close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Маддохлик – бугунги урчиган иллат!

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Ислом дини инсон жамиятида учрайдиган ҳар қандай иллат ва нуқсонларни муолажа қилувчи таълимот эканлигига ҳеч ҳам шубҳамиз йўқ. Ўзгалар ҳаққига тажовуз қилиш, ўғирлик, йўлтўсарлик, қимор ва бошқа турли маъсиятлар борки, ислом таълимоти бу каби инсонларга зарар берувчи, жамиятни ривожланишдан тўсувчи нопок ишларни қоралайди ва унга қарши курашади.

Замон ўтган сари янги – янги гуноҳ ва маъсият турлари ва йўллари пайдо бўлмоқда. Масалан: Бугунга келиб, пайдо бўлган “Интернет” орқали тинч яшаётган еру хотин ўртасига нифоқ солиш, ёшларни  ҳар хил ўйинлар орқали ўзини ўлдиришга тарғиб қилиш, турли видеороликлар билан ёшларнинг онгини заҳарлаш ва ҳокоза…
21 аср, шундай буюк замон бўлдики, Аллоҳ охир замон бандалари оёғи остига дунё неъматларини тўлдириб ташлашни ваъда қилган эди, шу ваъдани бажарди.  Биз яшаётган фаравон ва тўқчилик ҳаётини илгари яшаб ўтган подшоҳлар ҳам кўрмаган. Худолик даъвосини қилган, малъун Фиръавн ҳам биз каби шохона безатилган дастурхон атрофида ўтириб таом емаган. Биз минган маркаб, биз яшаётган уй, ўтмишда, қасрларда яшаб ўтган подшоҳларнинг орзуси бўлган десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки уйларимиз қасрлардан қиммат ва қулай. Шароитларимиз ҳавас қилгудек. Лекин шунча неъмат ичра яшаётган бўлсакда, тилимиздан шукур, қалбимиздан қаноат тушунчалари ўчиб кетмоқда. Молу давлатимиз қанча кўпайса, яна зиёда бўлишини истаймиз. Бунинг йўлида баъзи кишиларни мақтаб, ундан нимадир олиш ва юлиш пайида бўламиз. Бу иллат бугунги кунимизда тузалмас дардга айланди.  Бу дардни биз “Маддохлик” деб атаймиз.
Маддохлик, зоҳирида зарарсиз кўринсада, аммо ботинида инсон боласини  мутакаббирлик жарига улоқтириб, ўзидан бошқани инсон сифатида кўрмайдиган даражада ман – манлик курсисига мухрлаб, уни Аллоҳнинг рахматидан қувулган шайтоннинг ҳолига туширади. Шундай экан, бу “Маддоҳлик” касали қандай дард? Унинг зарари нима? Ундан қутилиш йўли борми? Шу каби саволларга ислом таълимотидан жавоб излаймиз.
Маддохлик, исломда қораланган иллатлардан бири бўлиб, луғавий жиҳатдан “Мақтовчи” деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда  ҳар кўринган инсонни ўринли ва ўринсиз мақтайверадиган ва ўзгаларни мақташни одат қилиб олган инсонга нисбатан ишлатилади. Бу мақтовлар мақтанилган инсон қалбида секин – аста “Мен ҳаммадан кучлиман ва ақллиман” деган мағрурлик ва манманлик иллатини пайдо қилади. Аллоҳнинг энг катта душмани Фиръавн “Мен сизларнинг олий роббингизман” деган даъвони қилишигача олиб борган нарса маддоҳлик эканлигини унитмайлик. Миср халқи уни ҳамма ишини “Тўғри қилдингиз” дея хато ишларига кўз юмишлари натижасида уни шу даражага олиб боришди.  Чунки баъзан инсон “Бу тўғри бўлди” деган иши айни хато бўлиши ҳам мумкин. Шундай экан, баъзи баъзида ён атрофдаги кишилар унинг мана шу хатоларини тез – тез кўрсатиб турса, ўзининг хато қилиши мумкин эканлигини биладида, манманликдан узоқ бўлади.
Узоқ ўтмишда Бани Исроил халқи Узайр алайҳис саломни мақтаб – мақтаб, охири “Узайр Аллоҳнинг ўғли” дейишгача борган бўлсалар, уларнинг зурриётлари Ийсо алайҳис саломни мақташиб “Ийсо Аллоҳнинг ўғли” деб залолатга кетишди. Уларнинг бу каби хато ишлари ҳаддан ортиқ маддоҳлик қилишларининг натижасидир.
Ҳатто инсонлар орасида барча мақтовларга лойиқ бўлган, сўзласа  ҳавосига суяниб эмас, балки ваҳийни гапирадиган зот, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Мени Носоролар Ийсони мақтаганларидек мақтаманглар, албатта мен Аллоҳнинг қулиман. Балки мени Аллоҳнинг қули ва элчиси денглар” деб умматини мақташдан қайтарганлар.
Имом Бухорийнинг саҳиҳларида Абу Мусо ал-Ашъарий (р.а) дан ривоят қилинган ҳадисда келади. Абу Мусо ал-Ашъарий айтадилар: “Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бир киши бошқа бирини муболаға қилиб мақтаётганларини эшитдилар. Шунда мақтовчига қараб: “Ўртоғингни ҳалок қилдинг ёки белини синдирдингку” дедилар”. Имом Бухорийнинг саҳиҳларида Абу Бакр Сиддиқ (р.а) дан ҳам шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилинади. Абу Бакр Сиддиқ (р.а) айтадилар: “Бир киши Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга бошқа бир кишини ҳаддан ортиқ мақтади. Шунда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сенинг ҳолинга вой бўлсин! Ўртоғингнинг бўйнини уздингку” дедилар” дейди.
Буюк муҳаддис Абул Аҳвас Имрон ибн Муслимдан, у эса Иброҳим Таймийдан, у эса отасидан ривоят қилиб айтади. Отаси айтди: “Биз Умар ибн Хаттоб (р.а) билан ўтирган эдик. Бир киши даврамизга кириб келди ва ўзининг қовмидан бўлган бирини ўзига мақтай кетди. Шунда Умар (р.а): “Ўртоғингни майиб қилдинг. Аллоҳ ҳам сени майиб қилсин” деди” деб айтиб берган эканлар.  Бир куни Усмон ибн Аффон (р.а)ни бир киши кириб, Усмон (р.а)ни мақтай кетди. Шунда Миқдод ибн Асвад (р.а) тиз чўкиб, ердан тупроқ олиб, Мақтаётган кишининг юзига сепа бошлади. Шунда Усмон ибн Аффон (р.а): “Нима қилаяпсан эй Миқдод?” деди. Шунда Миқдод: “Албатта Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Маддохларни кўрсаларингиз, уларнинг юзларига тупроқ сепинглар” деганларини эшитган эдим. Эй Амирал Мўъминин! Бунинг маддохлигини кўрмадингизми” дедилар.
Юқоридаги мақталаётган кишилар оддий шахслар бўлмаган, балки ислом умматининг подшоҳлари, қолаверса Пайғамабримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг буюк саҳобалари бўлганлар. Улар тўғрисида Сарвари коинот саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг саҳобаларим Осмондаги юлдузлар кабидир. Қайси бирига эргашсаларингиз ҳам, ҳидоят топаверасизлар” деб мақтаганлар. Демак мақталаётган саҳобалар ўзлари мақтовга лойиқ бўлсаларда бир – бирини мақташдан қайтарган эканлар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Бир бирларингизни мақташдан сақланинглар. Чунки у сўйишдир” деганлар.
Маддохлар бир кишини мақта – мақтаб, манманлик чўққисига чиқариб қўйса, у инсоннинг бу чўққидан тушиши жуда оғир бўлади. Бунга тарихда мисоллар кўп. Бани Исроил ўзларининг орасидаги Қорун исмли кишини ҳам мақтаб – мақтаб мутакаббир қилиб қўйган. чунки Аллоҳ таоло унга кўп бойлик берган эди. Ҳатто унинг олтинларининг ҳисоби чексиз бўлиб, хазинахоналарининг калитларининг ўзи  60 та эшшакка юк бўлди. Одамлар унинг бойлигига ҳавас ва умид қилиб, уни мақташар, у эса гўёки бу бойликларни Аллоҳ унга синаш учун бераётганини унитиб, бу бойликларга ўзининг меҳнати билан эришаётгандек фахр ва кибр отига минар эди. Қорун маддох қовмининг мақтовлари билан ҳаддан ортиқ кибрга кетиб қолгач, унинг қовмидан баъзи кишилар: “Фахрланма, албатта Аллоҳ фахрланувчиларни севмас” деб огоҳлантиришди. Бу огоҳлик унга фойда бермади. Натижада Аллоҳ Қоруннинг ўзини ҳам, олтинларини ҳам ерга юттирди.
Инсонларда пайдо бўладиган риё, сумъа ва хўжакўрсин каби ёмон иллатлар мақтовларнинг натижасидир. Агар маддохлик бўлмаганда мана шу каби иллатлар бўлмас эди.
Мақтовни биз умуман ёмонламоқчи эмасмиз. Мақтовни баъзи ўринларда ишлатиш лозим. Мақтовга арзийдиган инсонлар бор, арзимайдиганлари бор. Маддоҳлар эса шуларни ажрата олмайдиган кишилардир. Масалан: Ёш болалар бирор яхши амал қилса, уларни янада рағбатлантириш ва қизиқтириш учун мақтаса бўлади. Аммо шу боланинг ҳам ёши катта бўлиб борган сари уни кибр ва фахрга олиб бориб қўймаслиги учун мақтовни ҳам чеклаш ёки маълум замонларга қайдлаш лозим.
Қолаверса Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобаларини юзларига ҳам ортларидан ҳам мақтаганлари тўғрисидаги ҳадислар кўп келган. Масалан: Абу Бакр Сиддиқ (р.а) ни юзларига қараб айтганлар: “Эй Абу Бакр! Мен сизни қиёмат куни жаннатнинг барча эшикларидан чақириладиган киши деб умид қиламан” деганлар. Бошқа ҳадисларида: “Сиз изорини судровчи мутакаббир кишилардан эмассиз” деганлар.  Умар (р.а)га ҳам қараб: “Эй Умар! Агар шайтон сенга йўлда дуч келиб қолса, ўзига бошқа йўл топиб кетади” деб мақтаганлар.
Агар кимдир, Мақташдан қайтариш тўғрисидаги ҳадис билан Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари саҳобаларини мақтаганликларини қандай тушинамиз?” деб савол қилса, унга ҳадис уламолари қуйидагича жавоб берилади.
Уламолар иккала ҳадисни бир – бирига мувофиқлаштириб: “Агар айтилаётган мақтов – иймон ва ишончнинг камолати тўғрисида бўлиб, мақталган кишини фитнага солиб, кибрланишга олиб бормайдиган мақтов бўлса жоиз. Агар бу мақтов сабабли мақталаётган киши кибрга, гуноҳу маъсиятга кетиб қоладиган бўлса, мутлоқ жоиз эмас” деганлар.
Уламолар мақташнинг уч тури бор дейдилар.

1. Бир инсонни, унинг ўзига ва юзига доимо бўртириб мақташ – энг ёмон мақташдир. Бундан қаттиқ наҳий қилинган.
2. Бир инсонни йўқлигида мақтайди, аммо бу мақтов унга етиб боришини билатуриб мақтайди – бу ҳам наҳий қилинган мақтовдир.
3. Бир кишини йўқлигида мақташ, бу мақтов унга етиб бормаслигини била туриб мақташдир – бу зарари бўлмаган мақтов бўлиб, инсонлардан бундан қайтарилмаган.

Аммо кишининг қўлидаги Аллоҳ ато қилган неъматни мақтаса,  бу мақтовнинг зарари бўлмайди қачоники шу неъматнинг эгаси бу мақтов билан кибрланиб қолмаса.
Энди савол туғилади. Нега энди Маддоҳларнинг юзига тупроқ сепиш керак? Нега айнан тупроқ? Унинг ҳикмати нима? Аслида бир кишини мақтаётган маддоҳ, ундан қандайдир дунёвий бир манфаат умид қилиб, мақтаётган бўлади. Уламолар айтадики, унинг юзига тупроқ сепишдан мурод – ўзи мақтаётган кишидан кўнглини совитиш ва умидини кесиш учундир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг “…юзига тупроқ сепинглар” деган сўзини, баъзи уламолар “уни умид қилган нарсасидан махрум қилинглар” ёки “унинг қўлини тупроқ билан тўлдиринг”деган маънодадир, бу “Итнинг пулини сўраган кишининг қўлини тупроқ билан тўлдиргин” деган ҳадисга ўхшади деб айтганлар.
Бошқа уламолар эса “Унинг қўлига шундай мол бериб, мақташдан тўхтатингларки, у мол тупроқдек қадрсиз бўлсин” деган, яъни унга шундай мол берилсинки, мақтаганига пушаймон бўлиб, маддохликдан қайтсин деган маънода келган дейдилар. Баъзи уламолар эса “ҳақиқий тупроқ сепиш маъносида келган, уни бошқа маънога буришга ҳожат йўқ” деганлар. Маддоҳнинг юзига бошқалар тупроқ сепса ҳам бўлади. Агар мақталаётган кишининг ўзи томонидан тупроқ сепилса, бу янада аъло бўлади. Шунда маддоҳ ўзи мақтаётган кишидан бутунлай кўнгли совуб, уни ҳеч қаерда мақтамай қўяди дейдилар.
Умуман олганда маддохлик қилиб, бошқаларнинг мурувватини таъма қилиш жуда ҳам ҳақир амал ҳисобланар экан. Айни бугунги кунда баъзиларнинг маддохликлари ўта ошиб тушаётгани ҳеч кимга сир эмас. Азизлар бизни Аллоҳ ўзининг каломида мақтаган умматмиз. Яъни Аллоҳ каломида айтади: “Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Яхшиликка буйирасизлар. Ёмонликдан қайтарасизлар…..” деб марҳамат қилди. Демак энг гўзал сифатимиз шу экан, шунга кўра бир – бирларимизни мункар ишдан қайтариб, яхши амалларга чақириб яшаш барчамизга насиб бўлсин.

Манба

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase