Агар шундай аҳоли орасига тақдир сизни ногаҳон жўнатиб қолса, ёки улар орасида дейлик, танишларингиз бўлса, унда от гўшти билан юзма-юз келишингизга тўғри келади. Шундай ҳол юзага келса, қуйидаги маълумотлар сизга асқотиши аниқ.
От гўштининг фойдалари (ҳозирча зарарни қўйиб турайлик)
Яхна от гўшти киши танасини қиздирувчи ва куч тўлдириб, тетиклаштирувчи таъсирга эга деган фикр мавжуд. От гўштининг пўсти эса эркаклик кучини оширади. Бу гўштнинг кўп миқдорда фойдали микроэлемент, витамин ва сувдан ташкил топгани кўчманчи халқлар орасида севимли таомга айлантирган. Шу билан бирга, от гўшти ҳам тўйимли, ҳам парҳезбопдир: бошқа гўштларга қараганда унда олий сифатли оқсил миқдори анча кўп ва у 3 соат давомида ҳазм бўлади – бу мол гўштига қараганда 8 баробар тез демакдир. От гўштининг ёғи ҳам оз бўлади. Тез ҳазм бўлиши ва юқоридаги сабаб туфайли, озишни истаганларга ушбу гўшт тавсия этилади. Қўшимча равишда, бу гўштда органик кислоталарнинг кўп миқдорда бўлиши ошқозон-ичак фаолиятини активлаштириб, уни нормаллаштиради. От гўшти аллергияни юзага келтирмайди. Шу сабабли, бир яшар болалар ҳам уни истеъмол қилсалар бўлади. От гўшти холестерин миқдорни камайтириб, қон айланишини яхшилайди ва юрак-қон-томир тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, ундаги кўп миқдордаги темир ва гемоглобиннинг мавжудлиги сабабидан камқонларга истеъмол қилиш тавсия қилинган. Ва ниҳоят, охирги фойда – кимёвий терапия-даволашдан кейинги радиация зарарини камайтириш хусусиятидир.
От гўштининг ҳам фойда, ҳам зарари
Биринчи навбатда ушбу гўштнинг ҳам фойда, ҳам зарари унинг барралиги ва тайёрланиш усулига боғлиқ: уни сақлаш жуда қийин. Отдаги мавжуд ёғлар худди ўсимлик мойи ва ҳайвон ёғи ўртасида жойлашган бўлиб, у сафро ҳайдаш хусусиятига эга. Шу туфайли, от гўшти жигар касалликлари пайтида ва сариқ касаллигидан сўнг (тезроқ соғайиш учун) тавсия қилинган. Бироқ у ортиқча сафро билан боғлиқ касалликларда зарарли бўлиши мумкин. От гўштининг рационда ўта кўп бўлиши (яъни бошқа гўштлар каби) фойда ўрнинга кони зарардир. От гўштини кўп истеъмол қилиш айниқса юрак-қон-томир органлари (инсульт, гипертония), овқат ҳазм қилиш системаси (диабет), суяк (остеопороз) ҳамда буйраклар учун хавфлидир.
От гўштининг на фойда на зарари
От гўшти ўзига хос тамга эга бўлиб, киши бунга тайёр бўлиши лозим. Баъзиларга у кўкатларнинг таъмини эслатди. Шунингдек от гўшти – хийлагина қаттиқ ҳисобланади, шунинг учун уни тайёрлашда ўзига кўпроқ эътибор талаб қилади: уни маринадлаш стандард усул бўлиб, кейин 2-3 соат қайнатилади. От гўштида трихиноз ва сальмонелла (паразитлар) бўлиши мумкин, шу сабабдан, уни хом истеъмол қилиш тақиқланган ва у тубдан санитар текширувдан ўтган бўлиши лозим.
От гўштининг фойда ва зарарлари ҳақида хулоса
Биринчи қарашда, от гўшти ўта парҳезбоп, аммо «инжиқ» маҳсулот бўлиб кўринди. Шунинг учун, уни истеъмол қилиш мумкин, агарда уни ишончли қўллар тайёрлаган бўлса. Фойда ва зарарнинг дақиқ оралиғи ҳам айнан мана шунда. Шундай қилиб, агар бу мавзуда эътиборли бўлсак, соғлом ҳам бўламиз!
Қўшимча маълумот:
Қозоғистон бош кардиологи, тиббиёт фанлари доктори Махаббат Бекбўсиновага кўра, турмуш тарзини, шунингдек, овқатланиш рационини ўзгартириш ҳисобига ҳафақондан (гипертония) бутунлай халос бўлиш мумкин. Бу ҳақда “Мегаполис” газетаси ёзмоқда.
Махаббат Бекбўсиновага кўра, бешмармоқ ўзининг таъми, таркиби ва тайёрланиш услуби бўйича энг зўр таом бўлиб қолмоқда. Мамлакатимизда 20 асрда ўтказилган тадқиқотлар натижаси бўйича, йилқи гўштида организм учун фойдали бўлган юқори зичликдаги липопротеидлар мавжудлиги аниқланган. “Бизнинг миллий таомимиз ўзиниг таркиби ва тайёрланиш услуби жиҳатидан соғлом саналади. Хамирни гўшт билан аралаштириб бўлмайди, уларни алоҳида-алоҳида ейиш керак, оқсилни углеводлар билан аралаштириб бўлмайди деган гаплар бор. Бироқ мамлакатимиздаги умрибоқий одамларга назар ташлаб кўрайлик, улар асосан бизнинг анъанавий миллий таомларни истеъмол қиладилар, бизда овқатланишнинг шунақа услуби қон-қонимизга сингиб кетган бўлиб, ирсиятимизга ўрнашиб қолган. Бизда бешмармоқ асосан кечки пайтда дастурхонга тортилиши, уни еб бўлгандан сўнг эса ухлагани ётишлари бошқа мавзу. Албатта бунақа овқатни ҳар куни эмас, тушликда ейилса, яхши бўларди”.
Гўштли таом истеъмол қилгандан сўнг шубат (туя сутидан тайёрланган ичимлик) ёки қимиз ичилса, фойдаси жуда катта. Булар ўз таркибига кўра бифидибактерия ва ишқор бўлиб, сийдик кислотасини ташқарига чиқариш ҳамда йўғон ичакдаги чириш жараёнини олдини олиш имкониятини беради.
“Ота-боболаримизнинг турмуш тарзи бутунлай бошқача бўлган: улар гўштли таом еганларидан сўнг отга миниб, чўлда чопиб юришган. Шунинг учун ҳам ҳамма нарса – овқатланишимиз ва жисмоний ҳаракатларимиз мутаносибликда бўлиши лозим”, – дейди мамлакатнинг бош кардиологи.
От гўшти ҳақида
САВОЛ: Мен ҳозирда яшаб-ўқиб турган давлатда турк биродарларимиз билан муносабатларим бор. Улар от гўштини ҳаром деб эътиқод қилишади. Ваҳоланки, мен ўқиган «Ибодати Исломия» китобида: «Отни ейиш мумкин, лекин қурбонликка сўйиб бўлмайди», дейилган. Тўғри ҳукм қайсиниси?
ЖАВОБ: От гўшти ва сути ҳақида кишиларимиз ичида савол кўп бўлиши эътиборидан бу масалани алоҳида зикр қилиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик.
Аввал бу борада келган айрим ҳадисларни ўрганайлик. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни хонаки эшакларнинг гўштидан наҳий қилдилар ва йилқининг гўштига изн бердилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Хонаки эшакларнинг гўшти ҳаром экани.
2. Йилқининг гўшти ҳалол экани.
Асмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида от сўйдик ва уни едик».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Ушбу ва яна шунга ўхшаш баъзи ривоятларга асосланиб, жумҳур уламолар отнинг ҳалоллиги ҳақида иттифоқ қилишган.
Аммо, имом Абу Ҳанийфа ва имом Молик раҳматуллоҳи алайҳимолар от гўштини «макруҳ» деганлар. Улар ўзларининг бу фатволарига «Наҳл» сурасидаги:
«Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур», оятини далил қиладилар. (7-оят).
Уларнинг фикрларича, ушбу ояти каримада зикр қилинган ҳайвонлар ейиш учун эмас, миниш ва зийнат учундир.
Шунингдек, мазкур имомларимиз баъзи бир ҳадиси шарифларда ҳам отнинг гўштини тановул қилишга изн берилмаганлигини эслатиб ўтадилар.
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам от, хачир ва хонаки эшакларнинг гўштини емоқдан қайтардилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Миқдом ибн Адий розияллоҳу анҳудан ҳам шу маънода ривоят келган.
Жумҳур уламолар, жумладан, имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг бош шогирдлари имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимолар ҳам: «От гўшти ҳеч кароҳатсиз ҳалолдир», деганлар.
От гўштининг ҳалоллиги ҳақида қаттиқ турган уламоларимиз, мазкур гўштни емаслик ҳақида келган ҳадислар вақтинчалик, жиҳод учун от минишга ҳожат кучайганда айтилган гаплар бўлиб, кейинчалик насх қилинган, дейдилар.
Энг қизиғи, амалга келганда ҳанафийлар жумҳурнинг, жумладан, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимоларнинг фатволарига амал қилганлар.
Шофеъийлар эса, имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг фатволарига амал қилганлар. Бу, шариатимиздаги ҳурфикрлилик ва кенгчиликнинг бир намунасидир. Шу билан бирга отни қурбонлик учун сўйиб бўлмайди. Чунки, қурбонлик учун фақат мол, қўтос, туя, қўй ва эчки хоҳ эркаги, хоҳ урғочисини сўйиш мумкин, холос. Валлоҳу аълам.