Ишни кейига суриш, бугунги ишни эртага қолдиришнинг кўп офатлари бордир:
Биринчиси: Сен эртага бор эканлигингга кафолат бера олмайсан.
Амирлардан бири бир кишини таомга чақирди. Киши рўзадор эканлигини айтиб узр сўради. Амир: Рўзангни очиб юборавер, эртага қазосини тутасан, деди. Шунда у: Сиз менга эртага ҳам яшашимга кафолат бера оласизми, деди.
Шундай. Кишининг эртага ҳам бугунгидек ҳаёт кечира олишига кафолат бергувчи йўқдир. Ўлим беҳосдан келур. Унинг сабаблари турличадир.
Тиббиёт, илм-фан нақадар ривожланган-лигига қарамай, аввалгилардан кўра бизнинг асримизда беҳосдан ўлим топишлар кўпайди. Тиббиёт юрак хуружини тўхтата олмас. Илм-фан бугунги кунда санаб саноғига ета олмайдиган ҳодисалар - машина, ҳаво йўллари ҳалокатлари оқибатида бўлаётган ўлим ҳолатларини олдини ололмас. Керак бўлса ўша илм-фаннинг ўзи мана шу фалокатларни тайёрлаяпди. Чунки, аввалги асрларда ҳалокатлар бу асримизга нисбатан кам бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Иккинчидан. Агар сен ўзинг учун эртанги кунингга кафолат бердинг ҳам дейлик, эртага беҳосдан келадиган дард, бирор бир машғулот ёки бало-офатлардан иборат тўсиқларга дуч келамаслигингга ким кафолат бера олади? Шунинг учун яхшиликларни қилишга, вожиботларни бажариб олишга шошилмоқ керак. Бизнинг ожизлигимиз, бугунги ишни эртага қолдиришимиздир. Бу пайтда фурсат ўтган бўлади, ғам-гуссадан шикоят қилишнинг эса фойдаси йўқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Беш нарсадан аввал беш нарсани ғанимат билгин: Ўлимдан аввал ҳаётингни, касал бўлишдан аввал соғлигингни, банд бўлишдан аввал бўш вақтингни, қариликдан аввал ёшлигингни, фақирликдан аввал бойлигингни ғанимат билгин”.
Уламолардан бири ёш йигитга деди: Амал қилишга қодир бўлмай қолишингдан аввал амал қилиб олгин, мен ҳам амал қилишни истайман, лекин бунга қодир эмасман.
Ҳафса бинти Сийрийн айтади: Эй ёшлар, ишланглар. Ёшлиқца ишлаб олиш керак.
Учинчидан: Ҳар бир куннинг ўз амали бордир. Ҳар бир вақтнинг ўз вожиботлари бордир. Ҳеч бир вақт ишдан фориғ эмасдир. Ишлари кўплигидан ҳориган Умар ибн Абдул Азизга айтишди: Шу ишинггизни эртага қолдирсанггиз бўлмайдими? Амир жавоб берди: Ахир бир кунлик иш мени қийнаётган бўлса, икки кунлик ишни қандай бажара оламан.
Тўртинчидан: Ибодатларни ўз вақтидан кечиктириб, эзгу ишларни кейинга қолдирмоқ нафсни шунга одатланишига сабаб бўлади. Ўрнашиб қолган одат эса инсоннинг ундан қутулиш мумкин бўлмаган иккинчи табиатига айланади. Ҳатто киши тоат-ибодат, солиҳ амалларга шошилиш вожиблигини ақлан ҳис этади, лекин уни бажаришга ўзида куч топа олмайди, балки дангасалик қилади, ундан юз ўгиради. Агар ўша иш томон бир кун бўлса ҳам қадам ташласа, ҳудди елкасига тоғ қулагандек бўлади.
Шунингдек, бундай ишни ортга суришлар гуноҳлардан қилиниши керак бўлган тавбаларда ҳам кўринади. Нафс гуноҳ, турли шаҳватларни қилишга одатланади. Ҳатто у гуноҳларни нафсдан ажратиш қийинлашади. Маъсиятлар нафсга кундан-кунга ёпишиб боради. Маъсиятнинг ҳажми, унинг қалбдаги изи катталашади, ҳатто қалбни қораликўрайди, зулмат қоплайди. Энди у зулматдан ҳидоят нури ўта олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мўминнинг қилган гуноҳи унинг қалбида қора нуқтага айланади. Мўмин Парвардигорига тавба қилиб, гуноҳидан четланса, истиғфор айтса ўша қора доғ бар-ҳам топади. Агар гуноҳи зиёдалашса, доғ ҳам зиёдалашади, ҳатто у билан қалби қопланади. Бу Аллоҳ таоло Ўз Китобида айтган “қоплаб олмоқ”дир.
“Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳла-ри қоплаб олгандир!”. (Мутоффифувн сураси, 14-оят).
Бешинчиси. Инсон ҳаёт экан бирор ишнинг бошини тутмоғи даркор. Амалсиз киши яшашга ҳақли эмасдир. Демак хоҳ диний, хоҳ дунёвий бўлсин, иш қилмоқ танасида қон оқиб турган ҳар бир инсондан матлубдир.
Одамлар орасида айтилиб юрадиган бир ҳикматли гап бор:
Сен ҳудди абадий ҳаёт кечирадигандек дунё учун амал қилгин, Охиратинг учун эса эртага ўладигандек амал қилгин.
Юсуф Қарзовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси