Ҳокимият ва тақсимотнинг кучли иерархиясини ташкил қилиш, империяча пафос, буржуа давлатлар кучлари билан музокаралар олиб бориш (улар билан жанг қилиш эмас) истаги — Сталин даврининг бундай ҳақиқатлари Сталиннинг большевик ва революционер бўлганига шубҳа уйғотади.
Аксарият замондошларимиз учун сталинизм «кечаги кун» одамлари — жамиятнинг кам таъминланган қатламларидан ёки гап нима ҳақида бораётганини яхши тушунмайдиган ёш маргиналлар қиёфасида пайдо бўлади. Шундай одамларга ҳақиқий сталинизм бугун бизни ҳар томондан, аввало, «ислоҳотлар»да ўраб олган, деб айтинг - бунга ишонишмайди! Лекин ҳақиқат янада ақл бовар қилмайдиган — эҳтимол, биз сталинизмнинг – бу сафар глобал миқёсда қайтиши арафасида турибмиз.
1917 йилда мисли кўрилмаган воқеа юз берди: жаҳон ҳукмронлик ва эксплуатация тузилмасининг ажралмас қисми бўлган элита тизими Россия империяси ҳудудида бир зарбада барҳам топди. Бу миқёсдаги уриниш бунгача фақат 1789 йилги Буюк француз инқилоби даврида амалга оширилган, аммо у тугалланмаган эди, чунки бошланганидан йигирма беш йил ўтиб, монархия тикланиши билан якун топган эди. Зодагонларнинг гильотинада оммавий қатл этилиши аслида ўзларининг синфий имтиёзларини қурол билан ҳимоя қилишга тайёр бўлмаган зодагонларнинг энг пассив либерал қисмига дахл қилди. Натижада, «Реставрация»дан кейин француз ҳукмрон синфи Наполеоннинг номзодлари ва йирик буржуазия вакиллари ҳисобига мустаҳкамланиб, фақат кенгайди, модернизацион қайта қуришнинг бир туридан ўтди.
Россияда анъанавий ҳукмрон синфнинг мағлубияти қайтарилмас бўлиб қолди. Збигнев Бжезински каби рус большевизм лойиҳасининг душманлари Россияни «қора туйнук» деб атаганда айнан шуни назарда тутишади. Уларнинг фикрига кўра, катта бир мамлакат тизимдан тушиб қолди, 1917 йилдан кейин унинг эгалари (ким бўлишидан қатъи назар) энди дунёнинг ҳукмрон тузумига кирмайди ва ҳеч қачон қайтолмайди.
Тизимга берилган зарба жуда кучли эди. Романовлар қулагандан кейин ўн беш йил давомида (1933 йилгача) революциянинг СССР ҳудудидан ташқарига чиқиши ва капиталистик режимларнинг, ҳеч бўлмаса континентал Европа ҳудудида, қулаши учун истиқболлар бор эди. Бироқ, бу содир бўлмади, чунки большевиклар (нео-якобинчиларнинг бир тури) ҳокимият тепасига келганидан бир неча йил ўтиб, революцион ленинизм революцион сталинизм томонидан мағлуб этилди.
Сталин номи билан боғлиқ бу ном ҳодиса моҳиятини энг аниқ акс эттиради, гарчи замондошлари уни тасвирлаш учун француз тарихидан олинган тушунчалардан: жирондизм, термидор, бонапартизмдан фойдаланишган бўлсада. Сталинизм, ўтмишдаги революцион уринишларга хос бўлган пассионарлик ва реакция пасайишининг барча хусусиятларини умумлаштирар экан, айни пайтда мутлақо янги ҳодисани ифодалайди. Пролетариат диктатураси шиорлари остида Россияда люмпенлашган майда буржуазия ҳокимият тепасига чиқиб, жаҳон ижтимоий кучларини тақсимлашда глобал ўзгаришларни башорат қилди.
«Ҳамманинг революцияси камчиликнинг ҳаммага қарши контрреволюциясига айланиб кетадиган, олов узра лава қотадиган пайтда революциянинг охирида юзага чиқадиган имтиёзли плебейлардан кўра ҳамма нарсани қотиллик орқали ҳал қиладиган омилкор ва сурбет одамлар бўлмаса керак». Машҳур француз-рус ёзувчиси Виктор Серж ўзининг "Аср ярим кечаси" романида 20-йиллар охири 30-йиллар бошида Россияда юз берган воқеаларни шундай тасвирлаган. Совет адабиётининг ўзида бир-бирига қарши бўлган ленинизм ва сталинизм кучлари Николай Островский ёзган Павел Корчагин ва Владимир Маяковский персонажи бўлган Пьер Скрипкиннинг иккита ўта жамланган образида мужассамлашган эди. Совет тарихининг замонавий тадқиқотчиларидан бири таъкидлаганидек, Сталин ички жиҳатдан Скрипкин дунёқарашига яқин позицияларда турган, аммо у бундай "ресурс" билан ички ва ташқи таҳдидлар қаршисида ҳокимиятни сақлаб қолиш мумкин эмаслигини тушунарди. Шу сабабли у "корчагинлар"ни йўлдан оздирган, уларнинг энергиясидан фойдаланган риторика ва сиёсий технологияларга таянишга мажбур бўлди.
Бу риторика ҳам узоқ вақт давомида дунё сўл қанот ҳаракатини алдаб келган. Ҳатто СССРда совет ҳокимиятининг қайта туғилишига шахсан ишонч ҳосил қилган Ғарб капитализмига қаршилик кўрсатувчи раҳбарлар ҳам бу ҳақида жим туриш ва Сталиннинг алдовида иштирок этишни зарур деб ҳисоблашган. Улар жаҳон революциясининг бошқа сиёсий базаси йўқлигига ишонишган. Ҳатто СССРнинг мавжудлигини ҳар қандай харажат билан ҳимоя қилиш керак деб ҳисоблаган Троцкий ҳам маълум даражада шу позицияда турган. Зеро, сталинистик режимга қарамай, у ҳамон ишчи ва деҳқонлар давлати эди.
Сталиннинг «термидориан-бонапартист контрреволюцияси»нинг энг жиддий танқидчиси бўлган Троцкий гап шунчаки «откат» ҳақида эмас, балки унинг қиёфасини ҳозирги кунга келиб илғай бошлаган янгича дунё тартиби – глобал постдемократик асрга тайёргарлик ҳақида кетаётганини охиригача тушунмаган. Пролетариат диктатураси ҳақидаги шиор «жаҳон олигархиясининг темир товони»дан дарак берадиган давр.
Сталин ўзининг собиқ сиёсий сафдошларини йўқ қилиб, унинг структурасида сурбет ва орсиз бюрократга айланган, фақат ўз моддий истеъмоли доирасини кенгайтириш ғамида бўлган мафкурасиз люмпенларни ҳокимият тепасига келтирганда нималарга амал қилган? Бизнинг фикримизча, Сталиннинг ички психологик доминантаси эртага, индинга ва ундан кейинги кун бирга бўлиш кафолатига эга бўлган жаҳон тизимига кириш истаги эди. Уни фақат куч билан амалга ошириш мумкин бўлган тўлиқ аъзоси бўлиб киришдир.
Сталин ўзига хос консерватизм билан тавсифланади — у ўз мамлакатида дунё сиёсий харитасидаги давлатлар ўртасида муносабатлар моделини шундай тузадики, бу схемалардан чиқиб кетишнинг имкони йуқ эди. 1949 йилга юзага келган кенг кўламли сталинизм режимининг структураси шундай эди. Рузвельт ва Черчилль иштирокида ташкил этилган "Ялта" жаҳон тартиби шундай эди. Айнан Ялта битмас-туганмас инсон ресурслари ва моддий ресурсларга таяниб, дунёни бошқарадиган триумвират – Сталин лойиҳасининг ички пафосини очиб беради. Қандайдир жамоавий дунё фиръавни.
Сталинизм (ҳарбий коммунизм эмас!) асосий ҳаракатга келтирувчи воситаси космик миқёсдаги супер-лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобланган истеъмолдан кейинги иқтисодиёт киёфасини шакллантирган. Саноатлаштириш, буюк қурилиш лойиҳалари, атом бомбаси, космос - Сталиннинг дунё табиатини ўзгартирадиган пирамидаларидир. Бир қатор футурологлар назарида эртанги кун глобал олигархик иқтисодиётнинг ўзига хос хусусиятлари айнан шундай. Сталин МДҲ сарҳадларидаги ҳозирги тақлидгўй ҳукмдорлардан фарқли равишда, ҳокимиятни мерос қилиб қолдиришга ишонмаган, Василий ёки Светланани ўзининг сиёсий ворислари қилиб тайёрламаган. У мерос қилиб олишлик қариндошларда эмас, балки унинг учун мистик, ҳатто фетишистик маънога эга бўлган аппаратда эканлигига ишонарди. Аппарат авлоддан-авлодга керакли кадрларни танлайдиган, ўзини-ўзи қайта ишлаб чиқарувчи моделга айланиши керак эди.
Троцкийнинг башоратига кўра, Россия миқёсида бу идеологик партократиянинг тугашига ва капитализмнинг нуқсонли, мустамлака шаклида тикланишига олиб келади. Бироқ дунё жараёнлари кўламида сталинизм буржазиянинг марксистик мухолифати якун топишидан кўра кўпроқ ишлаб чиқариш воситаларига (пролетарий, тадбиркор) анъанавий муносабат маъносини йўқотадиган ва дунё кўламида ҳокимлик халқаро бюрократия билан ҳар ерда ҳозиру-нозир бўлган яна ўша люмпенлар қаторидан ёлланадиган трансмиллий мафия қўлига тушиб қоладиган буржуазиядан кейинги жамият келишини англатарди.
Ҳайдар Жамол
Абу Муслим таржимаси