close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қўрқоқлар... Кимлигингизни билиб олинг!

Одамзод яратилишига кўра қўрқоқдир. Янги туғилган чақалоқдан тортиб қартайган қариягача –ҳаммани қўрқув умр бўйи таъқиб этади. Чақалоқ қўрқув йиғиси билан дунёга келади. Кейинроқ онасини йўқотиб қўйиш, оч қолиш, ваҳимали шовқин-суронлар, йиқилиб тушиш каби нарсалар уни ваҳимага солади.

Эсини танигач, катталарнинг дўқ-калтаклари, чақмоқ-момақалдироқ ва табиат ҳодисалари, йиртқич ҳайвонлар, жин-алвасти ҳақидаги гаплар, алдов ва зўравонлик кабилар қўрқувга сола бошлайди. Йигитликнинг ҳам ўз қўрқув ўчоқлари бор: ҳаётда ўрнини тополмаслик, имтиҳондан йиқилиш, севгисининг рад этилиши, муносиб иш йўқлиги ва ҳоказолар. Ҳатто катта ёшдагилар ҳам қўрқув таъқибидан омонда бўлишмайди. Уларни ҳам бир умрга турли касалликлар, омадсизлик, амлдан кетиш, душманлар хусумати, болаларининг ноқобил  чиқиши, дўстлар ҳиёнати, қонунни бузиб қўйиш, турли фалокат ва офатлар, бошлиқлар зуғуми, қашшоқлик, эл-юртда шарманда бўлиш, барвақт кариш ва ўлим каби ҳолатлар даҳшатга  солаверади.

Айниқса эл-юртда гап-сўзга қолишдан, одамлар маломатидан қўрқув инсоннинг фароғатини, оромини ўғирлайди, уни машаққатларга, турли гуноҳ ишларга, виждонига хилоф иш тутишга рўбарў қилади. «Халқ нима деркин, одамлар маломат қилмасмикин, маҳаллада, қариндошлар орасида шарманда бўлиб қолмасмиканман» қабилидаги қўрқув туфайли ўзининг эътиқодига қарши боради.  Буюрилмаган ишларни қилишга мажбур бўлади. Эл орасида машҳур-баобрў одамларнинг гапидан, маломатидан қўрқиб тўй-маросимларни катта қилади. Йўқ ердаги бидъат ишларга, хурофотларга қўл уради. Нопок фосиқ кишилар билан яқинлашади. Ана шу қўрқув туфайли гоҳо инсон бор-будидан ажрайди. Ҳаёти издан чиқади. Эътиқод-иймонидан чекинади.
Қўрққан одамнинг иродаси суст, шижоати бўш бўлади. У қўрқоқлик орқасидан ёлғон гапириши, сохта гувоҳликка ўтиши, оиласига, халқига, динига, эътиқодига хиёнат қилиши, субутсиз ва иродасиз кимсага айланиши мумкин. Қўрқув туфайли у бундан ҳам оғир жиноятларга қўл уради. Ҳатто ўз жонига қасд қилишгача боради. Бежизга Сулаймон алайҳиссалом «Қўрқувни ҳис этмайин десанг, жудаям ҳақиқатгўй ва ўта донишманд бўлмагин», демаганлар.
Энди бир тасаввур қилиб қўринг: бола отасидан қўрқиб қаерда, нима билан машғул бўлганини яширади, ёлғон гапиради. Демак, шу кундан унинг тарбиясига раҳна етди. Аёл эрининг зуғумидан қўрқиб, уни алдашга, баҳона-сабаблар қидиришга ўтади. Демак, шу дамдан бошлаб оилани ишонч, тотувлик, ҳаё тарк этади. Кичик раҳбар катта раҳбардан қўрққани туфайли ўлда-жўлда қолган режани бажарилди, деб маълумот бериб юборади. Демак, ўша корхонанинг иқтисоди зарар кўчасига йўл олди. Бир қарашда беозоргина бошланган ана шундай қўрқув «туққан» алдов-ёлғонлар тўпланиб-йиғилиб охири улкан бир ёлғон тоғига айланади. Бир-икки қўрқоқнинг ёлғон-ҳийлалари тўпланиб, бутун жамият таназзулига сабабчи бўлиб қолади. Давлатларнинг ёлғонлари ўсиб-кўпайиб, инсоният тарихини булғайдиган уруш-ихтилофлар, вайронагарчилик-инқирозларни келтириб чиқаради.
Қўрқоқлик пасткашлик ва турли ёмонликларни туғдиради. Кўпгина гуноҳ ва қабиҳликларнинг боши, асосий сабабчиси ҳам қўрқувдир. У беҳаёлик, ёлғончилик каби иймонни заифлаштирадиган оғир руҳий хасталикдир. Ўта қўрқоқлик эса кишини иймонсизлик ва куфргача олиб бориши мумкин.
Одамларнинг гап қилишидан, маломатидан қўрқув орқасида ўғил-қизига катта, дабдабали тўйлар қилиб, бор-будидан ажраган, неча кунлар «қозонини сувга ташлаб қўйган» оилаларни биламиз. Баъзилари қарзга ботиб, тўйдан кейиноқ бошқа ўлкаларга пул ишлагани кетишяпти. Ватанидан, аҳли-аёли ва яқинларидан узоқда, бегона юртларда хорлик ва хўрлик тортиб юришга уларни одамларнинг гап-сўзи, маломати, «бошқалар нима деркин, ўзгалар кулмасмикин», деган бемаъни истиҳолалар мажбурламаяптими? Ёки «мен сендан кам эмасман, нега қўшним ёки қариндошим қилганни мен қилолмас эканман», деган сохта обрў орттириш илинжи шу кўйга солмаяптими? Бундай ҳолатлар бошга келиб қолса, «кўрпага қараб оёқ узатиш», чўнтакдаги пулга, шахсий имкониятларга қараб иш тутиш осонроқ эмасмикин?
Нега одамларнинг, айниқса бегоналарнинг гап-сўзидан, маломатидан қўрқасиз? Пулни ўзингизни минг кўйга солиб, қийналиб топган бўлсангиз. Фарзанд ҳам сизники, тўй ҳам сизники, ишларингизга аралашишга бошқаларнинг нима ҳаққи бор? Ўша «холис» маслаҳат бераётганлар балки сизга ҳасадлари кучлилигидан, эҳтимол душманликдан ёки бошқа бир ғараз билан шундай йўл кўрсатаётгандир?! Балки ўзлари қилолмаган ишни сизга юклаб қўйиб, қийин аҳволга тушишингиздан бир «маза» қилмоқчидир? Ахир бир кунлик тўй ўтади-кетади, ўғил-қизингиз кейинчалик аҳил, бахтли яшаб кетса бўлди-ку! Ёки тўйни катта, серҳашам қилмаса улар бахтли бўлолмайдими?
Тўйдан кейинги ва аза-мотам билан боғлиқ маросимларни-ку, айтмай қўяқолайлик: урфда ҳам, динда ҳам бўлмаган бу маросимларни, одатларни қиламан, деб қанча одам бор-будидан ажраяпти, турмушидан файз, ҳаётидан ором-ҳаловат кетяпти. Ҳамма бу ишларнинг хатолигини, фойдасизлигини кўриб-билиб туради, ҳар даврада бу ҳақда куйиб-пишиб гапирилади, аммо аҳвол ҳеч ўзгармайди. Одамлар ўзларига ўхшаш одамларнинг гапидан, маломатидан қўрқиб ўзини қийнайверади, хотиржамлигидан ажрайверади, ҳаётини ғурбатга, азобга айлантираверади.
Яна кўпчиликнинг оромини ўғирлайдиган, хотиржамлигини тортиб оладиган бир ёмон иллат борки, бу ўз мавқеини, ўрнини, мақомини билмасликдир. Билганда ҳам ҳавойи нафсининг айтганини қилиб, ўжарларча буни тан олмасликдир. Айтайлик, мен оддий бир ишчиман, деҳқонман ёхуд ҳунармандман. Қўшним, қариндошим эса катта вазифада ишлайди ёки роса бойиб кетган бир тижоратчи. Нима, мен ҳам уларга тақлид қилиб, уйимни уч қаватли қилишим, «Мерседес» автомобили сотиб олишим, тўйимга минглаб одамларни чорлашим керакми? Ёки ўғлимни Англиягами, Америкагами ўқишга юборишим зарурми?
Асло йўқ! Аллоҳ бир кишининг «зуваласини катта кесиб», унга ризқни мўл бериб қўйган. Бошқа бировга эса сал мундайроқ, яна кимнидир ҳамма нарсадан қисиб, фақир қилиб қўйган. Агар Яратганнинг ана шу ўлчов-иродасига рози бўлмас экансиз, белгилаган тақдирига кўнмас экансиз, Унга исён қилган, амридан чекинган бўласиз. Сиз ўша қўшни ёки қариндошга тақлид қилиб, уларга ўхшаб ҳаёт кечиришни орзулаган бўлсангиз, бундан фақат жабр кўрасиз, ўзингизни беҳуда қийнайсиз. Эл-юртда шарманда бўлиб,  одамларнинг кулги-масхарасига қоласиз.  
Кўпинча шайтон бундай хуруж қилиб қолади: «Сенинг фалончидан қаеринг кам, у ҳам олий маълумотли, сен ҳам, у ҳам оилали, сен ҳам, аммо у шоҳона яшаяпти, сенинг уйингда эса сичқонлар аза тутиб ётишибди». Ёки сиз эндигина фан номзоди бўлганингизда иқтидорли бир собиқ курсдошингиз докторликни ёқлади, энди академияга сайланмоқчи. Ёхуд укангиз сиздан тўкинроқ яшайди, қўлини қаерга узатса етади. Ё қўшнингизнинг тўрт мучаси соғ, сизнинг эса қандайдир жисмоний камчилигингиз бор.
Ана шундай ҳолатларда агар ақлингизни топмасангиз, ўрнингиз, мақомингизни яхши англаб олмасангиз, ҳаётингиз бутунлай зулматга, уқубатга айланади. Яшашдан ҳам, одамлар билан муносабатдан ҳам совиб кетасиз. Иродаси бўшроқ одам бўлса тушкунликка тушиб, ҳатто ўз жонига қасд қилишгача бориши мумкин.
Ваҳоланки, буларнинг ҳаммаси ҳеч нарсага арзимайдиган васвасалардир. Танишингиз ёки яқинингиз бойликдами, мансабдами, обрўдами, ҳусндами сиздан устунроқ бўлса, нима қипти? Сиз ўзингиздан пастроққа, сиздан ҳам ночорроқ кишилар борлигига қаранг. Атрофингизда қанчалаб камбағаллар, оддий одамлар, муҳтожлар, хунуклар ҳаётидан нолимай яшаб юрганига эътибор қаратинг.
Аллоҳ сизни, уларни ва ҳаммани шундай қилиб яратган, Унинг хоҳиш-иродаси шундай бўлган. Сиз ҳадеб ўз аҳволингиздан шикоятлар қилиш, турмушингиздан, мартабангиздан нолиш ўрнига дунёнинг қаеридадир бўлаётган урушларда бегуноҳ одамларнинг ўлиб кетаётганини, ярадор бўлаётганини, яқинларидан ажраётганини кўз олдингизга келтиринг. Ёки яна қайдадир бир бурда нонга зор, бошпанаси йўқлигидан кўчада тунайдиган хор одамлар борлиги ҳақида ҳам бир ўйлаб кўринг. Ёхуд бир маҳалладошингиз кўп йиллардан буён беморлик тўшагида қимирламай осмонга тикилиб ётганини бир эслаб қўйинг. Ана шунда кимларнингдир назарида сиздан бахтли одам йўқлиги, кимларнингдир ҳам сизга ҳавас қилишлари, кимлар учундир сиз комил инсон тимсоли эканингиз аён бўлади-қолади.
Танангизнинг соғ бўлиши, юртингизнинг тинчлиги, етарли озуқа ва кийимларнинг борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, қўйингки, бутун дунё сизнинг қўлингиздаю, уни ҳис қилмаяпсиз. Ҳаётга эгасиз-да, уни билмаяпсиз. «Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизга бўйсундириб қўйганини ва сизга барча зоҳирий ва ботиний (яъни, моддий ва маънавий) неъматларини комил қилиб берганини» кўрмаяпсиз. Икки кўзингизнинг, тилингиз, икки лабингиз, икки қўл ва икки оёғингизнинг мужассамлиги энг катта давлатингиз эмасми?
Энди бир ўйлаб кўринг-чи, кесилган оёқ билан юриш осон ишми? Болдирингиз олиб ташланган бўлса, унга суянишнинг иложи борми? Оғриқ ўраб турганида кўзингизни юмиб ухлай олармидингиз? Ёки хаста қорнингизга иштаҳа тусаб турган овқатни ёки совуқ сувни кирита  олармидингиз? Шундай кишилар борки, овқат вужудини қақшатиб, ичган суви заҳарлаб, уни касалга мубтало қилган.
Қулоғингиз ҳақида фикр юритинг, чунки карликдан омонда этилдингиз. Кўзингиз ҳақида ўйланг, чунки кўрликдан омонда қилиндингиз. Терингиз тўғрисида фикр айланг, чунки  песлик ва мовохликдан нажот топдингиз. Ақлингизга назар солинг, чунки ақлингиз етарли бўлгани учун жиннилик ва довдирликка чалинмадингиз.
Фараз қилинг: битта кўзингизни Чотқол тоғидек олтинга алиштирармидингиз? Ёки қулоғингизни Помир тоғи вазнича кумуш эвазига сотишга кўнармидингиз? Тилингизнинг соқов бўлиши эвазига подшоҳлар қасрини сотиб олишни хоҳлармидингиз? Қўлингиз кесилиши эвазига гавҳар ва ёқутларга эга бўлишни  истармидингиз?
Ўзи аслида энг афзал неъматлар ичидасиз, лекин ўзингиз билмайсиз. Шунинг учун ғам-ғусса, хафа ва тушкунликда яшайсиз. Олдингизда иссиқ нонингиз, совуқ сувингиз, тинч уйқунгиз, узун офият турса-да, йўқотган нарсаларингиз ҳақида бош қотирасиз. Борига шукр қилмайсиз. Молиявий зарардан безовта бўласиз. Аслида сизга саодат калити, беҳисоб яхшилик, иқтидор, неъмат ва бошқа эзгу нарсалар бериб қўйилгани ҳақида жиндай тафаккур қилмайсиз.  
Танлай ола билиш қобилияти ҳам хотиржамлик асосидир. Одамзод яратилганидан буён унинг жисмида мавжуд бўлган сўзлаш, хаёл, сезиш қувватлари каби танлаш қуввати ёрдамида инсон бошқалардаги гўзал ва хунук хислатлар, муҳим ва зарарли ишларнинг яхши-ёмонини ажрата олади. Абу Наср Форобий ёзганидай: «Танлаб олиш хосияти ёрдамида инсон бирор нарсани истайди ёки ундан қочади, унга берилади ёхуд ундан жирканади, ундан таъсирланади ёки тортинади. Бунинг натижасида нафрат ва муҳаббат, дўстлик ва душманлик, қўрқинч қа жасурлик, ғазаб ва розилик, шаҳват ва миннатдорлик ҳис-туйғулари пайдо бўлади».
Бекорчилик ёки севмаган машғулотни қилиш, ўзгаларнинг миннатли эҳсонларига кўз тикиб яшаш, ўзингизга ёки инсониятга фойда келтирмайдиган ишлар билан шуғулланиш ҳам ҳаётингизнинг маромини бузадиган, турмушингиздан файз ва лаззатни олиб қўядиган энг ёмон иллатлардандир. Бекорчилар барчанинг назаридан қолган ва ҳамманинг эътирозига сабаб бўлувчи кишилардир. Чунки уларнинг иродаси бўш, ўзлари эса ачинишга лойиқ бебахт кишилардир.
Инсоннинг энг тубан ва хатарли ҳолатларидан бири унинг бекорчи бўлиб қолишидир. Бундай инсон икки тарафига қалқа-қалқа пастликка шитоб билан тушиб бораётган ҳайдовчисиз машинага ўхшайди. Агар бекорчи бўлиб қолар экансиз, ўзингизни ғам-андуҳ ва қўрқинчлар гирдобига тайёрлайверинг. Чунки бекорчилик сизга  ўтган, ҳозирги ва келажак ҳаётдаги барча паст-баландликлар, озор-ўкинчлар ҳақидаги маълумотлар дафтарчасини  олиб келади. Миянгизга бир-биридан ваҳимали ташвишларни, ғам-ташвишга қоришган ўй-фикрларни тўлдириб ташлайди ҳамда сизни бесаранжомлик ва ғурбат чангалзорларига киритиб юборади.
Доноларнинг насиҳати шуки, ўша таги йўқ, пўк нарсалар ўрнига самара берадиган фойдали ишлар билан шуғулланинг. Чунки бекорчилик махфий ўлим ва тинчлантирувчи капсула билан ўз жонига қасд қилишдан бошқа нарса эмас. Бекорчилик худди Хитой қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қўлланиладиган томчи сув билан жазолаш воситасига ўхшатилади. Уларда маҳбус устига ҳар дақиқада бир томчидан сув туширадиган жўмрак ўрнатилади ва у ўша томчи қачон тушар экан, деб кутиш асносида у жинниликка мубтало бўлади.
Шундай бўлгач, ҳозироқ ўрнингиздан туринг-да, бирор фойдали юмушни қўлга олинг. Китоб мутолаа қилинг ёки бирор нарса ёзинг, ҳеч бўлмаганда ёзув столингизни тартибга солинг ёки уйингизнинг кам-кўстини тузатинг. Хулласи бошқаларга манфаати етадиган нима иш бўлса ўшани қилинг, фақат ҳаётингизда бўш вақтга ўрин қолмасин. Кунингизга мазмун кирсин.  
Бекорчиликни иш пичоғи билан бўғизлаб ташланг, шунда дунё шифокорлари сизга эллик фоиз бахт-саодат кафолатини беришади. Деҳқонлар, новвойлар, қурувчиларнинг қушларга ўхшаб ўзларининг роҳат-фароғатда, бахтли эканлари ҳақида тинмай куйлаб юришганига эътиборингизни қаратинг. Тўшак устида кўз ёшларингизни арта-арта изтироб чекишдан тўхтанг. Шундагина қалб хотиржамлигини қўлга киритасиз, икки дунё саодатига эришасиз!  
«Ўкинма» китобида ёзилишича, бошқаларнинг шахсиятига ўхшаб олиш ҳам доимий азобдир. Кўпчилик бу нарсани унутиб қўяди ва овозини, ҳаракатларини, қилиқларини, сўзларини, иқтидорини, қўйинг-чи барча ҳолатларини бошқаларникига ўхшатишга, ҳеч бўлмаганда ўзганикига яқинлаштиришга интилади.
Бу нарса инсоннинг ўз зоти, табиатига бўлган такаллуфи, мақтанчоқлиги ва тақлидбозлигидан бошқа нарса эмас. Одамзоднинг атиги икки нафари кўринишда, хилқатда, феъл-атворда ҳеч қачон бир хил бўлмайдию нима учун иқтидор ва ахлоқда бир бўлсин? Сиз тамоман бошқа бир шахссиз! Тарихда сизга ўхшаши асло бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Атрофингиздаги ҳамма одамдан бошқачасиз.
Қандоқ яратилган бўлсангиз, ўшандоқ яшашга интилинг. Овозингизни, гапириш оҳангингизни, юриш-туришингизни  ўзгартирманг. Сизнинг фақат ўзингизга хос идрок қилиш хусусиятингиз бор, фақат ўзингизга хос рангингиз мавжуд. Атрофингиздагилар сизни ўша идрокингиз ва рангингиз ҳолатида кўришни исташади. Одамлар табиатига кўра худди наботот оламига ўхшашади. Ширини ҳам бор, нордони ҳам бор, узуни ҳам бор, калтаси ҳам. Агар олма бўлсангиз, беҳига айланиб олишингиздан нима маъно бор? Ахир айнан олма бўлганингиз учун чиройли, қимматли, эътиборга лойиқсиз.

Аҳмад Муҳаммад

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase