close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сайловлар Исломга зидми?

Сайловлар яқинлашар экан мусулмонлар олдида савол пайдо бўлади: сайловга борсаммикан ёки йўқ? Кимдир буни мақсадга мувофиқ эмас, деб билади, бошқа кимдир эса ўзгаришлар бўлишига ишонмайди, мусулмонларнинг баъзи тоифалари эса сайловларда қатнашиш Исломга зид амал деб ишонади. Агар номзод мусулмон бўлмайдиган бўлса, сайловда қатнашмаслиги турган гап.

Сайловлар яқинлашар экан мусулмонлар олдида савол пайдо бўлади: сайловга борсаммикан ёки йўқ? Кимдир буни мақсадга мувофиқ эмас, деб билади, бошқа кимдир эса ўзгаришлар бўлишига ишонмайди, мусулмонларнинг баъзи тоифалари эса сайловларда қатнашиш Исломга зид амал деб ишонади. Агар номзод мусулмон бўлмайдиган бўлса, сайловда қатнашмаслиги турган гап. Қуйидаги мақолада баъзи мусулмонларнинг сайловларда қатнашмаслиги важи ва масаласининг диний томони ҳамда баъзи далилларни кўриб чиқиш ният қилинган. Демак:

1. Одамлар ўйлаб топган тизимларда қатнашиш тақиқланади (демократия - ғайридинлар тарафидан ўйлаб топилган тизим)
Ушбу ғоя тарафдорлари асосан Юсуф сурасининг 40-оятини ҳужжат сифатида келтирадилар: "Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир".
Ушбу ғоя тарафдорларининг фикрига кўра, сайловлар ва турли хил демократик институтларни одамлар ўйлаб топган, бу ҳукмлар Аллоҳ таолодан эмас дейдилар. Мадомики, ҳукм Аллоҳга хос экан, инсон шариатдан ташқарида ҳар қандай янги бошқарув тизимларни ишлаб чиқишга ҳақли эмас (ҳукм чиқариши мумкин эмас). Пайғамабаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ва унинг асҳоблари даври билан чегараланиш шарт, дейдилар.
Албатта, назарий жиҳатдан бу ғояга қўшилмаслик жуда қийин. Ҳукм Аллоҳга хос экан, демак биз шариатдан ташқари нарсалар билан ҳукм чиқара олмаймиз. Шариатда эса, демократия, сайлов ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар зикр қилинмаган, демак уларнинг ҳаммасини отиб юборсак бўлади. Бироқ масалани диққат билан ўрганар эканмиз, шариат умумий қоидаларни жорий қилганини ва кўп масалаларни одамларнинг ўзига қўйиб берганини кўришимиз мумкин. Бунга бир нечта мисоллар бор.
Тўғри йўлдаги халифаларнинг тўрттаси ҳам ўзига хос услубда сайланган. Абу Бакр розияллоҳу анҳуни бир гуруҳ мусулмонлар сайлаган, сўнг қолганлари унга байъат қилишган. Умар розиллоҳу анҳуни Абу Бакр мусулмонларнинг розилиги билан тайинлаган. Усмон розиллоҳу анҳуни Умар розияллоҳу анҳу тайин қилган ўнта саҳоба сайлаган, сўнг мусулмонлар унга байъат қилишган. Алий розияллоҳу анҳу Мадина аҳлининг талабига кўра халифа бўлган. У қабул қилди ва бошқалар эса унга байъат қилишган.
Демак, кўриб турганимиздек, рошид халифаларнинг сайланишида халқ муҳим рол ўйнаган, мусулмонларнинг байъатисиз улар ҳақиқий (легитим) раҳбар бўла олмас эди. Шу билан бир қаторда ҳар бир тўрт халифанинг сайланиши умумий ўхшаш жиҳатлар бўлса ҳам бир-биридан фарқ қилган. Шунинг учун ҳам сайлов механизмининг ўзи муҳим эмас, балки бу ерда номзодни халқ қўллаб-қувватлаши лозим. Биз зикр қилган ҳар бир тўрт ҳодисада бу нарсаларнинг борлиги муҳим эди.
Юқорида зикр қилиб ўтилган халифани сайлаш бўйича ҳар тўртта услуб Қуръон ва Суннатда аниқ-тиниқ қилиб зикр қилинмаганини эслаб ўтиш жоиз. Бу шариатнинг асосий тамойилларидан келиб чиққан саҳобаларнинг ижтиҳоди эди. Агар бугунги кунда демократия ушбу вазифани бажараётган экан, бошлиқни сайлаб олиш бўйича ушбу механизмдан фойдаланиш тақиқланмаган.

2. Демократия гуноҳ ва фаҳш демакдир, демак уни қўллаб-қувватлаш мумкин эмас
Демократик тизим жорий бўлган баъзи мамалакатларда зино, алкоголизм, рибо ва шунга ўхшаш гуноҳларга кенг йўл очилганидан мазкур тушунча келиб чиққан. Ҳолат шундай экан, бизга бундай "озодлик" ва "демократия"нинг кераги йўқ. Бу фикр эгалари билан қисман қўшилиш мумкин. Бироқ, улар муҳим бир ҳақиқатни эсдан чиқариб қўйишмоқда: демократия у ёки бу жамиятнинг асл ҳолатини акс этади халос. Агар жамият гуноҳларга мойил бўлса, бу ҳам (демократия орқали) гуноҳларга кенг қулоч очадиган қонунларида акс этади. Агар жамият одоб-ахлоқ ва маънавий тарафдан юксак бўлса демократия ва парламент тизимлари орқали юқорида зикр қилинган қадриятларни асос қилган қонунларни қабул қилади. Бир мисол келтириб ўтамиз. 2009 йили Норвегияда фаҳишабозлик, қўшмачилик ва фаҳишаларнинг хизматларига пул бериш тақиқланди. Шу вақтнинг ўзида Юнонистонда фохишабозлик қонунан мумкин бўлди. Бундан ташқари уларнинг фаолияти давлат тарафидан ҳимояланди ҳам. Ҳар икки мамлакат ҳам ўзларини демократик деб билади ва қонунларни парламент орқали овоз бериш йўли билан қабул қиладилар.
Демократик тизимларда диндор, виждонли, одоб-ахлоқли ва яхши одамлар қанча кўп бўлса, мазкур тизим интитутлари ёрдамида шунча кўп тўғри қонунлар қабул қилиниши мумкин. Агар зикр қилинган сифатлардаги одамлар ўз вазифаларини тарк қилиб, ишдан четланаверса жамият бошқаруви виждонсиз, порахўр, ахлоқсиз ва даҳрийлар қўлига ўтади, демак иш орқага қараб кетаверади. Хулоса: демократия - қонунлар мажмуаси эмас, балки жамиятнинг маънавий ҳолатини акс эттирувчи бир тизимдир.

