Ҳизбуллоҳ (Ҳизбуллоҳ - [араб. Аллоҳнинг партияси].) Мазкур ташкилот диний-сиёсий ғоялар чатишмаси асосида вужудга келган ҳарбий-сиёсий ва ҳарбий-террористик ташкилотлардан бири саналади. Аслида шиалик йўналишидаги ҳарбийлашган ҳамда исломий давлат, яъни шариат асосидаги сиёсий тузумни қуришни ўзига мақсад қилиб олган сиёсий партиядир. Партиянинг номи Куръони каримнинг Моида сурасидаги: «Кимки Аллоҳни, Расулни ва имон келтирганларни дўст тутса, албатта, Аллоҳнинг (бу) ҳизби (Шайх Абдулазиз Мансур «Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири»да «ҳизб» сўзини қуйидагича тафсир қилганлар. «Ҳизб» сўзининг луғавий маъноси гуруҳ, партия, тобе кишилар демакдир. Оятдаги Аллоҳнинг ҳизбидан мурод Унинг пайғамбари ва имон келтирган барча мусулмонлардир)чинакам ғолиблардир», (Моида, 56) оятидан олинган. Штаб-квартираси Ливанда жойлашган.
«Ҳизбуллоҳ» идеологиясининг асосида Эрондаги ислом революцияси раҳнамоси Руҳуллоҳ Ҳумайний идеологияси ётади. «Ҳизбуллоҳ» таълимоти ҳам худди Эрондаги каби ислом инқилоби экспорти ғояси асосига қурилган.
Ҳасан Насруллоҳ ўз нутқларида, АҚШ ни бош душман деб атайди. Чунки АҚШ бошқа мамлакатларнинг бойликлари, улардаги нефть захиралари ва ресурсларнинг ўғриси саналади. Шунингучун ташкилотнинг бош шиори «Америкага ўлим!» деб белгиланган.
Канаданинг ташқи ишлар вазири Ҳизбуллоҳни Толибонларга тақлид деб атаган. Канада, АҚШ, Исроил, Форс кўрфази давлатлари, Европа Иттифоқи, Австралия ва Буюк Британия давлатларида Ҳизбуллоҳ террористик ташкилот сифатида баҳоланади. Ташкилот Эрон ва Суриядан молиявий ва ҳарбий ёрдам олади. Ташкилотнинг 1985 йилги манифестида партиянинг истиқболга доир уч бош сиёсий мақсадлари ифодаланган бўлиб, улар, энг аввало Ливандан барча мавжуд мустамлакачиларни ҳайдаб чиқариш, сўнг Фалангларни (Фаланглар - Ливан социал-демократик партияси, яъни «Катоиб»нинг номларидан бири. У асосан христиан-маронитлар манфаатларини ҳимоя қилади. 1036 йилдатаъсис этилган. 1975-1990 йиллардаги фуқаролик урушида кучли мавқега эга бўлган. Урушдан кейин партия фаолиятида тушкунлик даври бошланган. 2011 йилдаги ахборотларга қараганда партия «14 март каолициясига» кирган. «Ҳизбуллоҳ» ҳам мана шу каолиция аъзоси саналади. «Фаланг» сўзи грек тилидан олинган бўлиб, ҳарбий қаторларни ташкил қилиш иборасига тўғри келади.) жинояти учун жавоб беришга мажбурлаш ва Ливан давлатида ислом тузумини ўрнатишдан иборатдир. Баъзи олимларнинг таъкидлашига кўра, ҳозирда Ливанда ҳаракатда бўлган мазкур партия 1982 йилда Эроннинг мана шу номдаги ташкилоти филиали сифатида ташкил этилган.
Ҳизбуллоҳ ҳаракати, ҳақиқатан ҳам Америка ва Исроил ҳукуматларининг олиб борган сиёсатига қарши кайфият кенг тарқалган вақтда Жанубий Ливанни Исроил агрессиясидан муҳофаза қилиш мақсадида Эрондаги Ислом инқилобини ҳимоя қилиш корпуси кўмагида махсус тузилган. 1992 йилда Ҳизбуллоҳ партияси биринчи марта парламент сайловларида қатнашиб, жами 128 та ўриндан 12 та ўрин олган.1996 йилда «Қаҳр-ғазаб шодалари» операциясидан кейин мазкур ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар зонаси аниқланади. БМТ нинг Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига мувофиқ 2000 йил майида Жанубий Ливандан Исроил қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши зарурлиги қабул қилинди ҳамда мазкур ҳудудда Ливан армияси назорати ўрнатилиши даркор эди. Бироқ Ливан ҳукумати овоза қилмасдан мазкур ҳудуд назоратини «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати қўлига топширди. Шундай қилиб, исроил давлати билан Ливан ўртасидаги чегараларни «Ҳизбуллоҳ» эгаллади ва чегара бўйича кучли мудофаа истеҳкомларини бунёд қилди. Бунда улар Исроил томонидан қурилган истеҳкомлардан ҳам жуда унумли фойдаланишди. Бункерлар, қурол омборлари, блиндажлар, кузатув постлари, пулемёт ва снайпер акоплари бир неча ўн километрларгача чўзилиб, улар ўзаро бир-бири билан ер ости тунеллари орқали уланиб кетган эди. Чегара бўйлаб бирваракайига кучли ўт очишга мўлжалланган реактив қуролларни жойлаштириш учун махсус қурилмалар бунёд қилинган эди. Кейинчалик, «Ҳизбуллоҳ» улардан Исроил шимолидаги аҳоли пунктларини ўққа тутишда фойдаланади. «Ҳизбуллоҳ»нинг бугунги кундаги етакчиси Ҳасан Насруллоҳ 2006 йил 23 майда Байрутдаги маърузаларидан бирида, «Ҳизбуллоҳ» ракеталари нишонида бутун Исроил шимоли ётганлигини, мазкур ҳудудда жойлашган барча портлар, ҳарбий базалар, ишлаб чиқариш заводлари ва бошқа объектлар нишон остида эканлиги қайд этиб ўтади. Унинг таъкидлашига кўра, уларнинг ҳарбий кучи 12 мингтадан кўпроқ ракетадан иборат.
2005 йил парламент сайловларида «Ҳизбуллоҳ» қонун чиқарувчи органда ўз вакилларига эга бўлди (128 тадан 23 депутат) ва ҳукумат таркибига партиянинг аъзолари кирди (Муҳаммад Фнейш-энергетика ва сув ресурслари вазири). 2006 йил 12 июлда Ливан чегарасида «Ҳизбуллоҳ» жангарилари томонидан икки Исроил ҳарбий зобитларининг қўлга олиниши натижасида навбатдаги Яқин Шарқ урушига олиб келди. «Ҳизбуллоҳ» бошчилигида «8март» коалицияси (иттифоқи) 2009 йил июндаги парламент сайловларида 128 та ўриндан 57 тасига эгалик қилди. 2011 йилдан бошлаб «Ҳизбуллоҳ» Суриядаги фуқаролар урушида Башар Асад, яъни расмий ҳукумат тарафида туриб ҳарбий тўқнашувларда қурол-яроғ билан қатнаша бошлади. «Ҳизбуллоҳ» АҚШ, Буюк Британия, Нидерландия, Канада, Исроил, Австралия ва Мисрда террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган. «Ҳизбуллоҳ»га тинч аҳоли ҳамда ҳарбийларга қарши террор усулини қўллаган ҳарбий-сиёсий ташкилот деб айб қўйилади. Россияда «Ҳизбуллоҳ» террор ташкилоти ҳисобланмайди.
Ливан армиясининг собиқ генерали Илёс Хоннинг фикрига кўра, «Ҳизбуллоҳ» ливанликлар тарихида биринчи бўлиб Ливан жанубини озод этиш билан араб олами номусини ҳимоя қилган.
Мисрда 2008-2009 йилларда Сами Шиҳоб бошчилигидаги «Ҳизбуллоҳ» тарафдорлари мамлакат ҳудудида бир қанча терактларни уюштираётгани маълум бўлгач, унинг аъзолари оммавий ҳибсга олинади. Миср Интерпол орқали «Ҳизбуллоҳ» раҳбарини халқаро қидирувга берди. «The Financial Times» газетаси хабарига кўра, Миср ОАВлари Насруллоҳни «ҳарбий жиноятчи» деб атайди. Ливан собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририйнинг ҳалокати сабабларини ўрганиш бўйича БМТ Комиссияси вакилининг айтишича, бу қотилликда «Ҳизбуллоҳ» махсус операциялар ўтказиш ва ташкил қилиш бўлимининг қўли бор.
Бугунги кундаги Сурияда юзага келган ҳокимият учун курашда «Ҳизбуллоҳ» Б. Асад тарафдори бўлиб майдонга чиқди ҳамда мазкур масалада Эрон позициясини қўллаб-қуватлади. 2012 йил августда Now Lebanon газетасида таҳририят мақоласи эълон қилинди. Унда «Ҳизбуллоҳ» фаолияти аслида Ливан манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилганлиги масаласи шубҳага олинади. Таъкидланишига кўра, Исроил Ливан учун хавф туғдирмайди. Аслида Исроил «Ҳизбуллоҳ» ҳамда «Фаластинни Озод Қилиш ҳаракати»га қарши фаолият олиб борган. Исроил Ливан ҳудудларини босиб олиш истагидан йироқдир. «Ҳизбуллоҳ» эса Ливаннинг манфаатларини ҳимоя қилиш байроғи остида, аслида Исроилга қарши курашиш ниятидадир.
Баҳрайн 2013 йилда «Ҳизбуллоҳ»ни террорчилик ташкилоти деб эълон қилди.У «Ҳизбуллоҳ»ни баъзи Ғарб давлатлари каби ҳарбий ва сиёсий фракцияларга бўлмайди. Баҳрайн Ташқи ишлар вазири Холид ибн ал-Аҳмад ўз нутқларидан бирида «Ҳизбуллоҳ»нинг етакчиси Ҳасан Насруллоҳдан Ливанни халос этиш фикрини ошкора эълон қилди. Унинг фикрига кўра, Ливанни Насруллоҳдан халос этиш миллий ва диний қарздир.
«Ҳизбуллоҳ» расмий сиёсий ва ташкилий тузилишга эга. Ташкилот диний етакчилар бошқаруви тамойили асосида ўз фаолиятини олиб боради. Баъзи маълумотларга кўра, 2004 йил бошида «Ҳизбуллоҳ»нинг қуролланган гуруҳлари сони 10 та моторлаштирилган, 6 та пиёда аскар батальонидан иборат бўлган. Уларнинг ҳар бирида 250 та жангчи бўлиб, умумий жангчилар сони 4000 та бўлган. Шунингдек, 5 минг захирачи аскарлар тизими мавжуд.
Айрим маълумотларга кўра, 2006 йилда «Ҳизбуллоҳ»нинг мунтазам ҳарбий кучи сони минг кишидан иборат бўлган, захирадагилар билан эса 7 мингдан 11 минггача бўлган. Бошқа баҳоларга қараганда ташкилот таркибида 30 мингга яқин жангчилар мавжуд ва уларнинг учдан бир қисми жуда катта амалий жанговар тажрибага эга.
Ташкилот ҳарбий қисмларида мингдан ортиқ РСЗО русумидаги ўрнатмалар, унга тегишли юз мингдан ортиқ ракеталар, стволли артиллерия, учувчисиз учадиган мосламалар (безпилотник) ва Эронда ишлаб чиқарилган кемаларга қарши ракеталар, бундан ташқари танкларга қарши турли ракета комплексларига, шу жумладан Россиянинг РПГ-29 ва РПГ-78 мосламаларига эга. Тимес газетасининг 28 май 2010 йилда нашр қилган мақоласидаги маълумотларга кўра, «Ҳизбуллоҳ» Сурияда махфий қурол омборларига эга. БМТнинг хавфзилик кенгашининг 1701 резолциясига асосан «Ҳизбуллоҳ» умуман ҳеч қандай қуролга эга бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
«Ҳизбуллоҳ» таркибида Исроилга қарши фаолиятга йўналтирилган алоҳида бўлим ташкил қилинган. Ташкилотнинг хавфсизлик хизмати Исроил ҳудудида қуйидаги йўналишларда фаол ҳаракат олиб боради:
- Чет эл фуқароларни Исроил давлатининг турли тизимларига сингдириш ёки чет эллик ҳужжатига эга бўлганларни террористик актларни амалга ошириш учун тайёрлаш;
- Исроилда яшаётган араблардан фойланган ҳолда мамлакатнинг тарихий обидалари ҳудудида турли террористик актларни содир этиш;
- Исроил ҳудудига қурол ва портловчи воситаларини ноқонуний контрабанда йўли билан олиб кириш;
- Фаластинлик террористик гуруҳларни молиялаштириш.
Баъзи маълумотларга қараганда, фаластинлик жангариларга Исроилнинг ҳар бир ўлдирилган яҳудий фуқароси учун «Ҳизбуллоҳ» юзлаб доллар тўлайди. «Ҳизбуллоҳ» 2004 йил 29 январь ва 22 февралда Исроил ҳудудида террористик актларни махсус молиялаштирган, натижада 10 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам эса жароҳат олган.
Американиниг номли ҳарбий академияси Терроризмга қарши кураш тадқиқот марказининг нашрга тайёрлаган ҳисоботига кўра, бугунги кунда «Ҳизбуллоҳ» Европа ҳудудида ислом инқилоби экспорти таълимоти асосида ҳар томонлама таъминланган ҳақиқий террористик фаолият юритмоқда.
Баъзи хабарларга кўра «Ҳизбуллоҳ» Куба ҳудудида махсус ташқи ҳарбий-сиёсий таянч база қурилишини бошлаган. Мазкур базани яратиш учун бир ярим миллион доллар миқдорда маблағ ажратилган. Мана шундай ташқи таянч базалар яратиш ҳаракатлари Парагвай, Бразилия, Венесуэла, Аргентинада ҳам олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда, Аргентинада «Ҳизбуллоҳ» икки марта Исроил элчихонаси ва яҳудийлар ташкилотлари бинолари олдида террористик актларни амалга оширганлар.
2011 йил 30 июнда Ливан бўйича махсус требунал вакиллари собиқ Бош вазир Рафиқ Харирийнинг 2005 йилда ўлдирилиши бўйича айблов хулосасини Ливан ҳукуматига юборишди. Унда айтилишича, «Ҳизбуллоҳ»нинг 4 та фаол аъзоси бевосита Бош вазирнинг ўлдирилишида иштирок этган. Улар Ливан контрразведкаси бошчилигида ҳаракат қилган.
«Ҳизбуллоҳ» ўзининг «Ал-нур» радиостанцияси ва «Ал-манор» (маёқ) йўлдошли телеканалига эга. Станция Эрон томонидан ажратилган маблағ асосида қурилган. Кўрсатувлар Байрутдан олиб борилади. Ал-манор ўзига нисбатан «қаршилик ҳаракати станцияси» деган номни ишлатади ва ўз фаолиятини «сионист душманларга қарши психологик уруш» сифатида баҳолайди. Кўрсатувларда ташкилот ғоялари асосида ўз-ўзини ўлдириш орқали, яъни ўз жонига қасд қилиш террористик актлари тарғиб қилинади. АҚШ телеканални террористик ташкилотлар рўйхатига киритган.
Шу билан бирга, «Ҳизбуллоҳ» араб мамлакатлари аҳолиси ўртасида болалар учун ислом нормалари, урф-одатлари ва ислом дини қонун-қоидалари тарғиботчиси сифатида нуфузга эга. «Ҳизбуллоҳ» ташкилоти ҳар йили касалхона, алоқа хизмати ва таълим марказларига миллионлаб доллар ажратади. Улардан Эмдада ислом ҳайрия жамияти, марказий Пресс-офис, Ал-Жарга уюшмаси, Жиҳод ал-Бино Қурилиш бирлашмаси шулар жумласидандир. Масалан, Жиҳод ал-Бино Қурилиш бирлашмасининг қайта қуриш дастури кўплаб иқтисодий ва инфраструктура, яъни турли ижтимоий объектларни барпо қилиш проектларини ўзида мужассам этади. «Ҳизбуллоҳ» ижтимоий-таълимий дастурларга бағишланган Ал-Шаҳид ҳайрия институтини ташкил қилган бўлиб, институт ҳалок бўлган жангарилар, улар оилаларини моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг фарзандларини бепул ўқитиш билан шуғулланади. Табиий равишда, махсус ташкил қилинган бундай мактабларда болаларга асосан диний-террористик йўналишда таълим берилади.
Ҳизбуллоҳ
Ҳизбуллоҳ (Ҳизбуллоҳ - [араб. Аллоҳнинг партияси].) Мазкур ташкилот диний-сиёсий ғоялар чатишмаси асосида вужудга келган ҳарбий-сиёсий ва ҳарбий-террористик ташкилотлардан бири саналади. Аслида шиалик йўналишидаги ҳарбийлашган ҳамда исломий давлат, яъни шариат асосидаги сиёсий тузумни қуришни ўзига мақсад қилиб олган сиёсий партиядир.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Фирқа, оқим, тариқатлар
|