close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Классик немис фаласафасининг теологик пафоси

Европада «қисқа нафас» муаммоси мафкуранинг йўқлиги билан изоҳланади (марксизм сарқитлари ҳисоб эмас). Ушбу интеллектуал парчалар ахлоқий таклифнинг таъсирини йўқотди. Шунинг учун сиёсий илоҳиёт ҳозирда жаҳон норозилигининг таянчи бўлиб, янада кўпроқ кучаяди.

Сиёсий илоҳиёт ҳозирнинг ўзида фаолият юритишни бошлаган, фақат яширин шаклда. Табиийки, бу сиёсий Исломдир. Лекин унга асосланган сиёсий иқтисод, сиёсий антропология ва сиёсий социология пешоналарида конфессионал идентификация муҳрлари бўлиши шарт эмас.
Хусусан, марксизм – бу протестант илҳомининг махсус маҳсулотидир. Бу «материалистик этик» кийдирилган лютеранликдир.
Марксистик фикрнинг геосиёсий асослари социализм ҳисобига 1848 йилда тарқоқ ҳолдаги аграр Германияни ботқоқдан олиб чиқиш, Вестфал сулҳ тизими учун ўч олиш ва Буюк Британиянинг ўрнига Германияни евроцентрик коинот марказига айлантиришдан иборат эмаслигига мени ҳеч ким ишонтира олмайди. Кўриб турибмизки, бирлашган Бисмарк Германиясининг кейинги ривожланиши Энгельс ҳам вафотидан олдин унга қойил қолиб рози бўлган Пруссия социализми йўлидан боради (энг қадимий ҳужжатли ленталардан бири - 1895 йил вафотидан бир неча ой олдин ногиронлар аравачасида ёки креслода ўтирган ҳолда берган интервью бор). Иккинчи Рейх томонидан Европанинг мустамлакачилик империяларига ташланган даъватнинг моҳияти айнан ўша Гегел, Фихте, Маркснинг геосиёсий режасини амалга оширишда эди, бунда айнан Маркс ушбу мавзуни энг реал шаклда ифода этган.
Шуни таъкидлаш керакки, Интернационалнинг энг муҳим қисми фақат Европада (Германия) социалистик инқилоб истиқболига жиддий ёндашди. Бироқ, буларнинг барчасида Марказий ва Шарқий Европада сўл қанот либерализмининг бутун геосиёсатини сақлаб турадиган илоҳий пафосни тан олмаслик учун бутунлай сезиш қобилиятдан маҳрум бўлиш керак.
Ҳа, пафос мутлақо бизники эмас, лекин уни тан олиш ва тушуниш керакки, ҳатто энг илоҳий материалистик даврда ҳам тарихнинг асосий мафкурачилари ва иштирокчиларнинг ғоялари ўша пайтдаги «митти оғмахонлар» ва «улкан оғмахонлар»ни аҳмоқ қилган аввалги ишлаб чиқариш муносабатларидан келиб чиқмаган.
Немис классик фалсафасининг марксизм обскура камерасидан ўтказилган илоҳий пафоси нимада эди? Биз буни немис тафаккурини яратган одамларнинг қалбидаги анти-католиклик ва унинг яширин маъносини ҳисобга олмаган ҳолда тушунмаймиз (Шеллинг католик эди ва Гегел "Руҳ феноменологияси" ни ёзгандан кейин у билан бўлган барча муносабатларни узди – улар дўст эдилар!). Бу ерда иккита нуқта бор: Гегел метафизикаси муайян бир одам (яъни герман одами) ва онтологик жараённинг бошида турган "мутлақ ғоя" ўртасида қайта алоқа каналини очади. «Мутлақ ғоя» ва Пруссия ватанпарвар ҳукумат амалдори ўртасида Масиҳ туради. Гегел ва ҳатто ёш Маркс ҳам, агар Масиҳ "самовий шоҳ", яъни Буюк Зотнинг қайта моделлаштирилган архетипи эмаслиги шартида муроса қилишга тайёр. Гегелнинг Масиҳи муайян одамга, яъни иродани яхшиликка йўядиган бургерга айланишидан олдин мавҳум шахсдир, лекин католиклар Папанинг қўшимча қиёфасини қўйиб, шу тариқа Масиҳ мавзусини Люциферга бутпараст ибодати мавзусига айлантиради, чунки "самовий шоҳ" ундан бошқа ҳеч ким бўла олмайди. Демак, немис кишисига соф борлиқ/"мутлақ ғоя" га тўғридан-тўғри кириш ҳуқуқини қайтариш учун Папани ўз черкови билан ва шунга кўра жамиятнинг бутун анъанавий пирамидасимон ташкилотини йўқ қилиш керак. Бу ерда, албатта, иккита ёндашув мавжуд: ҳамма нарсани йўқ қилиш ва сиёсий яҳудийликнинг жаҳон тарихидаги роли учун майдончага айланадиган фаланстер-казарма Германиясига эга бўлиш. Бу Мозес Гесc, Гейне ва Маркснинг ўзи. Ёки кайзер ва ер зодагонлари (юнкерлар) тимсолида традиционализм элементларини сақлаб қолиш, лекин буларнинг барчасини капитал модернизация қилишда ижтимоий йўналтирилган, тўлиқ сафарбар қилинган ватанпарварлик монархияси юзага келган, Ильин ва Солоневич каби рус монархо-ватанпарварлар эса ундан илҳомланган. Кайзерча монархияни бемалол «халқ» монархияси деб аташ мумкин эди.
Менимча, бу тарихий материализмнинг илоҳий сирли таъми мана шунда. Нега энди бу барибир илоҳиёт, ахир Гегел Афлотуннинг «шинели»дан чиқмайдигина эмас, балки бу «шинел»нинг чўнтагидан мўралаб ҳам қўймайди-ку? Бу илоҳиёт эканлигининг сабаби шундаки, у Буюк Зот ва унинг вакилларининг буйруқларини дунёмиз кўзгусида қабул қилмайди, у буларнинг барчасига борлиқни "объектланиш" орқали, яратилишнинг биринчи хусусиятларига хос бўлган асосий шахсий хусусиятларидан маҳрум қилиш орқали норозилик билдиришга ҳаракат қилади.
Ахир, Гегел фалсафаси нима бўлганда ҳам, қандайдир исёндир, акс ҳолда у тизимли сўл қанот фикрлаш учун намуна базаси сифатида қўпол шаклда қабул қилинмаган бўларди.
Энди биз ҳақимизда. Оддий қилиб айтганда, бизнинг илоҳиётимиз асосий фарқи биз, немис классиклари ва Маркс сингари, Буюк Зотни уйдирма сифатида писанд қилмаслигимиз ва фақат унинг сояси билан ягона ва асосланган ёвузлик сифатида жиддий курашишимизда эмас. Биз Буюк Зотни муаммолар муаммоси деб биламиз ва шунинг учун биз эркинлик масаласини асл нусха билан унинг акси ўртасидаги фарқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги савол сифатида қўямиз.
Маълум бўлишича, Маркс учун глобал жамият - бу Иблиснинг ер юзидаги сояси эмас, балки мустақил табиий тўлақонли воқеликдир, унга кўра, одам фақат унга боғлиқ бўлган проекция ва функцияни бажаради. Бошқа томондан, Маркс ўз предметидан сояни озод қилишни таклиф қилмаган, аксинча, эркинлик онгли зарурат бўлиб чиққан предмет (жамият) билан соянинг (одамнинг) фаол қайта алоқасини таклиф қилган. Яъни, мукаммал жамиятда тўла-тўкис бахтли ҳаёт кечириш учун, Маркс одами "ижтимоий бағишлов"ни қабул қилиши, жамият билан ўзини тўлиқ бир деб ҳисоблаши, ўзи ва атроф-муҳит ўртасида ҳеч қандай бўшлиқ бўлмасдан, жамиятни ўз шахсий ҳаётида сингдириши керак. Фақат шундагина одам бир пайтлар одамлар атроф-муҳит билан уйғунликда бир хил бўлган Олтин Асрга қайтади. Бироқ, ҳозир бу муҳит бутунлай инсон омилига айланиб бормоқда. Натижада марксизм идеали «технотроник фашизм» истиқболи, ёки рамзий онгни юқори технологиялар билан уйғунлаштиришга асосланган янги преэсхатологик традиционализм деб талқин қилинганини кўрамиз. Зеро, бу «технотроник фашизм»нинг моҳияти шундан иборатки, айнан либерал хорлик учун ўч олган клерикал-аристократик иттифоқ энди ўзи ва объектив «катта Олимп» ўртасидаги тафовутни тан олмайди.
Дарвоқе, нима сабабдан ҳозирги замон глобаллашув хўжайинлари томонидан совет ижтимоий ишланмалари парадоксал аксил-ижтимоий тарзда қўлланилаётганлиги изоҳи айнан шунда. Хитой Халқ Республикаси шундай ажойиб тарзда глобаллашувга мос келганининг изоҳи ҳам шунда!
Ҳақиқий жамият унинг проекцияси эканлигини англаб, биз бошиданоқ асосий метафизик қутбга қарши кураш олиб борамиз. Бундай шароитда барча ҳаракатларимиз бутунлай бошқача маънога эга бўлади: «ишлаб чиқарувчи кучлари» ўйини билан у ерга бориб қолгани сабабли ўз ўрнини топган одам сифатида душманлик онтологияси соҳиби билан курашаётган бўлсангиз, бу бошқа нарса; сиз у билан ички субъектлигингизга қарши, онгингизни инкор этиш сифатида қурилган, воқеликнинг ниқобларидан бири сифатида курашганингизда - бутунлай бошқа нарса. Чунки, пировардида, иблисга қарши кураш, сиёсий илоҳиёт нуқтаи назаридан, "борлиқ/яхшилик/ҳикмат" га қарши гувоҳлик берувчи онг устуворлиги учун курашдир.

Ҳайдар Жамол
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase