close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Янги жамият асослари

  • Якшанба, Апр 25 2021
  • Муаллиф  Рамазон Бутий

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага ҳижрат қилишлари Ер юзида илк Ислом диёри пайдо бўлишидан дарак берарди. Шунинг учун у зоти бобаракот Мадинайи мунавварага бориб амалга оширган биринчи ишлари ана шу давлатнинг асосий тамал тошини-пойдеворини барпо қилиш бўлди. У пойдевор қуйидаги уч амалда ўз аксини топган:

Биринчиси: Масжид куриш;
Иккинчиси: Омматан мусулмонларни, хоссатан муҳожирлар билан ансорларни бир-бирлари билан биродарлаштириш;
Учинчиси: Мусулмонлар ҳаёт низомини белгилаб берувчи ва омматан бошқалар билан, хоссатан эса яҳудлар билан бирга бўладиган алоқаларини аниқлаб берувчи дастур битиш.

Биринчи асос (масжид қуриш)

Демак, сўзимизни аввало масжид биносидан бошлаймиз:
Расулуллоҳ алайҳис-салоту вассаломнинг туяси ансорлардан бўлган икки етим ғуломга тегишли майдонга чўкканини айтиб ўтган эдик. (Асъад ибн Зурора Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилишларидан олдин ана ўша жойни намозгоҳ қилиб олиб, дўстлари билан у жойда намоз ўқир эди). Расулуллоҳ алайҳис-салоту вассалом мазкур жойга масжид қуришга амр қилдилар. (Асъад ибн Зуроранинг) қўл остидаги ҳалиги икки ғуломни чақириб, жойнинг нархини сўрадилар. У иккови: "Сотмаймиз, балки уни Сизга ҳадя қиламиз эй Расулуллоҳ", дейишди. У зот эса бунга кўнмадилар ва ўн динорга сотиб олдилар.
У ерда хурмо дарахтлари ва мушрикларнинг эски қабрлари бор эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайхи ва салламнинг буйруқлари билан қабрлар кўчирилди, дарахтлар кесилиб, қибла томонга териб қўйилди Масжид майдонининг узунлиги қибла томондан охиригача юз газ, икки ёни ҳам шунча ёки сал камроқ бўлди. Деворлари ғишт билан кўтарилди. Расулуллоҳ соллоллҳу алайҳи ва саллам қурилишда ўзлари ҳам қатнашдилар - саҳобалар билан бирга тош-ғиштларни ташиб туриб, шундай дер эдилар: "Оллоҳим, фақат Охират яхшилиги яхшидир. Муҳожир ва ансорга нусрат бергин".
Масжиднинг қибласи Байтул-Мақдис томон бўлди. Устунлари хурмо танасидак, шифти эса унинг шохларидан қилинди. Ери кум ва майда тошлар тўшалган ҳолатида қолдирилди.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларига Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларигача ҳеч қандай ўзгартириш ёки қўшимча киритилмади. Умар розияллоҳу анҳу ўзининг халифалик даврида унга айрим безак ва ўзгартиришларни киритди. Усмон розияллоҳу анҳу эса жуда катта ўзгартиришлар киритиб, масжиднинг деворини нақшли тош ва қусса (гипс) билан кўтарди.
 Ибратли нукталар:
Мязкур мавзудан бир неча муҳим далолатларни штт. Уларни қуйида қйсқача келтириб ўтамиз:

1. Исломий жамиятда масжиднинг аҳамияти. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага етиб боришлари биланоқ мустаҳкам Исломий жамият барпо қилишга киришдилар. У жамият Мадина жамлаган муҳожир ва ансорлардан иборат мусулмонлардан ташкил топган эди. Бу йўлда биринчи қилган ишлари масжид бино қилиш бўлди.
Табиийки, Исломий жамият барпо қилишда масжиднинг аҳамияти жуда каттадир. Чунки мусулмон жамият ўзаро бирдамликни, мустаҳкам жипсликни Ислом қонунлари, эътиқоди ва одобларидан ўрганади. Буларнинг барчаси масжид иқлимида ўз ривожини топади.
Дўстлик, биродарлик муносабатларини кенгайтириш Исломнинг қонун ва одоблариддкдир. Бундай муносабатларни мустаҳкамлаш эса фақат масжидда амалга ошади. Чунки мусулмонлар ҳар куни, бир неча марта Оллоҳнинг уйларидан бирор уйда мол-дунё ва обрў-мансабларини масжиддан ташқарига ташлаган ҳолда бир-бирлари билан кўришиб турмас эканлар, ўрталарида оға-инилик, биродарлик руҳи пайдо бўлиши мумкин эмас.
2 - Балоғатга етмаган гўдак ва етим болалар билан савдо қилиш хукми.
Баъзи фақиҳ олимлар мазкур ҳадисдан балоғатга етмаганлар билан олди-сотти қилиш дурустлигига далил оладилар. Яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам хурмо ҳосили йиғиладиган шийпонни икки етим боладан баҳолашиб сотиб олдилар. Агар бундай қилиш мумкин бўлмаганида улардан сотиб олмаган бўлар эдилар, деб важ-сабаб айтадилар.
Балоғатга етмаганлар билан тасарруф қилиш мумкин эмас деган фикрдаги олимлар эса (улар аксари уламоларни ташкил қилади) Оллоҳ таолонинг ушбу оятини далил қилиб келтирадилар. "Етимнинг молига то у вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билангина яқинлашингиз! Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз! Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Сўзлаганингизда (гувоҳлик берганингизда) гарчи қариндошингиз(га қарши) бўлса ҳам адолат қилингиз! Оллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Шояд эслатма (насиҳат) олурсизлар, деб (Оллоҳ) сизларни мана шу нарсага буюрди" (Анъом сураси,152-оят).
Майдонни сотиб олиш ҳадиси ҳақида эса икки хил жавоб айтадилар:
Биринчиси: Ибн Уйайнанинг ривоятига кўра, Пайғамбаримиз алайҳис-салоту вассалом ўшанда мазкур икки етим болани ўз оталиғига, қарамоғига олган амакилари билан гаплашган ва майдонни ўша киши воситаси билан сотиб олганлар.
Иккинчиси: Бу каби ишлар тўғрисида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламда волийлик -раҳбарлик хусусиятлари бўлиб, мазкур ерни у икки боладан оддий фуқаро сифатида эмас, балки, бутун мусулмонларга раҳбарлик сифати, ҳуқуқи билан сотиб олдилар.
3. Эски қабрларни қазиб олишнинг ва ўша жойга тозаланиб, покиза қилингандаи сўнг масжид бино қилишнинг дурустлиги.
Имом Нававий мазкур ҳадисни шарҳлар экан, Шундай дейди: Бу ҳадисда қабрларни қазиб олишга ва тупроғи майитларнинг қон ва йирингларидан тозалангандан кейин у ерда намоз ўқиш дурустлигига далолат бордир.
Бундан ташқари ҳадисда майит дафн қилинган ерни агар вақф қилинмаган бўлса сотиш мумкинлига ишора бор.
Сийрат уламолари мазкур икки боланинг майдонидаги қабрлар эски ва текисланиб кетганлигини таъкидлашди ва шу билан бирга қабрдаги майит жисмлари қазиб олиниб, тупроғи покланганини айтадилар.
4. Масжидни мустаҳкам қуриш ва унга нақшу зийнат беришнинг ҳукми.
Уламолар масжидни мустаҳкам, кўп йилларга чидамли қилиб қуришни дуруст ва яхши деб билганлар. Улар бунга Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумолар Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг масжидларини қайта қурганликларини ҳамда қуйидаги оятни далил қилиб кўрсатадилар: "Оллоҳнинг масжидларини фақат Оллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирган, намознй тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато килган ва Ёлғиз Оллохдангина кўрқадиган зотларгина
обод қилурлар." (Тавба сураси. 18-оят). Обод қилиш эса, мустаҳкам, пухта қилиб қуриш, унга эътиборни кучайтириш билан бўлади.
Масжидга нақшу зийнатлар беришга келсак, уламолар уни макруҳ санаганлар. Чунки ҳар қандай нақшу нигор масжидга кирган намозхонларнинг қалбидан хушуъни, тадаббур-тафаккурни кетказишга ва дунё гўзалликларига маҳлиё бўлишга сабаб бўлади. Ваҳоланки, масжидга киришдан мақсад дунявий тасаввурлардан қочиш, кўнгилни унинг зебу зийнатларига қизиқишдан бўшатишдир.
Имом Бухорий ўзининг "Саҳиҳи"да Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоят ҳам фикримизни тасдиқлайди. Умар розияллоҳу анҳу масжид қуришга буюриб шундай деди: "Одамларни ёмғирдан пана қилгину, аммо қизил-сариқ қилиб юборма, акс ҳолда инсонларни фитнага солиб қўясан".

Уламолар ўртасида масжиднинг қибла томонига Куръон оятлари ёзилиши дурустлиги ҳақида ихтилоф бор.
Айтганларимиздан сизга бугунги кунда кўпчилик масжид бино қилишга алоқадор соҳадаги кишилар йўл қўяётган хатолар аён бўлади. Яъни, улар бор куч ва эътиборларини масжидни зийнатлашга, уни нақшу нигорлар билан безашга қаратмоқдалар. Ҳатто масжидга кирган одам Оллоҳ азза ва жаллага қуллик қилиш хокисорлигини туйиш ўрнига гўё кирганларга меъморий санъат эришган тараққиётдан ифтихор билан сўзлаётган нақш ва безакларга эътибори машғул бўлади.
Яна бунинг энг ёмон натижаларидан бири, фақир-камбағаллар дунёвий орзу-ҳаваслардан қочгани жой топа олмаётган пайтда масжидларга борганида қалблари хотиржам тортади, ўзларининг камбағалликларидан масжидларда тасалли оладилар, дунё ҳавосидан чиқиб Охират иқлими ва у Жойдаги фаравон ҳаётга кўтарилгандай бўлиб юпанадилар.
Мана бундай масжидлардаги зебу зарлар эса уларга фақирликлари сабабли маҳрум бўлган нарсаларини ва камбағалликнинг тушкунликларини яна уларга эслатиб қийнаши аниқ.
Афсуски, мусулмонлар Исломнинг ҳақиқатидан узоқлашиб, сохта, ёлғон ишларга машғул бўлиб кетишдики, ундай ишларнинг зоҳири динга ўхшаса-да, ботини дунё ва унинг ҳою ҳавасларидир.

Иккинчи асос (мусулмонларни Оллоҳ йўлида дўстлаштириш)

Сўнгра Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам муҳожир ва ансор саҳобаларини Оллоҳ Йўлида ва вафот қилганларидан кейин бир-бирларига меросхўр бўлиш шарти билан дўстлаштирдилар. Яъни, бу билан Исломий ака-укачилик қариндошликдан кўра кучлироқ эканини англатдилар.
Масалан, Жаъфар ибн Абу Толибни Муоз ибн Жабал билан, Ҳамза ибн Абдулмутталибни Зайд ибн Ҳориса билан, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни Хорижа ибн Зуҳайр билан, Умар ибн Хаттобни Утбон ибн Молик билан, Абдурраҳмон ибн Авфни Саъд ибн Рабиъ билан дўстлаштирдилар. Ва ҳоказо...
Бу биродарлик моддий асос устига ҳам қурилганлигини юқорида айтиб ўтилган - бир-бирларидан мерос олиш ҳукмидан билишимиз мумкин. Бу хукм Бадр жанги воқеасигача давом этди. Кейин қуйидаги оят нозил бўлди: "Оллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга Оллоҳ Йўлида дўстлашиб, бир-бирларига меросхўр бўлган кишилардан) ҳақдорроқдирлар. Албатта Оллоҳ ҳамма нарсани Билгувчидир". Мана шу оят ўзидан олдинги -Исломий дўстликнинг меросга таъсирини бекор қилди. Бундан буён мерос хукми қон қариндошликка қараб чиқариладиган бўлди. Мўминларнинг барчалари ака-ука бўлдилар.
Ибратли нукталар:
Бу (дўстлаштириш) Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Исломий жамият қуришда таянган иккинчи асосдир.
Ҳар қандай давлат фақатгина халқнинг бирлигидан иборат бўлган асосга биноан оёққа туриши, барпо бўлиши мумкин. Халқнинг бирлиги эса ўзаро меҳр-муҳаббат ва биродарликсиз бўлмайди. Дўстлик ва ҳақиқий биродарлик ришталари билан бирлашмаган жамоат қандайдир бир фикр, ғоя атрофида бирлашиши мумкин эмас. Энди халқ ёки жамоат орасида ҳақиқий бирлашиш бўлмаса улар билан бир давлат барпо бўлиши ҳам мушкил ишдир.
Бундан ташқари бу биродарлашув бир хил эътиқод эгалари орасидагина бўлиши лозим. Шунинг учун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Исломий эътиқодни саҳобаларининг дилларини бирлаштирган биродарликнинг асоси қилиб белгиладилар.
Бу биродарлашувдан аввал ҳам, Маккада фақат муҳожирлар орасида бошқа биродарлашув бўлиб ўтган. Ибн Абдул-Барр айтади: "Биродарлашув икки марта бўлган: Бир марта муҳожирлар ўртасида Млккада, иккинчи марта муҳожир ва ансорлар ўртасида".

Учинчи асос (мусулмонлар ва бошқалар ўртасида васиқа битиш)

Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам блжарган янги давлатнинг дастурий жиҳатига алоқадор бўлган ишларнинг энг муҳими мана шу учинчи асосдир. Ибни Ҳишом ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага келганларига ҳеч қанча вақт бўлмай Мадина аҳлидан бўлган арабларнинг жуда кўпчилиги Исломни қабул қилдилар. Авс қабиласидан баъзиларини ҳисобга олмаганда Исломга кирмаган хонадон қолмади, Шундан кейин Расулуллоҳ алайҳис-салоту вассалом муҳожир ва ансорлар ўртасида бир нома ёздилар. Унда яҳудлар билан ҳам аҳдлашдилар, уларни ўз динлари ва молларига эгадор ҳолда қолдириб, уларга бир неча
шартлар қўйдилар.
Биз у номанинг матнини жуда узун бўлганлиги сабабли бу ерда тўлиқ келтирмаймиз, лекин ундан айрим муҳим бандларини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг номаларида қандай битилган бўлса ўшандай ҳолатда келтириб ўтамиз.

1-    Қурайшликлар, Ясрибликлар ва уларга эргашиб, улар билан бирга жанг қилган мусулмонлар ягона умматдирлар.
2-    Ана ўша мусулмонларнинг барчаси қабилалари бошқа-бошқа бўлишидан қатъий назар агар лозим бўлса хун ҳаққини бирга тўлайдилар ҳамда яхшилик ва мўминлар ўртасида адолат билан асирларини фидя бериб кутқариб оладилар.
3-    Албатта мўминлар ораларидаги қарзга ботган, кўп фарзандли кишиларнинг фидя ва тўловларини биргалашиб тўлайдилар.
4-    Албатта тақводор мўминлар адолатсизлик қилган ёки мўминлар ўртасида бузуқликни ёки душманликни ёки гуноҳ ва зулмни истаган кимсага қаршидирлар ва ўша кимса гарчи ўзларининг фарзандлари бўлса ҳам унга қарши барчаларининг қўллари биттадир.
5-    Мўмин киши кофирни ёнини олиб мўминни ўлдирмайди.
6-    Мўминларнинг силми (иттифоқи) ягонадир. Мўмин киши Оллоҳ Йўлидаги жангда бошқа мўминлар билан бирга баробар ва адолатли иттифоқдадир.
7-    Оллоҳнинг ҳимояси ягонадир. Мўминларни уларнинг энг паст табақалиси ҳам ҳимоя қила олади. Ўзгалар қаршисида мўминлар бир-бирларига дўстдирлар.
8-    Ушбу саҳифадаги нарса (банд)ларни қабул қилган ҳамда Оллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирган мўмин учун бир бидъатчига ёрдам бериши ёки бошпана бериши ҳалол эмасдир. Кимда ким унга ёрдам ёки бошпана берса, албатта унга
Қиёмат Кунида Оллоҳнинг лаънати ва ғазаби бўлгай ва ундан фазл ҳам, адл ҳам (тавба ҳам, тўлов ҳам) қабул қилинмайди.
9-    Яҳудлар бошқа яҳудларга моддий ёрдам бера оладилар.
10-    Яҳудларга    ўзларининг    нафақаси, мусулмонларга ўзларининг нафақаси бўлур. Ушбу саҳифа аҳли жанг қилганларга қарши бир-бирларига ёрдам беришлари лозимдир.

Ибратли нукталар:
Мазкур васиқада Исломий жамиятнинг хилма-хил ташкилий масалаларига тааллуқли далолатлар бўлиб, айримларини қисқача айтиб ўтамиз.
Ҳозирги асрда мазкур васиқага бериладиган энг муносиб таъбир "Дастур" сўзи бўлса керак. Чунки у бир давлатнинг ички ва ташқи низомини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган ҳар қандай дастур ўз ичига олиши мумкин бўлган нарсаларни ўзида жамлаган.
Бу дастурни Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Парвардигори томонидан бўлган ваҳий билан туздилар ва мусулмонлар ҳамда қўшни яҳудлар ўртасида уни татбиқ қилдилар. Бундан маълум бўладики, Исломий жамият аввал-бошидан комил дастурий асослар устига барпо бўлган экан.
Бу васиқа Пайгамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам яҳудлар билан бирга қилган муомаланинг қанчалар адолатли бўлганини кўрсатади. Агар яҳудларга уларнинг макр-ҳийлани, хиёнатни яхши кўрадиган табиатлари ғолиб бўлмаганда мусулмонлар билан яҳудлар ўртасидаги ушбу адолат ўзининг мевасини бериши мумкин эди. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмай яҳудлар ўзлари қабул қилган бу васиқанинг бандлари ўз ичига олган нарсаларга чидай олмай қолдилар, натижада Расулуллох, соллоллоҳу алайҳи ва салламга ва мусулмонларга турли хиёнат ва найранглар билан қарши чиқдилар. Бу ҳақда кейинроқ батафсил келтирамиз иншаоллоҳ.
Биринчи банддан бизга маълум бўладики, мусулмонларнинг бирлигини вужудга келтирадиган, уларни ягона уммат қиладиган Ислом экан. Мана бундай бирлик майдонида уларнинг ораларидаги ҳар қандай баланд-пастлик эриб, йўқ бўлиб, барча баробар инсонга айланар экан. Буни ўша биринчи банддаги Пайғамбар алайҳис-саломнинг сўзларидан тушуниб олиш мумкин: "Қурайшликлар, Ясрибликлар ва уларга эргашиб, улар билан бирга жанг қилган мусулмонлар инсонлар олдида ягона умматдирлар".
Еттинчи банд мусулмонлар ўртасидаги тенгликка Исломий жамиятнинг энг муҳим Шаръий рукнларидан бир рукн сифатида эътибор қаратишга ва уни комил суратда татбиқ қилишга чақиради. Унда шундай дейилган эди: "Оллоҳнинг ҳимояси ягонадир. Мўминларни уларнинг энг паст табақалиси ҳам ҳимоя қила олади. Ўзгалар қаршисида мўминлар бир-бирларига дўстдирлар". Бунинг маъноси, бир мусулмоннинг ҳимояси у ким бўлишидан қатъий назар муҳтарам - ҳурматга сазовордир. Яъни, у мусулмонлардан кимни ўз ҳимоясига олса, ҳеч ким бу ҳимояни оёқ ости қилиши мумкин эмас. Бу борада мусулмон аёл ҳам эркак киши билан тенг ҳукуқлидир. Бунга барча уламолар иттифоқ қилганлар. Имом Бухорий, Муслим ва яна бошқаларнинг ривоят қилишларича, Абу Толибнинг қизи Умму Ҳониъ Фатҳ йилида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб: "Эй Расулуллоҳ, акам мен ҳимоямга олган Ибн Ҳубайрани ўлдирмоқчилигини айтяпти", деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: "Сен ҳимоянгга олган кишини биз ҳам ҳимоямизга олдик эй Умму Ҳониъ", дедилар.
Бундан сиз Исломнинг ҳимоясида аёл киши эришган мақомнинг қанчалик баландлигини ва эркак киши билан баробар барча инсоний ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётганлигини билиб олишингиз мумкин.

Шайх Муҳаммад Саъид ибн Рамазон Бутий
"Сийратни англаш" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase