close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Набавий суннатнинг дунёвий фойдаси

Ислом дини 14 асрлик тарихида инсониятни ўзининг мўжизалари билан хайратга солиб келади. Икки олам сарвари, пайғамбарлар хотими Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларининг долзарблик масаласи эса кундан-кунга мусулмонлар орасида ҳам, номусулмонлар орасида ҳам ўз исботини топмоқда.

Маълумки, мусулмонлар орасида янги туғилган боланинг танглайини чайналган хурмо билан кўтариб қўйиш бизга Расули Акрам алайҳиссаломдан қолган суннат амалдир. Абу Мусо разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: «Мен ўғил кўрдим, сўнг уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб бордим. Жаноб Расулуллоҳ унга «Иброҳим» деб исм қўйиб, танглайини хурмо бирлан кўтариб қўйдилар, кейин Оллоҳ таолодан хайру баракот талаб қилдилар-да, менга қайтариб бердилар» деганлар. Бу Абу Мусонинг тўнғич фарзанди эди. Шунингдек, Асмо бинти Абу Бакр разияллоҳу анҳо ривоят қилишларича: «Мен (Абдуллоҳ ибн Зубайрга ҳомиладорлик вақтимда) ой-куним яқинлашиб қолганлигига қарамай, (Маккадан) йўлга чиқиб Мадинага етиб бордим, сўнг Қубода тушиб, ўша ерда кўзим ёриди. Кейин, боламни олиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бордим-да, уни тиззаларига қўйдим. Жаноб Расулуллоҳ хурмо келтирмоқни амр қилдилар, сўнг уни чайнаб боламнинг оғзига тупуриб қўйдилар. Боламнинг оғзига биринчи бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак тупуклари кирди. Кейин, ул зот боламнинг танглайини чайналган хурмо бирлан кўтариб, унга хайр-у баракот тилаб дуо қилдилар. Менинг фарзандим исломда туғилган дастлабки бола бўлиб, унинг дунёга келганидан барча мусулмонлар беҳад хурсанд бўлишди, чунки ғанимлар уларга «Яҳудийлар сизларни сеҳрлаб қўйган, сизлар энди фарзанд кўрмайсизлар!» — деб айтишган эрди».
Ҳадиси шарифда эслаб ўтилган хурмо қадимдан иссиқ ўлкаларда истеъмол қилиб келинади. Хурмонинг бу тури юқори калорияли қуруқ мева сифатида бошқаларидан ажралиб туради. Бу меванинг таркибий қисмига назар ташласак, 100 грамм хурмо 277 ккал куч бера олишини кўрамиз. Таркибидаги углеводларнинг улуши 74,97 граммга тенг бўлиб, углеводлардаги шакар миқдори 88,7% фоизга тенг.
Ҳозирги пайтга келиб, йилига дунё бўйлаб 15 миллион чақалоқ муддатидан олдин дунёга келади. Эрта туғилган чақалоқларнинг аксар қисмида қонда шакар миқдори жуда паст бўлади. Ўз вақтида аниқланиб, даволанмаса, неонатал ҳайпоглукемия (neonatal hypoglycaemia) деб аталувчи бу касаллик мия фаолиятига кучли таъсир қилади. Бу асосан ривожланиш жараёнида ўз сўзини айтади. Асорати ўсиб келаётган ёшларда ақлий қолоқлик кўринишида бўлиши мумкин. Янги туғилган чақалоқларда бу касалликнинг олдини олиш йўлларини такомиллаштириш мақсадида янги зеландиялик бир гуруҳ олимларнинг кенг миқёсли тадқиқоти янги кашфиётга йўл очди. Тадқиқот натижалари The Lancet журналининг 2013 йили, 21 декабр сонида (77-83 бетлар) чоп этилган.
Тадқиқот асносида 2008 йил 1 декабрдан 2010 йил 31 ноябргача бўлган муддат орасида касалхонада туғилган 514та чақалоқлар орасидан 242тасининг (47%) қонида шакар миқдори пастлиги аниқланган ва улардан 237таси синовда иштирок этган. Чақалоқлар 2 гуруҳга бўлинган ва уларнинг ярми тадқиқот давомида танглайига Д-глюкоза (хурмо таркибида учрайдиган шакарнинг бир тури, глюкозанинг дектроротар изомери ҳисобланади) гели суртиш орқали даволанган. Айнан мана шу гуруҳда қўлланган услуб қондаги шакар миқдорини кескин оширишда ва мия фаолиятига еткизиладиган жиддий зарарнинг олдини олишда самарали деб топилган.
Олтита профессор бошчилигида ташил қилинган бу тадқиқотнинг якуний хулосасида, “Д-глюкоза гели билан даволаш услуби жуда ҳам оддий ва камчиқим. Муддатидан аввал ва ўз вақтида туғилган чақалоқларнинг барчасига, неонатал ҳайпоглукемия касаллигини олдини олиш мақсадида, туғилганларидан кейинги биринчи 48 соатда шу услуб қўлланиши керак”, дейилган сўзлар билан Янги Зеландия ва кўплаб дунё мамлакатларини бу услубдан фойдаланишга тарғиб қилинади. Ҳозирги кунга келиб, дунёнинг қатор шифохоналарида бу усул кенг амалда қўлланади. 
Кўриниб турибдики, бутун дунё олимлари ҳар сафар бундай тадқиқот натижалари билан ўзлари тушуниб етмаган ҳолатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини илмий асослаб келмоқдалар. Ислом динининг инсон камолоти учун хизмат қилишига яна бир бор ишонч ҳосил қилар эканмиз, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бизларни мусулмон қилиб яратгани, Муҳаммад алайҳиссаломга уммат қилгани учун унга чексиз ҳамд-у сано айтсак ҳам кам.

Тошкенбой тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Саломатлик
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase