close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мусулмон шопоголикми?

Консьюмеризм (истеъмолчилик) замонавий маданиятда худди вабо сингари тарқалмоқда. Кўплаб инсонлар шопинг(харид) учун тўймас машиналарга айланишган, уларнинг ҳаёти савдо марказлари, чегирмалар, янги таклифлар атрофида ўралашиб қолган.

Исломгача бўлган даврда – яъни жоҳилият вақтида – араблар ҳар турдаги бутларга сиғинишган, ота – боболарини буюклаштиришган, уларда қабилачилик, ирқчилик, жинсчилик кенг тарқалган. Қуръон ва Мухаммад пайғамбарнинг (соллоллоҳу алайҳи васаллам) юборилиши нафақат мана шу бузуқ одатларга қарши восита, балки инсониятнинг исталган муаммоларини еча оладиган дастур ҳам бўлди.
Ҳозирги кунимизда биз “янги жоҳилият”ни бошдан кечирмоқдамиз, бут ва санамлар, ота – боболар ўрнига яшаш тарзини бизга машҳурлар белгилаб беришмоқда, аёл рекламада сексуал (жинсий, шаҳвоний) объект сифатида фойдаланилмоқда (тириклайин кўмишга ўхшатмаяпсизми?), ва албатта консьюмеризм (истеъмолчилик) ибодатхонаси (савдо маркази)даги энг муҳим маросим – албатта шопингдир!

Ҳалол ва Ҳаром

Биламизки, кўпчилик ҳар қандай саволга ҳалол ва ҳаром чегараси нуқтаи назаридан жавоб кутишади. Агар сиз улар тоифасига кирсангиз, балки давомини ўқимаганингиз маъқул, чунки сиз қидирган нарсангизни топмайсиз.
Ўз ҳолатингизни ўзингиз кўпроқ билишингизга асосланган ҳолда ҳалол ва ҳаром атамаларидан жавоб қидиришни сизга тақдим этамиз, унинг ўрнига биз пулни сарфлаш ва унга қандай муносабатда бўлишга доир ислом одоб – аҳлоқ қоидаларини ўрганишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Умарнинг огоҳлантируви

 Жобир ибн Абдуллох (розияллоҳу анҳу)дан хабар берилишича: “Бир куни Умар ибн Хаттоб менинг гўшт кўтариб кетаётганимни кўрди”, “Бу нима Жобир?” – деб сўради у. Мен: “Гўшт егим келди ва мен уни сотиб олдим”, - деб жавоб бердим [тахминларга кўра у вақтларда гўшт ҳашамат белгиси бўлган]. “Нимайки ҳохласанг, ҳаммасини сотиб олаверасанми? Сени "Кофир бўлган кимслар дўзахга кўндаланг қилинадиган Кунда (уларга дейилур): «Сизлар ўз ҳузур-ҳаловатларингизни ҳаёти дунёларингиздаёқ кетказдингиз ва улардан фойдаланиб бўлдингиз. Энди Бугун Ерда ноҳақ кибру ҳаво қилганларингиз ва итоатсиз жазоланурсизлар” (Ахқоф сураси, 20 ояти қўрқитмайдими?”
Бунга жавобан кимдир ушбу хадисни раддия сифатида келтириши мумкин:
 “Исрофга йўл қўймай ва такаббурлик қилмаган ҳолда е, ич, кийин ва садақа қил”, деганлар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Бошқа бир ривоятда келтирилишича, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Исроф қилмаган ҳолингизда енглар, ичинглар, кийининглар, чунки Аллоҳ Ўз неъматларини бандаларида кўришни хоҳлайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Қўшнидан қолиб кетмаслик

 Бу ибора кўпчиликка таниш, у сизда мавжуд нарсани (уй – жой, машина, кийим – кечак ва хоказо) қўшнингизда бор нарса билан солиштириш маъносини англатади.
Бу яқиндагилар билан мусобақалашиш учун ўзининг реал эҳтиёжлари ва ҳаттоки моддий имкониятларидан қатъий назар, намоишкорона харид ва сарф – ҳаражатни англатади.
Ижтимоий тармоқлар ва йўлдошли телевидения замонасида “қўшни” яқиндаги қўшни бўлиши шарт эмас, у дунёнинг нариги чеккасида яшовчи исталган инсон бўлиши мумкин.
Аниқланишича, ҳар бир истеъмолчи ўзида бор бўлган нарсадан (агарда бор бўлса) кўнгли тўлмайди ва ўзининг қандайдир шартли “қўшни”си билан мусобақалашишга уринади (ўз тасаввурига кўра), бу чексизликка қадар давом этаверади.
Ҳеч ким ҳасадни замонавий капитализм кашф қилди деб таъкидлай олмайди – бу ҳислат инсон яратилган даврдан бошлаб унга ҳосдир, Қобил ва Хобил воқеасини эслаш кифоядир[1]
Бундан ташқари, эгалик қилиш истаги Одамга яратилганидаёқ солинган эди[2]. Лекин, ўзининг салбий жиҳатларини тан олиш ва уларга қарши курашиш билан ўз ҳаётини, ўзини тенглаштириш ва бошқаларга бўлган қарашларини аниқлаб беришни назорат қилувчи восита бўлишига имкон беришнинг фарқи бор.
Шундай қилиб, “қўшнидан қолиб кетмаслик” принципи консьюмеризм (истеъмолчилик) маданиятини аниқлаб беради.

Либосини ижарага олган бой

Сахихул Бухорийда Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу – Табукда бўлган жангда иштирок этишдан бош тортган бой инсон, росулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳақида ибратли ривоят бор. Мусулмонлар унга 50 кун бойкот эълон қилишган, Аллоҳ томонидан бу масалага ойдинлик киритилмагунича, у билан гаплашиш таъқиқланган эди. Каъб умматдан узоқ муддатга узиб қўйилганидан сўнг, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилди[3] ва росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бу қувончли ҳабарни мусулмонларга етказдилар. Каъбнинг ўзи бу ҳақда нималарни сўзлаб берган?
“Эллигинчи куннинг тонгида уйларимиздан бирининг орқасида намозни адо қилдим. Биз ҳуддики ер бизга торлик қилаётгандай ҳолатда эдик ва менинг кўнглим ғаш эди. Сал олдинроқ мен ўзимга Сал тепалигида чайла қурган эдим ва одатда ўша ерда бўлардим. Ўша ерда мен шу тепаликкача етиб келган қаттиқ қийқириқни эшиттим. Кимдир қаттиқ бақирарди: “Эй Каъб ибн Молик! Хурсанд бўлавер!” Мен юзтубан йиқилиб тушдим, англадимки, озодлик келди. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини адо этиш вақтида одамларга Аллоҳ бизни авф этгани хабарини берибди ва шунда одамлар бизга бу хушхабарни етказишга отланишибди. Менинг иккита биродарларимга одамлар бу хабарни етказиш учун яёв кетишибди. Менга эса одам отда келди.
Аслам авлодидан бўлган хабарчи тоғгача от чоптириб келган – ахир овоз отга қараганда тезроқ етиб борадику. Мен овозини эшитган одам менинг ёнимга етиб келганда, ушбу хушхабарни етказди, мен қувончдан устимдаги иккита кийимни ечдим ва унга ёпиб қўйдим. Аллоҳга қасамки, ўша пайтда менда шундан бошқа нарса йўқ эди. Кейин мен қарзга кийим олиб, уларни кийиб олдим. Сўнгра Аллоҳнинг росули олдига отландим...”.
Бу жуда ҳам ибратли ҳикоя, бой саҳобалар ҳаётидан муҳим бир жиҳатни олишимиз мумкин: демак, уларнинг нима кийсам экан деб ярим соат бош қотирадиган кийим – кечакларга тўла шкафлари бўлмаган! Ҳаммага маълумки, Каъб бой бўлган, бу ҳақда Бухорий томонидан келтирилган ҳикоянинг биринчи қисмида ўқишимиз мумкин.
Шунчаки, аввалги мусулмонларда эҳтиёждан ортиқча кийим – кечак сотиб олиш одати бўлмаган.
Шунинг учун, биз бу дунёда ҳам, абадий ҳаётда ҳам нимагадир эришмоқчи бўлсак, ўз эҳтиёжларимиз, бюджетимиз, сарф – ҳаражатларимиз ҳақидаги тасаввурларимизни қайта шакллантиришимиз талаб этилади.
“(Баҳиллик билан) қўлингизни бўйингизга боғлаб ҳам олманг! (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва ҳасратда қолурсиз”. (Исро сураси, 29)

Манба: About Islam
Абу Муслим таржимаси
 

[1] Моида сураси, 27-31.
[2] Тоҳо, 120.
[3] Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг ер торлик қилиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳ(нинг ғазаби)дан фақат Унинг Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (яъни,тавба қилишга муваффақ бўлмаган эдилар). Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта Аллоҳ тавбаларни Қабул қилгувчи, Меҳрибондир. (Тавба сураси, 118)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Оила
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase