Юз берган айрим майда-чуйда ҳодисалар баҳонасида Россия расмийлари Марказий Осиё мамлакатларини русийзабон аҳолини «камситиш ва таҳқирлашда» айбламоқда.
Ҳаммаси 2 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги савдо марказида маст харидор у билан қирғиз тилида эмас, рус тилида гаплашган кассирдан ғазабланиб, унга қарата калкуляторни ирғитганидан бошланган.
Бишкек полицияси майда безорилик ҳолати бўйича жиноий иш очган, чунки аёл жароҳатланмаган. Бироқ, Россия оммавий ахборот воситалари бу воқеа баҳонасида Қирғизистонда русийзабон фуқароларга зулм қилинаётгани ҳақида бонг урмоқдалар.
Россия президенти ҳузуридаги фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари қўмитаси 8 август кунги баёнотида юз берган ҳодисани «Қирғизистондаги ватандошларга нисбатан нодўстона ҳаракат» ва «русийзабон аҳолини тил ва миллий белгиларга кўра камситишга уриниш» деб атади.
Кейинроқ кенгаш Россияда ишлаб ватанидаги оиласига пул юбораётган қирғиз диаспораси вакиллари Россияда камситилмаяпти, дейишгача борди.
«Россияда бу одамларга нисбатан муносабат уларнинг миллати ёки динига қараб белгиланмайди», дейилади баёнотда.
Кенгаш Қирғизистон ҳукуматини «ватандошларнинг камситилиши билан боғлиқ барча ҳолатларни имкон қадар тезроқ ва синчковлик билан» тергов қилишга чақирган.
Россиялик депутатлар бу ҳодисага маҳкам ёпишиб олдилар.
10 август куни Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида норозилик тадбири уюштирган Россия Давлат думаси аъзоси Владимир Жириновский қирғизистонлик мигрантларни Россиядан ҳайдаш ва ватанига қайтариб юбориш кераклигини айтиб таҳдид қилган.
«Битта русни урадиган бўлса, 10 мингта қирғизни ҳайдаш керак. Ишсиз ва пулсиз қолиб кўришсин», деб айтган Жириновский.
«Қандайдир муттаҳамлар Украинадан тортиб, Марказий Осиёгача, бутун постсовет маконида русларни таҳқирлаяпти, ўлдиряпти. Яна қачонгача чидаймиз» деб ҳайқирган у.
Давлат думасининг бошқа аъзолари Вячеслав Володин ва Леонид Слуцкий ҳам шунга ўхшаш истеҳзоли баёнотлар билан чиққан.
Натижада Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги бунга муносабат билдиришга мажбур бўлди.
10 август куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбоев бу масалани Россия элчиси Николай Удовиченко билан муҳокама қилиб, «Россия расмийлари алоҳида ҳолатларни Қирғизистондаги этник русларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг тизимли бузилиши ёки фуқароларни этник ва диний белгиларга кўра камситиш деб баҳоламасликлари кераклигини» айтган.
«Қирғизистонда русофобия ёки бошқа агрессив миллатчилик кўринишлари мавжуд эмас, тарихни қайта ёзишга уринишлар, ҳайкалларга ёки рус тилига қарши кураш йўқ», деди Казакбаев рус тили мамлакатда расмий тил эканлигини таъкидлаб.
Казакбаев Россия элчисига «айрим россиялик сиёсатчиларнинг муайян провокацион унсурлар манфаатига хизмат қилган ҳолда бу каби муаммолар бўйича кескин баёнотлар бериб, уларни омма олдига олиб чиқиши номақбул иш эканини» айтган.
Мигрантлар ғазабда
Россиянинг бу реакцияси мамлакатдаги қирғизистонлик меҳнат мигрантларининг кескин эътирозига сабаб бўлди. Улар Россияда ҳар куни дуч келадиган машаққатлар олдида Бишкекдаги воқеа арзимас эканлигини айтганлар.
«Марказий Осиёлик мигрантларга муносабат қандай эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Мен безорилар ҳақида эмас, Россия ҳукумат идораларида ишлайдиган одамлар, жумладан, пора бермаган мигрантларни ноқонуний қамаб, калтаклайдиган милиция ходимлари ҳақида гапиряпман», дейди Москва супермаркетида ишлайдиган, Қирғизистоннинг Чуй вилояти, Тўқмоқ шаҳридан келган Улан Оморов.
«Шовинист безориларни эса гапирмаса ҳам бўлади».
Россияда радикал миллатчилар – скинхедлар кўп, улар мигрантларни терисининг ранги ва кўзларининг шакли бошқача бўлгани учунгина метро ва қоронғи кўчаларда ушлаб олиб, дўппослайдилар, дейди Оморов.
«Нима сабабдан Россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсатчилар бу муаммони яширадилар? дейди у.
Россияда дискриминация фақат мигрантлар билан содир бўлмайдиган кўринади.
«Марказий Осиёдан Россияга келганлар аэропортда паспорт назоратидан ўтаётганидаёқ уларга иккинчи даражали одам каби муносабатда бўлишади», деб ёзади YouTube тармоғига ўз видеолавҳаларини жойлаб борадиган москвалик саёҳатчи блогер Илья Варламов ўзининг Телеграм каналида.
«Россия чегарачилари уларни сенсираб гапиради, ҳақорат қилади, уларга бақиради ва қўполлик қилади», деб қўшимча қилди у.
Улар Марказий Осиёликларни камситиб, «чурка» деб аташади, деди у.
Россияда ҳақорат ва камситиш ҳолатлари нафақат Марказий Осиёликлар, балки келиб чиқиши осиёлик бўлган Россия фуқаролари билан ҳам юз беради, деб ёзган Варламов.
«Ўзимизнинг россиялик якутлар, бурятлар ва қалмиқлардан сўраб кўринг: ватанимиз пойтахтида уларга нисбатан қанчалик ҳурмат билан муносабатда бўлишади, ижарага квартира олиши осонми, кўзларининг шакли бошқача бўлгани учун «ментлар» тинтув қилишмайдими?»
Сунъий муаммолар
Бу орада Қозоғистонда миллатчилик руҳидаги блоггер Куат Ахметов мижозларга фақат рус тилида хизмат кўрсатадиган дўкон ва бошқа муассасалар акс этган видеолавҳаларни жойлагач, Қозоғистонда ҳам русийзабон фуқароларни ҳимоя қилишга қаратилган шу каби кампания авж олган.
Қозоғистон қонунчилиги бизнесга оид ёзувларнинг фақат қозоқ ёки икки тилда бўлишини талаб қилади.
Руслар Ахметовнинг видеоларини рус тилини Қозоғистон ижтимоий ҳаётидан сиқиб чиқаришга уриниш дея баҳолаганлар.
Россия парламентининг юқори палатаси – Федерация Кенгаши спикери ўринбосари Константин Косачев ғазабнок танбеҳ билан чиқди.
«Қозоғистон ҳукумати мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги қўшничилик муносабатларига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган бу жайдари миллатчиларнинг шармандали қилмишларига баҳо бериши шарт», деб айтган Косачев 11 август куни РИА Новости ахборот агентлигига.
Қозоғистон ҳам Қирғизистон каби Москвадан келган айбловларни рад этди.
Ахметовнинг хатти-ҳаракатларига Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари «ҳуқуқий жиҳатдан адолатли баҳо беради», аммо бундай ҳодисалар бутун дунёда содир бўлса-да, «улар давлат томонидан рағбатлантиради ёки тенденцияга айланган» дегани эмас, деди Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Даурен Абаев 12 август куни телевидениедаги суҳбатда.
«Икки-уч одамнинг нолойиқ хатти-ҳаракатларига қараб, 19 миллион аҳолига эга мамлакатдаги вазият ҳақида хулоса қилиш мумкинми? Менимча йўқ», деди Абаев.
Қозоғистонликларнинг 90 фоизи рус тилини билади, қозоғистонлик мактаб ўқувчиларининг учдан бири рус тилида таълим олади, деди Абаев бу статистик маълумотлар Қозоғистонда рус тили ҳурмат қилиниши ва унга талаб юқори эканини тасдиқлашини айтиб.
Қозоғистонда мутаассибликка оид муаммолар ҳақиқатдан кўра уйдирмага яқинроқ, дейди сиёсий шарҳловчи ва Turan Times ахборот порталининг бош муҳаррири, Нур-султонлик Газиз Абишев.
Бошқа томондан, Россияда шовинизм ва ирқчилик кенг тарқалган ва ҳокимият уларнинг мавжудлигига кўз юмади, деди Абишев.
«Бағрикенглик ва инсонийликни ўзингиз амалда қўллаб-қувватласангизгина, бошқаларни бунга чақиришга ҳақлисиз», деди Абишев Каравансарой билан суҳбатда.