3. Демократик сайловлар тарафидан сайланган парламент тарафидан шариатга зид жуда кўп қонунлар қабул қилинади
Масалан, шариатда эр-хотиннинг никоҳсиз яшаши тақиқланади. Демократик мамлакатларнинг деярли ҳаммасида бунга рухсат берилган. Демак, демократик тизимларда Исломга зид қонунлар қабул қилинар экан, шундай экан динимизга зид қонун ва қоидаларни қабул қиладиган ушбу тизим мусулмонлар учун мақбул эмас. Ушбу фикрни ўрганар эканмиз, диққатингизни Ислом айнан у ёки бу кўрсатмани албатта амалга ошириш учун жорий қилмаганига қаратамиз. Бошқача сўз билан айтганда, ўғирлик учун қўлнинг кесилишидан кўзда тутилган мақсад қўлни кесиш учунгина эмас. Шаръий қонундан кўзланган асосий мақсад жамият хавфсизлигини таъминлаш ва ундаги ўғирликнинг олдини олиш учундир.
Ислом уммати уламолари Ислом шариатининг мақсадлари: динни, жонни, ақлни, наслни ва мол-мулкни асрашдан иборат эканлигини таъкидлаганлар.
У ёки бу ҳолатларда шариатнинг муайян бир мақсадлари юзага чиқмаса, масалан, мол-мулкни ҳимоя қила олмаса, улар вақтинча бекор қилиниши мумкин. Бу нарсани Умар розияллоҳу анҳу халифалиги давридаги очарчилик вақтида қандай йўл тутилганлиги кўрсатиб турибди. Ўшанда у ўғирлик учун вақтинча қўл кесишни тўхтатган, ўз амалига изоҳ берар экан, "Очарчилик йилларида қўллар кесилмайди", деган. (Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган сўзлар бўйича баъзи мулоҳазалар бор).
Албатта, бугунги кунимизда узоқ вақт даҳрийлик тузумида яшаган жамиятларга дарҳол шариат қонунлари жорий қилинса, кўзланган мақсадлар амалга ошмаслиги ҳамда юқорида зикр қилинган шариатнинг бешта мақсадини ҳам амалга ошириб бўлмай қолиши мумкин. Бунинг ўрнига фитна ва муаммолар келиб чиқиши оқибатида мазкур мақсадлар хавф остида қолиб кетиши ҳам мумкин.
Бунга қўшимча қилиб авф, яъни шариатда зикр қилинмаган масалаларга тегишли қонунларни қўшимча қилса бўлади. Масалан, йўл ҳаракати қоидалари, йўлларнинг чизмаси, мактаб, университетларда қанча йил таҳсил кўриш, иқтисоддаги тавсиялар (пулни нимага тикиш, қайси соҳаларни ривожлантириш), вазирларнинг сони ва бошқа кўплаб мусулмонларнинг манфаатига тегишли бўлган масалалар, хатто уларнинг маълум бир ҳудудда яшаши ёки яшашга лойиқ эмаслиги масалалари. Шу билан бир қаторда мазкур масалалар илк манбаларда умуман зикр қилинмаган. Бундай ҳолатларда, ушбу масалаларни тартибга солиш учун керакли қонун ва қоидаларни ишлаб чиқиш учун ҳеч қандай тақиқлар йўқ. Баъзи ҳолатларда бу ишлар вожибга ҳам айланади.
Бир мисол келтириб ўтамиз. Ҳаж барча мусулмонлар учун фарз амалдир. Бугун ҳеч қайси мамлакат паспорт ёки шунга ўхшаш ҳужжатсиз ўз ҳудудига хорижликларни киритмайди. Бундан хулоса шуки, ҳаж қилмоқчи бўлган одамнинг аввал паспорти бўлиши керак. Баъзи мамлакатларда хорижга чиқиш учун рухсат (ҳужжат) олиш осон, баъзиларида эса мушкул ёки қиммат туради. Буларни тартибга солиш қоидаларини ҳам одамлар ўзлари ўйлаб топган, яъни булар ҳақида илк манбаларда ҳеч нарса айтилмаган. Бироқ қонун чиқарувчилар қанчалик масъулиятли ва тўғри бўлсалар мусулмонларнинг ҳаж амалини адо қилишлари шунчалик енгиллашади.
Булардан шариатга зид бўлмаган ва одамларнинг ўзлари ўйлаб топган жуда кўп қонун ва қоидалар борлиги маълум бўлади. Шариатнинг баъзи жойлари баъзи бир холатларга кўра вақтинча жорий этилмай туриши ҳам мумкин (очлик йили каби). Жамият қонун ва қоидаларсиз яшаши мумкин эмас, яъни одамларни зулм ва бошқа кўнгилсизликлардан ҳимоя қилиш мақсадида вақтинча жорий бўлмай турган шариат қонунлари ўрнига (шариат кўзлаган мақсад ичидаги) бошқа қонунларга амал қилиб турса бўлади.

4. Демократия — бу диндир
Бу фикр эгалари мақола аввалида зикр қилинган Юсуф сурасидаги "Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир" ояти маъносига суянишади. Бундан ташқари ҳеч ким Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани ҳалол қилаолмайди. Ва аксинча, ҳеч ким Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсани ҳаром қила олмайди.
Бу ерда ҳам бир қарашда ҳаммаси мантиқан тўғрига ўхшайди. Бироқ ушбу фикр эгалари бир муҳим жиҳатни эсларидан чиқариб қўйишмоқда. Шариатда ислом давлати маъмурий тарафдан рухсат берган ҳаракатларнинг барчаси ҳам ҳалол бўлавермайди. Масалан, Ислом давлати ҳудудида яшаётган яҳудий ва насронийларга ўз динларига эътиқод қилиш рухсат этилган. Бу шариатда бунга ўхшаш нарсага, гуноҳга рухсат берилди, дегани бўладими? Албатта, йўқ. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатларини барча инсоният қабул қилишини истайди. Бироқ, шу билан бирга ҳеч ким ҳеч кимни бир диндан иккинчи динга мажбурлаб ўтказишини истамайди. Бу ҳақида, масалан, насронийларни Исломга мажбурлаб ўтказиш ҳақида маъмурий бир кўрсатма ҳам йўқ. Бундан хулоса шуки, маъмурий қоидалар ва шариатдаги ҳалол тушунчаси доим ҳам уйғун бўлавермайди. Шариатнинг маълум қисмига амал қилиниши инсоннинг шахсий ихтиёри ҳамда тақвоси сабаби бўлишини кўрсатади.
Оддий мисол келтириб ўтамиз. Исломда маст қилувчи ичимликлар ичиш ҳаром эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу ҳақида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бироқ шариатдан озгина хабари бор одам исломий давлатда спиртли ичимликларни топиш ва уни йўқ қилиш мақсадида ҳеч бир одамнинг уйини тинтиш мумкин эмаслигини жуда яхши билади. Бундан Ислом давлатида спиртли ичимликлар ҳалол экани келиб чиқмайди, бу қоидалар ҳаммани назорат қилиш мушкуллигидан келиб чиққан, яъни бу ерда маст бўлиш тақиқланиши кифоя қилган. Шундай экан, қайсидир бир парламент бирон ишга рухсат берадиган қандайдир бир қарор қабул қилса, бу мазкур парламент аъзолари ушбу нарсани шариатга кўра ҳалол қилди ва Аллоҳ Таъолонинг ҳалол ва ҳаром қилишини ўзларига олди дегани бўлмайди.

5. Агар барча номзодлар мусулмон бўлмаса уларга овоз беришдан мақсад нима, улардан қандай яхшилик кутса бўлади
Бу ушбу мақолада зикр қилмоқчи бўлган энг сўнгги важдир. Ушбу важ тарафдорларининг аксари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан, яъни Мадинанинг яҳудий қабилаларининг фитналари, салбчиларнинг юриши ва Ислом душманларининг тарихдаги бошқа кирдикорларини ҳужжат-далил қилиб келтиришади. Унга кўра, мусулмон бўлмаганларнинг барчаси (хусусан аҳли китоблар ҳам) бир хил, улардан яхшилик кутиб бўлмайди.
Бундай одамларга жавоб Қуръони каримда бор. Аллоҳ таоло айтади:
"Аҳли китоблардан, агар ҳисобсиз молни омонат қўйсангиз, уни сенга адо қиладиганлари бор ва бир динорни омонат қўйсанг, устида туриб олмагунингча, сенга адо қилмайдиганлари ҳам бор. Бу уларнинг, омийлар учун бизнинг устимизга йўл йўқ, дейишларидандир. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзлайдилар" (Оли Имрон, 75).
Ушуб ояти каримадан маълумки, аҳли китобларнинг барчаси бир хил эмас, улар орасида Худодан қўрқадиганлари ва гуноҳкорлари бор.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари баён қилинган сийратларида ҳам ушбу фикрларга раддиялар бор. Бир гуруҳ мусулмонларнинг насронийларнинг Ҳабашистонига ҳижрат қилган воқеаларини бир эсланг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам подшоҳи мусулмон бўлмагани билан адолатли экани учун айнан ушбу мамлакатни зикр қилди. Бу ҳақда сийрат китобларида жуда кўп маълумотлар бор. Бундан мусулмон бўлмаганлар мусулмонларга яхши муносабатда бўлиши мумкин деган хулоса келиб чиқади.
Бундан ташқари баъзи мусулмон бўлмаганлар бошқаларидан кўра афзалдир. Шундай экан, мусулмонлар бу каби мусулмон бўлмаганларга нисбатан хайрихоҳ бўлавериши керак. Мусулмонларга яхшилик қилиб турган мусулмон эмасларни қўллаб-қувватлаш учун сайловлар энг яхши имкониятдир.
Мақола сўнггида мусулмонларга сайловлар масаласида шариатнинг баъзи тамойилларига (қоидаларига) амал қилишларини тавсия қиламиз:

а) Икки зарардан камроқ зарари танланади
Мусулмон шахс зарарларнинг энг камроғини танлаши керак. Агар номзодларнинг барчасини маълум даражада ёмон деб эҳтимол қилинса ҳам, шулардан энг зарари ками танланади. Бунда мусулмон учун яхшилик бор, инша Аллоҳ.
б) Бирон нарсани тўлиқ бажаришнинг имкони бўлмаса, у бутунлай тарк қилинмайди

Мазкур тамойилнинг маъноси шуки, агар бирон бир нарсани тўлиқ ва рисоладагидек бажаришнинг имконияти бўлмаса, уни тўлиқ бажармаслик дегани келиб чиқмайди. Масалан, агар овоз узатгич орқали азон айтишга имкон бўлмаса, азонни бутунлай айтмаслик керак деган гап чиқмайди. Уни микрофонсиз ҳовлида айтса ҳам бўлаверади. Худди шу гапни сайлов ва қонунчилик масалаларида ҳам айтса бўлади: тизимни бутунлай комил қила олмаслигимиз уни бутунлай тарк қилишимиз керак дегани эмас. Бу ерда мўмин-мусулмон учун Шуайб алайҳиссаломнинг сўзлари шиор бўлиши керак:
"У: «Эй қавмим, хабар беринглар-чи, агар мен Роббимдан аниқ ҳужжатга эга бўлсам-чи ва мени Ўзи тарафидан яхши ризқ ила ризқлантирган бўлса-чи?! Мен сизларни ўзим қайтараётган нарсада ўзим хилоф қилмоқчи эмасман. Мен имконим борича ислоҳ қилишдан ўзга ҳеч нарсани хоҳламасман. Менинг муваффақиятим фақат Аллоҳга боғлиқ. Унгагина таваккал қилдим. Унгагина қайтаман" (Ҳуд сураси, 88).
Мусулмон одам ҳар қандай ҳолатда ислоҳ қилишга ҳаракат қилиши керак. Агар қайсидир бир сайлов ниманидир яхши тарафга ўзгартиришга имкон берадиган бўлса, мусулмон одам унда иштирок этиши керак.
Баъзи мусулмон бўлмаган юртларда тоталитаризм, тоқатсизлик ва исломофобиялар туфайли мусулмонлар оғир шароитларда кун кечирмоқдалар. Зикр қилинган барча нарсалар эса, давлат тузуми, ҳукуматга алоқаси бор. Ўзига, оиласига яхшиликни истаган ҳар қандай мусулмон мамлакатида бўлаётган барча муҳим жараёнларда фаол иштирок этмоғи лозим. Сусткашлигимиз нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Бу масалада Юсуф алайҳиссалом яхши мисол бўла олади. Қадимги Мисрдаги бошқарув тизими рисоладагидан анча узоқ бўлиб, кўп жиҳатлардан ҳақдан анча узоқ бўлса ҳам Юсуф алайҳиссалом қурғоқчилик даврида мазкур давлатнинг муҳим ресурсларини сақлаш учун ўзининг номзодини қўйди. Мақсад ўша юрт одамлари очарчиликдан азият чекмасин. Мусулмон шахс худди шундай бўлмоғи керак: бузғунчи эмас бунёдкор бўлиши, сусткаш ва бефарқ бўлмай жамиятига фойдаси тегсин. Валлоҳу аълам.

Манба: islamua.net
Абу Муслим таржимаси


Илова

Шайх Муҳаммад Мухтор Шинқитий:
"...Демократия баъзи бир қадрият ва маросимларни ўз ичига олади. Демократиянинг муҳим қадриятларининг бири - (куч ва истибдод билан бошқарилмасдан) инсонларнинг ўзларига раҳбар сайлаб олишидир. Бу ҳам исломий қадрият бўлиб, биз уни шўро ёки жамоавий кенгаш деб айтамиз. Демократиянинг бошқа бир муҳим жиҳати - бир-бирига зид қилиш, бир-бирини даф қилиш тизимдир, яъни унга кўра, ваколатлар тақсими ҳар бир кучга мустақиллик ва бир бирини назорат қилиш имкониятини беради. Қуръони карим истилоҳида бу ал-мудафа дейилади ва жамиятни коррупциядан ҳимоя қилишнинг муҳим бир исломий воситасидир. Аллоҳ таоло айтади:
"Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз, Ер фасодга дучор бўлади". (Бақара сураси, 251)
Сайлов, овоз бериш, турли хил тадбирларни амалга ошириш каби демократия маросимлари ҳам юқорида зикр қилинган қадриятларни таъминлашнинг воситаси ҳисобланади. Бу маънодаги демократия ҳам исломий тамойилдир. Бироқ, бу билан ҳар бир демократик мамлакат исломий деганимиз эмас, балки ҳар бир исломий мамлакат демократик бўлиши керак деганидир. Демократияни татбиқ қиладиган ноисломий мамлакатларга келсак, улар ҳам исломий эмас. Бироқ, у ёки бу шаклда бўлса ҳам улар исломнинг сиёсий тизимини қабул қилмоқдалар, аммо уларга исломнинг бошқа жиҳатлари, масалан иймон, ахлоқ ва ижтимоий одоб етишмаяпти". (http://islamua.net/socialynye-pr…/14724-demokratiya-v-islame)

Шайх Муҳаммад Солиҳ Мунажид:
"...Сайловларга рухсат бераётганларни куфрга рози ва уни қўллаб-қувватламоқда деб янгилиш фикр қилмаслик керак. Буларнинг ҳаммасини куфрга розиликдан эмас, аксинча мусулмонларнинг фойдасини кўзлаб қилинмоқда. Мусулмонлар румликларнинг форслар устидан ва Хабашистонда Нажошийга қарши бўлган ва ундан подшоҳликни тортиб олмоқчи бўлганлар устида қазонган ғалабасидан хурсанд бўлишмаганмиди?! Ким тақво қиламан деса, ўзининг шахсий иши..." (https://islamqa.info/ru/3062)

Фатво ва тадқиқотлар бўйича Европа кенгаши:
"...Мусулмонларнинг сайловларда иштирок этиши - фуқоралик мажбуриятларидир; бундан ташқари жамият учун хайрли ва адолат юзасидан ҳамда зарардан сақланиш бўйича ҳамкорлик қилиш ҳам мажбуриятлар сирасига киради. Аллоҳ таоло айтади: "(Эй мўминлар), сизлар яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!" (Моида сураси, 2).
Шунинг учун ҳам мусулмонларнинг мусулмон бўлмаган юртлардаги сайловларда иштирок этиши мумкин ва бунда ҳеч қандай тақиқ йўқ деб айта оламиз. Бундан ташқари мусулмонлар потенциал номзод деб билаганлар билан ўзаро манфаат асосидаги ҳамкорликнинг бир тури ҳамдир. Улар ғалаба қазонишса жамият учун омматан ва мусулмонлар учун хоссатан фойда келтириши мумкин..." (http://islam.com.ua/…/15707-vybory-v-nemusulymanskih-strana…)

Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase