close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Абдулазиз Муборак: «Болам билан черковда...»

Фарзанд тарбияси ота-она зиммасидаги энг масъулиятли вазифадир. Одатда диндор одамлар Худодан қўрққани учун тарбияли, ахлоқли бўлади. Бировнинг ҳақини емайди, бошқаларга озор беришдан ўзини тияди. (Ислом динининг бошланғич таълими бўлмагани учун - islamonline.uz) Мен ҳам узоқ ўйлай-ўйлай, ўғлимни черковга олиб боришга қарор қилдим. Ва...

Якшанба куни мириқиб дам олгач, соат ўн бирлар атрофида Тошкент шаҳри марказидаги черковга олиб бордим. Православ черкови жойлашган кўчанинг номи Авлиё ота экан. Ҳа, худди ўша, Миробод деҳқон бозори рўпарасидаги даргоҳ.
Черков дарвозасига яқинлашар эканман, ичимдан ғалати туйғулар кеча бошлади. Атрофда ёши улуғ, яъни тахминан етмиш-саксон ёшлардаги кексалар ғимирлаб туришибди (чиқишда билдим, улар садақа сўраб турганлар экан). Айни биз борган пайти черков ичидан қўнғироқлар жаранглай бошлади. Дарвозадан кирар эканман, менга кимдир қаршилик қиладигандай, кўксимдан итарадигандай, “Нега келдинг”, деб сўроққа тутадигандай туюлди. Яна бир хаёлим, бир ҳадигим бор эди: “Вояга етмаган бола билан ибодатхонага кириш таъқиқланади, деб қолишса, нима дейман?” Йўқ, хавотирларим асоссиз бўлиб чиқди. Қолаверса, черков ҳовлисида ёш болалар эмин-эркин ўйнаб юрибди, биров миқ этгани йўқ.
Шундай бўлса-да, ўйланиб қолдим: “Таълим масаласида кимга учрасам бўлар экан?” Кираверишдаги ўриндиқда ўтирган, афти-ангори ерлик аҳолига ўхшаб кетадиган кишидан сўрадим: “Ўғлимни ўқитмоқчи эдим, кимга мурожаат қиламан, ака?” Ака ростдан ҳам ўзимиздан экан, ўзбекча жавоб берди. Хотинини олиб келибди, ўзи бу ернинг паст-баландидан бехабар экан.
Ичкарига, ибодатхона биносига кирдим. Ҳамма ибодат билан банд. Бир хизматчи аёл ўта мулойимлик расмга олиш мумкин эмаслигини ва бош кийимимни ечишим лозимлигини билдирди. Унга муддаойимни айтдим. У жудаям хайрихоҳлик билан орқа тарафга ўтишимизни, семинария ўша томонда жойлашганини тушунтирди. “Ўзим олиб борайми?” – деб сўради. Унга раҳмат айтиб, ўғлимни орқа тарафга бошладим. Семинария дегани черков мактаби, ўзимни тилда айтганда диний мактаб экан. Семинарияга ҳам алоҳида дарвозадан кирилар, атрофи панжара билан ўралиб, черковдан ажратиб қўйилган экан. Дарвоза олдида бир аёл билан гаплашиб турган черков хизматчисидан “Семинарияга келгандик, кимга учраймиз?” – деб сўрадим. У дарҳол менга юзланиб, икки дақиқа кутиб туришимни илтимос қилди. Рози бўлдим ва шу баҳона атрофни кузата бошладим.
Ёш-ёш ўғилу қизлар семинария мактабига кириб чиқиб-турибди. Ички хотиржамликлари юзларига урган – чеҳрасида ажиб бахтиёрлик балқиб турибди. Ўн ёшлар атрофидаги қизни тўхтатиб, саволга тутдим. “Семинарияда ўқийсизми? Нима дарслар ўтилади? Диний таълим бериладими? Одоб-ахлоқ ўргатиладими? Сизларда синф дейиладими, курсми? Нечанчи курсда ўқийсиз? Шароитлари қанақа? Ҳар куни келинадими ё фақат якшанбами?..” Қизалоқнинг тушунтиришича, ҳар куни келадиганлар ҳам бор, аммо фақат якшанба куни келса ҳам бўлаверар экан. Аввало, диний эътиқодга оид дарслар ўтилади, кейин одоб-ахлоқ ҳам ўргатилади. Ҳозир учинчи синфда экан. Яхши ўзлаштирганлар бош руҳонийга ёрдамчи бўлар экан (черковда пушти-оқ рангдаги чиройли кийимларда юрган йигитларга ишорат қилди), ҳамма шароитлар зўр, муаммо йўқ...
Шу пайт семинария масъулларидан бири келиб, хушхулқ ила мендан мақсадимни сўради. “Мақсадим шуки, фарзандим шу ерда таълим олса, диндор, тарбиялик бўлса...”
– Фарзандингизнинг ёши неччида?
–  Ўн бирга тўлди. Ёш болаларни олмайсизларми?- дедим хавотирга тушиб...
–  Йўқ, аксинча, анча кеч олиб келибсиз. Бизда қабул олти ёшдан бошланади.
–  Қизим бор, беш ярим ёш, униям олиб келсам бўладими?
–  Албатта.
–  Нималардан дарс берасизлар?..
–  Аввало эътиқоддан...
Шундай деб аёл бир нарсаларни тушунтириб кетди. Рости насронийликни билмаганим учун яхши англолмадим. Тушунганим шу бўлдики, бошида насронийликнинг ақидасидан таълим берилар экан.
–  Одобу ахлоқ ҳам ўргатиладими? Ахир менга шуниси керак, фарзандимнинг ўғри, порахўр, зинокор бўлмаслигини, халқ мулкига хиёнат қилмайдиган, Аллоҳдан қўрқадиган бўлишини истайман...
–  Албатта улар ҳам навбати билан ўргатилади. Сиз чўқинтирилганмисиз? Фарзандингиз-чи? Семинарияга қабул қилишдан чўқинтириш керак...
–  Йўқ, чўқинтирилмаганман. Ўғлим ҳам... Бусиз иложи йўқми?
–  Йўқ-да...
–  Узр унда, бу борада фарзандларимнинг онаси билан маслаҳатлашишим керак.
–  Албатта, албатта... Маслаҳатлашинг, кейин олиб келинг, биз сизга ёрдам беришга тайёрмиз...
Шу жойига келганда орқага қайтишга тўғри келди.
Бу тўқилган ҳикоя ёки хаёлот маҳсули эмас. Кеча, 2021 йилнинг 6 июнь, якшанба куни пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг қоқ ўртасида бўлиб ўтган воқеа.
Черковдан қайтар эканман, насроний "биродарларимиз"га ҳавасим келди. Уларнинг фарзандлари ёшлигидан, ҳатто мактаб ёшига етмай ўз динини ўрганиш учун черков семинариясига келиб, бемалол эмин-эркин ўқиб юрибди. Бирор тўсқинлик йўқ. Яширинча хужраларда эмас, расмий равишда фаолият олиб борадиган семинарияда...
Болалари тарбияси ғамида юрганлар, шундай воқеилик таъсирида "ростдан ҳам болаларимни черковга берсаммикан?" деб қолишлиги хатари ҳақида ўйлаб қолдим...

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири

-------

Azon.uz мухбири Абдулазиз Муборак журналистик суриштируви таҳсинга лойиқ. Ундаги асл муаммо: "Нега мусулмонлар ўз фарзандларига бошланғич таълим бера олмайдилар?", деган саволга жавоб излаш эди...

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase