close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

UFC, ММА ва… Ислом

Мақоланинг бундай номланиши тасодифан эмас, чунки бугунги кунда ММА ва UFC каби ўта урф бўлган қисқартмалар ортида нималар ётишини билмайдиган одамларни топиш жуда ҳам қийин. Спортнинг мазкур қонли турида қатнашчиларнинг майиб мажруҳ бўлишидан виждони азобланмаган ҳолда катта миқдорда фойда олиш мумкин бўлган «олтин кони» топган масс-медиа хўжайинлари билан боғлиқдир бу.

Умуман олганда, соғлиқни мустаҳкамлаш учун спорт билан шуғулланиш исломда доимо рағбатлантириб келинган ва бу ҳаммага маълумдир. Лекин ҳозирги кунда жароҳатланиш даражаси жуда юқори эканлиги сабабли инсоннинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий ҳолатига жуда катта зиён етказиши мумкин бўлган кўплаб спорт турлари пайдо бўлган. Ушбу «ҳалокатли тоифа»га тўлиқ алоқали якка кураш жанг турларининг аксариятини киритиш мумкин бўлиб, уларнинг орасида энг хавфлиси чекловлар энг кам бўлган тур ҳисобланади ва бу ҳозирда бутун дунё бўйлаб ўта машҳур бўлган қоидасиз жанглардир… Маълумки, Ислом ҳар биримизни ўз танамизга эҳтиёт билан, авайлаб муносабатда бўлишга мажбур қилади, бу ўз соғлиғига зиғирча зиён етказилиши мумкин эканлиги туфайли тўлиқ тақиқлашни ифодалайдиган кўп сонли оятлар ва ҳадисларда ўз аксини топган. Табиийки, гап бошқа одамга етказиладиган зарар ҳақида борганда бу тақиқ янада чуқурлашади, чунки ҳар бир шахснинг мулки, танаси ва ор-номуси биз учун тақиқ қилинган. Пайғамбар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадислардан бирида: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқдир”, деганлар. Кўпинча, гап қайсидир тақиқлар билан боғлиқ бўлганда одамлар доимо диний кўрсатмалар етарли бўлганлар ва муфассал асослаб бериш талаб қилинадиган кишиларга бўлинади. Шу муносабат билан биз, одат билан қолган анъанага кўра, мозийга бир назар ташлаб, масалани турли нуқтаи назарлардан кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз. Қани, кетдик!

Қадимги дунё

Ушбу спорт турининг вужудга келиши муштлашиш санъати «панкратион» номи остида машҳур бўлган эрамиздан аввалги 648 йилда Афинада бўлиб ўтган Олимпия ўйинларига бориб тақалади. Жангда ким ғолиб чиққанлиги рақиблардан бирининг таслим бўлиши билан белгиланиб, буни бармоқнинг юқорига қаратилиши ёки қўл билан уриб қўйиш (қарсак уриш) кўрсатарди (айтмоқчи, ғалаба қозониш усуллари борасида амалда ҳеч қандай чеклов бўлмаган). Қоидасиз жанглар дастлабки даври насронийликнинг ҳукмрон динга айланиши, 394 йилда император Феодосий I томонидан олимпия ўйинларида мажусийларга хос аломатлар бўлгани сабабли тўлиқ тақиқланган.

ММА эволюцияси

Вақт ўтиши билан одамлар турли услубларни ўз ичига оладиган жанг тизими яратишга ҳаракат қилишни канда этмаган, лекин барибир бу унчалик оммалашмаган. Ҳаттоки 1976 йилда аралаш якка кураш қоидалари бўйича кимсан Муҳаммад Алининг иштирокидаги блокбастер ҳам спорт оламидаги ушбу экзотик «чатишма»га обрў-эътибор келтирмади. Уйғониш (Ренессанс) анча кейинроқ рўй берди, 1993 йил Колорадо штатининг Денвер шаҳрида бўлиб ўтган UFC (Ultimate Fighting Championship – «Мутлақ жанг чемпионати») раҳбарлиги остида бўлиб ўтган мусобақа 2800 га яқин томошабин ҳамда пуллик томоша қилиш тизими (PPV) бўйича трансляция ҳуқуқини харид қилган 86000 (!) кишини тўплади. Ҳуштак чалинди ва эстафета алангаси ёқилди.

ММА бугунги кунда

Ҳозирги кунда аралаш якка жанг турлари аллақачон спорт соҳасидан спортчининг ўзидан кўра бу ҳаракатлар атрофидаги муҳит ва кимсалар (антураж) муҳим аҳамият касб этадиган шоу оламига кўчиб ўтган. Агар кимдир ушбу спорт турида мардлик ва жасурлик тимсоли энг яхши кўринишда намоён бўлади деб хом хаёлга борадиган бўлса, унинг ҳафсаласини пир қилишимизга тўғри келади. Потенциал жанглар ҳозирги пайтда «қора пиар»,  «Твиттер»да бир-бирини ҳақоратлаш ва кўп сонли матбуот анжуманларида атайлаб уюштириладиган жанжаллар орқали оммалаштирилмоқда. Шахсий хислатлар эвазига эмас, балки айнан юқорида айтилган сабаблар туфайли жангчининг номи машҳур, унинг ўзи эса жуда катта миқдорда пул тўланадиган бўлиб бормоқда.

Жароҳатлар

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кўчада бир-бири билан курашда мусобақалашиб турган икки кишини кўриб қолганда қуйидаги сўзларни айтганди: «Бирингиз уришмоқчи бўлса юз(га уриш)дан сақлансин!» (Бухорий ва Муслим).
Маълумки, Шариатга кўра, ҳаттоки жониворларнинг юзи ҳам ҳам дахлсиз ҳисобланади, энди инсон юзига бериладиган зарбалар ҳақида нима дейиш мумкин, боз устига, бу фақат маънавий зарар билангина чекланмайдиган бўлса. Бош қисмига бериладиган зарбалар кўпинча мия чайқалишига олиб келиши мумкин бўлиб, айрим ҳолатларда юмшоқ тўқималарга ёппасга қон қуйилишига сабабчи бўлади,  бу эса ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Жангда олинган жароҳатлар оқибатида ўлим ҳолатларига келадиган кўплаб мисоллар келтириш мумкин, лекин улар аксарият ҳолларда овоза қилинмайди, чунки бу жуда катта миқдорда текин фойда келтирадиган MMA саноати обрўсига путур етказиши ва антиреклама бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Лекин бевосита спортчининг саломатлиги билан боғлиқ ҳолатларни чиқариб ташлаганда ҳам, бош қисмига бериладиган енгил зарбалар ҳам пироварддида кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, миядаги оқ модда ишлашининг ёмонлашуви, ақлий ва когнитив жараёнлар  бузилиши кузатилиши мумкин. Бу қуруқ гаплар эмас, балки ушбу соҳада бир неча марта ўтказилган тадқиқотлар натижалари билан тасдиқланган. Эксперимент қатнашчилари мияни сканерлаш ва ўзлаштириш бўйича тест топширишдан ўтган. Натижа жуда ачинарли бўлиб чиққан: тўлиқ алоқали якка кураш иштирокчиси бўлган спортчиларда миянинг оқ моддаси ўзгариш даражаси анча паст, тест натижалари эса – энг ёмон бўлган.

Имом Нававий ривоя қиладики: “Уламолар юзга уриш наҳий қилинишининг сабабини изоҳлаб шундай дейдилар: Чунки у гўзалликларни ўзига жамлаган нозик аъзодир. Идрок қилиш воситаларининг аксари унда жойлашган. Уни уришда ўша воситалар ишдан чиқиши, ҳунуклашиши мумкин. Юз ҳамиша кўриниб турганидан, унга берилган кучсиза зарба ҳам билиниб, ошкор бўлиб қолади” («Ал-Фатҳ», 5/216). 90-йиллардан бошлаб қоидасиз жанг иштирокчилари сафларини сезиларли даражада мусулмон-биродарлар ҳам тўлдира бошлаган бўлиб, улар кўп минг кишилик томошабинлар кўз ўнгида рақибларини майиб-мажруҳ қилмоқда. Спортчилар томошабиланлар ва ярим яланғоч қизлар («ринг гёрлз») олдида яланғоч аврати билан чиқишини ҳам айтиб ўтиш ортиқча бўлмайди. Жанг шоуси ҳомийси бўлиб, аксарият ҳолларда ушбу турнирлар бўлиб ўтаётган мамлакатларнинг энг йирик пиво ишлаб чиқарувчи брендлари иштирок этади.

Хотима (Постскриптум)

Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Ўзингга раво кўрган нарсани биродарингга ҳам раво кўр». Модомики, бизнинг ёшларимиз ашаддий ишқивозлик қилаётган бу «санъат»нинг қанчалик ҳалокатли ва зарарли эканлигини тушуниб етмаётган экан, уларнинг ота-оналари қаёққа қараяпти экан? Бу ерда оддий бир нарсани тушуниш зарур: рақибининг соғлиғига зиён етказиш учун машғулотлар пайти ўсмирнинг юраги бағритош бўлибгина қолмайди – у раҳм-шафқат ҳиссидан маҳрум бўлади ва тажовузкор бўлиб қолади. Агар сен одамни ҳушидан кетадиган даражада уришни ўрганаётган бўлсанг, қанақа раҳм-шафқат туйғуси ҳақида гап бўлиши мумкин?

Буларнинг барчаси қон, азоб ва нафрат орқали инсон ўзининг ислом тамойилларига умуман зид келадиган ибтидоий хислатларини намойиш этиб келган гладиаторлар жангларини эслатиб юборади. Бироқ агар бераҳм ва қонхўр омма олдида томоша кўрсатишга мажбур бўлган қадимги гладиаторлар учун бу жанглар гоҳида қулликдан озод бўлишнинг ягона йўли ҳисобланган бўлса, бугунги MMA жангчилари онгли равишда тушуниб етган ҳолда ушбу қонга ботган ва даҳшатли спорт турини раҳм-шафқат ва бағритошлик ўртасидаги чегаралар унинг нурлари остида йўқ бўлиб кетган шуҳрат қозониш ва пул топиш йўли сифатида танлаб олган... Одам Ато авлодларига онг инъом қилган Аллоҳ таоло ўзимизнинг ҳам, ўзгаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўймаслик учун бизни раҳм-шафқатдан маҳрум этмасин...

Камол Муҳаммад мақоласи асосида
Абу Муслим тайёрлади

Яна бир Р.S

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: "Агар бировингиз уришсангиз, юздан эҳтиёт бўлинг”, деганлар. Имом Бухорий ривоятлари.
Ҳофиз айтадилар: “Бу наҳийга ҳад, таъзир ёки одоб бериш учун уришлар киради". (Бу алоҳида мавзу)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Спорт
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase