Дунёда қайси спорт тури энг оммавий ҳисобланади? Албатта, футбол. Тадқиқотларга кўра, 4 миллиардга яқин одам футбол ўйинларини томоша қилар ва мусобақаларнинг боришини кузатар экан.
Мусулмонлар ҳам истисно эмас – барча мусулмон мамлакатларда ўзининг футбол жамоалари, спорт клублари ва севимли ўйинчиларини бор кучи билан қўллаб-қувватлайдиган кўплаб мухлислари бор. Мусулмон ўйинчилар ҳам Европа ва Американинг кўплаб машҳур футбол клубларида тўп суради.
Динимиз ушбу спорт турига қандай муносабатда – футбол ўйнаш, мухлислик қилиш мумкинми, мусулмон ўйинчилар дин ва касбни қандай қилиб бирлаштиради, ва яна кўплаб бошқа масалаларни Аллоҳнинг ижозати билан шу ерда кўриб чиқамиз.
Тарихга назар
Бу ўйин илк бора қаерда пайдо бўлгани аниқ маълум эмас, лекин ишонч билан айтиш мумкинки, футбол тарихи бир неча юз йилликлар давомида мавжуд бўлиб, кўплаб мамлакатларга дахл қилган. Футбол каби тўп ўйинлари кўплаб мамлакатларда оммалашган – бу ҳақида кўп сонли археологик тадқиқотлар далолат беради.
Қадимги Хитойда «цуцзюй» номли ўйин мавжуд бўлган, у ҳақида эрамиздан аввалги иккинчи асрга оид қайдлар топилган. Айнан у замонавий футбол аждодлари орасида энг қадимийси деб ҳисобланиши қабул қилинган.
Японияда бундай ўйин «кемари» деб номланган. Австралия аборигенлари ҳайвонлар терисидан тикилган тўп тепганлар. Шунингдек, Шимолий Америка ҳиндуларида ҳам ўзининг футболга ўхшаш ўйини бўлган. Бироқ замонавий футболнинг ватани Англия ҳисобланади, бу ерда XIX асрнинг 60-йилларида ушбу ўйин ҳозирги кўринишга эга бўлган ва бизга таниш бўлган қоидалар киритилган.
Дастлаб бу ҳаваскор-спортчилар ўйини бўлган, лекин 1882-84 йилларда профессионал футбол клублари пайдо бўлиб, у ерда ўйинчиларга маош тўланарди.
Мусулмон-футболчилар дин ва ўйинни қандай бирлаштирадилар?
Машҳур футболчилар орасида мусулмонлар кам эмас – мисол учун, Зайниддин Зидан, Месут Ўзил, Франк (Билол) Рибери, Николас (Билол) Анелка, Мо (Муҳаммад) Салоҳ каби машҳур ўйинчилар мусулмонлар ҳисобланади. Боз устига, уларнинг кўпчилиги – динга қатъий риоя қиладиган мусулмонлардир.
Мисол учун, Германия терма жамоасининг машҳур ўйинчиси, турк футболчиси Месут Ўзил беш маҳал намоз ўқийди ва ҳар бир ўйиндан олдин Қуръон сураларидан бирини тиловат қилади. Унинг сўзларига кўра, ўйинлар олдидан Муқаддас Қуръон ўқиш унга ўйин учун кўпроқ куч беради.
Инглиз футболчиси, 2005 йил Исломни қабул қлиган Натан Эллингтон ўзи каби ўйинчиларга ёрдам кўрсатиш учун мусулмон футболчилар Ассоциацияси (AMF) ташкил қилган, у ўз дини ҳақида қуйидагиларни ҳикоя қилади:
«Мен барча ислом амалларига риоя қиладиган мусулмонман. Шартнома имзолашдан олдин бу ҳақида албатта ўз менежеримга айтаман. Беш маҳал намоз ўқийман. Машғулотларда одатда бизда намоз ўқиш учун етарли вақт бўлади. Фақат ўйин кунлари, айниқса, қиш мавсумида, намоз вақтлари бир-бирига жуда яқин бўлганда бу бироз қийинроқ бўлади. Ҳалол овқатланишга келадиган бўлсак, бу одатда муаммо бўлмайди, мен ҳалол таом сўрашим билан бунда менга ёрдам беришади. Рамазон ойида рўза тутиш билан ҳаммаси жойида…»
2018 йилнинг ёз мавсуми, Россияда футбол бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтганда кўплаб мусулмонлар олдида рўза тутиш муаммоси пайдо бўлди, чунки машғулотлар ва чемпионатнинг илк ўйинлари саҳардан то қош қорайгунча овқатдан ва ичимликдан ўзини тийиб турадиган муқаддас Рамазон ойига тўғри келганди. Мусулмон футболчилар ўйин ва рўзани қандай қилиб бир-биридан ажратмасликнинг уддасидан чиққан?
«Бизнинг ўйинчилар Рамазон вақтида юкламаларга бас кела олади, бу муаммо эмас. Биз Австралия ва Японияга қарши ЖЧ-2018 саралаш ўйинларини рўза вақтида ўтказганмиз. Бунга ички чемпионат ўйинларини қўшиш мумкин. Кўникиб қолган қолган одам учун ўзини назоратда тутиш қийин эмас», – ҳикоя қилади Саудия Арабистони терма жамоаси вакили.
Мусулмон мамлакатлардан бошқа жамоалар ҳам шунга ўхшаш позицияга амал қилади. Парҳезшунослар улар учун махсус тунги меню ишлаб чиққан бўлиб, унда албатта юқори калорияли хурмо мевалари бўларди. Шарқда ушбу мевалар бежизга «чўл нони» деб аталмайди.
Сафар вақтида диндорларга рўзани тўхатиб туриш ва кейинчалик бошқа вақтга кучириш рухсат этилишига қарамасдан, ўйинчиларнинг аксарияти Россияда бўлиб турган вақтида рўзани тўхтатмасликни афзал кўрди. Боз устига, ўйинчилар рўза режимига шунчалик кўникиб қолишгандики, уни тўхтатиш ўйиннинг бузилиши ва жароҳатларга олиб келарди.
Миср жамоасининг етакчиси Муҳаммад Салоҳ Рамазон ойида рўзани бир неча кунга тўхтатиб турди – у жароҳат олган бўлиб, бу жароҳати туфайли жаҳон чемпионатини ўтказиб юборишига сал қолганди. Футболчиларнинг купчилгиги сафарлар вақтида рўзани давом эттириш маъқул деб ҳисоблайди, чунки уларнниг организми бундай тартибга кўникиб қолган бўлади.
Агар мусулмонлар футбол ўйнашни истасалар, улар қандай қоидаларга риоя қилишлари керак?
Агар сиз ва дўстларингиз бўш вақтингизни футбол ўйнаб ўтказадиган бўлсангиз, бунда ҳеч қандай тақиқ йўқ – динимиз одамларнинг ўз соғлиғи ҳақида қайғуришини ҳар томонлама маъқуллайди. Бироқ диндор одам шуни ёддан чиқармаслиги керакки, у ўзини муносиб тутиши, ўйинга қанчалик берилиб кетган бўлмасин, ўз динини ёддан чиқармаслиги лозим.
1. Ўйин пайти авратни ёпишни унутманг – эркакларда бу тананинг киндикдан тиззагача бўлган қисмидир. Аёлларда эса – юзи, кафти ва товонидан бошқа бутун бадани.
2. Спорт билан шуғулланиш намозни ўтказиб юбориш учун баҳона бўлмаслиги керак. Вақтни шундай режалаштирингки, намоз учун албатта вақт бўлсин.
3. Агар Рамазон ойи давомида спорт билан шуғулланишни давом эттирадиган бўлсангиз, бу туфайли рўзат ўтказиб юборишингиз мумкин эмас. Юқорида айтиб ўтилганидек, ҳатто профессионал футболчилар ҳам, уларга оғир юк тушишига қарамай, Рамазон вақти рўзани канда қилмайдилар. Машғулотларни эрта тонгга ёки аксинча, ифторликдан кейинга, кучингиз кўпроқ бўладиган пайтга қолдиринг.
4. Ғирром ўйнаш, ўйин вақти бошқаларга қасддан жароҳат етказиш қатъиян тақиқланади.
5. Ҳатто жамоангиз ютқазаётган бўлса ҳам, бу рақибларни ҳақорат қилиш, сўкиниш, жанжаллашиш ва уруш бошлаш учун сабаб бўла олмайди. Мусулмон киши доимо одоб-ахлоқ қоидалари ва яхши хулқ-атворни ёддан чиқармаслиги керак. Агар ютган бўлсангиз, Аллоҳга берган ёрдами учун миннатдорчилик билдиринг, ютқазган бўлсангиз – кўпроқ машқ қилиш ва яхшироқ тайёрланиш ҳақида зарур хулосалар чиқаринг.
Агар сиз мусулмон-мухлис бўлсангиз …
Севимли жамоанинг муваффақиятлари учун қайғуриш ва унга омад тилашда ҳеч қандай тақиқлар йўқ. Лекин шуни эсдан чиқармаслик керакки, футбол – атиги ўйин, унда доимо ғолиблар ва мағлублар бўлади. Бугун сизнинг жамоангиз ютиши, эртага эса ютқазиши мумкин, бунда ҳеч қандай қўрқинчли нарса йўқ.
Афсуски, биз тез–тез айрим мухлислар ҳис-туйғулар таъсири остида жоиз бўлган ҳаракатларнинг барча чегараларидан ўтиб, инсон қиёфасини йўқотиши, севимли жамоаси мағлуб бўлганидан сўнг шафқатсиз урушлар уюштириши, автомобилларга ўт қўйиши, стадиондаги трибуналарни ёки дўкон ойналарини синдиришини кузатишимизга тўғри келади. Баъзан бу жиддий жароҳатларга ва ҳатто одамлар ҳаёти қурбон бўлишига олиб келади. Шуни айтиш керакки, бундай хатти-ҳаракатлар мусулмонлар учун мутлақо мақбул эмас.
Агар сиз стадионга йўл олган ёки телевизор қаршисида мухлислик қиладиган бўлсангиз, хулқ-атвор қоидаларини эсдан чиқарманг – ҳакамлар ёки ўйинчиларни, айниқса, ёнингизда ёш болалар бўлса, асло сўкманг. Кўпчилик мухлислар учун футбол ўйинни томоша қилишни спиртли ичимликлар ичишдан алоҳида тасаввур қилиб бўлмайди – лекин бу мусулмонларга тааллуқли бўлмаслиги лозим, бизнинг динимиз спиртли ичимликлар истеъмол қилишни умуман тақиқлайди. Шундай экан, агар бошқаларга ёмон ўрнак бўлишдан қўрқсангиз, стадионга бормай қўя қолганингиз маъқул.
Таъкидлаш жоизки, ўйинни томоша қилиш ҳам намоз вақтини ўтказиб юбориш учун баҳона бўла олмайди – ибодат қилиб олиш учун ўн-ўн беш дақиқа вақт исталган пайт топиш мумкин. Аллоҳнинг олдидаги фарзни асло унутманг.
Спортда пул тикиш ўйинлари
Спортга қизиқиш гуноҳ учун сабаб бўлмаслиги керак. Катта ўйинлар вактида букмекерлик идоралари у ёки бу ўйин натижаларига пул тикиш истагида бўлган шахсларга тўлиб кетади. Бундай нарсалар қимор ўйинларининг бир тури ҳисобланади ва динимиз томонидан тақиқланади.
«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз» (Моида сураси, 90).
Замонавий тотализатор ставкалари ўйин автоматлари каби қимор ўйинларидан асло фарқ қилмайди. Динимиз нуқтаи назаридан, қимор ўйинлари натижасида ютиб олинган пуллар ҳаром саналади, чунки қимор ўйинларининг ўзи ҳаром, бу ҳақида юқорида келтирилган оятда аниқ зикр қилинган.
Шундай қилиб, аниқлаб олдикки, футбол – энг оммавий спорт тури, у ғарб мамлакатларида ҳам, мусулмон давлатларда ҳам жуда оммалашган. Машҳур футболчилар орасида мусулмонлар кўп, жумладан, ислом динининг барча талабларига риоя қиладиган ўйинчилар учун уларнинг бу касби намоз ўқиш, рўза тутиш ва Қуръон тиловат қилишга асло халақит бермайди.
Шу сабабли ҳаваскор-футболчилар, айниқса, спорт билан шуғулланиш вақтида дин талабларига риоя қилишлари, рухсат этилган хулқ-атвор чегараларидан ўтиб кетмасликлари, бу дунёдаги ҳаёт фоний эканлиги, асосий мақсадимиз эса – Аллоҳнинг розилигига эришиш ва келажакдаги абадий ҳаёт эканлигини унутмасликлари лозим.
Анна (Муслима) Кобулова
Абу Муслим таржимаси