close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мусулмон йигитнинг кундалиги

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Агар менга «йигирма тўрт ёшингда қарашларинг, эътиқодинг, ҳаётинг бутунлай ўзгариб кетади, бунга уйингда ишлаган бир қурувчи уста сабабчи, туртки бўлади», дейишганида, гапнинг рости, асло ишонмаган бўлар эдим.

Одам бу ёшда ўсмирликнинг беқарор орзу-ўйларидан, ҳамма нарсага ҳавойи муносабатларидан хийла узоқлашади. Дунёқараши анча шаклланган, оқ-қорани таниган, тансиқ балоғат дамларининг нашъу намосини сураётган бўлади. Мен ҳам тенгдошларим қатори йигитликнинг беташвиш, завқ-шавққа тўла, эрк-истаклар ва орзуларга биров дахл қила олмайдиган шодмон палласида эдим. Сўнг эса… Кейин бир кечанинг ичида ҳамма нарса ўзгариб кетди. Келинг, яхшиси барини бошидан сўзлаб берақолай…

 * * *
Бундан бир йил муқаддам ҳуқуқшунослик институтининг бакалавр дипломи билан шаҳар судида ижрочи бўлиб иш бошладим. Институтни тугаллаш арафасида ўзимни прокуратура, ҳеч бўлмаганда ички ишлар бўлими терговчиси сифатида тасаввур қилиб ёрқин умидлар, ширин хаёлларга кўмилиб-чўмилиб юрган эдим. Аммо уйга қайтиб, бир оз дам олгач иш ахтаришга киришдиму барча орзу-умидлар чиппакка чиқди. Ё дунёни адлия ходими босиб кетган, ёки ишга киришнинг нимадир сирлари, мен билмаган қандайдир тартиб-қоидалари бор эди. Ҳарқалай, етти марта ишга жойлашишга қилган уринишларим барбод бўлди: бирида иш йўқлигини, бошқасида ҳали тажрибасиз эканимни рўкач қилиб тиржайиб туришаверди. Ҳаттоки йирик комбинат директори бўлиб ишлайдиган дадамлар ҳам бир иш чиқара олмай, мени ношудликда, омадсизликда, беғамликда айблаб, нуқул сўкинар эдилар. Охири бир амаллаб суд ижрочилигига жойлаб қўйдилар. Раиснинг айтишича, бир-икки йил иш ўргансам, ўзига ёрдамчи қилиб олар эмиш.

* * *

Ўзи ҳаётда омади чопмаган одамларданман, шекилли. Ишга жойлашишим қанчалик оғир ва қийин кечган бўлса, ўқишга киришим ҳам шунчалик жанжалли, серғалва бўлган эди. Аввалига дадам билан онам келажакда ким бўлишим ҳақида тортишиб, ғижиллашиб қолишди. Онам ҳозирги шароитда энг баобрў ва сердаромад иш шифокорлик эканига маҳкам ёпишиб олдилар, тиббиёт институтига киришга тарғиб қилишдан чарчамадилар. Дадамнинг далиллари бундан-да кучли эди: «Ҳамма нарса пул билан ўлчанадиган бугунги кунда ақлли одам фарзандини ё адлия ходими, ё солиқчи қилади. Мен ёлғиз ўғлимнинг бировнинг қўлига мўлтираб қараб турадиган дўхтир бўлишини хоҳламайман. «Юридический»га кирса, пулни тахини бузмай патнисга солиб келишади, ялиниб ташлаб кетишади».
Онамнинг биттагина ўғилларини олис Тошкентга юбориб қўймасликлари, ўша «юридический»га киритиш учун бир жомадон пул кераклиги, иннайкейин бу касб менинг феъл-атворимга мос эмаслиги ҳақидаги даъволари ҳам инобатга ўтмади. Икковлари уришиб, бир ҳафтагача гаплашмай ҳам юришди. Аммо негадир ҳеч кимнинг мендан «ўзинг ким бўлмоқчисан, қайси касбни ёқтирасан?» деб сўрагиси келмасди. Ўзим эса институтда ўқишни мутлақо ўйламаётган эдим. Бутун фикри-ёдим техника эди: машина тузатишга ишқибоз эдим. Лекин уйимизда ким ҳам менинг орзу-ниятим билан ҳисоблашар эди? Ҳай, омон бўлсак, кўраверамиз-да!

* * *

Мана, талабаликни ҳам эсон-омон бошлаб юбордим. Имтиҳонлардан бир амаллаб ўтган эдим. Дадам пойтахтга икки марта келиб, кимларгадир учрадилар. Ҳатто бир гал «Зарафшон» ресторанида зиёфат ҳам беришди. Негадир мени чақиришмади. Шофёримиз Анвар ака хизмат қилиб турди. Тест синовлари бўлган куни домлаларнинг сирли жилмайишларини, жавобларимга қараб индамайгина бош силкиб қўйишларини кўриб, кўнглим хотиржам бўлди. Киришимга ишонар эдим…

Аҳмад Муҳаммад

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase