close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Даъватчи ва муаллим учун илмнинг зарурлиги

Қозилик, муфтийлик учун илм керак экан, шу каби даъват, тарбия учун ҳам илм муҳимдир. Аллоҳ таоло элчисига айтади: “Айтинг: «Менинг Йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга - ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро), мен мушриклардан эмасман”. (Юсуф сураси, 108-оят)

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тобеъларидан бўлган ҳар бир даъватчининг даъвати онг билан бўлиши вожибдир. Яъни қилаётган даъвати ҳужжатли бўлиб, нимага даъват қилаётганини ўзи ҳам яхши англаши керак. Нимага даъват қиляпти, кимни даъват қиляпти ва қандай даъват қиляпти.
Шунинг учун раббонийлар ҳақида айтадилар: Раббоний деб ўзи билиб, унга амал қилиб, бошқаларга ҳам ўргатган инсонга айтилади. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти ишорадир:
“Бирор одам учун Аллоҳ унга Китоб, ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан сўнг, одамларга: «Аллоҳга эмас, менга ибодат қилинглар», дейиши жоиз эмас, балки уларга: «(Аллоҳнинг) Китобини (одамларга) таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, Ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар», (демоғи лозимдир)”. (Ол-и Имрон сураси, 79-оят)
Ибн Аббос Раббонийларни улар фақиҳлар, ҳакимлар деб тафсир қилади.
Баъзилар: Раббоний деб одамларга илмнинг каттасини ўргатишдан аввал, унинг кичикларини ўргатадиган инсонларга айтилади, дейишади.
Яна баъзилар: Раббонийлар илмнинг ҳаммасини ўргатишдан аввал унинг жузъларини, аслларини ўргатишдан аввал фаръларини, натижаларини ўргатишдан аввал муқаддималарини ўргатадилар, дейдилар.

Юсуф Қаразовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase