10 август, чоршанба куни УЕФА Суперкубоги учун ўйин бўлиб ўтди ва унда Мадриднинг "Реал" клуби Франкфуртнинг "Айнтрахт" жамоаси билан тўқнаш келди.
Финляндия пойтахти Хельсинки шаҳридаги "Олимпиастадион"да бўлиб ўтган ўйин испан клубининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувни британиялик Майкл Оливер бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб борди.
Учрашувнинг 37-дақиқасида Давид Алаба ҳисобни очди. "Қаймоқранглилар"нинг австриялик ҳимоячиси Франкфуртликлар жарима майдончасидаги тартибсизликдан сўнг ўзини кўрсатди. Иккинчи гол 65-дақиқада ҳужумчи Карим Бензема ҳисобига Винисиус Жуниорнинг узатмасидан сўнг киритилди, бу эпизодда "Айнтрахт" дарвозабони Кевин Трапп муваффақиятсиз ўйнади.
"Реал" - "Айнтрахт" - 2:0
Голлар: Алаба, 38, Бензема, 65
"Реал": Куртуа, Карвахаль (Рюдигер, 85), Милитао, Алаба, Ф. Менди, Модрич (Родриго, 66), Каземиро, Кроос (Тчуамени, 85), Вальверде (Камавинга, 76), Бензема, Винисиус (Себальос, 85)
"Айнтрахт": Трапп, Ндика, Соу, Камада, Роде (Гетце, 58), Туре (Аларио, 70), Борре, Ленц, Линдстрем (Коло, 58), Тута, Кнауфф
Огоҳлантириш: Аларио, 90+2
Таъкидлаш жоизки, Карим Бенземанинг ушбу ўйиндаги голи франциялик футболчининг фаолиятидаги муҳим воқеага айланди. Унинг учун бу "қаймоқранглилар"даги 324-гол бўлди. Бу кўрсаткич бўйича Бензема Раулни (323) ортда қолдирди ва энди "Реал" Мадрид тарихидаги энг яхши тўпурарлар рейтингида фақат португалиялик Криштиану Роналдудан (450) ортда қолмоқда.
Тўртинчи ўринда 50-60-йиллар афсонаси Альфредо ди Стефано (308).
Шунингдек, "Реал" бош мураббийи Карло Анчелотти фаолиятида тўртинчи марта жамоасини УЕФА Суперкубогида ғалабага олиб келганини ҳам қўшамиз.
Бу кўрсаткич бўйича у тарихда мутлақ етакчига айланди. Иккинчи ўриндаги Пеп Гвардиола учта унвонга эга, яна олти нафар мутахассис УЕФА Суперкубогида иккитадан ўйинда ғалаба қозонган.
УЕФА Суперкубоги: турнир ҳақида нималарни билиш керак
УЕФА Суперкубоги Европада еврокубоклар мавсумини очиб берадиган расмий турнир бўлиб, ўтган мавсумдаги УЕФА Чемпионлар Лигаси ва УЕФА Европа Лигаси ғолиблари ўртасидаги битта ўйиндан иборат.
Суперкубокни қўлга киритгани учун "Реал" УЕФАдан 5 млн евро, Франкфуртнинг "Айнтрахт" клуби эса 3 млн евро мукофот пули олади.
Лондоннинг "Челси" клуби ўтган мавсумда "Вильярреал"ни пенальтилар сериясида 6:5 ҳисобида мағлуб етиб, УЕФА Суперкубогини қўлга киритганди (асосий ва қўшимча вақтда ҳисоб 1:1).
Ҳаммаси бўлиб 24 та турли жамоалар Суперкубокни қўлга киритган бўлиб, улардан энг номдорлари Италиянинг "Милан" ҳамда Испаниянинг "Барселона" ва "Реал (Мадрид)" клублари бўлиб, улар турли йилларда 5 тадан кубокни қўлга киритган.
Амстердамнинг "Аякс" клуби УЕФА Суперкубогининг илк ғолиби бўлган.