Мобил телефонга ўрнатилган айғоқчи-дастур телефон суҳбатларини ёзиб олиши, СМС мактубларни кузатиши ва уларни керакли манзилга етказиб туриши мумкин. У яна "Контакт"лар рўйхатидан нусха олиши, телефон турган манзил ҳақида аниқ маълумотларни ҳамда телефон атрофида нима бўлаётганини бошқа бегона одамларга эшитиш имкониятини беради. Шу тарзда сизнинг телефонингиз бошқалар учун ҳақиқий "қулоқ"қа айланади (ёки буни ўрисларга ўхшаб "жучок" деса ҳам бўлади).
Корпоратив телефонларда махсус чипли аккумулятор ўрнатилган бўлиб, унинг ёрдамида суҳбатларни тинглаш ва керакли маъалумотларни керакли жойларга етказиш имконияти пайдо бўлади.
Телефонда айғоқчи (шпион) дастур бор йўқлигини қандай билса бўлади?
Одатда бундай дастурчалар ўзини фош қилмайди, яъни уларнинг борлигини билиш жуда қийин масаладир. Бироқ баъзи белги ва аломатлар билан унинг мавжудлигини билиб олиш мумкин.
1. Телефоннинг батареяси жуда тез тугаб қолаверади.
Мобил телефонда айғоқчи дастур ўрнатилганининг асосий белгиси, бу телефон батарея "зарядка"сининг тез тугаб қолаверишидир. Агар телефон аккумулятори доим қизиб турса, бу яхшилик аломати эмас. Бу муаммо балки телефонингиз ўзидан ҳам бўлиши мумкин, лекин шундай бўлса ҳам уни айғоқчи дастур бор-йўқлигига бир текширтириб олиш керак.
2. Телефон ишлашидаги ғалатиликлар
Телефон ўчирилаётганида тўхтаб ё қотиб қолиши, ўз-ўзидан ўчиб-ёниши (перезагрузка) ва чироқларининг ўзидан ўзи ёниб қолиши ҳам сизни хушёрликка чорлаши керак.
3. Телефондаги бегона овозлар
Агар телефон бировлар тамонидан тингланаётган бўлса, бошқа абонентлар билан гаплашган вақтда турли хил ёт товуш ва ҳатто бегона овозларни ҳам эшитишингиз мумкин.
4. Товушнинг эшитилишига халал берувчи шовқин (помех)
Сиз ундан фойдаланмаётган бўлсангиз ҳам аудиоколонка ёнида турган телефон, қандайдир шовқинларни юзага келтириши, телефонингиздаги айғоқчи дастур сизнинг рухсатингизсиз бошқа телефон билан алоқага чиқиб унга қандайдир маълумотларни бераётганидан дарак беради.
5. Абонент билан боғланиш узоққа чўзилса
Агар сиз кимгадир телефон қилсангиз, у билан боғланиш узоққа чўзилса ҳамда у билан алоқани узишда ҳам қандайдир ғалатиликлар рўй берса бу сизнинг телефонингизда бегона қулоқлар ин қуриб олгани билдиради. Бу телефонингиздаги айғоқчи дастур суҳбатга "тиқилиши" учун маълум муддат кераклиги билан изоҳланади.
Ушбу аломатлар борлиги аниқ бўлгач телефон билан ишлайдиган мутахассисга мурожаат қилишни унутманг.
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади