close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Муфтий Усманхон Алимов: Раҳбарга итоат қилиш

Инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, золимдан мазлумнинг ҳақини олиб берадиган, улар ўртасида адолат қилиб, сиёсатини ўтказадиган бир раҳбар бўлмаса, жамоатда тартибсизлик, низолар келиб чиқиши табиий. Чунки инсонларнинг фикри бир жойдан чиқмаслиги ҳақиқат.

Инсонларнинг фикрларини тинглаб, ягона тизим асосида бошқарувчи раҳбар бўлмаса, фитна-фасод кўпайиб, улар фирқаларга бўлиниб кетишади. Натижада ҳақ-ҳуқуқлар поймол қилинади, кучлилар заифларни хўрлайди, бутун бир жамият инқирозга юз тутади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини Аллоҳ азобидан қўрқишга - тақвога чақирганларидан сўнг уларни ўзларидан бўлган иш эгаларига итоат қилишга буюрдилар. Раҳбарнинг буйруғи шариатга зид бўлмаса, унга итоат қилиш вожибдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!”(Ннсо, 59).
Аллоҳ таоло аввало Ўзига, сўнгра Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га, ундан сўнг ишбошиларга итоатли бўлишга буюряпти. Оятдаги “улул-амр” калимаси “ишбоши”, “буйруқ эгаси” деган маъноларни англатади.
Имом Молик, Ибн Аббос, Заҳҳок, Мужоҳид ва Атоларнинг айтишича, “улул-амр”дан мурод Қуръон ва илм аҳллари, яъни фақиҳлар ва дин уламолари бўлса, иккинчи фикрга кўра амир, бошлиқ ва волийлардир.
Мусулмонлар ичидан сайланган (ёки тайинланган) бошлиқ ва раҳбарларга итоат қилиб, уларнинг амрини бажариш вожибдир. Бунга ҳадислардан бир қатор далиллар келтирилади. Жумладан, Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ) ушбу оятдаги улул-амр минкумдан мурод “Аллоҳ таоло уларга итоатни вожиб қилган раҳбарлар ва бошлиқлардир”, деганлар. Ҳофиз ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) эса ушбу оят умумийдир, яъни барча бошлиқларга итоат қилиш вожиблиги тўғрисидадир, деганлар.
Агар улар гуноҳ ишга буюришмаса, раҳбарларга бўйсуниш Аллоҳга итоат қилишдир. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Мусулмон киши (бошлиғи буюрганида) яхши кўрган ё ёмон кўрган нарсада бўладими, гуноҳ иш бўлмаса, бўйсуниши лозим. Агар бошлиқ шариат ман қилган ишга буюрса, унга бўйсунилмайди”.
Уламолар: “Инсон ёқтирадими, йўқми, қийин ҳолатдами ёки енгиллик ҳолатида, нафсига оғир келадими-йўқми, раҳбарга итоат қилиши вожибдир”, дейишган.
Бошқа бир ҳадисда:
Яъни, “Ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга осийлик қилса (бўйсунмаса), Аллоҳга осийлик этибди. Ким амиримга итоат қилса, ҳақиқатан менга итоат этибди. Ким амиримга осийлик қилса, ҳақиқатан менга осийлик этибди”, деганлар.
Итоатли бўлишнинг бир қанча ҳикматлари бор: жамият тинчлиги ва унда тартиб-қоидалар ўрнатилиши, фитна ва бузғунчиликларнинг олди олиниши ва ҳоказо...
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар:
“Агар сизларга боши майиздек (қора) ҳабаш қул бошлиқ қилинса ҳам, унга қулоқ солинглар ва итоат қилинглар”.
Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизни чақирдилар, у зотга байъат (ваъда) қилдик. Жумладан, яхши ёки ёмон кўрган ишларимизда, танглик ё фаровон бўлган пайтларимизда ҳам бошлиқларга қулоқ солиш, итоатли бўлиш ва улар билан низолашмасликни ваъда қилдик. “Фақат уларда Аллоҳ далил-ҳужжатини билдирган очиқ куфр содир бўлганини кўрсангиз, итоат қилмангиз”, дедилар.
Имом Муслим Авф ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Бошлиқларингизнинг яхшироғи сизлар яхши кўрган ва сизларни ҳам яхши кўриб, ҳаққингизга дуо қиладигани ҳамда сизлар ҳам ҳаққига дуо қиладиганларингиздир. Раҳбарларингизнинг ёмонроғи сизлар ёмон кўрган ва сизларни ҳам ёмон кўрадигани ҳамда сизлар уларни лаънатлайдиган ва улар ҳам сизларни лаънатлайдиганларидир”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, уларга қилич билан қарши турмайликми?” деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ибодатда қоим бўлишаётган экан, ундай қилманг. Агар уларда ёқтирмаган бирон нарсани кўрсангиз, ўшанигина ёмон кўринг. Лекин итоатли бўлинг!” дедилар.
Демак, фосиқ бўлишса ҳам, бошлиқларга Аллоҳга гуноҳ бўлмайдиган ўринда итоат қилиш лозим. Ушбу ақида Аҳли сунна вал жамоани бошқа ёт оқимлардан ажратиб туради. Ёт бидъатчи тоифалар эса бошлиқлари зулм ё гуноҳ иш қилишса, уларга қарши қурол кўтаришни жоиз, деб билади.
Имом Таҳовий (раҳматуллоҳи алайҳ) “Ақидатут Таҳовия” китобида: “Раҳбарларимиз ва ишбошиларимизга қарши чиқмаймиз. Агар улар зулм қилсалар-да, дуойибад қилмаймиз. Мабодо гуноҳ ишга буюришмаса, уларга бўйсунишни вожиб деб биламиз ва ҳақларига яхшилик ва офият сўраб, дуо қиламиз”, деб ёзган.
Шариатда раҳбар ва ишбошига қарши чиққанлар “боғийлар” дейилади. Бу сўз араб тилидан таржима қилинса, зулм қилувчи, душманлик қилувчи, тажовузкор маъноларини англатади. Шаръий маъносини уламолар: “Боғий - бирор таъвил (сўз ёки феълдан кўзланган махфий мақсадни ўз фикри билан изоҳлаб бериш)га кўра, мусулмонлар орасида адолатли бошлиққа қарши чиқувчи қуролли тоифадир”, дея таърифлайди.
Ислом динида боғийлик қилиш қаттиқ қораланган. Мўмин киши уларга қарши курашда ўз бошлиқларига ёрдам бериши лозим. Боғийларга қарши курашда ўлдирилган мусулмон шаҳид ҳисобланади. Боғийларга эса жаноза ўқилмайди. Бу ҳақда Бурҳониддин Марғиноний бундай дейди: “Ҳукуматга қарши боғийлик ва йўлтўсар (қароқчи)лик қилганлар ўлдирилса, уларга жаноза ўқилмайди. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) боғийларга жаноза ўқимаган эдилар”.
Агар боғийлар тавба қилишса, кечирилади. Уларга қарши курашишдан олдин ҳукумат сабабларини сўраб, ёмон йўлларидан қайтиб, итоатли бўлишни таклиф қилади. Улар талаб қилишаётган иш жамият манфаатига зид бўлмаса, кўриб чиқилади.
Аллоҳ таоло урушаётган икки томоннинг ўртасини ислоҳ қилишга буюрди:
“Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, уларнинг ўрталарини ислоҳ қилинг...”(Хужурош, 9).
Боғийларга қарши курашишдан мақсад, аввало, уларни итоатли бўлишга чақириш ва тўғри йўлга бошлашдир. Шунинг учун раҳбар уларга қарши уруш очишдан олдин ҳақ йўлга чақиради.
Боғийларга ёрдам бериш, уларга қурол-яроғ сотиш ҳам мумкин эмас. Уламолар боғий ва фитначиларга қурол-аслаҳа сотиш ҳаром дейишган. Чунки улар қуроллар билан одил ҳукуматга қарши исён кўтаради. Имом Аҳмад: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитна вақтида қурол сотишдан қайтарганлар”, дейди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!”(7Иопдп, 2).
Тарихдан маълум, подшоҳ ё бошлиққа қарши чиққан кишиларнинг ҳаракати натижасида зарарлар, фитна-фасодлар кўпайган. Масалан, хаворижлар фирқасининг хатти- ҳаракатлари оқибатида мусулмонларга катта зиён етди.

Муфтий Усманхон Алимов
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase