close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

«Пи ҳаёти» - Худога ишонишга мажбур қиладиган тарих

«Пи ҳаёти» бу – анимация элементларидан фойдаланган ҳолда 3D форматида яратилган Энг Лининг саргузашт драмаси. Фильм Ян Мартелнинг 2001 йил чоп этилган шу ном остидаги китоби асосида саҳналаштирилган. Фильм экран юзини кўриши билан улкан муваффақиятга эриша бошлади. Америка киносанъат институти уни йилнинг ўнта энг яхши кинокартинасидан бири деб атади.

Фильм 11 та номинацияда, жумладан, йилнинг энг яхши фильми номинациясида «Оскар» мукофотига номзод қилиб қўйилди ва 4 номинацияда ғолиб деб топилди. У, шунингдек, «Олтин Глобус» мукофоти учун бир нечта номинацияда таклиф қилинди ва фильмга энг яхши мусиқа учун «Олтин Глобус» ғолиби бўлди.
Лекин буларнинг барчаси қуруқ далиллардир. Аслида қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, «Пи ҳаёти» - барча жиҳатларда ёрқин фильм. У кўп сонли истиоралар ва ёрқин виртуал образлардан ғаройиб эстетик лаззатланиш туфайли фикр-мулоҳазалар учун бой озиқа беради.
Фильм қаҳрамон Пининг қизиқтириб қўядиган ваъдасидан бошланади. У канадалик ёзувчига уни Худога ишонишга мажбур қилган ғайриоддий тарихини ҳикоя қилишга ваъда беради.
Пи французлар ҳукмронлиги остидаги Ҳиндистонда туғилиб ўсган, ҳинду онаси ва атеист отаси томонидан тарбияланган. Ўн тўрт ёшлигида насронийлик ва ислом билан танишган. Турли таълимотлар орқали Худони билиб олишга интилган, ўзи учун уларнинг ҳар бири устунликларини белгилаб олган ва турли диний таълимотлар таомилларига бир вақтнинг ўзида риоя қилган, чунки у «шунчаки Худони севишни истаган».
Сиёсий ўзгаришлар натижасида Пининг оиласи Ҳиндистонни тарк этади ва Канадага кўчиб ўтишга мажбур бўлади. Улар оилавий зоопаркдаги кўп сонли ҳайвонлар билан биргаликда япон юк кемасига ўтирадилар ва бу кема очиқ океанда ҳалокатга дуч келади.

Ҳайвонлар билан боғлиқ воқеа

Пи – бутун кемадан қутқариш қайиғида жон сақлаб қолган ягона одам бўлди. Қайиққа у билан бирга айрим жониворлар: орангутанг, сиртлон, оёғи синган зебра ва Ричард Паркер лақабли бенгал йўлбарси ҳам жойлашиб олди.
Маълум вақт ўтгач, Пи сиртлон қандай қилиб зебрани, ундан кейин эса орангутангни ўлдираётганини чорасиз томоша қилишга мажбур бўлди. Ўз навбатида, сиртлон ҳам Ричард Паркернинг панжалари остида ҳалок бўлади.
Пининг олдида жуда марккаб вазифа бор эди: йўлбарс билан бирга қайиқда тирик қолиш ва жон сақлаш. У қайиқда иккаласи ҳам бирга бўлишига эришиш учун мукофотлаш (сув ва овқат) ёрдамида йўлбарсни қўлга ўргата бошлайди. Лекин Пи бу борада муваффақиятга эришганига қарамай, у очдан ўлмаслик учун озиқа топишнинг аранг уддасидан чиқарди.
Очиқ океанда ўтган бир неча ойдан сўнг улар харита қайд қилинмаган, ўсимликларга бой ва сон-саноқсиз сурикатлар тўлиб ётган оролга келиб қоладилар.
Пи ва Ричард Паркер қорни тўйиб овқатланади. Лекин кейинроқ Пи орол – кечаси ерни кислотадан иборат бўлган тузоққа айлантирадиган йиртқич, этхўр ўсимликнинг макони эканлиги, агар оролда қоладиган бўлса, эртами-кечми уни аянчли қисмат кутишини тушуниб етади; эрта тонгда етарли миқдорда озиқа ва сув олиб, жуфтлик яна йўлга тушади.
Ниҳоят, қайиқ Мексика қирғоқларига бориб тўхтагач, Пи ва Ричард Паркер очликдан озиб-тўзиб, ўлим ёқасига келиб қолганди. Қирғоққа қадам босар экан, Пи дили ғаш ва тушунмаган ҳолда Ричард Паркернинг ҳатто ортига ўгирилиб ҳам қўймасдан джунгли ичига кириб кетишига қараб қолади.
Бош қаҳрамон касалхонага етказилиб, бу ерда у чўкиб кетган кема уларга тегишли бўлган Япониянинг юк ташувчи компанияси вакилларига ўзининг ғаройиб тарихини ҳимкоя қилиб беради. Лекин агентлар унинг ҳикоясига ишонмагач, у ўз саёҳатининг бошқа, ҳақиқатга яқинроқ бўлган вариантини гапириб беради.

Инсон тарихи

Бу вариантга кўра, кема чўкиб кетгач, Пи қутқарув қайиғида бир гуруҳ ҳайвонлар билан эмас, балки онаси, ошпаз ва ярадор япон жангчи билан ўрин олади. Маълум вақт ўтгач, қайиқдаги озиқа миқдори чекланганлиги сабабли очликдан қўрққан ошпаз ҳолсизланиб қоган япон жангчисини, кейинроқ эса Пининг онасини ҳам ўлдиради. Онасининг ўлимидан ғазабланган Пи ошпазни ўлдиради.
Ҳикоянинг бу вариантида Пи ўзининг океанда бошидан кечирган ғаройиб саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилмайди. У воқеанинг мажозий бўлсада, ҳақиқатга яқинроқ бўлиб кўриниши учун фантастик элементларни тушириб қолдиради.

Эҳтимолдан узоқлик

Воқеалар ривожи энг юқори нуқтасига етиб келди. Олдимизда икки хил воқеа: бири - ақл-идрокка асосланган, лекин сийқаси чиққан, иккинчиси эса – ақлга тўғри келмайдиган, мўъжизаларга тўла воқеа.
Аслида, Пи билан бу воқеаларнинг қайси бири рўй берган ўзи? То ҳикоя қилувчи бу саволга узил-кесил жавоб бермас экан, бизнинг олдимизда таҳлил қилиш, қайси бирини танлашимиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўриш имконияти пайдо бўлади. Бу икки воқеадан қайси бирига ишонамиз?
Ёзувчи ўз танловини танлади. Пи эса ҳар нарсага шубҳа билан қаровчиларга ишонч ва эътиқод йўлидаги энг катта тўсиқлардан бири – эҳтимолдан узоқ нарсага ишонишга муваффақият билан «ёрдам беради».
Япон компанияси вакилларининг ҳисоботи чоп этилган газета мақоласида ёзувчи Пи 227 кун очиқ океанда йўлбарс билан бирга бир қайиқда кун кечиргани ҳақида далил ва исбот топади.
Шундай қилиб, фильмда танлов рўй берди. Сиз эса кимсиз: фақат ўз кўзи билан кўрган ва ўз қўллари билан ушлаб кўрган нарсаларгагина ишонадиган одамми? Ёки ҳаётида тушунтириб бўлмайдиган нарсаларга ўрин бўлган, фақат Худонинг мавжудлиги билан изоҳлаш мумкин бўлган мўъжизаларни ҳис қиладиган ва уларга ишонишни афзал кўрадиган одамми?

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Маданият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase