олганда, парадокс юзага келади - ПСР бу қадар кўп йўқотиб, РНП кўп нарса қўлга киритганининг сабаби шундаки, РНП кун тартиби бунадй «амалий» сайловлар учун кўпроқ мос келадиган бўлиб чиқди – инфляция ва ишсизлик, уларга қарши кураш.
Шу билан бир пайтда, мухолифат консерватив электоратни ҳам ўз томонига жалб қилиш учун кўп ишлар қилди. Бу ерда ҳамма нарса иш берди – Экрем Имамоглу Эйюп Султан масжидида Янги Зеландияда ҳалок бўлганларга атиб Қуръон тиловат қилди, номзодлар жойларда янги Ислом марказлари очишни ваъда қилди, мусулмонлар байрамлари билан тарбиклар янгради. Анқарадаги ғалабани камолчилар (!) баланд овозда такбир ва зикр айтиб нишонладилар.
Умуман олганда, 2023 йил – навбатдаги энг яқин сайловлар йилигача – турк консерваторлари қиладиган ишлар кўп. Яққол кўриниб турибдики, янги консерватив сиёсий куч, эҳтимол Давутўғлу ва Гул билан яратиш вақти келди. Эрдўған ҳам хатолар устида ишлашга ваъда берди, шундай экан, кузатиб борамиз.
Бир нарсани аниқ айтиш мумкин – кечаги ўтган сайловлар шуни кўрсатдики, Туркия 17 йилдан бери нео-усмонлиларнинг зийрак ва оқилона, олға қараб ҳаракатланувчи раҳбарлиги остида янги усмонлилар халифалиги сари ҳаракатланаётгани йўқ. «Янги Турция» 2023 рўй бермайди, у ҳозирнинг ўзида ва шу ерда мавжуд.
Интернетдан
Абу Муслим таржимаси