close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

«Cалафий»ларнинг адашуви

Бу оқимнинг бошқалардан ажралиб турувчи жиҳати шуки, улар солиҳ салафларимизнинг мазҳабларини инкор қиладилар. Улар машҳур солиҳ салафларнинг (солиҳ аждодларимизнинг) ҳақ мазҳабини инкор қиладилар, бироқ шунга қарамай жоҳил ва беғам мусулмонларни уламо ва фуқаҳоларни «яхши кўрамиз», уларни ниҳоятда «ҳурмат қиламиз» деб алдашга уринадилар.

Авом халқ эса жоҳил. Уларда ҳақни ботилдан ажратишга илм йўқ. Салафийлар ўзларининг даъволарини (бузиб кўрсатаётган далилларини) тасдиқлаш учун фақиҳларнинг фикрларидан танлаб-танлаб, ўзларига тўғри келадиган, «керакли» жойларини ҳужжат қилиб оладилар. Авом халқда эса бу ҳужжат-далилларни текшириб кўриш, мазкур фикрларни тўлиқ англаб етиш имконияти йўқ. Келинг, ана шундай алдовлардан бир намунани кўриб чиқамиз.

ТАҚЛИД

Бир томондан, «салафий»лар тақлидни инкор қиладилар, тақлид ҳақида истеҳзо билан гапирадилар, уни масхара қиладилар, уламо ва фақиҳларга эргашган муқаллидларни (тақлид қилувчиларни) «бошқаларнинг ортидан молдек, итдек эргашувчилар» деб ҳақоратлайдилар. Айни пайтда, улар тақлидни инкор қилиш ҳақидаги ёлғон нуқтаи назарларини тасдиқлаш, истак-ҳоҳишларгагина асосланган ўз фикрларига кўр-кўрона эргашишни асослаш учун яна ўша буюк салафларимиз – уламо ва фақиҳларнинг фикрларини ҳужжат қилиб келтирадилар.
Улар ўз даъволарини исботлаш учун солиҳ салафлар, фақиҳлар ва мужтаҳид имомларнинг қуйидаги машҳур сўзларини далил қилиб келтирадилар:
«Қачон менинг китобимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига қарма-қарши (сўз) топсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини гапирингиз, менинг айтган сўзимни тарк этингиз» (Имом Шофеъий).
«Менинг сўзимга зид келадиган ҳадиснинг саҳиҳлиги маълум бўлса, ҳадисга риоя қилинглар, менинг сўзимни ташланглар» (Имом Шофеъий).
«Ҳадис саҳиҳ бўлса – бу менинг мазҳабим» (Имом Шофеъий).
Ибни Абдил-Барр худди шу сўзларни Абу Ҳанифага ҳам нисбат беради. Буни имом Шаъроний ҳам тасдиқлайди. Аллома Бирий «Раддул мухтор»да Ибн Шуҳбанинг «Шарҳи Ҳидоя» асаридан қуйидаги иқтибосни келтиради: «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, ўша менинг мазҳабимдир» (Имом Абу Ҳанифа).
Бу фикрларнинг саҳиҳлигига шак-шубҳа йўқ. Шунга қарамай, на «салафий»лар, на уларнинг мухлислари мазкур сўзларнинг маъносини тушунмайдилар. Шариатнинг олий даражадаги илмларидан бенасиб тингловчилар қуруқ сўзга ишонадилар, холос. «Салафий»лар «Биз салафларнинг издошимиз» деб даъво қиладилар. Улар «салаф»лар қаторига «қуруни салааса»га (мусулмонларнинг дастлабки уч авлодига) мансуб бўлган уламо ва фақиҳларни қўшадилар. Бу мутлақо тўғри. Аввал саҳобалар, сўнг тобеъинлар, улардан кейин эса табаъ тобеъинлар авлоди келади. Мужтаҳид имомлар - аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мансуб тўрт мазҳабнинг буюк имомлари ҳам салафларнинг бир қисмидирлар.
Бироқ, «салафий»лар тақлидни нима учун инкор қилаётганликларини дуч келган ҳар бир кишига асослаб беришга уринаверадилар. Бунда улар буюк имомлар айтган деб таъкидланаётган юқорида келтирилган сўзларга таянмоқчи бўладилар. Ваҳоланки, мужтаҳид имомларнинг издошлари бўлган мўътабар уламолар бунинг тескарисини исботлаб қўйганлар. Имом Нававий роҳматуллоҳи алайҳи бу фикрларни қуйидагича изоҳлайдилар:
«Имом Шофеъий шундай деган бўлсалар, ким бирор саҳиҳни кўриб қолса, «Бу имом Шофеъийнинг мазҳаблари экан» деб, ҳадиснинг зоҳирий маъносига амал қилиб кетавериши керак, дегани эмас.
Шак-шубҳа йўқки, бу гаплар мазҳабда ижтиҳод қилиш даражасига етган кишиларгагина тааллуқлидир. Бироқ, бунинг яна бир шарти бор. Бу шарт шуки, имом Шофеъий айнан шу ҳадисни билмаганлари ёки унинг саҳиҳлигидан бехабар бўлганларига ўша мужтаҳиднинг ишончи комил бўлиши керак. Бунинг учун эса имом Шофеъийнинг барча китобларини, шунингдек, у зотнинг шогирдларининг китобларини ва бошқа шунга ўхшаш китобларни тўлиқ ўрганиб чиқиш керак. Кўриниб турибдики, бу жуда қийин, мушкул шартдир. Бу шартга жавоб бера оладиганлар ниҳоятда камдир.
Биз изоҳлаётган шартнинг шарт қилиб қўйилишига сабаб шуки, имом Шофеъий ўзлари кўрган, билган кўпгина ҳадисларнинг зоҳирий маъносига амал қилишга журъат қилмаганлар. Шунга қарамай, у зот у ёки бу ҳадисни, унинг ўзига хос хусусиятларини, унинг таъвилини таҳлил қилиш ёки инкор қилиш учун барча ҳужжат-далилларни келтириб қўйганлар (Шундай қилиб у зот бу ҳадисни олмасликка мажбур бўлганлар)» («Иълаус-Сунан», 2-жилд, 225-бет).
Шайх Абу Амир роҳматуллоҳи алайҳи шундай ёзадилар:
«Имом Шофеъий айтган сўзнинг зоҳирий маъносига амал қилиш жуда қийин. Ҳатто ҳар қандай фақиҳга (илмни чуқур эгаллаган малакали олимга) ҳам ҳадисдан ўзи чиқариб олган ҳукмга амал қилиб кетаверишга рухсат берилавермайди» («Иълаус-Сунан», 2-жилд, 225-бет). Шунингдек, «Иълаус-Сунан»да мухаддис Зафар Аҳмад Усмоний роҳматуллоҳи алайҳининг қуйидаги сўзлари ҳам келтирилади: «Имом Шаъроний ҳам бу сўзни (яъни «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, ўша менинг менинг мазҳабимдир» деган гапни) тўрттала имомга ҳам нисбат бериб келтирганлар. Кўриниб турибдики, бу гап Қуръон ва суннатни чуқур англашда ноёб қобилият, истеъдод ато этилган, улардаги очиқ амр ва тақиқларни мукаммал тушунадиган зотларгагина тааллуқлидир» (2-жилд, 226-бет).
Бу фикрни ўз китобларида муҳокама қилган шайх Юсуф ибн Исмоил Набхоний роҳматуллоҳи алайҳи шундай ёзадилар:
«Батаҳқиқ, «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, ўша менинг мазҳабимдир» деган гап тўрттала имомнинг ҳар биридан ривоят қилинган. У зотлар илмда ўзларининг шахсий фикрларидан холис бўла олганлар. Бироқ, бу гап фақат имомларнинг асҳобларига (у зотларнинг мазҳабларидаги фуқаҳоларга) тааллуқлидир. Улар барча диний илмларни мукаммал эгаллаган буюк, мўътабар имомлар бўлишган. Ўз мазҳабларининг энг кучли олимлари бўлган мазкур улуғ имомлардан кейингина бу гап аҳли таржиҳларга (уламоларнинг олий тоифасига) тааллуқли бўла олади. Уларнинг барчаси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган ҳадисларни тўлиқ ёд олган ҳофизи ҳадислар бўлишган, барча мазҳабларнинг далилларини мукаммал билишган. Мазҳаб имомларининг «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, ўша менинг мазҳабимдир» деган гаплари фақат ана шундай зотларгагина тааллуқлидир. Дарҳақиқат, бу улуғ уламолар Имом исбот қилган бир ҳадис билан саҳиҳлиги Имомдан кейин исботланган бошқа ҳадисни мувофиқлаштира олганлар. Фақат ана шундай зотларгина қайси ҳадиснинг саҳиҳроқ, кучлироқлигини, кейин келган қайси ҳадис аввалгисини мансух қила олишини аниқлай олганлар» («Ҳужжатуллохи ъала ъаламийн»).
Ана энди ҳар бир онгли, инсофли, заррача ақли бор кишига «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, ўша менинг мазҳабимдир» деган гап шариатнинг барча илмларини қамраб олган, ижтиҳодда эксперт даражасига етишган, ўз имомларига муқаллидийн бўлган, ҳофизи ҳадислар, илмларнинг манқул ва уқул шўъбаларини чуқур билган буюк фуқаҳоларгагина тааллуқли бўлганлиги кундек равшан бўлиши керак. Улардан сўнг бундай олий тоифали уламолар пайдо бўлмади ва қиёматгача ҳам пайдо бўлмаcа керак. Бу мўътабар зотлар Аллоҳ Таоло хослаб яратган муҳаққиқлар тоифаси эдилар. Улар Аллоҳ Таолонинг шариатини шундай мукаммал тарзда ифодалаб, тартибга солиб бериб кетганларки, ҳақдан тойдиришга уринган бирорта сектант ўзининг ёлғон таъвиллари билан гапини ўтказишга ҳатто орзу ҳам қила олмайди.
Буюк мужтаҳид имомлар юқоридаги гапларни ўз шогирдларига – олий тоифали фақиҳ уламоларга қарата айтганлар, чаламулла «салафий»лар эса уларни таҳорат, намоз ва рўза тутишни энди ўрганаётган авом халққа айтиб юришибди.
Мужтаҳид имомларнинг мазкур сўзларини саводсиз «уламо»ларнинг шогирдлари у ёқда турсин, бугунги куннинг энг кучли олими ҳам ўзига татбиқ қила олмайди. Авом халқ ҳақида-ку гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Бу гаплар ҳатто шариатни бугунги кун учун сақлаб, келажак авлодларга етказиб беришдан иборат оғир вазифа билан шарафли замонавий олимларимизга – «уламои ҳақ»қа ҳам тааллуқлидир. Бугунги куннинг энг юқори малакали олимлари ҳам мусулмонларнинг дастлабки уч авлоди даврида, асри саодатда Исломий илмлар осмонида дадил қадам ташлай олган шариат илмининг машъалалари бўлган буюк олимлар олдида шогирд даражасида ҳам эмаслар.
Ҳадисларни мужтаҳид олимларнинг ҳукмларини билан таққослайдиган даврлар аллақачон ўтиб кетди. Ҳозирги кунда мужтаҳид имомлар чиқарган бирорта ҳукмни тўғрилаш, тузатиш, такомиллаштириш ёки рад этишга қобилиятим бор деган болаларча орзуни кўтариб юриш мутлақо ақлсизликдир. Мужтаҳид имомлар чиқарган ҳукмларга киритилиши мумкин бўлган ҳар қандай ўзгаришлар бир неча асрлар – минг йиллар аввал уларнинг буюк сафдошлари ва шогирдлари томонидан киритиб бўлинган. Дарҳақиқат, залолатга юз тутган «салафий»лар оғир кибр дардига дучор бўлиб, имомларнинг «хато» фатволари шу ўтган минг йил давомида очилмай ётган экан, деган фикрга бориб қолганлар. Буни қарангки, шунча вақт ўтиб, энди Албоний кабиларгина мазҳаб имомларининг «хатоларини» тузатиш «шарафига» муяссар бўлибдилар.

ИМОМЛАРНИНГ КЎРСАТМАЛАРИ

Имомлар нима учун ўзлари чиқарган ҳукмларни саҳиҳ ҳадислар асосида қайта кўриб чиқишни шогирдларига топширганликларини тушуниш учун кўп ақл керак эмас. Ислом шариати – илоҳий кўрсатма маҳсулидир. Бу, ҳар қанча буюк фақиҳ бўлмасин, бирор банданинг фикри маҳсули эмас. Исломнинг илк даврида шариат бобларга тақсимланиб, тартибга солиб чиқилган, китобларга ёзилган эмас эди. Ҳадислар ҳам тўлиқ жамланмаган эди. Ҳадисларни тўплаш даври кейинроқ келди. Имом маълум бир мавзуга оид ҳадисларнинг барчасини билмаслиги табиий ҳол эди. У фақат оятлар ва ўзи билган ҳадислар асосидагина фатво бериши мумкин эди. Бироқ, ўзи чиқарган фатвога зид келадиган саҳиҳ ҳадис топилиб қолса, у дарҳол фикрини ўзгартирар эди. Агар ҳадиснинг саҳиҳлиги ва унинг бошқа жиҳатлари исботланса, имом фатвосини ўзгартириб, бошқа ҳукм чиқарар эди.
Худди шунингдек, агар имомнинг вафотидан кейин ёки у зот йўқликларида бошқа саҳиҳ ҳадис топилиб қолса, у зотнинг сафдошлари ҳам имомнинг кўрсатмаларига биноан, имом аввал чиқарган ҳукмни қайта кўриб чиқиб, унга керакли ўзгаришлар киритар эдилар. Шундай қилиб, тўрттала имомнинг «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, ўша менинг мазҳабимдир» деган сўзлари шариат аҳкомлари ифодаланаётган, ёзилаётган, тартибга солинаётган ижтиҳод даврига оиддир. Шариат пешволари, яъни мужтаҳид фуқаҳолар устозларининг мазкур сўзларига қатъий амал қилган ҳолда барча керакли ишларни аллақачон бажариб бўлганлар.
Шундай қилиб, бугунги кунга келиб, мазкур сўз кучдан қолган. Бунинг оддий сабаби шуки, барча саҳиҳ ҳадислар 1250 йил аввал тўплаб бўлинган. Шариат аҳкомларига киритиладиган ҳар қандай ўзгариш 1250 йил аввал киритиб бўлинган. Имомларнинг бу масалаладаги кўрсатмалари эса фақат тарихий аҳамиятга эга бўлиб, энди амалда қўлланилиши мумкин эмас.
Тўрт мазҳаб имомларининг бирорта хатосини (агар бор бўлса) шу 1250 йил давомида ҳеч ким кўрмай, энди бугунги кунга келиб Албоний деган киши уларни топиб, тузатибди, дейиш ҳақиқатдан ҳам ақлга сиғмайди.

АҚЛ

Авом халқ исломий илмларни чуқур билмаса ҳам, соғлом ақл ёрдамида ҳам ҳақни ботилдан ажратиб олиш мумкин. Ҳақни ботилдан ажратиш учун берилган фаросат мусулмоннинг туғма қобилиятидир. Бунинг учун эса фақат холис ва бетараф бўлиш талаб қилинади, холос. Ана шунда Аллоҳ Таолонинг ёрдами билан ҳидоятга, ҳақ йўлга эришиш мумкин.
Холис мўмин кишига тушуниш қийин эмаски, агар тўрт мазҳаб имомлари адашган бўлсалар, уларга 1250 йил давомида минг-минглаб олим ва фақиҳлар эргашиб келмас эдилар. Агар тақлид Қуръон ва суннатга зид бўлса, сон-саноқсиз уламо ва фуқаҳолар шунча асрлар давомида қандай қилиб бу йўлни тутиб келдилар экан?
Дастлабки уч авлоддан (қуруни салааса) бошлаб бутун уммат залолатда юриб, бугунги кундаги Албоний деган кишигина тўрт имомга тақлид қилишни инкор қилиб, ҳақ йўлда бўлиши мумкинми? Исломнинг илк даврида яшаб ўтган кўплаб фуқаҳолар ҳақми ёки замонамизнинг модернист «салафий»лар оқимими? Ақлингизга холис мурожаат қилинг, албатта ҳидоят нурини кўрасиз.

ТЎРТ ИМОМ

Салафийлар оқими солиҳ салафларимизга бир ёқлама эргашишда катта ўйин қиляпти. Яқинроқ танишсангиз, ўзларини салафилар деб аташса-да, уларнинг солиҳ салафларга эргашмаётганликлари фош бўлади. Улар салафлар қаторига энг яхши авлодларга (хойрул қурун) мансуб уламо ва фуқаҳоларни ҳам киритиладилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, бу авлодлар саҳобалар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлардир. Буни ҳеч ким инкор қилмайди. Агар «салафий»лар солиҳ салафларни яхши кўрамиз, ҳурмат қиламиз деб айюҳаннос солаётган бўлсалар, нима учун ўша солиҳ салафларга тақлидни қоралайдилар?
Айтиш жоизки, барча мужтаҳид имомлар (тўрт имом ва бошқа мужтаҳидлар) қуруни салаасага мансубдирлар. Солиҳ салафларимиз ана ўша зотлардир. «Салафий»лар оқимининг имомлари бўлган ибн Таймийя ва ибн Қайюм роҳматуллоҳи алайҳима эса (салафийлар буни очиқ айтишмайди) солиҳ салафлар қаторига кирмайдилар. Кимларни салафлар дейиш мумкинлигини билиш учун бу улуғ зотлар яшаб ўтган даврларни келтирамиз:

Имом Абу Ҳанифа ҳижрий 80 йил
Имом Молик ҳижрий 94 йил
Имом Шофеъий ҳижрий 150 йил
Имом Ханбал ҳижрий 164 йил.

Мазҳаб имомларининг тўрттовлари ҳам Исломнинг дастлабки даврида яшаб ўтганлар. Шунинг учун ҳам уларни солиҳ салафлар деймиз. Қуръон ва суннатда эргашишга буюрилган зотлар ана ўшалардир. Ибн Таймийя ҳижрий 661 йилда, Ибн Қайюм эса ҳижрий 691 йилда туғилганлар, яъни улар имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳидан деярли олти юз кейин яшаб ўтишган. Демак, «салаф»ий оқимининг икки имомини солиҳ салафлардан олти асрлик тафовут ажратиб турибди. Орадан шунча узоқ вақт ўтган бўлишига қарамай, «салафий»лар бу икки шахснинг таълимотини жуда катта эътибор билан ўрганиб, амал қиладилар.
«Салафий»лар ҳақиқий солиҳ салафлардан бўлган мужтаҳид имомларга эргашувчиларни танқид қилиб, жилд-жилд китоблар ёзишган. Ваҳоланки, бутун умматга бу имомларга эргашиш ҳақида илоҳий кўрсатма бор. Қуръони каримда шундай дейилган:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг» (Нисо сураси, 59-оят).
Ояти каримадаги «ишбошилар» сўзи биринчи навбатда саҳобаларга, сўнг тобеъинлар, сўнгра табаъа тобеъинларга тааллуқлидир. Улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатлари билан шарафланган мўътабар тоифалардир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Одамларнинг яхшилари мен билан яшаганлар, сўнг улардан кейингилар, сўнг улардан кейингилар». (Бухорий, Муслим)
Ана шу давр саҳобалар, сўнг тобеъинлар, сўнгра табаъа тобеъинлар давридир. Ана шу давр салафларнинг давридир. Буни ҳатто ҳозирги «салафий»лар оқими ҳам тан олади.
Қуръони каримда улар ҳақда шундай дейилган:
«Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир.» (Тавба сураси, 100-оят).

Салафларнинг ҳақиқий издошлари кимлар?

«Салафий»лар салафларга тақлид қилишни қоралаш учун Ибн Таймийя ва айниқса у кишининг шогирди Ибн Қайюмнинг (роҳимаҳумаллоҳ) сўзларини оладилар. Уларнинг икковлари ҳам солиҳ салафлар қаторига кирмайдилар. «Салафий»лар Ибн Қайюмга кўр-кўрона эргашиб турган ҳолда, мужтаҳид имомларга – солиҳ салафларга эргашувчиларни сурбетларча қоралайверадилар. Ҳар бир холис, инфосли мўмин ўзи учун бу фикрларни мушоҳада қилиб кўриб, салафларнинг ҳақиқий издошлари аслида ким эканлигини аниқлай олиши мумкин - мужтаҳид имомларнинг муқаллидларими (тақлид қилувчиларми) ёки Ибн Таймийя ва Ибн Қайюмга эргашувчиларми? Шариат солиҳ салафларга эргашишни талаб қилади, Ибн Таймийя ва Ибн Қайюмга эргашишни талаб қилмайди. Шундай қилиб, тўртта имомга тақлид қилаётганларгина салафларнинг ҳақиқий издошлари бўладилар.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Фирқа, оқим, тариқатлар
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase