close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Иблислар суҳбати

...Аммо мусулмонларнинг барча камчиликлари ва заиф томонларига қарамасдан халқларнинг етакчиси бўлиш борасида ғарбликларнинг рақиби бўла оладиган ер юзидаги ягона халқ ана шулардир.

Мусулмонлар дунёнинг ҳаракатини назорат қилиб туришлари, халқларнинг ахлоқлари, амаллари ва ҳаракатлари устидан ҳисоб­китоб қилиб турадиган, уларни фазилат ва тақво сарига етаклай оладиган, икки дунё саодати ва нажотига бошлайдиган, қўлида бор куч­қудрат ёрдамида улар билан жаҳаннамнинг ўртасига тўсиқ бўладиган, жоҳилия фитратига қайтишларига рози бўлмайдиган ягона халқдирлар.
Оврўпо шарқу ғарб бўйлаб ёзиб ташлаган жоҳилона тузумга қачонлардир хавф солиши ва унинг режаларини чиппакка чиқариши мумкин бўлган халқ ана шулардир.
Исломнинг донишманд шоири (Муҳаммад Иқбол) ўзининг ажоиб қасидаси «Иблис парламенти»да Иблиснинг тили орқали ана шу хатарни тасвирлаб бергандир. Унда зикр қилишича шайтон, Иблиснинг шериклари ва ёрдамчилари шўро мажлисида тўпланиб, дунёнинг жараёни, эртанги куннинг хатарлари ва фитналари ҳақида, ўзларининг иблисона тузумлари ва шайтоний вазифалари учун хатарли деб билган нарсалари хусусида баҳслашибдилар. Шунда улардан бирлари республикачиликни эсга солибди ва бу ишга катта баҳо бериб юборибди. Иккинчиси эса: «Сен у ишдан хавотир олмагин. Чунки у подшолик қилишнинг бир кўриниши холос. Подшоликка республикачилик либосини кийгазганлар бизнинг ўзимиз.  Агар бирор инсон ўзига келиб қолиб ўз улуғлигини ҳис қилганини сезиб қолсак, бизнинг тузумимизга қарши оқибати яхшиликка олиб келмайдиган қўзғолон қилишидан хатарга тушсак бас, биз уни республикачилик ўйинчоғи билан овора қилиб қўямиз. Иш амир ёки султоннинг қўлида эмас. Подшолик подшоликка муносиб бўлган бирор шахснинг борлигига чекланиб қолган эмас.  Подшолик дегани бу инсоннинг ўзидан бошқаларга қарам бўлиб, бошқаларнинг матосига кўз тикиб яшамоғидир. Бунинг халқ ва шахс бўлишида ҳеч қандай фарқ йўқ. сен ғарбликларнинг республикача тузумларини кўрмаганмисан? Ташқариси ёп­ ёруғ, ботини эса Чингизхоннинг ичидан ҳам қорароқ?».
Шунда бошқаси деди: «Агар подшоликнинг руҳияти сақланиб қоладиган бўлса, ҳеч нарса эмас экан. Аммо муҳтарам ноиб Карл Маркс деб аталган ўзи набий бўлмасада муқаддас китобни кўтариб юрадиган бу яҳудий қўзғаган қора фитналар ҳақида нималар дейдилар?  Унинг дунёни остин­устин қилиб юборганидан, қулларни хожага айлантириб қўйганидан хабарингиз борми?».
Яна бирлари мажлис раисига мурожаат қилиб деди: «Жаноби олийлари, Оврўпо сеҳргарлари агарчи Сизнинг садоқатли муридларингиз бўлсалар ҳам  мен уларнинг фаросатларига унчалик ишонмаяпман. Мана (Форсларнинг коммунист етакчиси бўлган) Маздакнинг бир нусхаси бўлган яҳудий Сомирий ҳам бутун оламга ўзининг қоидаларини олиб келган эди, пашша бургутга айланди, қашшоқлар подшолар билан ёнма­ён ўтирадиган бўлиб қолдилар. Бизлар манави коммунистик ҳаракатга беписанд қараган эдик. Мана бугун унинг шарри бутун оламни эгаллаб олди. Мана бугун ер ҳам эртанинг фитнасидан қўрқиб титрайдиган бўлиб қолди. Жаноби олийлари, сиз бошқараётган олам яқинда Сизга қарши чиқажак. Ана шунда бу тузум дунёни остин­устин қилиб юборади».
Ана шунда мажлиснинг раиси (Иблис) сўзга кириб деди: «Дунёнинг бошқаруви менинг қўлимда ва мен уни истаганимдек тасарруф қиламан. Яқинда бутун дунё ажоиб ишларнинг гувоҳи бўлади. Мен оврўполикларнинг ўрталарига адоват солиб қўяман ва улар итлар ва бўрилардек бир­бирларини ғажийдилар. Мен сиёсий раҳбарларнинг, руҳонийлар ва епископларнинг қулоқларига пуфлайдиган бўлсам улар ўз йўлларидан адашиб кетадилар ва мажнунга айланадилар.
Сизларнинг коммунистик тузум ҳақидаги гапларингизга келсак,  шунга амин бўлингки инсонлар билан инсонлар ўртасидаги бўшлиқни Маздакийнинг мантиқи(коммунистик фалсафа) тўлдира олмайди. Бадарға қилинган бу коммунистлар ва аҳмоқ деҳқонлардан менинг қўрқадиган жойим йўқдир.
Мен агар қўрқадиган бўлсам ҳали ҳам ҳаёт ва умид учқуни кулининг остида яшириниб ётган, ичида кечалари ухламай ибодат қилиб чиқадиган, саҳарларда кўз ёшлари тўкадиган одамлари бор бўлган бир умматдан қўрқаман. Фаросати бор одамга коммунизмнинг эмас балки Исломнинг эртанги кун фитнаси экани, келажакнинг фалокати эканлиги сир эмас.
Бу уммат Қуръонни ташлаб қўйгани, молу дунёга алданиб қолгани, бошқа халқларга ўхшаб уни тўплаш ва жамғаришга берилганидан бехабар эмасман. Шарқнинг туни қоп­қора зулмат эканлиги, Ислом уламолари ва шайхларининг қўлида ўша зулматларни ёритадиган, оламни мунаввар қиладиган ўша оппоқ қўл йўқлигидан хабарим бор. Аммо мени хавотирга солаётган нарса шуки, ушбу асрдаги фалокатлар ва тебранишлар сабабли бу уммат уйғонади ва (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг) шариатига юз тутади. Мен сизларни (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг) динидан огоҳлантираман. У ор­номус ҳимоячисидир. Ҳақ­ҳуқуқлар ҳимоячисидир. Улуғлик ва шараф динидир. Омонат ва поклик динидир. Мардлик ва қаҳрамонлик динидир. Кураш динидир. У қулликнинг барча кўринишларини бекорга чиқаради. Инсонга қуллик қилишнинг барча кўринишларини ўчириб ташлайди. Шоҳ билан гадонинг ўртасини ажратмайди. Султонни деҳқондан устин қўймайди. Молу давлатни ҳар қандай кир ва ифлосликдан тозалаб, покиза ва софга айлантиради. Бадавлат ва мулкдор инсонларни ўз молларининг халифаси, Аллоҳнинг аминлари, мол устидаги вакиллари қилиб қўяди. Ер подшолар ва султонларники эмас Аллоҳникидир деб ошкора айтган кунда тафаккур ва амаллар оламида ана шу дин пайдо қилган инқилобдан кўра хатарлироқ нима бор? Бундан кўра оғирроқ қўзғолон қаерда бор?
Шундай экан сизлар ўз меҳнатингизни ана шу динни одамларнинг кўзларидан пана қилишга сарфланг. Мусулмон одамнинг ўзи Роббисига бўлган ишончи кучсиз ва динига бўлган имони заиф экани сизни хурсанд қилайверсин. Шундай экан унинг илми калом ва илоҳиёт билан, Аллоҳнинг Китоби ва оятларини таъвил қилиш билан андармон бўлиб тургани биз учун яхшидир. Сиз мусулмоннинг қулоғига тепинг. Чунки у ўзининг азон ва такбирлари билан бизларнинг дунёга қилиб қўйган сеҳр­ жодуларимизни барбод қилади. Унинг оқшомини узун, саҳарини секин қилиш ҳаракатида бўлинглар. Эй оғайниларим, дунёдаги беллашувда мағлуб қилиш учун жидду жаҳд қилиш билан шуғулланинг. Мусулмон одамнинг бошқа бир кишига қул бўлиб қолгани, бу оламни тарк қилиб узлат қилгани биз учун яхшиликдир. Агар динлари оламни назорат қилишга даъват қиладиган бу уммат  ўз ғафлатидан уйғонадиган бўлса, унда бизнинг ҳолимизга вой бўлгани ва бизнинг шўримиз қуригани шудир».

Абул Ҳасан Али ал-Ҳасаний ан-Надавий “Мусулмонларнинг таназзули сабаб дунё нималарни йўқотди?” китобидан...
Алоуддин Хофий таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase