Қирғизистон Марказий Осиёда катта демократик истисно. Ҳозир у ерда парламент сайловлари натижалари ноқонуний деб эълон қилинди. Мамлакатда янги сайловлар кутилмоқда.
Бироқ коррупция ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш муаммо ҳеч қаерга кетмаган.
Бир томондан, Қирғизистондаги сайловлар натижалари ҳақиқий эмас деб эълон қилингани халқ учун ғалабадир. Гап фирибгарлик ҳақида кетганига ҳеч ким шубҳа қилмаганди.
Бошқа томондан, муаммо айнан шунда: демократик йўл билан сайланган раҳбарлар шахсий даромад учун ҳокимиятни суиистеъмол қилганда одамлар доимо ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари керак.
Аввалги Қирғизистон парламентида олти партия вакиллари қатнашган. Бундай плюрализм Қирғизистонни ҳар доим диктаторлар учун Жаннат бўлган бу минтақада демократик истисно қилиб келган.
Ўтган якшанба куни бўлиб ўтган парламент сайловларида 16 партия иштирок этди. Тўрт партия 7%лик тўсиқдан ўтишга муваффақ бўлди. Уларнинг барчаси Жанубий Қирғизистонлик ҳозирги Президент Сооронбай Жеенбековга яқиндир.
Қирғизистондаги сиёсий таъсир кланлар орасида тарқалган бўлиб, улар ўз навбатида асосан мамлакатнинг асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган жанубий қисми ва кўпроқ урбанизациялашган шимолий ҳудудлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар пайтида шаклланади. Ҳозир эса шимолий гуруҳлар мувозанат бузилганини ҳис қилмоқда.
Сайловнинг ўзида ҳам фирибгарлик айбловлари пайдо бўлди. Натижалар чиқарилгач, реакция кутилган эди: норозилик намойишлари бошланди. Улар тезда зўравонликка айланди. Сешанба куни тунда намойишчилар парламент ва президент маъмуриятини қўлга олиб, бинога ўт қўйган.
Коррупция учун 11 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ президент Алмазбек Атамбаев озодликка чиқарилди. Эрталаб эса, Марказий сайлов комиссияси сайлов натижалари бекор қилинишини эълон қилди. Амалдаги президент Жээнбеков янги сайловлар бўлиши мумкинлигини истисно қилмади.
Қирғизистон демократиясини охиригача битмаган костюмга менгзаш мумкин. Шим-ку бор, лекин пиджакнинг енги йўқ ҳали. Мамлакатда эркин сайловлар ва сиёсий плюрализм мавжуд, лекин ёмон бошқариляпти, мустақил ҳуқуқий тизим ҳам йўқ.
Натижада эркин сайловлар давомида сайланган етакчилар фақат ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда кейинги овоз бериш натижаларини сурбетлик билан манипуляция қилмоқда. Албатта, одамлар бунга жавоб қайтаряпти, ахир СССР парчаланиб кетган вақтдан бери улар сабр косаси тўлганда кўчларга чиқишга кўникиб қолишган.
Намойишлар зўравонликлар билан бирга кузатила бошлади. Намойишчилардан олинган жароҳатлардан ҳалок бўлган одам бор.
Шундай таассурот уйғонадики, гўё мамлакат етакчилари ҳеч нарсадан сабоқ олмаяпти. Дастлаб улар демократик институтлар туфайли сайловларда ғолиб чиқишга эришади, кейин эса бу институтларни вайрон қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини сурбетларча паймол қилиш учун қўлидан келган ҳар нарсани қилади.
Қирғизистон бир нечта халқ инқилобларини бошидан кечирди. 2005 йил руй берган «лолалар» инқилоби вақтида президент Асқар Акаев лавозимидан олиб ташланди. Худди шу қисмат кейинги президент Курманбек Бакиевнинг ҳам бошига тушди. Уларнинг иккаласи коррупция ва непотизм билан боғлиқ кенг муаммолар туфайли ўз ваколатларини топширишга мажбур қилинди.
Бакиев ағдарилгандан сўнг мамлакатда фуқаролик уруши бошланди ва миллий озчилик саналган ўзбеклар қўшни Ўзбекистонга вақтинчалик қочишга мажбур бўлдилар.
Бироқ тизимнинг ўзи асло ўзгармади. Қирғизистон демократиянинг нима учун кучли институтлар ва мустаҳкам ҳуқуқий тизимсиз мўлжалдагидек фаолият кўрсата олмаслигини ёрқин кўрсатиб турибди.
Қирғизистон
Мустақиллик: 1991 йил, Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан сўнг
Пойтахти: Бишкек.
Аҳолиси: 6 миллион киши.
Расмий тиллар: қирғиз тили ва рус тили.
Дин: кўпчилиги – сунний мусулмонлар, рус православ озчилигини истисно қилганда.
Этник таркиби: қирғизлар - 73%, ўзбеклар - 14%, руслар - 6%, хитойликлар - 1,1%, уйғурлар - 0,9%.
Мамлакатнинг биринчи Президенти Асқар Акаев ҳурматли академик эди, аммо вақт ўтиши билан тобора коррупциялашиб борди. 2005 йилда Акаев "Лолалар инқилоби" оқибатида мамлакатни ташлаб қочишга мажбур бўлди. Унинг ўрнини эгаллаган Қурманбек Бакиев ҳам 2010 йилги инқилоб натижасида ағдарилди. Шундан сўнг Ўш шаҳрида қирғиз ва ўзбеклар ўртасида қисқа муддатли фуқаролик уруши бошланди. Тахминан 2000 киши, асосан ўзбеклар ҳалок бўлган.
Қирғизистон – Марказий Осиёдаги ЕХҲТ томонидан етарли даражада эркин ва адолатли деб тан олинган сайловлар бир неча марта ўтказилган ягона мамлакатдир.