close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

COVID-19 пандемияси даврида Рамазон ойида рўза тутиш хавфли эмас

Ўган йили Рамазон ойида рўза тутиш Буюк Британия мусулмонлари орасида COVID-19 оқибатида ўлим ҳолатлари кўпайишига олиб келмади. Британиялик олимлар ҳисоботидан шундай фикрлар келиб чиқади.

Пайшанба куни Journal of Global Health журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра, муқаддас Рамазон ойида рўза тутган мусулмонлар коронавирус инфекциясидан кўпроқ эҳтимоллик билан ўлганликлари ҳақида ҳеч қандай далил-исботлар йўқ.
Маълумки, тўрт ҳафта атрофида давом этадиган Рамазон ойи вақтида бутун дунё мусулмонлари тонгдан то шомгача ҳеч нарса емайдилар ва ичмайдилар.
Буюк Британияда уч миллиондан ортиқ мусулмон истиқомат қилади, улар аҳолининг беш фоизини ташкил қилиб, аксарияти келиб чиқиши Жанубий Осиё мамлакатларига бори тақалади.
Кўплаб мусулмон жамоатлари, бошқа озчиликлар гуруҳлари каби, пандемиядан номутаносиб равишда кучли азият чекишган.
«Натижаларимиз шуни кўрсатадики, Рамазон билан боғлиқ амалиёт COVID-19 дан ўлим ҳолатларига жиддий таъсир этмаган», - дейилади ҳисоботда.
«Озчиликлар жамиятларининг хулқ-атвори ва маданиятга оид урф-одатлари уларнинг пандемияга мойиллик даражаси юқорилигини изоҳлайди, деган шарҳлар кўп эди», - қўшимча қилинади ҳисоботда, айрим британиялик шарҳловчиларнинг Рамазон вақтида инфекциялар авж олиши мумкинлиги ҳақидаги ўтган йилги тахминларига ҳавола қилиб.
«Бу фикрлар далиллар билан асосланмаган. Аксинча, улар соғлиқни сақлашнинг ижтимоий детерминантларида тенгсизликлардан, айниқса, COVID-19 пандемияси даврида ва ундан кейин барча ижтимоий ҳимояланмаган гуруҳлар учун соғлиқ борасида асосий тенгсизик омиллари бўлган турмуш ва меҳнат шароитларида тенгсизликлардан чалғитадилар».
Ҳисобот ўтган йили, Буюк Британиядаги пандемиянинг биринчи тўлқини чўққисидан кўп ўтмай, 23 апрел куни бошланган Рамазон ойида COVID-19 ўлим кўрсаткичларининг қиёсий таҳлилига асосланган.
Масжидларда одатий байрамлар ва умумий ибодатлар умуммиллий локдаун туфайли ой давомида бекор қилинганди.
Тадқиқотчилар Англияда мусулмонлар камида 20 фоизни ташкил қиладиган ўндан ортиқ маҳаллий жамоаларда ўлим даражасини таҳлил қилиб чиқишди.
Уларнинг аниқлашича, Рамазон ойида, бу ерларда ўлим даражаси барқарор камайган.
Бундан ташқари, бу тенденция Рамазондан кейин ҳам давом этди, дейилади ҳисоботда, «мусулмонлар яшайдиган жойларда рўза тутишнинг кечиктирилган салбий таъсири йўқлигини кўрсатиб».
Тадқиқот ҳаммуаллифи Салман Вакар Al Jazeera га айтишича, натижалар Рамазон COVID-19 қурбонларига ҳалокатли таъсир этмаганлигини кўрсатган.
Унинг айтишича, маълумотлар шунингдек, айрим сиёсатчиларнинг «маълум бир жамоатлар, хусусан, мусулмонлар» ўтган йили ҳолатлар сонининг ўсганлиги учун жавобгар деган шарҳларига зид келади.
Бирлашган Қиролликда мусулмонларнинг энг йирик органи бўлмиш Буюк Британия Мусулмонлар кенгаши (MCB) баёнот беришича, ҳисобот кўп жиҳатдан «ўнглар» томонидан қўллаб-қувватланган мусулмонлар Рамазон ойида изоляция қоидаларини бузиши ва инфекциялар авж олишига олиб келиши ҳақида салбий тахминларни инкор қилади.
Бу идрок «таассубга тўла» ва мусулмонларни ҳар нарса учун жавобгар қилишга ҳамда эътиборни улар ва бошқа маргинал гуруҳлар дуч келадиган «соғлиқни сақлаш борасида кенгроқ структурали тенгсизлик»дан чалғитишга қаратилган эди, дейди MCB вакили Омар Бегг.
Пайшанба кунги ҳисобот бу йил 13 апрел куни бошланиши Рамазон ойи бошланишидан бир неча кун олдин эълон қилинган.
«Умид қиламизки, бу Рамазон бидъат ва таасублардан озод бўлади, пандемия томонидан аниқланган тенгсизликларнинг сабабларини бартараф қилиш учун сиёсий даражада прагматик ҳаракатлар амалга оширилади», - деди Бегг.
Вакар Англияда қаттиқ карантин ва тез оммавий эмлаш кампанияси ёрдам берган инфекция суръатларининг пасайишига қарамай, Буюк Британия мусулмонларини муқаддас ой давомида "барча эҳтиёт чораларини кўришга" чақирди.
«Бу айниқса, мусулмон жамоалари COVID ва ўлим ҳолатлари нуқтаи назаридан кўрган номутаносиб таъсир ва вакцинадан фойдаланиш нуқтаи назаридан жуда муҳимдир», - деди Вакар, Буюк Британияда айри мусулмонлар ва бошқа озчиликлар орасида эмлаш борасида шубҳаларни назарда тутиб.
Ҳукуматнинг ўзига келсак, у ҳисоботнинг хулосаларига бевосита изоҳ бермади, бунинг ўрнига «COVID-19 номутаносиб тарзда айрим гуруҳлар таъсир этгани ҳақида аниқ далиллар бор» деди.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Саломатлик
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase