«Гитлер Ислом динини қабул қилмоқчи бўлган», «Черчилль Ислом динини қабул қилмоқчи бўлган», «Гёте Ислом динини қабул қилган» каби янгиликларни ўқиганда менда бир савол туғилади: нима бу, кимгадир ўз динининг ҳақиқий эканлигини исботлаш учун беўхшов уринишми? Ёки бу қандайдир тарғибот усулларими – исломни бундай одам ҳақидаги фикрнинг ўзиёқ жирканиш ва сесканиб кетиш учун ёки Гёте билан бўлгани каби мусулмонларни калака қилишлари учун бемаънилик даражасига олиб бориш мақсадида турли жиноятчилар ва ичкиликборзлар номи билан боғлашми.
Ўйлайманки, бор кучи билан кўнгилдаги нарсаларни ҳақиқат қилиб кўрсатишга уринадиганлар, шунингдек, ҳар қандай уйдирмаларга тез ишонадиган кишилар Исломнинг етарли даражада эканлигини ва ҳар қандай қўлтиқтаёқлар ва тиркагичларга муҳтож эмаслигини унутмасликлари керак.
Гёте, Лев Толстой каби буюк шахслар Қуръон ҳақиқатларини тан олгинликлари билан фахрланиш, улар учун хурсанд бўлиш керак, лекин худди чўкаётган одам хасга ёпишгандай уларнинг исмларига ёпишиб олмаслик керак.
Мусулмонларда муносиб одамлар ва ўз қаҳрамонлари етарли – ҳозирги кунда ҳам, ўтмишда ҳам. Уларни ўйлаб топишга эҳтиёж йўқ. Мусулмон бўлмаган машҳурларга мурожаат қилиб, уларнинг динимиз ҳақидаги ҳар хил сўзларини жон-жаҳд билан англар эканмиз, ҳар доим бир нарсани баҳона қилаётгандек, одамлардан мақтов сўраётганга ўхшаймиз.
Ислом – уни қабул қилишдан иборат бўлган бир марталик қаҳрамонлик ҳаракати эмас. Ислом – бутун ҳаёт, кундалик воқелик ва инсоннинг ҳар кунги, ҳар дақиқадаги танловдири. Уламолар қисқа ва лўнда қилиб: «Мусулмон бўлайлик» деган. Дўстларимиз, қўшниларимиз ва ҳамкасбларимиз бизнинг мақтовимизни қабул қилишдан хурсанд бўлишлари учун ўзимиз муносиб инсонлар бўлайлик. Шунда биз ҳақимизда мужримлар оғзида янграган ҳар қандай яхши сўздан қувонмаймиз. Ҳатто жуда машҳур одамлар илтифотли маъқуллашига муҳтож бўлмаймиз.
Абу Муслим таржимаси