close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Нима учун эркаклар кам яшайди

"Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳар йили инсоният саломатлигини тадқиқ этади. Бу йил ташкилот статистикаси нима учун эркаклар ва аёлларнинг умр узоқлиги фарқ қилиши масаласига бағишланган", - хабар беради немис журнали Der Spiegel .

ЖССТ 2019 йил башоратига кўра, бу йил 141 млн бола дунёга келади, деб ёзади журналист Ирен Беррес. Бунда туғилиш пайти устунлик эркак жинси томонида: 73 млн ўғил бола ва 68 млн қиз бола.
"Одамларнинг умр узоқлиги бутун дунё бўйлаб ўсмоқда. Бугун туғилган ўғил болалар ўртача 70 ёшгача, қиз болалар эса 74 ёшгача яшайди. Бу 2000 йил кўрсаткичидан 5 йилга кўпдир", - қайд этади нашр.
"Соғ-саломат, касалликсиз ўтказилган йиллар сони ҳам ортади. Аёллар 64,8 йилни, эркаклар эса 62 йилни касалликсиз ўтказади".
"Эркакларда умр узоқлиги нисбатан камлигининг сабаблари кўп, - деб ёзади нашр. – 40 та энг кўп учрайдиган ўлим сабабларининг 33 таси эркакларга кучлироқ таъсир кўрсатади. Энг аввало, бу юрак ишемия касаллиги (у аёллар билан таққослаганда эркакларда 0,84 йил кўпроқ олиб қўяди), йўл-транспорт ҳодисалари (0,47 йил), ўпка саратони (0,4 йил) ва ўпка сурункали обструктив касаллиги (ХОБЛ) (эркакларда 0,36 йил кўпроқ олиб қўяди".
"Айрим тафовутларни генетика билан изоҳлаш мумкин, - изоҳ беради Беррес. - Масалан, X-хромосома билан боғлиқ жараёнлар шунга хизмат қиладики, қиз болалар кучлироқ иммунитет тизимига эга. (...) Бошқа сабаблар гендер роллари билан боғлиқ. Эркаклар кўпроқ транспорт секторида кўпроқ ишлаши сабабли улар ЙТҲ қурбонларига ҳам кўпроқ айланишади. Эркаклар учун ЙТҲда ҳалок бўлиш риски 15 ёшдан бошлаб худди шу ёшдаги аёлларга нисбатан икки баравардан ортиқни ташкил қилади".
"Минтақа қанчалик камбағал бўлса, эркаклар ва аёллар ўртасида умр узоқлиги шунчалик кам фарқ қилади, - давом этади журналист. – Буни, энг аввало, ҳомиладорлик билан боғлиқ хавф-хатарлар изоҳлайди. Камбағал мамлакатларнинг 90%дан ортиғида ҳар 1 мингта аёлга 4 тадан кам акушер тўғри келади. Натижада ҳомиладорлик ёки туғруқ туфайли камбағал мамлакатларда ҳар 41 та аёлдан 1 таси вафот этади. Юқори даромадли мамлакатларда 3,3 минг аёлдан биттаси вафот этади".
Бой мамлакатларда умр узоқлиги ўртасидаги фарққа экология ва носоғлом турмуш тарзи ҳам таъсир кўрсатади. Масалан, юқори даромадли мамлакатларда жаҳон миқёси билан таққослаганда кўпроқ спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинади. Бунда 2016 йил эркаклар аёллардан кўра 5 марта кўпроқ тамаки маҳсулотлари ва 4 баравар кўпроқ спиртли ичимликлар истеъмол қилган, хабар беради нашриёт.
Қотиллик ва ўз жонига суиқасд ҳам катта муаммо ҳисобланади. Хусусан, аҳоли сони билан таққослаганда кўпчилик қотилликлар унинг таркибига Шимолий, Марказий ва Жанубий Америка кирадиган америка минтақасига тўғри келади. Жумладан, Россияни ҳам ўз ичига оладиган Европа минтақасида ўз жонига суиқасдлар сони энг юқори. "Эркаклар орасида ўз жонига суиқасд қилиш аёллардаги шу кўрсаткичдан 75% ортиқдир. Бундан ташқари, эркаклар қотиллик натижасида 4 баравар кўпроқ ҳалок бўлади", - ёзади нашр.
Агар эркаклар ва аёллар бир хил касалликлардан азият чекадиган бўлса, эркаклар, қоидага кўра, тиббий ёрдам сўраб кечроқ мурожаат қилади, бу, жумладан, кўплаб асоратлар ривожланишига олиб келади, натижада эркаклар, масалан, ОИТСдан кўпроқ вафот этади, хабар қилади Der Spiegel.

Манба: Der Spiegel
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Саломатлик
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase