close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Шилқим гениколог (Аёл киши ва эркак гинеколог масаласи)

500 нафар бемор америкалик гинекологни шилқимликда айбламоқда. Уларнинг шикоятлари ўн йилликлар мобайнида эътиборсиз қолдирилган. Жанубий Калифорния университетининг тиббиёт марказининг собиқ гинекологи Жорж Тиндаллни шилқимлик ва жинсий зўрлик қилишда айбланган.

19 октябрь куни 93 нафар аёл улар ўқиган ёки ўқишда давом этаётган Жанубий Калифорния университетига нисбатан жамоавий даъво билан чиқдилар. Улар университет тиббиёт маркази собиқ гинекологи Жорж Тиндалл тиббий кўрик пайтида уларга шилқимлик қилгани, бироқ университет раҳбарияти узоқ йиллар давомида талабалар ва шифокор билан бирга ишлаган ҳамшираларнинг шикоятларига эътибор қаратмаганлигини маълум қилдилар. Бундай ярим йил олдин, 2018 йилнинг май ойида ушбу шифокорнинг номуносиб хулқ-атвори ҳақида яна 52 аёл маълум қилганди; полиция бу ҳолатларни тергов қила бошлади. Бу аёлларнинг орасида етти нафари шифокор устидан судга ариза берди.
Тергов давомида аниқланишича, умумий ҳисобда гинекологнинг ҳаракатлари устидан 500 дан ортиқ аёл шикоят қилган. Университет клиникаси собиқ бош врачи Лоуренс Нейнштейннинг офисида 2000 йилдан 2014 йилгача бўлган даврда Тиндалл устидан беморлар берган камида саккизта расмий шикоят топилди; клиника бу шикоятларга жавоб қайтармаган (Нейнштейн 2016 йил ўлиб кетган). Полициянинг ҳисоблашича, жабрланувчлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин, чунки университетда ишлаган йиллари давомида Тиндалл ўн мингдан ортиқ аёлни тиббий кўрикдан ўтказган.
Жорж Тиндалл – ҳозир у 71 ёшда – Жанубий Калифорния университети тиббиёт марказида 1980-йилларнинг охирларидан ишлай бошлаган ва марказнинг ягона гинекологи бўлиб келган. Унинг устидан дастлабки шикоятлар 1988 йил тушган. Беморларнинг таъкидлашича, шифокор тиббий кўрик вақтида уларнинг ташқи кўриниши ва физиологик хусусиятлари ҳақида камситадиган, шаҳвоний ва ирқий сўзлар айтган, уларнинг вагинасида бармоқлари билан ҳаракатлар амалга оширган (жумладан, тиббиёт қўлқопларисиз), жинсий аъзоларини суратга олган ва баъзида текширув учун тўлиқ ечинишни сўраган. Тиндаллнинг собиқ беморларидан бири шифокор тиббий кўрикларни тез-тез ўтказиб туриш учун ҳомиладор бўлишдан сақлайдиган воситаларга рецептни фақат икки ойга ёзиб берган эканлигини The Los Angeles Times га ҳикоя қилиб берди. Кўплаб қизларнинг айтишича, гинеколог махсус кенгайтиргич киритишдан олдин – гўёки «етарли даражада кенгайганликни тушуниш учун» уларнинг вагинасини бармоқлари билан узоқ «ўрганган» (нашр билан суҳбатлашган бошқа гинекологлар бу мақбул келмадиган амалиёт деб айтдилар).

Гинекологнинг айрим ҳамкасблари The Los Angeles Times га гапириб берганидек, охирги йилларда у атайин хитойлик талаба қизларни танлаган (университетда уларнинг сони тобора ўсиб бормоқда): улар кўпинча инглиз тилида яхши гаплаша олмайди, америка қонунлари ва тиббиёт меъёрларини билмайди, шифокорнинг барча талабларига сўзсиз бўйсунишга мойил бўлади. Гинеколог хулқ-атворидан унга ёрдам берган, лекин унинг хулқ-атворини нопрофессионал   ва шубҳали деб ҳисоблаган ҳамширалар ҳам шикоят қилган.

2013 йил Тиндаллнинг тиббий кўрикларида иштирок этган саккизта ҳамшира шикоят қилганидан сўнг, марказнинг катта ҳамшираси Синди Гилберт гинекологнинг йўл қўйиб бўлмайдиган хулқ-атвори ҳақида клиника бош врачи Лоуренс Нейнштейнга гапириб беради. Унинг таъкидлашича, бундан кейин ҳам қатор йиллар давомида Нейнштейнни мунтазам равишда шунга ўхшаш воқеалар ҳақида хабардор қилиб борган; Тиндалл эса огоҳлантириш билан қутулиб қолаверган. 2016 йил Гилберт университет марказига жинсий зўравонликдан жабрланган аёлларга ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилди – у ерда шифкорнинг ҳаракатлари зўравонлик сифатида баҳоланди.

Тиндалл вақтинчалик ишдан четлатилди ва университетда ички суриштирув ишлари бошланди. Махсус комиссия шифокорнинг ҳаракатлари умумэътроф этилган тиббиёт меъёрларига мос келмаслиги ва уларни беморлар устидан зўравонлик сифатида талқин қилиш мумкинлиги ҳақида хулосага келди. Бир йил ўтгач, университет раҳбарияти гинекологга ўз хоҳиши билан ишдан бўшашга рухсат берди, унга пул компенсацияси тўлади ва бу ҳақида кенг оммага маълум қилмади – жумладан, рўй берган воқеа ҳақида шу каби қонунбузарликларга қарши кураш билан шуғулланадиган Калифорния тиббиёт коллегиясига хабар бермади. Университет бу аризани фақат 2018 йил мартида – Тиндаллга нисбатан айбловларни The Los Angeles Times газетаси текшира бошлагандан кейин берди. Бундан бироз олдин эса гинеколог университетга уни лавозимида тиклашни сўраб мурожаат қилганди.

2018 йилнинг май ойида Жанубий Калифорния университети президенти  С. Л. Макс Никиас университетнинг барча ходимлари ва талабаларига мурожаат билан чиқиб, Тинделлга қўйилган барча айбловлар ҳақида гапириб берди ва университет раҳбарияти штат тиббиёт коллегиясига жуда кеч мурожаат қилганлигини тан олди. «Биз талабалар фаровонлигини уларга ишониб топширадиган кишиларга нисбатан қаттиқ талаблар қўямиз. Гарчи бизда доктор Тиндалл жиноят содир этганлиги ҳақида ҳеч қандай далил бўлмаса ҳам, унинг хулқ-атвори умуман номақул бўлганлигига шубҳа ҳам билдирмаймиз. Бу жамият тамойилларини бузиш ва бизнинг тамойилимизга шармандаларча сотқинлик қилишдир», - дейилади университет раҳбарининг сўзга чиқишида.

8 август куни, бутун америка матбуоти Тиндаллга қарши айбловлар ҳақида гапира бошлагач, ўнлаб аёллар унга нисбатан айблов билан чиққанидан кейин Никиас истеъфо берди. Бир неча ҳафтадан кейин эса Жорж Тиндаллдан тиббиёт лицензияси чақириб олинди. Шифокорнинг ўзи барча айбловларни рад қилмоқда ва унинг ҳаракатлари фақат профессионал ҳаракатлар бўлган деб таъкидламоқда.

Университетга қарши даъво аризаси билан чиққан аёллар манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Джон Мэнли университет васийлик кенгашини бу айбловлар борасида ҳеч қандай изоҳ бермаганлиги учун қаттиқ танқид  қилди: «Улар бир оғиз сўз ҳам айтмадилар. Бундай аёллар сони эса – 500 та. Бирон нарса денг ахир».

Аёл киши эркак гинеколог олдига ташриф буюриши мумкинми?

Савол: Жамиятда аёл кишининг эркак шифокорларга мурожаат  қилиши борасида турли фикрлар мавжуд, айниқса, агарда бу гинеколог шифокор бўлса. Шариатда бунга рухсат берилгани ёки берилмагани ҳақида билишни истардик

Жавоб (Доктор Али Жума):
Шариатга кўра, агар аёл киши эркака маҳрам бўлмаса, қўл панжаси ва юзини истисно қилганда унинг бутун танаси аврат ҳисобланади (бекитилиши лозим бўлади). Айрим олимлар оёқ товонини ҳам бу қаторга киритади. Агар зарурат бўмаса, бегона кишига аёл танасининг санаб ўтилган қисмларидан бошқа барча қисмларига қараш тақиқланади. Фақат шифокор кўриги, ҳомиладор ва туғадиган аёлларга ёрдам қилишни ташкил қилиш ва уколлар истисно бўлиши мумкин. Агар аёл киши бемор бўлса, аввалбошдан шифокор ҳам имкон қадар аёл киши бўлиши лозимлиги кўзда тутилади, чунки бир кишининг худди шу жинс вакили бўлган бошқа киши томонидан текширилиши осон кечади. Агар аёл-шифокор топишнинг имкони бўлмаса, бу ҳолда эркак-шифокор касалга чалинган номаҳрам аёл танасининг (зарурат сифатида) фақат касал бўлган қисмини кўриши жоиз. Бунда у бемор танасининг бошқа аъзоларига қарамасликка ҳаракат қилиши лозим. Худди шу фикрни туғруқ қабул қилаётган ёки гинекологик текширув ўтказаётган аёл шифокорга нисбатан ҳам айтиш мумкин, чунки, шариат қонун-қоидаларга мувофиқ, жоиз нарса зарурат доирасида амал қилади.
Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари бунинг исботи бўла олади: " Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини...” (Нур сураси, 31).
Бу зарур бўлган ҳолатларга келадиган бўлсак, Шариатга кўра, зарурат тақиқланган нарсага рухсат беради...
Аллоҳ таоло айтадики: "… У сизларни танлаб олди. Ва сизга бу динда ҳеч танглик қилмади…" (Ҳаж сураси, 78). Яна: "Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас." (Бақараси сураси, 286).
Нафақат ўлим хавфи, балки беморнинг аҳволи ёмонлашуви ёхуд шифокор хатоси блан боғлиқ хавотирлари ҳам зарурат бўлиши мумкин. Шифокор касбининг ўзига хослиги ҳам шундаки, у беморнинг ҳаёти билан боғлиқ, инсон ҳаёти ҳақида ғамхўрлик қилиш эса Шариатнинг бешта асосий мақсадидан бири ҳисобланади. Бу касаллик ҳолатида жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш лозимлигини англатади. Шу сабабли касалликлар билан боғлиқ қийинчиликлар динда берлиган енгилликларни оқлайди. Шу сабабга кўра шафеийлар мазҳаби ҳуқуқшунослари, шунингдек, бошқа олимлар ҳаттоки у бошқа жинс ёки дин вакили бўлса ҳам, энг юқори малакали шифокорга мурожаат қилиш устуворлигини кўрсатади. Олимлар шунингдек, агар шифокор даволаш учун унинг ҳамкасбларидан кўра кўпроқ пул талаб қиладиган бўлса, бундай шифокор борлиги унинг йўқлиги билан бир хил маънога эга деб кўрсатадилар. Ҳаттоки даволаш учун ўртача ҳақ тўлашни талаб қилган малакали мусулмон шифокор билан бир қаторда бунинг учун камроқ пул тўлашни талаб қиладиган малакали, лекин мусулмон бўлмаган шифокор бўлса, мусулмон кишининг мусулмон бўлмаган малакали шифокорга мурожаат қилишига рухсат этилади.
Лекин шунга қарамай, аёл кишининг қариндоши ёки у ишонадиган киши шифокор кўриги вақтида иштирок этиши зарурлигини кўрсатиш лозим.
Юқорида баён қилинганлар асосида агар унинг профессионаллик даражасига шубҳа билдирилмаса ва бошқа шифокорлардан кўра малакали деб ҳисобланадиган бўлса, аёл кишининг эркак жинси вакили бўлган гинекологга мурожаат қилиши ва унда даволанишига рухсат этилади. Хусусан, туғруқ бу – фавқулодда вазият бўлиб, она ва боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун шифокордан аниқлик ва профессионаллик талаб қилади. туғруқнинг осон ёки қийин кечишини олдиндан айтиш имкони йўқлиги сабабли энг яхши шифокорга олдиндан мурожаат қилиб қўйиш мақсадга мувофиқ.
Аллоҳ таоло энг яхши билувчидир.

www.dar-alifta.org сайти материаллари бўйича
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Саломатлик
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase